Home / Долзарб мавзулар / Ислом ва ҳуқуқшунослик / Исломда от боқиш, миниш, чоптириш ва чавандозликнинг аҳамияти

Исломда от боқиш, миниш, чоптириш ва чавандозликнинг аҳамияти

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Айрим биродарлар томонидан Исломда от боқиш, улоқ чопиш ва чавандозлик қилиш борасида нималар дейилган? Ва қай даражада бу масалага эътибор ва аҳамият берилган? деган саволлар бизга тушгани учун бу ҳақда батафсил мақола ёзишга жазм қилдик. Мазкур мавзуда ёзилган ушбу мақоламизга диққатингизни жалб этамиз ва бу борада ўз фикр-мулоҳазангизни билдиришни сўраб қоламиз.

Исломда от боқиш, от чоптириш ва чавандозлик қилиш улкан аҳамият ва ўринга эга бўлиб, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда ушбу жонивор турли шаклларда ва кўплаб йўналишларда, айниқса, ҳарбий ва жанговар нуқтаи назардан ўта фойдали ва таҳсинга сазовор эканлиги айтилган.

Қуръони Каримнинг бир неча оятларида от ҳақида сўз юритилган бўлиб, отга шу даражада катта эътибор қаратилганки, Аллоҳ таоло Вал-Одиёт сурасининг илк оятларида Унинг йўлида жиҳод қилгувчи художўй Ислом қўшинларининг отларига қасамёд этиб шундай марҳамат қилади:

وَالْعَادِيَاتِ ضَبْحًا ﴿١﴾

«Ҳарсиллаб чопувчи отларга қасам.»

فَالْمُورِيَاتِ قَدْحًا ﴿٢﴾

«(Чопган чоғида туёқларидан) чақмоқлар чақнатувчи отларга қасам.»

فَالْمُغِيرَاتِ صُبْحًا ﴿٣﴾

«Тонг чоғида ҳужум қилувчи отларга қасам.»

فَأَثَرْنَ بِهِ نَقْعًا ﴿٤﴾

«Бас, у (ҳужум) ила чанг-тўзон кўтарурлар.»

فَوَسَطْنَ بِهِ جَمْعًا ﴿٥﴾

«Ва баногоҳ у (ҳужум) ила (душман) жамоаси ўртасига (ёриб) кирурлар.»

Аллоҳ таоло Қуръонда исломий жанговарларга ҳар доим отларини жанг учун тайёр ҳолатда сақлашни буюради:

﴿وَأَعِدُّوا لَهُم مَّا اسْتَطَعْتُم مِّن قُوَّةٍ وَمِن رِّبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدُوَّ اللَّـهِ وَعَدُوَّكُمْ وَآخَرِينَ مِن دُونِهِمْ لَا تَعْلَمُونَهُمُ اللَّـهُ يَعْلَمُهُمْ ۚ

«Улар (душманларга қарши жанг қилиш) учун имконингиз борича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизким, бу билан сизлар Аллоҳнинг душманини ва ўз душманингизни ҳамда улардан ташқари ўзингиз билмайдиган – Аллоҳгина уларни биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар…» (Анфол сураси, 60-оят)

Шунингдек, Аллоҳ таоло от, хачир ва эшакларни улов ва миниш воситаси сифатида яратганини ва ушбу жониворлар инсоният учун муносиб зийнат эканини уқтиради:

﴿وَالْخَيْلَ وَالْبِغَالَ وَالْحَمِيرَ لِتَرْكَبُوهَا وَزِينَةً ۚ وَيَخْلُقُ مَا لَا تَعْلَمُونَ﴾

«Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва У сиз билмайдиган нарсаларни ҳам яратур.» (Наҳл сураси, 8-оят)

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳазрат Сулаймон пайғамбарни отга қизиқувчи ва отларни севувчи деб таништиради ва бу борада шундай деб марҳамат қилади:

У кучли, учқур ва урушда қўлланадиган отларни кўздан кечираётиб уларга қизиққани ва меҳр қўйгани сабаб, уларни қайтаришга буйруқ берди ва тун қоронғилиги ҳамма жойни қамраб олгани ва отларни яхши кўриб бўлмайдиганига қарамай отларнинг оёқ ва бўйинларини сийпалаб уларни синовдан ўтказиб эркалади. Бу борада Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинган:

