Home / Долзарб мавзулар / Ваҳҳобийлик ёки салафийлик / Салафийларнинг глобал жиҳодчилик тизими шаклланиши

Салафийларнинг глобал жиҳодчилик тизими шаклланиши

irak1-300x180Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

2005 йилнинг январида эълон қилинган «Бутун жаҳон исломий курашга даъват» номли баёнотда ислом ниқобидаги экстремизмнинг замонавий мафкурачиларидан Абу Мусъаб ас-Сурий томонидан «жиҳод» ғояси остида кураш олиб боришнинг махсус стратегияси ишлаб чиқилди. Оқибатда ислом ниқобидаги диний экстремистик гуруҳлар учун «ташкилот сифатида эмас, система (тизим) бўлиб фаолият олиб бориш» принципига мувофиқ «глобал жиҳодчилик» мафкураси шаклланди. Шунга кўра, мутахассислар «жиҳод» концепциясининг глобаллашуви «глобал жиҳодчилик» тенденциясини келтириб чиқарган, деб ҳисоблайдилар.

Муқаддас ислом дини байроғи остида фаолият кўрсатаётган турли экстремистик ташкилотлар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғоялар ўзаро алоқадорликда таҳлил қилинадиган бўлса, уларни бир-бирига боғлаб турувчи кўринмас «занжир» мавжудлигини ва бу вазифани сохта салафийлик мафкураси ўйнаётганини англаш мумкин.

Шу ўринда, «глобал жиҳодчилик» мафкурасига «салафийлик» туси берилиши натижасида «глобал жиҳодчи салафийлик» юзага келганини таъкидлаш зарур.

«Салафийлик» тушунчаси араб тилидаги «салаф» сўзидан олинган. «Салаф» сўзи эса «аввал яшаб ўтганлар», «олдинги аждодлар» маъноларини англатади. Ҳадисларга кўра, пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар «салафи солиҳ», яъни «солиҳ аждодлар» ҳисобланади. Шунга кўра, улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан «салаф» ёки «салафий» тушунчаларини ишлатиш тўғри бўлмайди.

Қайд этиш жоизки, тарихда яшаб ўтган Самъоний ва Заҳабий каби ислом уламоларининг асарларида «салаф, салафий, салафия» каби сўзлар учрайди. Аммо улар эндиликда алоҳида ажралиб чиққан «салафийлик» ҳаракатини эмас, балки ислом тарихининг дастлабки уч асрида, яъни 7-9 асрларда яшаган мусулмонларни назарда тутганлар.

Бироқ сўнгги вақтларда «салафи солиҳларга эргашиш» шиори остида «салафийлик» мафкурасини кўтариб чиқиб ўзларини гўёки «салафларнинг издошлари» деб ҳисоблайдиган мутаассиб ва сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ҳозирги кунда сохта салафийлар бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Уларни умумлаштириб, икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу-жадаллар билан ҳаракат қиладиган радикал салафийлардир. Бу тоифадаги сохта салафийлар «жиҳод» ғоясининг мазмунини бузиб унга жангарилик тусини бермоқдалар. Иккинчиси эса, ўзларини гўёки давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунадиган ва уларга қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатиб, жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган «мўътадил» (ўртамиёна) салафийлар ҳисобланади. Улар ўзларининг мутаассиб фикрларидан қайтмаган ҳолда, бошқа қарашларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиганлар гуруҳига мансуб бўлиб, муайян мазҳабга мансуб бўлишни ёқламайдилар.

Сохта салафийликнинг зарур ғоявий асосларга эга бўлиши суриялик Ибн Таймия (1263-1328) фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Унинг кескин кайфиятдаги ғоялари кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари қарашларига асос бўлиб хизмат қилди. Жумладан, XVIII асрда тарихий адабиётларда «ад-даъватуд-дамавия», яъни «қонли даъват» номини олган ҳаракатлар пайдо бўлиб минглаб мусулмонларнинг қони ноҳақ тўкилишига олиб келди.

Қайд этилган маълумотлар «глобал жиҳодчи салафийлик» мафкурасининг жамиятдаги эътиқодий бирлик, барқарорлик ва тараққиёт учун реал хавф-хатарга айланганини кўрсатади. Унинг таҳдидлари эса қуйидагиларда намоён бўлмоқда:

Сохта салафийлар жамиятни «мусулмонлар» ва «динсизлар»га бўлиш ҳамда бошқа диндагиларни «душман» деб эълон қилиш орқали динлараро адоват уйғотишга уринмоқда.

2000 йил Индонезиянинг пойтахти Жакартадаги черковда, 1998 йилда Кения ва Танзания давлатларидаги АҚШ элчихонасида, 2004 йил июлида Тошкент шаҳридаги АҚШ ва Исроил элчихоналари бинолари ҳамда 2008 йил ноябрида Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳридаги «Яҳудийлар маркази»да, 2010 йил сентябрида Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги Яҳудийлар синагогасида содир этилган портлатишлар сохта салафийларнинг ўзга дин вакилларига нисбатан шафқатсиз услубдаги ҳаракатларига мисол бўла олади.

