Home / Долзарб мавзулар / Ваҳҳобийлик ёки салафийлик / Салафийлик ақийдаларининг мусулмонларга қарши ишлатилиши

Салафийлик ақийдаларининг мусулмонларга қарши ишлатилиши

images753054Олдинги мақоламизда таъкидлаб ўтганимиздек, баъзи тадқиқотчилар Ибн Ҳанбалнинг ҳуқуқий қарашлари, сўз ва фатволаридан келиб чиқиб унинг тутган йўлини “шахсий мазҳаб” деб баҳолашади. Кейинчалик эса, унинг издош ва шогирдлари томонидан унинг ҳуқуқий қараш ва фатволари тўпланиб, ҳанбалий мазҳабига алоқадор 30та ҳуқуқий тамойил ва қонунларни ўз ичига олган китоблар ёзилгани қайд этилади.

“Салаф” ибораси илк мусулмон жамоаси, тақводор аждодларнинг турмуш тарзи ва эътиқодидан ўрнак олишга чақувчи диний арбобларнинг умумий номи. Бироқ XVIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлган диний-сиёсий бўлмиш “салафийлик ҳаракати” ўтмиш салафлар даврини тарғиб қилиш, унга монанд жамиятда ўзгариш киритиш лозимлигини даъво қилди. Хусусан, мазкур ҳаракат етакчилари томонидан, гўёки асрлар давомида исломга турли бидъатлар кириб қолгани сабаб, жамият ва мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзини Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда қатъий тартибга солиш зарурлиги ҳақидаги ғоя илгари сурилди. Шу сабабли ҳам, “салафий”лик ибораси мазкур оқимга нисбатан бугунги кунда амалиётда кенг қўлланмоқда.

Вазият тақозосига кўра, Аҳмад ибн Ҳанбал ўз замонасидаги мусулмонларнинг исломий ақийдаларини асл ҳолига қайтариш ҳамда фақатгина Қуръон ва Суннатга эргашиш лозимлигини тарғиб қилган. Шу сабабли, у исломни бидъатлардан “Қутқарувчи” деган номга ҳам сазовор бўлган. Бу эса кейинчалик мусулмон жамияти заифлашган ва турғунлашган пайтларда Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ғояларининг шаклланиши ва тарқалишида етакчи роль ўйнайди.

XIV асрда яшаган Тақиюддин ибн Таймия ҳам Ибн Ҳанбал таълимотининг ёйилишига сезиларли ҳисса қўшган. Бу ислом уламоси Сурияда туғилиб, вафотига қадар 500дан зиёд асар таълиф этган. Ибн Таймия ўзининг асарлари ва маърузаларида дастлабки ислом ёки асл исломда бўлиш ва ҳар қандай янгилик (бидъат)лар диний бузилишларга олиб келишини таъкидлаган. У авлиёлар, ҳатто пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қабрини зиёрат қилишга ҳам қарши чиққан. Чунки, бу даврга келиб Мадинадаги “Пайғамбар масжиди”да жойлашган ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қабрини зиёрат қилиш ҳаж амаллари асносида йўлга қўйилганди.

Ибн Таймия фақат назарий масалаларда эмас, балки амалиётда ҳам муросасиз бўлгани учун бошига кўплаб кулфатлар тушган. Қозилар ва ҳукмдорлар кўп маротаба унга жарима солиб тан жазосини ҳам беришган. У ўз ҳаётининг кўп қисмини зиндонларда ўтказиб, 1328-йилда вафот этган.

Тақдир тақозоси билан Тақиюддин ибн Таймия ислом экстремизмининг биринчи назариётчиси ёхуд “Бобокалони”га айланди. Чунки, мутаассиб кучлар Ибн Таймиянинг давлат ҳақидаги концепциясига амал қилган ҳолда шундай нуқтаи назарга келишадики, унга кўра, ислом дини умуман, давлат тузумининг қандайдир аниқ шаклини кўрсатиб бермайди.