وَوَهَبْنَا لِدَاوُودَ سُلَيْمَانَ ۚ نِعْمَ الْعَبْدُ ۖ إِنَّهُ أَوَّابٌ ﴿٣٠﴾ إِذْ عُرِضَ عَلَيْهِ بِالْعَشِيِّ الصَّافِنَاتُ الْجِيَادُ ﴿٣١﴾ فَقَالَ إِنِّي أَحْبَبْتُ حُبَّ الْخَيْرِ عَن ذِكْرِ رَبِّي حَتَّىٰ تَوَارَتْ بِالْحِجَابِ ﴿٣٢﴾ رُدُّوهَا عَلَيَّ ۖ فَطَفِقَ مَسْحًا بِالسُّوقِ وَالْأَعْنَاقِ ﴿٣٣﴾

«Ва Биз Довудга Сулаймонни ҳадя қилдик. У (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Чиндан ҳам, у (Аллоҳ томон) ўта қайтгувчидир».

«Кечки пайт унга гижинглаб турган учқур отлар кўрсатилганини эсла».

(Сулаймон) деди: «Албатта, мен Роббимнинг зикридан кўра отларни суюб-эркалашга берилиб кетибман, ҳатто (намознинг илк вақти ўтиб, қуёш) парда ортига беркинибди-ку.

У (от)ларни менга қайтаринглар». Сўнгра уларнинг оёқ ва бўйинларини силай бошлади!» (Сод сураси, 30 ва 33-оятлар)

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида отларни одамлар учун аёллар, ўғиллар, тўп-тўп олтин-кумуш ва бойликлар, чорва ва экин-текинлар сингари кўнгил қўйиладиган бу дунёнинг зийнатланган матоси деб таништиради:

﴿زُيِّنَ لِلنَّاسِ حُبُّ الشَّهَوَاتِ مِنَ النِّسَاءِ وَالْبَنِينَ وَالْقَنَاطِيرِ الْمُقَنطَرَةِ مِنَ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ وَالْخَيْلِ الْمُسَوَّمَةِ وَالْأَنْعَامِ وَالْحَرْثِ ۗ ذَٰلِكَ مَتَاعُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ۖ وَاللَّـهُ عِندَهُ حُسْنُ الْمَآبِ﴾

«Одамларга аёллар, ўғиллар, тўп-тўп олтин-кумуш ва бойликлар, белгиланган (қиммат баҳо) отлар, чорва ва экин-текинлардан иборат истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш зийнатланди. Улар бу ҳаёти дунёнинг матосидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтар жой бор».

Отнинг яратилиши ҳақида

Ҳадиси шарифларда отнинг аҳамияти хусусида айтилганларни келтиришдан олдин отнинг яратилиши ҳақида ворид бўлган айрим ривоятларни кўриб чиқамиз.

Қуйидаги ривоятда отнинг яратилиши ҳақида айтилган: Худо отни яратмоқчи бўлган пайт жанубдан эсувчи шамолга ўзингни йиғгин, Мен сенинг эсиш қудратингдан ҳам юксакроқ жонзотни яратмоқчиман, деди. Шамол деди: Уни олов билан азоблайдиганинг жонзотни яратма. Сўнгра Аллоҳ таоло ҳазрат Жаброил (алайҳис салом)га бир ҳовуч шамолни қўлида тутишни буюради ва Жаброил (алайҳис салом) ундан жигаррангли бир отни яратади. Натижада, шундай бир от яратилдики, хушбичим оёқ ва туёқларга эга бўлиши билан тузилишда шамолдан кўра яхшироқдир.

Икки Фараснома унвони остида ҳам чоп этилган отлар ҳақидаги юз бобли Хайлнома номли китобда Шайх Кулайний сўзидан иқтибос келтирилиб шундай дейилган: Худо юзта от денгиздан яратди ва қолган отлар эса уларнинг уруғларидан юзага келди.

Низомиддин Аҳмаднинг “Мизмор” номли китобида Шайх Садуқнинг “Ман Ло Яҳзуруҳу ал-Фақиҳ” китобида Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)дан нақл қилинган ривоят қуйидача келтирилади:

«Араб ўлкаларида ёввойи отлар бор эди. Ҳеч ким уларни қўлга ололмасди. Шунда ҳазрат Иброҳим Халилуллоҳ ва Исмоил Забиҳуллоҳ (алайҳимас салом) Макка шаҳрининг шарқида жойлашган “Абу Қубайс” номли тоғнинг устига чиқиб: Огоҳ бўлингиз, ром бўлиб қўлга ўрганингиз, дея фарёд этдилар. Шу пайт отлар огоҳ бўлиб ром бўлган ҳолда ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) томон кела бошлашди. Ҳеч бир от қолмадики, бўйсунмаган ва кокилли тождор ёлини таслим этмаган бўлсин. Бу икки сўзнинг маъноси таслим ва итоаткорлик демакдир.»