Улар нафақат бошқа дин вакиллари, балки шариат аҳкомларини улар наздида тўлиқ бажармаётган мусулмонларга қарши зўравонлик, қўпорувчилик ҳамда босқинчилик хатти-ҳаракатларини асослаш ва оқлаш учун «жиҳод» тушунчасидан фойдаланмоқдалар. Сохта салафийларнинг фикрича, ҳукуматга хизмат қилаётган давлат арбоблари, ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари ходимлари ҳамда ҳарбийлар «динсизлар» тоифасидан ҳисобланади.

Бу йўлда улар давлат раҳбарларини, ҳокимият идоралари вакилларини обрўсизлантириш ҳамда расмий диний уламоларнинг мавқеларини заифлаштириш мақсадида уларнинг ҳаётига тажовуз қилишгача боришмоқда.

Замонавий технология ва коммуникация воситалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўз ғояларини тарқатишга уриниш «глобал жиҳодчи салафийлик»нинг бугунги кундаги муҳим хусусиятларидан ҳисобланади. Тадқиқотлар жаҳон интернет тармоғида сохта салафийларнинг тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишлари учун очилган бир неча мингдан зиёд веб сайтлари мавжудлигини кўрсатмоқда. Мазкур веб сайтларда диний асосдаги низоларни келтириб чиқарадиган маълумотлар, диний экстремистик ва террорчи ташкилотлар раҳбарларининг турли баёнот ва мурожаатлари жойлаштирилмоқда. «Ал-Қоида»нинг Ироқдаги бўлими раҳбари бўлган Абу Мусъаб аз-Зарқовийнинг интернет саҳифаларида кенг тарқалган «ғайридин нима қилиши ёки қаерда бўлишидан қатъий назар, Аллоҳга ишонмаслиги уни қатл этиш учун етарли асосдир» деган фикрини мисол сифатида келтириш мумкин. Ислом ва мусулмончиликка мутлақо зид бундай баёнот кўплаб террорчи ташкилотлар фаолияти учун ғоявий асос бўлиб хизмат қилаётганини ҳам афсус билан қайд этиш лозим.

«Бутун жаҳон исломий ахборот фронти» (арабча – «ал-Жабҳа ал-иъломийя ал-исломийя ал-оламийя») «глобал жиҳодчи салафийлик»нинг бузғунчиликка даъват қилувчи материалларини интернет саҳифаларида тарқатувчи асосий бўғин ҳисобланади. Унга тегишли сайтда; «мина портлатиш ишлари», «шаҳарлар ва тоғли ҳудудларда жанг олиб бориш санъати», «заҳарловчи моддалардан қурол тайёрлаш ва ундан фойдаланиш», «махфий операциялар ўтказиш методлари» каби қўпорувчилик ва террорчиликни тарғиб қилувчи саҳифалар мавжудлигини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур.

Ислом динининг муқаддас манбаларида битилишича, бирор жонни ўлдирмаган ёки бузғунчилик ва қароқчилик каби фасод ишлар қилмаган инсонни ўлдирган одам жамики одамларни ўлдирган, аксинча, унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) инсон эса жамики одамларни тирилтирилган саналади.

Ислом динида ҳатто ёв билан кечаётган жанг жараёнида ҳам инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига амал қилиш буюрилган бўлиб, ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўравонлик қаттиқ қораланади.

Марказий Осиё минтақасида «глобал жиҳодчи салафийлик» мафкураси ноанъанавий ҳисобланган диний ҳаракат ва оқимларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалишида ўз ифодасини топмоқда. Диний экстремистик гуруҳлар фаолиятининг глобаллашуви, уларнинг террорчилик ташкилотларига трансформациялашуви ва жиноий уюшмалар билан бирлашуви ушбу минтақадаги мамлакатлар барқарорлиги учун жиддий таҳдид солмоқда. Жумладан, «Туркистон исломий ҳаракати» (собиқ «Ўзбекистон исломий ҳаракати») ва «Исломий жиҳод иттиҳоди» террорчи гуруҳларининг «глобал жиҳодчи салафийлик»даги фаол иштироки бунга мисол бўла олади. Бугунги кунда ушбу ташкилотлар халқаро террорчи ташкилотлар билан узвий алоқада экани ва уларнинг фаолияти «ал-Қоида» томонидан молиялаштирилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Айтиш лозимки, халқаро терроризм ХХI асрда инсониятга қарши йўналтирилган янги ва энг ҳалокатли хавф жумласига киради. Халқаро ҳуқуқда халқаро терроризмга қарши курашнинг юридик жиҳатлари етарлича акс эттирилмаган. Бугунги терроризм солаётган таҳдид даражасининг ўта юқорилиги ва кескин тусга эга эканлиги, унинг келгуси хатти-ҳаракатларини олдиндан кўриб бўлмаслик – мавжуд ҳуқуқий меъёрларни уддабуронлик билан қўллашга мажбур қилмоқда.

Share

Check Also

Салафийларнинг такфирчилик ақийдалари кенг ёйилишида Саудия Арабистонининг роли

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Араб баҳорида халқларнинг улкан ҳаракати Ўрта Шарқ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.