Home / Долзарб мавзулар / Ваҳҳобийлик ёки салафийлик / Салафийлик ақийдаларига таҳлилий қараш(1)

Салафийлик ақийдаларига таҳлилий қараш(1)

159860_191Салафийлик ақийдаларида ақлий ва мантиқий йўналишлар мутлақо мавжуд эмас. Бироқ улар ўзларининг догма ва қотиб қолган ақийдаларини бошқаларга қабул қилдириш учун айрим оят ва ҳадислардан фойдаланишни кўзда тутганлар. Албатта, салафийлар солиҳ ва солиҳ бўлмаган барча саҳоба ва тобеинларнинг сўз ва амалларини амал қилиш учун мезон ва асос деб қабул қилишган. Ўтган ўн йил давомида исломий мамлакатларда юзага келган исломий бедорлик ва ўзгаришлар сиёсий ва фикрий жараёнларнинг фаоллашганидан келиб чиққан. Аммо ушбу ғоявий жараён ва тафаккурларнинг айримлари ислом дини таълимотидан узоқда қолишган. Салафийлик жараёни ҳам шулар жумласидандир.

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг реҳлатларидан кейин халқ ва саҳобаларнинг айримлари ҳазрати Али (алайҳис салом)ни ворис ва ўринбосарликка тайин этиш борасидаги ул ҳазратнинг васиятларига эътибор қилмадилар. Сарвари оламнинг ушбу васиятларидан чалғинишлар натижасида турли фирқалар юзага келди. Ҳар бир фирқа ўзи учун айрим ғоявий усул ва ақийдаларни ишлаб чиқиб уларнинг пайидан бўлишди. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг беъсатларидан 14 аср ўтмоқда. Аммо ушбу давр давомида ислом дини издошлари ўртасида кўплаб мазҳаб ва турли фирқа ва оқимлар шаклланди. Ушбу ақийдавий таълимотларга эргашувчиларни бирлаштирувчи омил – бу ҳазрати Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва Қуръони Каримга тобе бўлишдир. Аммо Ислом оламида юзага келган айрим ақийдавий таълимотлар ҳаётбахш ислом дини таълимотларига тўғри келмайди. Салафийлик ана шулар сирасига киради.

“Салаф” сўзини ўрганиб чиқишга ўтсак, ушбу сўз қўлланганда унинг луғавий маъноси назарда тутилади, у ҳолда ушбу калима нисбий маънони ифодалаб, у узлуксиз бўлмиш даврларнинг галма-гал алмашиб келиши имконини беради. Шунга биноан, ушбу сўз худди араб тилидаги “қоблу”, яъни аввал деган маънога тенг келади. Зеро, ҳар қандай замон, унинг ортидан келувчи замонга нисбатан “салаф”, яъни аввалги бўлса, бироқ ундан олдин ўтган замонга нисбатан эса “халаф”, яъни кейинги ҳисобланади.

Аммо ушбу “Салаф” сўзи юқорида айтиб ўтилган луғавий маънодан ташқари истилоҳий маънони ҳам ифодалайди ва ушбу маънодан бошқа маънога эса кўчиб ўтмайди. “Салаф” сўзи ҳадиси Набавий шарифга кўра, далолат жиҳатидан исломий асрларнинг энг афзали ҳамда иқтидо ва эргашишга энг лойиқроқ бўлган даврга нисбатан ишлатилади.

Демак, ушбу сўзнинг қатъий қабул қилинган истилоҳий маъноси – бу сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) умматлари бўлмиш ислом уммати умрининг дастлабки уч асри демакдир. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу бора шундай деб марҳамат қилганлар:

“Инсонларнинг энг “хайрлиси” менинг асрим аҳлидир, кейин уларга яқин бўлганлар, сўнгра эса уларга яқин бўлганлардир. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади.” Яъни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масъулиятсиз ёндашадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) кетма-кет ва тартиб билан зикр этиб уларни “энг хайрли” деб атаган уч аср аҳлидан мурод кимлардир?

Ушбу саволга жавобан шуни айтиш керакки, ўша уч асрда яшаб ўтган мусулмонларнинг “энг хайрли” бўлганликларининг сабаби, уларнинг нубувват булоғига ва ҳаётбахш рисолат таълимотига бевосита боғлиқ бўлган тизманинг дастлабки энг яқин ҳалқалари эканликларидир. Ана шу ҳалқаларнинг биринчиси, яъни саҳоба ва тобеинлар ҳадиси шарифда ворид бўлган ўша дастлабки “хайрли аср” аҳли бўлиш шарафига муяссар бўлишди. Зеро, бу “хайрли аср”даги шахслар ислом ақийдаси ва асосларини тўғридан-тўғри Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзларидан қабул қилиб олганлар. Исломнинг раббоний ҳукм ва одоблари уларнинг ақлларига мустаҳкам ўрнашган, қалблари эса бидъатчилик доғлари ва васваса ҳамда турли ваҳму гумонлардан мусаффо бўлган.

