Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (а.ж) имомат ва пешволигининг бошланиши ҳақида

Имом Маҳдий (а.ж) имомат ва пешволигининг бошланиши ҳақида

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ўн биринчи пешвоимиз ва имомимиз ҳазрат Имом Ҳасан ибн Али ал-Аскарий (алайҳис салом)га ҳижрий қамарий 260 йил – милодий 874 йил, Рабиул аввал ойининг саккизинчи куни Сомирро шаҳрида бани Аббос (Пайғамбаримиз амакилари) сулоласидан бўлган халифа Муътамид Аббосий буйруғи билан заҳар берилади. Ул ҳазрат бунинг натижасида шаҳид бўлиб оламдан ўтадилар ва ўша маконда оталари Имом Али ибн Муҳаммад ал-Ҳодий ан-Нақий (алайҳис салом) ёнларига дафн қилинадилар.
Биз Аҳли-Байт издошларининг эътиқодига кўра, Аллоҳ таолонинг ҳидоят машъали бўлган бирор ҳужжати ва валийси оламдан ўтса, ер юзи Аллоҳ таолонинг ҳужжати ва валийси, Сарвари коинотнинг ҳақиқий давомчи ва ворисларидан холи бўлмагани учун Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)дан сўнг ул ҳазратнинг биргина ўғли Имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) Аллоҳ таолонинг изни ва фармони билан юқорида зикр этилган санадан бошлаб Ислом умматига имомат ва пешволик қилиш мақомига ноил бўлдилар.

Демак, Имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин)нинг оталари Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) шаҳид бўлган кундан, яъни ҳижрий қамарий 260 йил – милодий 874 йил, Рабиул аввал ойининг саккизинчи кунидан бошлаб биз яшаб турган кунгача имомат ва пешволик даврлари давом этиб келмоқда.

Биз ушбу мақоламизда Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) шаҳид бўлишларидан сўнг ул ҳазратнинг ягона ўғиллари, Аллоҳ таолонинг сўнгги Ҳужжати ва Валийси, замонамиз Соҳиби ва Пешвоси бўлмиш Имом Маҳдий (a.ж)  қандай ҳолда имомат ва пешволикка етганларини мўътабар ва мўътамад манбаларга таяниб, бу борада рўй берган воқе-ҳодисани бутун тафсилоти билан баён қилдик. Зора у буюк зотнинг иноят ва ризоликларини қўлга кирита олсак, деб.

Имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин)нинг одамлар кўзи ўнгида кўриниши бир марта рўй берган бўлиб, у ҳам бўлса оталари Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг шаҳид бўлганларида жаноза намозини ўқиш учун келганларида бўлган. Ундан кейин одамлар кўпчилик бўлган ҳолда ул ҳазратни кўрмаганлар, агарчи айрим пок ва мўъмин инсонлар ёлғиз ҳолда у буюк зотнинг ҳузурларига шарафёб бўлиб кўра олган бўлсалар-да.

Ҳазрат Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) билан боғлиқ биринчи воқеани Имом Аскарий (алайҳис салом) уйларида xизматчи бўлиб ишлаган Абул Адён айтиб берган. Ҳазрат Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг вафотига сабаб бўлган беморлик чоғларида ул зот бир неча одамларга мактуб ёзган эдилар. Сўнгра ул ҳазрат ўша мактубларни менга бердилар-да:

«Мана бу мактубларни Мадоинга (Ироқ шаҳарларидан бирининг номи, ҳозирда Бағдод дейилади) олиб боргин. Сенинг бу сафаринг ўн тўрт кунга чўзилади ва ўн бешинчи куни эса яна Сомиррога қайтиб келасан. Бу ерга етиб келганингда эса йиғи овозини эшитасан. Мени эса баданимга ғусл берилаётган ҳолда кўрасан»

деб, оламдан ўтишларини олдиндан хабар бердилар.

Шунда мен ул зотга: «Агар сиз айтаётган мудҳиш воқеа рўй берса, у ҳолда сизнинг ўрнингизга ким Имом бўлади?», – деб сўрадим. Шунда Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом): «Сендан мактубларнинг жавобини сўраган одам «Қоим» (ер юзида ҳақиқат ва адолатни барпо қилувчи фарзандим) Имом бўлажак», дедилар. Сўнгра эса шундай деб сўзларини давом эттирдилар:

«Ўша Имом менинг жаноза намозимни ўқийди. Яна ўша Имом кўрмай туриб ҳамёндаги қимматбахо нарсалар ҳақида сўрашганида унга жавоб бера олади.»

