Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Муборак Бақара сурасининг 68 ва 73 – оятлари тафсири

Муборак Бақара сурасининг 68 ва 73 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, қалбларимиз Аллоҳнинг оятлари ёғдусида нур ва ёруғликка тўлиб тошиши умидида Бақара сурасининг 68 ва 69 – оятлари таржимаси ва тафсирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

﴿قَالُوا ادْعُ لَنَا رَبَّكَ يُبَيِّن لَّنَا مَا هِىَ قَالَ إِنَّهُ يَقُولُ إِنَّهَا بَقَرَةٌ لا فَارِضٌ وَلَا بِكْرٌ عَوَانٌ بَيْنَ ذَلِكَ فَافْعَلُواْ مَا تُؤْمَرُونَ! قَالُواْ ادْعُ لَنَا رَبَّكَ يُبَيِّن لَّنَا مَا لَوْنُهَا قَالَ إِنَّهُ يَقُولُ إِنَّهَا بَقَرَةٌ صَفْرَآءُ فَاقِعٌ لَوْنُهَا تَسُرُّ النَّاظِرِينَ﴾

  1. Улар: «Парвардигорингдан биз учун илтижо қилиб сўра, токи бизга у [сигир]нинг қандайлигини ошкор этсин», дейишди. [Мусо:] «Унинг айтишича, у қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, бу [икки ҳолат]нинг ўртасидаги бир сигирдир». Демак, сизларга буюрилган нарсани бажаринглар, деди.
  2. Улар: «Парвардигорингдан биз учун илтижо қилиб сўра, токи бизга унинг ранги қандайлигини ошкор этсин», дейишди. [Мусо:] «Унинг айтишича, у тўқ сариқ рангли сигир бўлиб, кўрганларни қувонтиради», деди.

Бани Исроил сигирни сўйиш фармони жиддий эканлигини тушуниб етгач қайси сигирни сўяйлик деган баҳоналарни рўкач қилишга киришди. Балки бу баҳоналар шарманда бўлмаслик ва одамлар қотилни танимаслиги учун ҳақиқий қотил томонидан билдирилгандир. Агарчи савол масалани тушуниб етишнинг калити бўлса-да, аммо Бани Исроил қавмининг бундай саволларни ўртага қўйишдан мақсади мавзуни англаш эмас, балки ундан қочиш эди. Шунинг учун ҳам, ўз саволларини одобсизларча ўртага қўйиб: «эй Мусо, Парвардигорингдан биз учун илтижо қилиб сўра», деб гўё ҳазрат Мусо (алайҳис салом)нинг Худосини ўзларидан ажратишди. Сигирни сўйиш ҳақидаги фармон иккинчи марта содир бўлганига қарамасдан аммо улар афтидан уни бажаришга мойил эмасдилар. Шунинг учун иккинчи маротаба «сигирни ранги қандай бўлиши керак?» деган саволни илгари суришди. Ваҳоланки, биринчидан ҳукмни бажаришда сигирнинг ранги муҳим эмасди, иккинчидан эса агар бу хусусият зарур бўлганида, илк бора айтилганидаёқ Аллоҳнинг ҳукмида баён қилинган бўлар эди. Аммо Аллоҳ таоло улар учун ҳеч қандай узр-баҳона қолдирмаслик учун сигирнинг рангини сариқ деб белгилади.

Бу оятлардан биринчидан, Худонинг жазолари фақат қиёмат кунига хос эмаслиги, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ибрат бўлсин деб айрим гуноҳларнинг жазосини шу дунёдаёқ беришини;

Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг ҳукмини масхара қилмаслик лозимлигини ўрганиб оламиз.

Энди Бақара сурасининг 70 ва 71 – оятлари таржимаси ва тафсирини кўздан кечарамиз:

﴿قَالُواْ ادْعُ لَنَا رَبَّكَ يُبَيِّن لَّنَا مَا هِىَ إِنَّ الْبَقَرَ تَشَبَهَ عَلَيْنَا وَإِنَّآ إِنْ شَآءَ اللَّهُ لَمُهْتَدُونَ! قَالَ إِنَّهُ يَقُولُ إِنَّهَا بَقَرَةٌ لَّا ذَلُولٌ تُثِيرُ الْأَرْضَ وَلَا تَسْقِى الْحَرْثَ مُسَلَّمَةٌ لَّا شِيَةَ فِيهَا قَالُواْ الْآنَ جِئْتَ بِالْحَقِّ فَذَبَحُوهَا وَمَا كَادُواْ يَفْعَلُونَ﴾