Мулло Муҳсин Кошонийнинг “Васфул Хайл” (отлар васфи) китобида ҳам худди шу маънода ривоят келтирилган.

Ақвол ал-Кофияда отларни таниш ҳақида нақл қилинган ривоятга кўра, биринчи бўлиб арабий отга минган ва уни қўлга ўргатган илк шахс ҳазрат Исмоил ибн Иброҳим (алайҳимас салом) эди.

“Ақвол ал-Кофия” ва “Мизмори дониш” китобларида келтирилган ривоятга кўра, бир гуруҳ араблар ҳазрат Сулаймон (алайҳис салом) ҳузурларига келиб ўзларининг саволларни сўрашгач, қайтмоқчи бўлишди. Шунда улар ҳазрат Сулаймон (алайҳис салом)дан йўл озуқаси беришларини сўрашади. Сулаймон пайғамбар ўзларининг қолган Илхий отларидан бирини уларга бериб мана бу сизларнинг йўл озуқангиз, қаерда қўним топманг, унинг устига сизлардан бирор киши миниб қўлига найза олса, тезда сизларга ўлжа келтирганини кўргайсиз. Шунда ўша гуруҳ ҳар қайси манзилгоҳга қўнишлари биланоқ, ул ҳазратнинг кўрсатмаларига амал қилдилар ва бир неча бор ундан хайри-барака кўргач, ўша отга «зодур-рокиб», яъни минувчининг озуқаси деб ном бердилар. Ва бу араблар орасида пайдо бўлган биринчи от бўлиб, қолган арабий отлар эса шундан келиб чиққан.

Отнинг аҳамияти Пайғамбаримиз (с.а.в) ва ул зотнинг Аҳли-Байтларидан бўлган имомларимиз нигоҳларидан

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳам ҳазрат Сулаймон (алайҳис салом) каби отга аҳамият берар ва уни севар эдилар. Шу боис, ул зот муборак қўллари билан отнинг пешонасидаги сочларни ўрар ва унинг юзини яктаклари билан артар эдилар.

Ул ҳазратни кўрган саҳобалардан бири бу борада шундай ривоят қилади:

«رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ) يَلْوِي نَاصِيَـةَ فَرَسٍ بِإِصْبَعِهِ؛ وَ هُوَ يَمْسَحُ وَجْهَ فَرَسِهِ بِرِدائِهِ»

«Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни бармоқлари билан отнинг пешонасидаги сочларни ўрарётган ҳолда кўрдим. Ҳолбуки, ул зот ўз отларининг юзини яктаклари билан артардилар.»

Манба: Шайх Ҳур Омилий, “Васоил аш-шиъа” китоби, 13-жилд, 350-бет.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан отнинг аҳамияти ва ўрни ҳақида бир неча ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, уларнинг айримларини шу ерда келтирамиз:

«الخَيْرُ مَعْقُودٌ بِنَواصِى الخَيْلِ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَـةِ»

«Хайру барака отнинг пешонасига қиёмат кунига қадар битилган.»

Манба: Шайх Табарсий, «Мажмаъул-Баён», 4-жилд, 475-бет ва шунингдек, Файз Кошоний, «Тафсир ас-Софий», 4-жилд, 298-бет.

Олтинчи имомимиз ҳазрат Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) от ҳақида шундай дейдилар:

قَالَ الصَّادِقُ عليه السلام: «الخيلُ في نواصيها الخيرُ»

«Хайру баракот отнинг пешонаси ва олд қисмидадир.», яъни Отлар уйга хайру барака олиб келувчидир.

Шунингдек, Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) отни мусулмонларнинг ҳарбий қудратини мустаҳкамловчи восита деб билиб бу жонивор мусулмонларнинг иззат ва шавкати юксалишига сабаб бўлади деб марҳамат қилганлар:

«اِرْبِطُوا الخَيْلَ فَاِنَّ ظُهُورَها لَکُم عِزٌّ وَ أَجْوافَها کَنْزٌ»

«Отларни миниш ва урушиш учун ҳозирланг. Зероки, уларнинг беллари (ёки ташқи кўриниши) сизлар учун иззат ва қудрат бўлиб, қоринлари (ички томонлари) эса сизлар учун хазинадир.»

