Home / Долзарб мавзулар / Иқтисодий-Ижтимоий / Тижорат билан меросхўрликнинг ўртасидаги фарқ

Тижорат билан меросхўрликнинг ўртасидаги фарқ

xumsТижорат бу қилинган саъй-ҳаракатлар натижасида қўлга киритилган даромаддир. Лекин меросхўрликда эса одам ўзи заҳмат чекмайди, фақат муҳим нарса шуки, мерос ташлаб кетувчи билан меросхўр орасида яқинлик ва қариндошлик ришталари бор бўлмоғи зарур.

Иккинчи фарқ шундан иборатки, тижоратда мол ўрнига бошқа мол келади ёки мол ўрнига пул олади. Меросда эса мол ўз ўрнида туради ва фақат бу молнинг эгалари ўзгаради, холос. Илоҳий меросга эга бўлишда эса сақлаб қўйилган мерос ўз эгасига берилади, чунки, унинг ҳақиқий эгаси ундан фойдаланишга ҳеч бир эҳтиёж сезмайди, фақат ўзининг меросхўрига сақлаб қўйгандир, холос. Ҳаммамизга жаннатга етишувчи ҳақиқий меросхўрлардан бўлиш насиб этсин!

Қандай қилиб Аллоҳдан ва унинг Расулидан мерос олишимиз мумкин?

Одамлар то ҳаёт эканлар, ўз фарзандларига мерос қолдирмайдилар, фақат бу фоний дунёни тарк қилганларидагина ўз яқинларига мерос қолдирадилар. Катта боғу-роғга эга ота токи ҳаёт экан, болаларига бу боғларини мерос қилиб беролмайди. Лекин ўлганидан кейин эса мерос сифатида ўша ерлар фарзандларига насиб этади, у ҳам бўлса гуллаб яшнаган боғни эмас, балки ўлик ерни мерос қилиб беради. Аммо доимо яшайдиган зотлар-чи?! Улар нимани мерос қилиб қолдириб кетадилар? Доимо ҳаёт эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло ўз бандаларига Фирдавс жаннатини мерос қилиб тақсимлаган, фақат банданинг ўзи ана шу меросга эришиши учун ўз ҳаракатини қилиши керак. Пайғамбаримиз сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) эса ўз умматларига мерос қилиб ташлаб кеган нарсалари – бу Қуръони Карим ва ул зотнинг Аҳли-Байтларидир. Ана шу икки мерос орқали ислом уммати Аллоҳ таолога яқинлашиб Фирдавсга, яъни унга аталган меросга етиши мумкин бўлади. Демак, Фирдавснинг асл эгаси Аллоҳдир ва у истаган бандаларига ерни ва Фирдавс жаннатини мерос қилиб беради. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилади:

﴿إِنَّ الْأَرْضَ لِلَّـهِ يُورِثُهَا مَن يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ﴾

«Ер Аллоҳнинг мулкидир ва У уни Ўзи истаган бандаларига мерос қилиб беради. Ва оқибат тақводорларникидир.» (Аъроф сураси, 128-оят)

Ер деганда ҳам бу дунёни ҳамда охиратдаги жаннат боғларини тушунишимиз керак. Аллоҳ билан бўлган алоқа – Ундан мерос олиш ҳаққини таъминлайди.

Агарки инсон ўз яқини билан алоқасини узган бўлса, шариат ҳукмларига биноан, мерос олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади. Худди шунга ўхшаб банда ҳам агар Аллоҳ севган одоб-ахлоққа эга бўлмаса ва тоат-ибодати орқали Аллоҳ билан алоқасини мустаҳкам қилмаса, Ундан мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Инсонлар бу дунёда бир-бирларидан мерос олишлари билан Аллоҳ таолодан мерос олиш ўзаро ўхшашликка эга. Ҳар иккала ҳолатда ҳам мерос қолдирувчи билан меросхўр орасида ўзаро яқинлик бор бўлиши шарт. Фақат фарқи шундаки, ўлган одам мерос қолдириб кетганидан кейин ўша мероснинг соҳиби ўзгаради, яъни меросхўр мулк эгасига айланади. Лекин илоҳий меросда эса мулк эгаси ўзгармайди, фақат меросхўр фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.