Иккинчи ҳалққа эса тобеинлар мисол қилиб келтирилади. Улар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни кўрмаган бўлсалар-да, бироқ ул ҳазратнинг асҳобларига тобе бўлиб, уларнинг ҳидоятига эргашганликлари ҳамда саҳобаларнинг Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни кўриш, ул зот билан суҳбатдош бўлиш, васият ва насиҳатларидан таъсирланиш орқали касб этган ёғдуларига етишганликлари сабабли нубувват зиёси тобеинларни ҳам чулғаб олгандир.

Мазкур ҳадиси шарифдаги учинчи халқ тобеинларга эргашган зотларнинг ҳалқасидир. Бу ҳалқа, фикрий софлик ва исломий ақийданинг ташқи қоришмалар таъсиридан холилик даврининг ниҳоя топишини огоҳлантирувчи эди. Айнан мана шу вақтга келиб бидъатлар пайдо бўлиб, улар кенг қулоч ёя бошлади. Адашган ҳолда юзага кела бошлаган фирқалар ўтган “уч аср”нинг тўғри йўлидан бирин-кетин четга оға бошладилар. Ҳар бир фирқа ўзи учун юриш қулай бўлган кенг “сироти мустақийм”дан фарқли бўлмиш эгри йўл ажратиб олди. Улар ўзлари тузиб олган ана шу эгри йўлнинг “бошида” туриб олиб, инсонларни унга чақира бошладилар. Улар бу ишни Аллоҳ таолонинг ушбу кўрсатмаси: «Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Демак, унга эргашинг ва бошқа йўлларга эргашманг. Токи, сизни Унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз» (Анъом сураси, 153-оят)га мухолиф ҳолда амалга оширар эдилар.

Ундан кейин эса нафсоний истак-хоҳишлар, бидъат ва залолат изғиринлари бораган сари кўпаяверди ва натижада унинг доираси кенгайиб борди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизга қадар давом этди.

Аллоҳнинг сўнгги элчиси ҳазрати Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) васият қилган ушбу вазифа, яъни салафи солиҳларнинг Аллоҳ китоби бўлмиш Қуръони Каримни ва Унинг Расулининг суннатларини фаҳмлаш борасидаги мустаҳкам тутган манҳажларига (йўлларига) қатъиян риоя қилингандагина амалга ошади. Акс ҳолда, ушбу вазифа Аллоҳнинг китобини йўлбошчи қилиб олиш ҳамда Унинг Набийси (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатини раҳнамо деб билиш ақийдаси асосида рўёбга чиқмаган бўлади.

Салафи солиҳларга эргашмоқлик, улар бу умматнинг давр тартиби бўйича салафи, яъни аввалгиси бўлганлари учунгина талаб қилинган эмас. Балки уларга эргашмоқлик талаби, уларнинг инсонлар орасида Аллоҳ Каломини англаш ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатини фаҳмлаш бўйича энг устун ва ҳақлироқ бўлганликлари сабабидандир. Чунки, уларнинг соф араб тилида сўзлашишдаги бузуқ талаффуз ва тушунишдаги араб бўлмаганларга хос бўлган нуқсонларга нисбатан, ўз софлигини ҳали йўқотиб улгурмаган эди. Шунинг учун ҳам, улар араб тилида очиқ-ойдин баён қилувчи Каломуллоҳнинг маъно ва мазмунларини тушунишда инсонларнинг энг муносиброғи бўлган эдилар. Шу сабабдан, улар инсонлар ичида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаётларига ва ул зот билан ҳамсуҳбат бўлмоқликка энг яқинлардан бўлган эдилар. Айнан мана шунинг учун ҳам, улар ул зот тарафларидан бўлган омонатни етказгувчиси ва керакли маънони тушунувчи бўлган эдилар. Сўнгра, улар дин борасида инсонларнинг энг садоқатлиси, табиатан энг мусаффоси ҳамда сохтакор кўринишлардан ва бидъатчиликка оғишишдан энг йироқлари бўлган эдилар. Юқорида санаб ўтилган ушбу жиҳатларга кўра, улар инсонлар орасида уларга нисбатан қалб осуда бўлиши ва ишонишга энг лойиқроғи бўлганлардир.

Кейинчалик эса Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатини тушуниш мусулмонлар учун чизиб берилган манҳаж (йўл-йўриқ) асосида бўлмай, ҳамманинг ҳам тушуниши тўғри бўлавермаган бир пайтлар келди. Бу белгиланган манҳаж, насслар тафсири ва уларнинг ўзаро муораза ҳамда ихтилофи чоғида улар орасини мувофиқлаштиришда риоя қилиниши лозим бўлган қоидаларда намоён бўлади. Айниқса, ўша пайтларда инсонларнинг кўпчилигида араб бўлмаганларга хос бўлган тушуниш тарзи кенг тарқалди, араб тилининг завқи, яъни унинг руҳиятини ҳис қилиш қобилияти заифлашиб кетди. Ана шу замонларда, юқорида биз зикр қилиб ўтган сифатлар билан сифатланган ўша илк мусулмонлар тариқаси, кейинги асрдаги мусулмонлар учун лозим бўлган манҳажни белгилаб бергувчи, унинг асослари ҳамда қоидаларини кўрсатиб бергувчи, тақозосига кўра асослар ва ҳукмлар истинбот қилишга уларни машқ қилдириб малака ҳосил эттиргувчиларнинг энг хайрлиси бўлдилар.