Манба: Муҳаммад Ризо Ҳакимий, «ал-Ҳаёт», 5-жилд, 71-бет.

«إِنَّ اللهَ أَعَزَّ أُمَّتى بِسَنابِکِ خَيْلِها وَ مَراکِزِ رِماحِها»

«Шубҳасиз, Аллоҳ таоло менинг умматимни отларнинг туёқлари ҳамда найзаларнинг санчиғи билан азиз қилди.»

Манба: Шайх Тусий, «Таҳзийб ал-аҳком», 6-жилд, китобул-жиҳод ва шунингдек, Шаҳид Муртазо Мутаҳҳарий, «Қиём ва инқилобе Маҳдий» (Маҳдийнинг қўзғалон ва инқилоби) 93-бет.

Шунингдек, Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) отни жаннатий бир улов деб билиб шундай марҳамат қиладилар:

«خُيُولُ الْغُزاةِ حُنْوٌ لُهُم فِي الْجَنَّـةِ»

«Ислом йўлида уришувчиларнинг отлари жаннатда ҳам уларнинг отлари бўлгай.»

Манба: Шайх Садуқ, 517-бет ва Муҳаммад Ризо Ҳакимий, «ал-Ҳаёт», 2-жилд, 231-бет.

Қизиқарлиси шундаки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзлари от чоптириш ва чавандозлик мусобақасида иштирок этадилар. Бу борада шундай ривоят қилинган:

Кунлардан бири Сарвари олам бир гуруҳ мусулмонлар билан душман ва ўғриларни шаҳар ташқарисида таъқиб қиладилар. Душманлар эса тарқаб қочиб кетишади.

Шунда Абу Қутода Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га от чоптириш ва чавандозлик мусобақасини ўтказишни таклиф қилиб:

فقال ابوقتادة: يا رسول الله! إنَّ العدو قد انصرف، فإن رأيت أن نستبق، فقال صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ: «نَعَم، فَاسْتَبِقُوا» فخرج رسول الله (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ) سابقاً عليهم.

Эй Расулуллоҳ, душман тарқаб кетди. Чавандозлик мусобақасини ўтказишимизда нима фикрдасиз? деб айтади. Ул ҳазрат: «Ҳа, чавандозлик мусобақасини ўтказингиз» деб буюрадилар. Ул зотнинг ўзлари ҳам ушбу мусобақада қатнашиб барча иштирокчилардан ўзиб кетдилар.

Манба: Шайх Ҳур Омилий, “Васоил аш-шиъа” китоби, 13-жилд, 346-бет.

Диққатга сазовор томони шундаки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нафақат мукофот тайинлаш ва гаров ўйнашни жоиз ва мумкин деб билганлар, баъзан мусобақада ютиб чиққан совриндорларга мукофот бериш харажатларини ҳам ўз зиммаларига олганлар.

Бу борада бешинчи имомимиз ҳазрат Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) айтадилар:

«اِنَّ رَسُولَ الله (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ) سَابَقَ بَيْنَ الخَيْلِ، وَأعْطَي السَّوابِقَ مِن عِندِهِ»

«Шубҳасиз, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) чавандозлик ва улоқ чопиш мусобақасини уюштириб ўз молларидан (ютганларга) мукофот бердилар.»

Манба: Шайх Ҳур ал-Омилий, “Васоил аш-шиъа” китоби, 13-жилд, 351-бет.

Шунингдек, тўртинчи имомимиз ҳазрат Зайнулобидин (алайҳис салом) ҳам бу борада шундай марҳамат қиладилар:

قَالَ عَلِيُّ بْنُ الْحُسَيْنِ (عليهما السلام): «إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ) أَجْرَى الْخَيْلَ، وَ جَعَلَ سَبَقَهَا أَوَاقِىَّ مِنْ فِضَّةٍ»

«Шубҳасиз, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) (чавандозлик ва улоқ чопиш мусобақасида) от чоптириб, ютганларга кумушдан бўлган бир неча оқни мукофот этиб белгиладилар.»

Оқ сўзи бирлик шаклида бўлиб унинг кўплиги “авоқий” ёки “авоқ”дир. Бу эса ўша замондаги ўлчов бирлигининг бир туридир. Мунжид ат-туллоб луғат китобининг изоҳи.