Ибн Таймия: “Ҳар қандай давлат, агар одамлар томонидан шариат аҳкомлари бажарилишини таъминласа, унинг тузуми қандай бўлишидан қатъий назар, ислом давлати ҳисобланиши мумкин ”, -деб айтади. Ёки унингча, “давлатни шариат қонун-қоидалари асосида бошқармаётган ҳукмдорга нисбатан жиҳод эълон қилиниши лозим”.

Умуман олганда, Ибн Таймиянинг “революцион” ғоялари кейинчалик бир неча диний-сиёсий ҳаракатлар, жумладан салафийлик оқими вакиллари томонидан кенгайтирилди ва натижада у исломдаги энг радикал кўринишга эга бўлган таълимотни барпо этди.

Ибн Таймиянинг Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), саҳобалар ва валий кишиларнинг қабрини зиёрат қилиш ва шунингдек, тавҳид, Аллоҳнинг макони, такфир (кофирга чиқариш) ва бошқа ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид ғоялари ўша даврдаги ислом уламоларининг кескин норозилигига учради. Шу боис, унга қарши кўплаб раддиялар битилиб, кескин кураш олиб борилди. Шундай бўлса-да, бундай ғоялар кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос ва мезон бўлиб хизмат қилди.

Хусусан, XVIII асрда ҳар қандай янгиликни инкор қиладиган, тасаввуфни мутлақо тан олмайдиган, васила, яъни восита орқали Аллоҳга юзланишни куфр деб ҳисоблайдиган ва ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қилган ҳамда тарихий манбаларда “қонли даъват” номини олган “Салафийлик оқими” пайдо бўлди. Бунинг оқибатида, салафийлар томонидан “пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шафоатидан ҳеч қандай наф йўқ”, деган ғоялар тарқалиб муқаддас зиёратгоҳлар вайрон қилинди.

Сохта салафийлик ғоялари таъсирида “Ислоҳотчилик” ва “Панисломизм” каби оқимлар янгитдан жонланди. Улар ягона халифалик тузиш ва барча ислом ўлкалари бир байроқ остида бирлашиши лозим деган ғояни илгари суришди.

Кейинчалик Жамолиддин Афғоний, Муҳаммад Абдуҳ ва Абдураҳмон Кавкабийларга ўхшаган радикал тарғиботчилар “Ислоҳотчи Салафийлар” номини олишди. Улар XIX асрнинг ўрталарида яшаган ҳамда “мусулмон халқларининг диний-сиёсий иттифоқи” номли ғоя ишлаб чиқишган. Бундан мақсад урфдаги мазҳабларни йўқотиш ва мазҳабсизликка етаклаб бориш эди.

Аҳли суннат эътиқодига кўра, Ислом беш аркондан иборат: Иймон келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж амалини бажариш. Аммо салафийлик оқимида эса олтинчи аркон ҳам киритилган. Бу жиҳоддир. Уларнинг эътиқодида ҳар бир мусулмон киши учун жиҳод қилиш фарзи айн. Ушбу ақийда ўз навбатида қатор ўта радикал, экстремистик диний-сиёсий ташкилот ва оқимларнинг пайдо бўлишига йўл очиб берди.

Ибн Абдулваҳҳоб бевосита динни “тозалаш”, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонасидаги асл ислом таълимотига қайтиш ва ширкка олиб борувчи бутпарастлик маросимларидан қутулиш каби ғояларни кўтариб чиқди. У ҳатто, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилишни ҳам тавҳидга зид деб баҳолади. Шунингдек, “бидъат”га алоҳида урғу бериб, унга қарши муросасиз кураш олиб борди. Бироқ Арабистон ярим ороли ўлкаларидаги диний вазият юқорида таъкидлаганимиздек, ўта мураккаб бўлган. Чунончи, Марказий ва Шарқий Арабистонда шиа мазҳабининг “ибодия” оқими, ал-Хосса вилоятида “қармат” оқими, Яманда “зайдий” оқими тарафдорлари яшарди. Табиийки, бу оқимларнинг барчасида азиз авлиёлар ҳамда қадамжоларнинг зиёрат қилиниши кенг тус олган эди.

