Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Охират сафарига тайёргарлик

Охират сафарига тайёргарлик

708d971hnti28gjcgwuБорлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ўлимдан кейин одам учун энг қийин бўлган бекатлардан бири – бу ҳисоб-китоб бекатидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади:

﴿اقْتَرَبَ لِلنَّاسِ حِسَابُهُمْ وَهُمْ فِی غَفْلَةٍ مُّعْرِضُونَ﴾

«Одамларга ҳисоботлари (қиёмат куни) яқинлашиб қолди. Ҳолбуки, улар ҳануз ғафлатда (имон ва амалдан) юз ўгирувчидирлар.» (Анбиё сураси, 1-оят)

﴿وَكَأَیِّن مِّن قَرْیَةٍ عَتَتْ عَنْ أَمْرِ رَبِّهَا وَرُسُلِهِ فَحَاسَبْنَاهَا حِسَابًا شَدِیدًا وَعَذَّبْنَاهَا عَذَابًا نُّكْرًا﴾

«Қанчадан-қанча қишлоқ (шаҳар)лар борки, ўз Парвардигорлари ва Унинг элчилари амридан бош тортгандирлар. Шунда Биз уларни қаттиқ ҳисоб-китоб қилдик ва уларни ёмон азоб билан азобладик.» (Талоқ сураси, 8-оят)

Энди охират диёри ҳақида келган баъзи ҳадисларни кўздан кечирмоқчимиз. Шайх Садуқ пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай ривоят қилади:

«Қиёмат кунида тўрт нарса ҳақида одамлардан сўралмагунча ҳеч бир қадам босилмагай.» Шунда саҳобалар бу тўрт савол нима ҳақидадир? деб сўрашди. Ул ҳазрат уларга жавобан шундай деб марҳамат қилдилар:

  1. Умр ҳақида, яъни умрингни нима ишларга сарфладинг? деб сўралади.
  2. Ёшлик ҳақида, яъни ёшлигингни нима билан ўтказдинг? деб сўралади.
  3. Мол-давлат ҳақида, қайси йўл билан топилгани ва нималарга сарфлангани ҳақида сўралади.
  4. 4. Менинг Аҳли-Байтимга нисбатан бўлган муҳаббат ҳақида сўралади.

Юқоридагилар сўраладиган саволлардан иборат эди. Энди ҳар бир одам билан қилинадиган ҳисоб-китобга келсак, биринчи ҳисоб-китоб намоз ҳақида бўлади. Агар банда ушбу ҳисобдан яхши ўтса, яъни ўқиган намозлари қабул бўлса, қолган ҳамма ҳисоб-китоблари ҳам қабул бўлади. Мабодо намоз ҳисобидан ўта олмаса, у ҳолда ҳеч бир амали қабул бўлмайди.

Намознинг қабул бўлиши ҳамма амалларнинг қабул бўлиши демакдир.

Иккинчи ҳисоб қарз ҳақидадир; Шайх Садуқ (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ” номли ҳадис китобида ривоят қилишича, пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қарзни тўламаслик гуноҳи ҳақида сўзлаб жумладан шундай деб марҳамат қилдилар:

«Қиёмат кунида қарзи тўланмаган одам қарздор устидан шикоят қилиб келади. Шунда қарздор одамнинг қанча савоби бўлса, ҳақини ололмаган инсонга берилади. Агар қарздор одамнинг савоби бўлмайдиган бўлса, у ҳолда қарз бериб пулини ололмаган одамнинг гуноҳлари қарзини бермаган одамга ўтказилади.

Кейинги ҳисоб-китоб ширк ҳақидадир; Ширк келтириш гуноҳининг ҳисоби жуда оғирдир. Шайх Кулайний “Кофий” номли китобида имом Зайнилобидиндан қуйидагича ривоят қилади:

«Ширк келтирувчилар тўп-тўп қилиб жаҳаннам қаърига улоқтириладилар.