Манба: Шайх Ҳур ал-Омилий, “Ҳидоят ал-уммати ило аҳкомил-аиммати” 6-жилд, 311-бет; Шайх Кулайний, “ал-Кофий”, 5-жилд, 49-бет, 7-ҳадис; Шайх Ҳур ал-Омилий, “Васоил аш-шиъа” 13-жилд, 350-бет, 2-ҳадис; Шайх Юсуф ал-Баҳроний, “Ал-Ҳадоиқу ан-нозира фий аҳкомил-итрат ат-тоҳира” 22-жилд, 354-бет; Файз Кошоний, “Ал-Вофий” 15-бет, 148-бет.

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) отга қарашишда қўли очиқлик билан инфоқ-эҳсон йўлини тушиш зарур эканлигини уқтириб отни боқишда қилинадиган сарф-харажатларни Аллоҳ таоло йўлидаги садақага тенглаштирганлар:

قال رسول الله (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ): «الخيلُ مَعقودٌ بِنَواصيها الخيرُ إلى يوم القيامة، و المُنفِق عَلَيها فى سَبيل الله کالباسط يده بالصدقة لا يقبضها»

«Отларнинг пешонасига қиёмат кунига қадар хайру баракот битилган. Кимки, Аллоҳ йўлида отларга қарашиб боқса, гуё қўлини садақа беришга очган кишига ўхшайди. Зинҳор уни ёпмайди (яъни ҳеч қачон камбағалликка учрамайди)».

Манба: Разюддин Абу Наср Ҳасан бин Фазл Табарсий, “Макоримул-ахлоқ” 1-жилд, 264-жилд.

Отнинг хайру баракотли экани ҳақида имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) шундай деб марҳамат қиладилар:

قَالَ الصَّادِقُ عليه السلام: «مَنِ اشْتَرَي دَابَّةً کَانَ لَهُ ظَهْرُهَا وَ عَلَي اللهِ رِزْقُهَا»

«Кимки, бир от, хачир ёки эшак сотиб олса, унинг орқаси (миниш учун) ўша шахснинг ихтиёридадир ва унинг ризқи эса Аллоҳнинг зиммасидадир».

Манба: Шайх Кулайний, “ал-Кофий”, 6-жилд, 536-бет, 5-ҳадис; Шайх Ҳур ал-Омилий, “Васоил аш-шиъа” 8-жилд, 340-бет, 6-ҳадис; Файз Кошоний, “Ал-Вофий” 20-бет, 821-бет; Азизуллоҳ Аторудий, “Муснад ал-Имом ас-Содиқ (а.с)” 17-жилд, 176-бет.

Биринчи имомимиз мўминлар амири Али (алайҳис салом) от боқиш, чоптириш ва уни Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учун тайёрлаб қўйиш борасида шундай деб марҳамат қиладилар:

قَالَ أمير المؤمنين عليٌّ عليه السلام: «مَنِ ارْتَبَطَ فَرَساً في سَبِيلِ الله کَانَ عَلفُهُ و رَوْثُهُ و شَرَابُهُ في مِيزَانُ يَوْمِ الْقِيَامَةِ»

«Кимки, бир отни Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш учун боқиб тайёрлаб қўйса, бу отга берган озуқа ва сув унинг амалини қиёмат куни тарозисида оғир қилади».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 61-жилд, 165-бет, 9-ҳадис.

Еттинчи имомимиз ҳазрат Мусойи Козим (алайҳис салом) бу борада айтадилар:

قَالَ الإمام موسي الکاظم عليه السلام : «من ارتبطَ دابَّةً متوَقِّعاً بهِ أمرنا و يغيظ بهِ عدوَّنا، و هُو مَنسوب إلينا أدَرَّ الله رِزْقَهُ و شَرَحَ صَدْرَهُ، و بَلَّغَهُ أمَلَهُ، و کَانَ عَوْناً عَلَي حَوَائِجِهِ»

«Ким бир чопқир отни (Имом Маҳдийнинг) зуҳур этажак пайтини кўзлаган ҳолда (ёрдам бериш мақсадида) тайёрлаб қўйса ва бу билан бизнинг душманларимизни қўрқитса, ҳолбуки, от эгаси бизга тегишли кишилар (шиалар)дан бўлса, Аллоҳ таоло унинг ризқини фаровон қилиб, унинг кўксини кенг қилиб қўюр (бағри кенгликни унга ато этур) ва уни ўз истагига етказур ҳамда ўша от унинг эҳтиёжлари (таъминланишида) мададкор бўлур».