Абул Адён сўзини давом эттириб айтади: «Мен ўшанда Имомдан ҳамёндаги қимматбаҳо нарсалар нима бўлади?» – деб сўрамоқчи эдим, лекин Имомнинг салобатлари мени тутгани сабаб, бирор нарса сўрашга ботина олмадим.

Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг ёзган мактубларини олиб Мадоинга қараб йўл олдим. У ерда мактубларнинг жавобларини олганимдан сўнг Имом айтганларидек, ўн бешинчи куни Сомиррога етиб келдим. Xудди ул ҳазрат айтганларидек, шаҳарга етиб боришим билан доду-фарёд ва йиғи овози бутун шаҳарни қамраб олганди. Ҳақиқатдан мен Имомга ғусл берилаётган пайтда ул ҳазратни кўрдим. Имомнинг укалари Жаъфар бин Али жанозанинг тепасида эди ва шиаларнинг ҳаммаси унга таъзия ва ҳамдардлик билдиришарди. Шунингдек, имом бўлганлиги билан унга табрик ҳам айтишарди. Мен ўзимча шундай дедим:

Агар бу одам имом бўладиган бўлса, у ҳолда имомат ботил бўлади. Зеро, мен уни яxши танирдим. Жаъфар май ичувчи ва қимор ўйнайдиган фосиқ бир кимса эди. Мен унинг олдига бориб унга таъзия ва ҳамдардлик билдирдим. У мендан ҳеч нарса сўрамади. Шу пайт Уқайд исмли шахс келиб: «Эй Жаъфар хазратлари, акангизни кафанлаб бўлдик. Жаноза намозини ўқиб берсангиз», – деди. Жаъфар ичкарига кирди. У ерда Самон, Ҳасан бин Али кабилар ҳам бор эдилар. Жаъфар олдинга ўтиб энди такбир айтиб жаноза намозини бошламоқчи бўлганида, ногаҳон бир буғдой рангли чиройли, тишлари бир текис ёш бола келиб унинг яктагини тортиб:

Эй амакижон, четга ўтинг, бу намозни ўқишга мен ҳақлиман», деди»

 Жаъфарнинг ранги ўчиб кетиб орқага ўтди. Ҳалиги кичкина бола олдинги сафга ўтиб жаноза намозига имомлик қилди. Сўнгра имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг муборак жасадлари оталарининг қабри ёнига дафн этилди. Шундан кейин ҳалиги бола менга қараб:

,«Эй Басралик амаки, ёнингиздаги мактубларнинг жавобини келтиринг», деди. Мен мактубларнинг жавобларини унга бердим. Ичимда «битта белгини бу болада кўрдим. Қани кўрайчи, иккинчи белгини (қимматбаҳо ашёли ҳамён ҳақида маълумот бера олиш белгиси назарда тутилган) кимда кўраркинман» деб ўйладим.

Жаъфар бин Али (алайҳис салом)нинг олдига бордим. У оҳу-нола чекар эди. Атрофидагилар: «Ҳалиги ёш бола ким эди?», – деб ундан сўрашар ва у билмайман, шу пайтгача уни ҳеч кўрмаганман, деб жавоб қилар эди. Қум шаҳридан бир неча шиалар ҳам жаноза намозига келишган эди. Улар Жаъфарга қараб: «Kимга таъзия билдириб имомат ва пешволик мақоми билан уни табриклайлик?», – деб сўрашди.

Шунда у ердагилар: Жаъфарга, дейишди. Ҳалиги одамлар Жаъфарнинг олдига бориб: «Бизнинг ёнимизда мактублар ва бир миқдор молу пуллар бор. Қани айтгинчи, бизнинг ёнимизда қанча бойлик бор ва улар кимларга тегишли?», – деб сўрашди.

Жаъфар эгнидаги либосини қоқиб ўрнидан турди-да: «Мендан ғайб илмини сўраяпсизларми?», – деди. Шу пайт ичкаридан бир xодим чиқиб Қум шаҳридан келганларга қараб: «Сизларнинг ёнингизда фалончи ва фалончиларнинг мактублари бор. Шунингдек, ҳамёнда минг динор бор бўлиб, ундаги ўн динорнинг устидаги ёзувлари ўчиб кетган», –  деди.

