Home / Савол-жавоблар / Сиёсий-маданий / Қандай Давлатни Исломий Давлат деб айтиш мумкин?

Қандай Давлатни Исломий Давлат деб айтиш мумкин?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Masjed-Al-Nabi-01Ҳозирги кунда Ислом оламида ваҳҳобийлик оқимига мансуб экстремист ва террорчи гуруҳлар томонидан исломий давлатни барпо этиш даъвосини кўтариб чиқиб бу йўлда оғир жиноятларга қўл уриб жуда кўп бегуноҳ одамларнинг қони ноҳақ тўкилаётгани учун таҳририятимизга исломий давлат қандай хусусиятларга эга бўлиши керак ва исломий давлат қандай асосларга биноан қурилади? каби саволлар келиб тушмоқда. Биз бу ерда ушбу саволларга Аҳли-Байт мазҳабининг ақийдавий ва фиқҳий қарашларига асосланиб, қисқа ва лўнда қилиб жавоб берамиз.

Қуйидаги хусусият ва асосларга эга бўлган давлатларни “исломий давлат” деб айта оламиз:

1. Исломий давлат тузиш учун Қуръони Карим оятларида ва маъсумлар ҳадисларида ошкора баён этилган кўрсатмаларга ҳамда ақлий далилларга таяниб, мана шундай устувор ва қатъий асослар билан Ислом давлати тузиш зарурлигини кўрсата олиш ҳамда бу хусусида туғиладиган ва илгари суриладиган турли шубҳалар ва саволларга қониқарли ва қатъий жавоблар бера олиш зарур.

2. Исломий давлат қурмоқчи бўлган шахс ёки гуруҳ Аллоҳ таоло, Унинг Расули ва Расулининг барҳақ ворислари томонидан давлат қуришга изн ва ижозатга эга эканлигини далиллар билан кўрсата олиши зарур. Зероки, ҳеч бир инсон ёки гуруҳ ҳокимият яратиб бошқалар устидан ҳукмронлик қилишга ҳақли эмас. Фақат бу ишга яратувчи Тангри таоло томонидан ҳақли ва ижозатга эга эканлигини кўрсата бера олган тақдирдагина инсонларга раҳнамолик қилиб улар устидан ҳукмронлик қилишга ҳақли бўлади. Негаки, бутун борлиқни ва шу жумладан инсонни яратган Аллоҳ таологина инсонларга раҳнамолик қилиб, улар устидан ҳокимият яратиб уларга ҳукмронлик қилишга ҳақлидир, холос ва Аллоҳ таоло ушбу ҳақни инсонларга рушду ҳидоят йўлини кўрсатиш учун йўллаган Ўзининг пайғамбарларига топширган.

Шунинг учун сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ислом динининг илк давридаёқ Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилишлари биланоқ, ҳокимият ва давлат қуришга азму қарор қиладилар ва ислом ҳокимиятининг кучи билан ислом динини дастлаб Арабистон ярим оролига ва сўнгра эса бутун дунёга тарқата бошлайдилар. Ул ҳазрат ўзларидан сўнг ушбу раҳнамолик ва ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини Аллоҳ таолонинг амри билан Ғадийри Хум деган жойда бутун мусулмонларнинг ҳузурида ҳазрати Али (алайҳис салом)га ва ул зотнинг наслларидан бўлган ўн бир имомга уларнинг исмларини бирма-бир тилга олиб топширадилар. Албатта, бундан ташқари ҳам, ҳар бир имом ўзидан кейинги имом ва пешвони тайин этиши билан ушбу ҳақни унга топширган. Маъсум имомларимиз имкон қадар ва шароит тақозосига қараб раҳнамолик ва ҳукмронлик қилиш ҳақ-ҳуқуқини амалга оширганлар. Ва маъсум имомларимиз, хусусан ўн иккинчи имомимиз ва пешвоимиз ҳазрати имом Маҳди (ажжалаллоҳу таоло)нинг марҳамат қилиб буюрган ҳадиси шарифларига биноан, маъсум имом кўзлардан ғоиб бўлиб инсонлар орасида бўлмаганида, маъсум имомларга энг яқин бўлган инсонлар, яъни уларнинг кўрсатган кўрсатмаларини, берган илм ва таълимотларини теран ўзлаштирган ва мукаммал ўрганган тақволи ва одил мужтаҳидлар исломий давлат тузиб мусулмонларга раҳнамолик ва ҳукмронлик қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Албатта, шуни таъкидлаш жоизки, юқорида зикр этилган исломий давлат тузиш борасидаги ғоя худди занжир ҳалқалари каби бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, ушбу чуқур илдизга эга сиёсий ғоя фақатгина Аҳли-Байт мазҳабига хосдир ва бу ғояга «вилояти фақиҳ» дейилади. Аммо Аҳли суннат наздида эса исломий давлат тузиш борасида аниқ бир ғоя мавжуд бўлмагани учун бир-бирига зид ва турли-туман асоссиз фикрлар билдирилган ва уларни бирма-бир ўрганиб чиқиш эса ихтисосий баҳслашувни тақозо этгани сабаб биз уларни бу ерда келтиришни ўринли деб билмай, уни ўз ўрнида ўрганишни тавсия этамиз.