Манба: Азизуллоҳ Аторудий, “Муснад ал-Имом ал-Козим (а.с)” 2-жилд, 521-бет, 4-ҳадис; Шайх Ҳур ал-Омилий, “Васоил аш-шиъа” 11-жилд, 464-бет, 4-ҳадис; Шайх Кулайний, “ал-Кофий”, 6-жилд, 535-бет, 1-ҳадис.

Бошқа бир ҳадисда Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) от эгаларига Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари салому дуруд айтишларини баён қилиб марҳамат қиладилар:

قال رسول الله (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ): إنَّ الله و ملائکتهُ يصلُّون علي أصحاب الخيل، من اتخذها لمارقٍ في دينه او مشرکُ

«Аллоҳ ва Унинг фаришталари чавандозлар ва от эгаларига дин душманлари ва мушрикларни оёқ остига олишлари сабаб салавоту дурудлар айтурлар».

Манба: Муҳаддис Нурий, “Мустадрак ал-Васоил аш-шиъа” 2-жилд, 48-бет, 1-боб, 1-ҳадис; Шайх Абдуллоҳ ал-Момқоний, “Миръотул-камол” 3-жилд, 406-бет.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) от ҳақида айтадилар:

قال رسول الله (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ): «إنَّ صَهِيلَ الْخَيْلِ يَفْزِعُ قُلُوبَ الْأعْدَاءِ»

«Отларнинг кишнаши душманлар қалбини қўрқувга солади».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 61 ёки 64-жилд, (икки чопга асосан) 174-бет, 30-ҳадис.

Ул ҳазратдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда шундай марҳамат қиладилар:

قال رسول الله (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ): «خير المال مهرةٌ مأورة و سکَّةٌ مأبورة»

«Энг яхши мол туғиб кўпаювчи отлар ва ҳар икки тарафида хурмо дарахтлари бўлган йўллардир».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 61-жилд, 161-бет, 8-ҳадис.

Ул ҳазрат яна бир ҳадисда айтадилар:

قال رسول الله (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ): «يُمْنُ الْخَيْلِ في شَقْرِها»

«Отнинг баракалиги унинг қизил ва оқ туридадир».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 61-жилд, 176-бет, 37-ҳадис; Шайх Аббос Қумий, “Сафийнатул-Биҳор” 2-жилд, 760-бет, 3335-ҳадис.

Сарвари коинотдан ривоят қилинган бир ҳадисда отнинг хосияти тўғрисида шундай деб марҳамат қиладилар:

قال رسول الله (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ): «ما من فرس إلَّا و يُؤذن له عنذ کل فجر: أللَّهُمَّ من خوّلتني من بني آدم و جعلتني له فاجعلني أحب ماله و أهله إليه»

«Ҳар бир от тонг отиш чоғи Аллоҳ таолога илтижо қилиб айтади: эй Аллоҳим, мени одамзотнинг қўлига топшириб унга бўйсундириб қўйдинг, бас мени соҳибим ва унинг хонадони учун энг яхши ва севимли мол-давлат қилгин».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 61-жилд, 167-бет, 11-ҳадис.

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) от каби бир уловга эга бўлишни эркак кишининг бахтли эканлигидан далолат берур деб айтадилар:

قَالَ الصَّادِقُ عليه السلام: «مَنْ سَعَادَةِ الرَّجُلِ المُسْلِمِ المَرْکَبُ الْهَنِيءُ»

«Қулай улов эгаси бўлмоқлик мусулмон эркакнинг саодатлилигидандир (от кўзда тутилган)»

Манба: Шайх Ҳур Омилий, “Васоил аш-шиъа” китоби, 8-жилд, 350-бет, 1-ҳадис; ўша муаллиф, “Ҳидоят ал-уммаҳ ило аҳком ал-аиммаҳ”, 5-жилд, 121-бет, 728-ҳадис.

Исломда шу даражада отга аҳамият берилганки, қайсар отни ром қилиш ва қўлга ўргатиш учун унинг ўнг қулоғига қуйидаги ояти каримани ўқиш айтилган:

﴿وَلَهُ أَسْلَمَ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ طَوْعًا وَكَرْهًا وَإِلَيْهِ يُرْجَعُونَ﴾

«Хоҳласаю хоҳламаса, осмонлару ердаги барча жонзотлар Аллоҳгагина бўйсуниб турурлар?! Ҳамда Унгагина қайтарилажаклар.» (Оли Имрон сураси, 83-оят)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.