Албатта, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, саҳобалар ва тобеинлардан иборат “Салафлар”нинг ҳаммаси ҳам мезон бўла олмайди. Зеро, уларнинг айримлари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари ва кўрсатган йўлларидан бормай, бир-бирларининг жонига суиқасд қилиш, моли дунёга берилиш, зино қилиш ва ҳоказолар сабабли йўлдан оғган кишилар бўлишган. Шу боис, фақат уларнинг айримлари, яъни салафи солиҳларнинг тутган йўлигина ислом дини таълимотларини тўғри тушуниш ва унга амал қилиш учун “мезон” бўла олади.

Арабистон ярим оролига хос бўлган жуғрофий муҳитда қабила ва табақалар ўртасидаги зиддиятлар уларнинг бирлашишига тўсқинлик қилса-да, аммо бошқа бир қатор иқтисодий ва сиёсий омиллар эса бу ҳудуднинг бирлашувини тақозо этар эди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб эса ўлкада вужудга келган вазиятни тушуниб, уларни ягона мафкура асосида бирлаштириш мумкинлигини англаб етди ва ўз таълимотига асос солди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг XVIII асрдаги шогирд ва издошлари ҳамда кейинги даврда ушбу оқимнинг тарафдорлари мазкур шахс янгича таълимот яратди, деб таъкидлашади. Аслида унинг таълимотидаги асосий ғоялар илгариги диний оқим ва ғояларда ҳам мавжуд бўлган. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб улардаги баъзи ғоя ва таълимотларни кўтариб чиқиб айримларини ривожлантирган ва айримларига эса урғу берган, холос.

Баъзи тадқиқотчилар томонидан салафийлик оқими ҳанбалий мазҳаби асосида шаклланганлиги, яъни Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қарашларини ривожлантириб унга диний-сиёсий тус берганлигини таъкидлашади.

Лекин шу нарса маълумки, VIII аср охири ва IX аср бошларида ислом ўлкаларида мўътазилий оқимнинг пайдо бўлиши ва унинг томонидан бир қатор ислом таълимотига зид ақийдаларнинг илгари сурилиши соф ислом дини тамойилларига жиддий хавф туғдира бошлади. Мана шундай вазиятда Ибн Ҳанбал катта жасорат билан Қуръон ва ҳадис таълимотига зоҳирий ва сатҳий қараш асосида исломий ақийдани ҳимоя қилганлиги сабаб, у динни сақлаб қолган шахс сифатида илк халифа Абу Бакр билан тенглаштирилди. Натижада, унинг ислом оламидаги шуҳрати ошди ва у суннийликнинг энг йирик кўзга кўринган вакилларидан бирига айланди.

Баъзи тадқиқотчилар Ибн Ҳанбалнинг ҳуқуқий қарашлари, сўз ва фатволаридан келиб чиқиб, унинг тутган йўлини “шахсий мазҳаб” деб баҳолашади. Кейинчалик, Ибн Ҳанбалнинг издош ва шогирдлари томонидан унинг ҳуқуқий қараш ва фатволари тўпланиб, ҳанбалий мазҳабга алоқадор 30та ҳуқуқий тамойил ва қонунларни ўз ичига олган китоблар ёзилгани қайд этилади.

“Салаф” ибораси илк мусулмон жамоаси, тақводор аждодларнинг турмуш тарзи ва эътиқодидан ўрнак олишга чақувчи мусулмон бўлган диний арбобларнинг умумий номи. Бироқ XVIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлган ушбу сиёсий-ақийдавий “ҳаракат” ўтмиш салафлар даврини тарғиб қилиш, унга монанд жамиятда ўзгариш киритиш лозимлигини даъво қилди. Хусусан, мазкур ҳаракат етакчилари томонидан, гўёки асрлар давомида исломга турли бидъатлар кириб қолгани сабабли, жамият ва мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзини Қуръон ва суннага асосланган ҳолда қатъий тартибга солиш зарурлиги ҳақидаги ғоя илгари сурилган. Шу боис ҳам, “салафий”лик ибораси мазкур оқимга нисбатан бугунги кунда кенг қўлланмоқда.

Share

Check Also

Салафийларнинг такфирчилик ақийдалари кенг ёйилишида Саудия Арабистонининг роли

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Араб баҳорида халқларнинг улкан ҳаракати Ўрта Шарқ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.