3. Исломий давлат шариати исломияда баён этилган аҳком ва қонун-қоидаларни инсонлар орасида кенг жорий этишга ҳаракат қилади ва мазкур давлат ушбу қонун-қоидаларни жорий этишда адолат, баробарлик, қатъийлик ва раҳм-шафқатлиликка тўла-тўкис ҳолда риоя қилади.

4. Ислом давлати жамиятдаги адолатсизлик, инсофсизлик, зулму зўравонлик ва айирмачиликка барҳам бериб инсонлар орасида адолат ва ҳақиқатни кенг ёйиш ҳамда ушбу мақсад кенг қамровли амалга ошиши учун инсонларнинг билим савияси юксалиши йўлида бутун жидду жаҳди билан тиришади.

5. Исломий давлат инсонларнинг дунё ва охирати обод бўлиб, ҳар томонлама бахт-саодатга эришишлари учун уларнинг сулҳ-тинчлик ва барқарорликларини таъминлаб моддий ва маънавий ҳаётларига зарур бўлган тўлақонли шарт-шароит яратмоғи даркор. Бир сўз билан айтганда, Ислом давлати инсонларни яратилишдан кўзланган инсоний ва илоҳий баркамоллик сари етакламоғи лозим.

6. Мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) Молик Аштарни Мисрга ҳоким қилиб юборганда буюрган фармонларига биноан, Ислом давлатида инсонлар Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмай, ўзларининг танқидий мулоҳазалари, арз ва шикоятларини озодона ва эркин ҳолда давлат бошлиқларига айта олишлари керак. Ул ҳазрат мазкур фармонда Молик Аштарга халқнинг тилидаги қўрқув тугунини очишни буюрадилар.

7. Ислом давлати ўз фуқароси бўлган одамларнинг ўз юртларида оила аъзолари билан тинч-тотув ва осойишта ҳаёт кечиришлари учун тўлақонли шароит яратиб уларнинг ўзга юртларда хор-залил ҳолда овора бўлиб юришларига мутлақо йўл қўймайди. Бошқа таъбир билан айтганда, исломий давлат фуқаролари ўз юртларида азиз ва сарафроз бўлиб яшайдилар ҳамда бошқалар томонидан камситилмайдилар ва ушбу давлатда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўла-тўкис таъминланиб ҳеч бир босимсиз эркин ҳолда ҳаёт кечирадилар.

Юқорида баён қилинган хусусиятлар исломий давлатнинг энг асосий тамойиллари ва устувор  вазифалари бўлиб, буларнинг ҳеч бирини “исломий давлат” барпо этишни даъво қилаётган террорчи, экстремист гуруҳларда ва уларнинг эндиликда босиб олиб ҳукмронлик қилаётган Сурия ва Ироқ ҳудудларида кузата олмайсиз. Аксинча, мазкур гуруҳларнинг ушбу ҳудудларда юзага келтирган исломий давлатда юқорида айтиб ўтилганларга мутлақо зид равишда амал қилинмоқда. Шу боис, ушбу экстремист ва бузғинчи гуруҳлар томонидан бегуноҳларнинг қонини ноҳақ тўкиш билан барпо этилган ДАВЛАТНИ “исломий давлат” деб айтолмаймиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Аср сурасида Аллоҳ таоло Асрга қасам ичишидан қайси Асрни назарда тутган?

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ  Аллоҳ таоло Аср сурасида «وَالعَصْرِ» «Асрга қасам», деб марҳамат қилган. Замон нуқтаи назаридан бир …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.