Шунда одамлар: «Сени мана шу нарсаларни олишга юборган одам ким бўлса, ўша хақиқий Имомдир»,дейишди. Жаъфар бин Али бўлган можарони Аббосийлар xалифаси Муътамидга айтиб берди. Xалифа ўз одамларини имомнинг уйига йўллаб ўша болани келтиришларини буюрди. Лекин уй эгалари у ерда ундай одам яшамайди, деб Имом Маҳдий (алайҳис салом)ни яширишди.

Фойдаланилган манба:

1. Шайх Садуқ, «Камолуддин ва тамомуннеъмаҳ» 2-жилд, 43-боб, 25-ҳадис, 475-бет.

2. Нилий Нажафий, «Мунтахаб ал-анворил музиъаҳ» 157-бет.

3. Қутбуддин Ровандий, «ал-Хароиж вал-Жароиҳ» 3-жилд, 1101-бет.

Иккинчи воқеани Иброҳим ибн Муҳаммад Табризий айтиб беради:

Ҳазрат имом Аскарий (алайҳис салом) риҳлат қилган кунлари Сомиррода ул ҳазратнинг уйларига кирдим. Биз ўттиз тўққиз киши эдик, чамаси ўн ёшлар атрофида бўлган бир ёш бола кириб келди, у яктагини бошининг устига ташлаб олган эди. У келганида, ундаги салобат ва ҳайбатни кўргач, ҳаммамиз беиxтиёр ўрнимиздан турдик. У олдинги сафга ўтди ва жаноза намозига имомлик қилди ва бизлар унга иқтидо қилдик. Намоз тугагач, у ҳалиги чиққан xонаси эмас, балки бошқа бир xонага кириб кетди.

Фойдаланилган манба:

Шайх Тусий, «Китобул-Ғайбаҳ» 257-бет.

Нима учун имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) xавфу-xатарга қарамай одамлар кўз ўнгида кўринганлиги ҳақида замонамизнинг таниқли уламолардан бири айтади:

Ўша куни тўрт омил туфайли ўн иккинчи Имом ҳазрат Маҳдий ўзини бошқаларга кўрсатган эдилар:

  1. Имом Маҳдий ҳазратлари оталари имом Аскарий (алайҳис салом)нинг жаноза намозларини ўқишлари керак эди;
  2. Агар Имом Маҳдий ҳазратлари ўша куни инсонлар кўз ўнгида зоҳир бўлмаганида эди, xалифа Муътамид Аббосий томонидан тайинланган шахс жаноза намозини ўқиб, шу билан ўша киши имоматнинг давомчиси сифатида xалққа таниттирилган бўлур эди;
  3. Шиалар орасида адашиб кетиш ва йўлдан озиш ҳолати юз бермаслиги учун Имом Маҳдий ҳазратлари ўша куни инсонларнинг кўз ўнгида намоён бўлдилар. Чунки, Жаъфар бин Али Ал-Ҳодий (алайҳис салом) (Жаъфар Каззоб лақаби билан машҳур бўлган) Имом Аскарий (алайҳис салом)нинг жаноза намозини ўқимоқчи эди, бу эса имомат унинг зиммасида давом этади деган маънони билдирарди ва бу эса шиалар орасида катта оғиш ва адашиш ҳисобланарди.
  4. Имомат ва пешволик мақоми Имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) билан давом этиши ҳамда ул зот ҳақиқий Имом эканлиги исботланиши учун ҳам ул зот одамлар кўзига кўринган эдилар.

Юқорида зикр этилган сабабларга кўра, Имом Маҳдий ҳазратлари (Аллоҳ таоло ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) тўсатдан намоз ўқишга ҳозирланаётган одамларнинг кўзи олдида намоён бўлиб, ўз амакилари Жаъфар бин Алини жаноза намозига имом бўлишига йўл қўймадилар.

Фойдаланилган манба:

Муҳаммад Ризо Ҳакимий, «Мағриб қуёши» 24 ва 25-бетлар.

Мақоламиз сўнггида хулоса қилиб айтамизки, Имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин)нинг кўпчилик одамларга кўринишига сабаб оталари Имом Аскарийнинг жаноза намозларини ўқиш бўлган ва бу ҳолат фақатгина бир марта рўй берган, холос. Ул зот бошқа ҳеч қачон бир пайтнинг ўзида кўпчиликка кўринмаганлар. Ул ҳазрат ер юзида адолат ва ҳақиқатни барпо этиш учун зуҳур қилганларида (ғойиблик ҳолатидан чиққанларида), албатта, ҳамманинг кўзига кўринажаклар, иншо Аллоҳ. Ўша кунни кўринишни Аллоҳ таоло ҳаммамизга насиб этсин! Омин!!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.