  1. Улар: «Парвардигорингдан биз учун илтижо қилиб сўра, токи бизга унинг қандай эканини ошкор қилсин, зеро, бу сигир бизга номаълум бўлиб қолди ва бизлар, Худо хоҳласа, албатта тўғри йўлни топгувчилармиз», дейишди.
  2. [Мусо]: «Унинг айтишича, у ер ҳайдайдиган ром [ва ўргатилган] сигир эмас ва экин ҳам суғормайди, [айб-нуқсонлардан] соғлом, унда ҳеч бир доғ-дуғ йўқдир», деди. Улар: «Энди ҳақни келтирдинг», дейишди. Шунда уни [излаб топиб] сўйишди ва [агарчи бу ишни] қилмасликларига оз қолганди.

Бу оятлар ҳам юқоридаги оятларнинг давоми ўлароқ, ушбу ҳақиқатни ошкор этмоқдаки, Аллоҳ таоло сигирнинг ёши ва рангини баён этганига қарамасдан яна бани Исроил: «эй Мусо, сигирни аниқлаб олишимиз учун у ҳақда кўпроқ маълумот бер!» дейишди. Мусо (алайҳис салом) ҳам Аллоҳ таоло томонидан мазкур сигирнинг бошқа хусусиятларини баён этгач, улар ночорликдан таслим бўлишди ва сигирни излаб топиб сўйишди. Бироқ яна ушбу ҳукмни бажаришдан қочиш фикрига тушган эдилар. Зероки, бундай ишни қилишга уларда хоҳиш-истак йўқ эди. Ушбу оятлар эса бани Исроил қавми қанчалик ўжар ва қайсар бўлишганини кўрсатмоқда.

Бу оятлардан биринчидан, илоҳий ҳукмлар қаршисида баҳона қидирмаслик, қайсарлик қилмаслик ва шунингдек, улардан қочиш учун ўринсиз саволларни илгари сурмаслик лозимлигини;

Иккинчидан эса, Аллоҳнинг йўлига сўйиладиган ҳайвон соғлом ва нуқсонсиз бўлиши лозимлигини ўрганиб оламиз.

Суҳбатимиз ниҳоясида Бақара сурасининг 72 ва 73 – оятларининг таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

﴿وَإِذْ قَتَلْتُمْ نَفْسًا فَادَّارَءْتُمْ فِيهَا وَاللَّهُ مُخْرِجٌ مَّا كُنْتُمْ تَكْتُمُونَ! فَقُلْنَا اضْرِبُوهُ بِبَعْضِهَا كَذَلِكَ يُحْىِ اللَّهُ الْمَوْتَىٰ‏ وَيُرِيُكُمْ ءَايَتِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ﴾

  1. Бир шахсни ўлдирганингиз, сўнгра у[нинг қотили] ҳақида жанжаллашганингиз замонни эсланг ва Аллоҳ сиз яширмоқчи бўлган нарсангизни ошкор қилувчидир.
  2. Шунда: «Унга [мақтулга] сигирнинг бир бўлагини уринглар, [токи тирилсин ва қотилни кўрсатсин]», дедик. Аллоҳ ўликларни мана шундай тирилтирур ва [Ўзининг ягоналиги ва қудратининг] белги-нишоналарини сизларга кўрсатур. Шоядки, ақл юритсангиз.

Олдинги оятларда бани Исроилнинг баҳона қидиришлари батафсил баён этилди. Бу иккала оят эса яна бир бор қатл можаросининг хулосасини баён этиб, шуни буюрмоқдаки, сизлар қатл содир этдингиз-у, аммо қотилни махфий тутдингиз. Бироқ Аллоҳ таоло ўз мўъжизаси билан сизлар қилган жиноятни фош этди. Демак, билингизким, Аллоҳ таоло гуноҳкорларни шарманда қилишга қодирдир.

Бу оятлардан Аллоҳ таоло баъзи бир мавридларда бизга Ўз қудратини кўрсатиш ва биз ақл юритиш билан ўта муҳим бўлмиш қиёмат мавзусини англаб етмоғимиз учун ўликларни тирилтирганини ўрганиб оламиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.