Кейинги ҳисоб-китоб бойлар ҳақида бўлиб уларнинг ҳисоблари оғир кечади. Бу ҳақда Шайх Садуқ ўзининг “Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ” номли ҳадис китобида қилган ривоятига кўра, имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) айтадилар:

«Қиёмат кунида жаннатга кирувчилардан икки киши ҳисоб-китоб учун йўлдан тўхтатилиб сақлаб қолинади. Улардан бири – фақир ва муҳтож бўлса, иккинчиси эса, бой бўлиб яшаган одамлардир. Фақир одам бундай деб Аллоҳга ёлворади:

– Худоё, нима учун мени жаннат йўлидан тўхтатиб қўйдинг? Сенинг Иззатингга қасам ичиб айтаманки, менга ҳукумат қилишни топшириб қўймаган эдингку, адолатсизлик ва зулм қилган бўлсам, кўп молу-давлат бермаган эдингку, Сенинг ҳаққингни унда адо этмаган бўлсам. Берган ризқинг бир амаллаб кун кечиришимга етар эди холос, Ўзинг буни яхши билгувчисан!

– Бандам рост сўзлаяпти, бу мўъмин бандамни жаннатга киришига йўл беринглар, деган овоз эшитилади.

Кейин эса бадавлат бўлиб яшаган мўъмин ҳисоб-китоб учун келтирилади. У шунчалик у ерда қолиб кетадики, юзидан қуйилган терлар қирқ туяни суғоришга етгулик миқдорда бўлади. Ниҳоят уни (мўмин банда бўлгани учун) жаннатга киритишади. Жаннатга кирганида, уни кўрган фақир одам “Нега мунча қолиб кетдинг?” – деб сўрайди. У эса:

– Ҳисобим чўзилиб кетди – дейди. Аллоҳ таоло берган ҳар бир неъматининг ҳисобини мендан сўради, енгиллик қилган жойларимни ўз марҳамати билан кечириб, кейинги неъматининг ҳисобига ўтди. Шу тарзда менга берилган барча неъматларнинг ҳисоб-китобини қилиб охири мени Ўз раҳматига ноил қилди деб жавоб беради. Кейин эса ҳайрон бўлиб, “Сен ўзинг кимсан? – деб сўрайди, шунда фақир одам: “Сен билан бирга ҳисоб-китоб учун тўхтатилган ва дунёда фақир бўлиб яшаган бандаман, дейди. Ҳалиги бой одам эса: “Сени асло танимабман” дейди.» (Чунки, анчадан бери жаннатда бўлиб шаклу шамойили ҳам гўзаллашиб қолган бўлади).

Гуноҳлар сонининг ҳисоби

Бир куни ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобалари билан ҳеч бир гиёҳ унмайдиган тақир ерда тўхтадилар-да, саҳобаларга қараб “Боринглар ўтин йиғиб келинглар” дедилар. Саҳобалар:

– Ё Расулаллоҳ, ахир ҳеч нарса ўсмайдиган тақир биёбондан қандай қилиб ўтин йиғамиз? – дейишди. Ҳазрат:

– Майли ким қанча йиға олса йиғиб келсин, яхшилаб қидирсангизлар ёқишга яроқлик бирон-бир нарса топиб келасизлар – дедилар.

Кўп ўтмай талайгина ҳас-чўп ва ўтинлар йиғилиб қолди. Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилдилар:

– Қаранглар, биронта ҳам ўтин топа олмаймиз деган ердан шунча ўтин тўплаб қўйдингиз. Қиёматда ҳам одам ҳеч бир гуноҳи йўқ деб ўйлаганида, агар ҳисоб-китоб қилинса, ундан бир дунё гуноҳ топиш мумкин. Шунинг учун ҳам, Аллоҳнинг адолати ва ҳисоб-китобидан қўрқмоқлик ва Унинг раҳматидан умидвор бўлмоқ лозим.

Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.