Хусусан, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг авлодларини улуғлаш ҳамда уларнинг қадр-қимматини вафотидан кейин ҳам эъзозлаш ҳоллари мавжуд эди. Нажаф, Карбало, Нажд, Жубайл, Дирия, Макка, Мадина ва Тоифдаги муқаддас жойларга зиёратчилар йил бўйи келишиб, қурбонликлар қилишар ва турли маросимларни амалга оширишарди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб шу каби авж олган маросимларга ўта мутаассиблик руҳида кураш бошлади. У кескин кайфиятда ушбу ишларни қоралар, “ширк”, “бидъат”, “куфр” сўзларини қўллар эди. Ваҳоланки, мусулмонларнинг юқоридаги маросимлари уларнинг эътиқодида ширк эмас эди. Бу ҳолат эса Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобга кўпчилик устидан “куфр” ва “ширк” сўзларини ишлатиш ҳуқуқини бермасди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг диний оқимига қарши чиққан уламолардан бири унинг устози Муҳаммад ибн Сулаймондир. У Ибн Абдулваҳҳобга ёзган мактубида шундай дейди:

“Эй Ибн Абдулваҳҳоб, Аллоҳ номи билан сендан тилингни тийиб мусулмонларга қарши чиқмаслигингни сўрайман. Дунёдаги барча воқеа-ҳодисалар Аллоҳ томонидан бўлаётганлиги хусусида шак қилаётганларга уларнинг ноҳақликларини тушунтиргин, тушунмаган тақдирдагина уларни ва фақат уларнигина “кофир” деб атагин. Лекин зинҳор сенга эргашмаган барча мусумонларни “кофир” дея кўрма. Чунки, улар эмас, сен ўзинг ҳақ йўлдан адашгансан. Бунга Нисо сурасининг 115-ояти гувоҳлик беради:

وَمَن يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِن بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَىٰ وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّىٰ وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ ۖ وَسَاءَتْ مَصِيرًا ﴿١١٥﴾

«Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз унинг кетгунича қўйиб берамиз ва жаҳаннамга дохил қиламиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!»

Шубҳасиз, Ибн Абдулваҳҳоб таълимотидаги энг катта қаршилик ва ихтилоф келтириб чиқарган фикрларидан бири бу – ўзига қўшилмаганларни динсизлик ва кофирликда айблаш эди. Шуниси қизиқки, салафийлар бошқа дин вакилларига, масалан яҳудий ва насороларга ўзларининг сўзларига қўшилмаган мусулмонларга қилган муросасизликларини қўлламасдилар. Шунингдек, иймон масаласи бўйича уларнинг тутган йўллари мусулмонлар, хусусан минтақамиз мусулмонлари ўртасида турли келишмовчиликлар ва кўнгилсизликларга сабаб бўлган.

Бошқа бир қатор мазҳаб ва оқимлар, жумладан мотуридий таълимотида киши Аллоҳга иймон келтириши билан мусулмонлар қаторига ўтиши таъкидланган. Ҳанбалий мазҳабида эса эътиқодни амалда тасдиқлаш талаб қилинади. Худди шу хусусиятлар кейинчалик “салафийлар” юртимиз мусулмонларининг кўпчилиги устидан турли хил ибораларни ишлатишларига сабаб бўлди. Шу билан биргаликда улар юртимизда асрлар давомида шаклланган анъанавий ҳанафийлик мазҳабига зид таълимотларни ҳам баён қилишган. Жумладан бидъат, тавассул, тасаввуф тариқатлари, мусиқа, театр, тасвирий санъат, мавлуди шарифни нишонлаш, ўтганлар руҳига Қуръон тиловати савобининг етиши, қабрларни зиёрат қилиш ёки унинг устига белги-қабртош қўйиш кабилар бўйича қарашлари мусулмон аҳолимиз ўртасида ихтилофлар келтириб чиқаришга сабаб бўлган.

Share

Check Also

Салафийларнинг такфирчилик ақийдалари кенг ёйилишида Саудия Арабистонининг роли

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Араб баҳорида халқларнинг улкан ҳаракати Ўрта Шарқ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.