Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Муборак Бақара сурасининг 85 ва 90 – оятлари тафсири

Муборак Бақара сурасининг 85 ва 90 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, қалбларимиз Аллоҳнинг оятлари ёғдусида нур ва ёруғликка тўлиб тошиши умидида Бақара сурасининг 85 ва 86 – оятлари таржимаси ва тафсирига диққатингизни қаратамиз:

ثُمَّ أَنتُمْ هَـٰؤُلَاءِ تَقْتُلُونَ أَنفُسَكُمْ وَتُخْرِجُونَ فَرِيقًا مِّنكُم مِّن دِيَارِهِمْ تَظَاهَرُونَ عَلَيْهِم بِالْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَإِن يَأْتُوكُمْ أُسَارَىٰ تُفَادُوهُمْ وَهُوَ مُحَرَّمٌ عَلَيْكُمْ إِخْرَاجُهُمْ ۚ أَفَتُؤْمِنُونَ بِبَعْضِ الْكِتَابِ وَتَكْفُرُونَ بِبَعْضٍ ۚ فَمَا جَزَاءُ مَن يَفْعَلُ ذَٰلِكَ مِنكُمْ إِلَّا خِزْيٌ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ۖ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يُرَدُّونَ إِلَىٰ أَشَدِّ الْعَذَابِ ۗ وَمَا اللَّـهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ ﴿٨٥﴾ أُولَـٰئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الْحَيَاةَ الدُّنْيَا بِالْآخِرَةِ ۖ فَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُمُ الْعَذَابُ وَلَا هُمْ يُنصَرُونَ ﴿٨٦﴾

85. Сўнгра сизлар яна ўша бир-бирингизни ўлдирасиз ва ўзингиздан бўлган бир гуруҳни диёрларидан қувиб чиқариб, гуноҳ ва зулму тажовузкорлик билан уларга [қувилганларга] қарши бир-бирингизга ёрдам берасизлар. Ва агар улар [қувилганлар] сизнинг ёнингизга асир ҳолда келсалар, уларни фидя [товон] тўлаб қутқариб оласизлар. Ҳолбуки, уларни қувиб чиқариш [аввалдан] сизларга ҳаром қилинган эди. [Таврот] китобининг баъзи [ҳукмлари]га иймон келтириб, баъзиларини инкор этасизми? [Ўзаро қон тўкиш ва бир-бирингизни ўз диёрингиздан қувиб чиқариш ҳаромлигини рад этасиз-у, аммо ўз диндошларингизни тутқунликдан озод этиш вожиблигини қабул қиласизларми?] Демак, сизлардан бундай қилганларнинг жазоси шу дунёдаёқ хорлик ва шармандаликдан бошқа нарса бўлмагай ва қиёмат кунида эса энг оғир азобга қайтарилурлар. Ва Аллоҳ қилаётган ишингиздан ғофил эмас.

86. Ана ўшалар дунё ҳаётини охират эвазига сотиб олганлардир. Демак, уларнинг азоби енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам қилинмайди.

Бу оятлар бани Исроилни маломат қилиб шуни баён қилмоқдаки, сизлар Аллоҳ билан тузган аҳду паймонингизга қарамасдан бир-бирингизни ўлдирасиз ва ўзингиздан бўлган бир гуруҳни ўз диёрингиздан қувиб чиқариб уларни овора қиласиз. Ажабланарлиси шундаки, агар бирортангиз асирликка тушиб қолса, Тавротнинг ҳукмига биноан, уни фидя ва товон тўлаш билан озод этиб қутқариб оласиз. Сизлар бир-бирингизни ўлдиришга шайсиз-у, аммо бир-бирингизнинг бошқа қавмларга асир тушишини истамайсиз. Агар асирлик ҳақорат ва хорлик бўлса, қатл этиш ёки бадарға қилиш бундан ҳам ёмонроқ-ку! Агар асирни фидя бериб озод этишни Таврот буюрган бўлса, қатл ва бадарға қилишни ҳам Таврот тақиқлаган. Дарҳақиқат, сиз самовий китобга эмас, балки ўз ҳою ҳавасингизга таслим бўлгансиз. Чунки, қачонки илоҳий кўрсатмалар сизнинг хоҳишингизга тўғри келса, уларни қабул қиласиз ва хоҳишингизга тўғри келмаса ёки зид бўлса уларни оёқ ости қиласиз. Ҳатто бу йўлда гуноҳ ишларни бажаришда бир-бирингизга ёрдамлашасиз.

Бу оятлардан биринчидан, хоҳиш-истагимизга қараб иш тутмасдан Аллоҳ таолонинг барча буйруқ ва фармонлари қаршисида таслим бўлишимиз ва Аллоҳнинг инсониятни ҳидоят қилиш учун йўллаган кўрсатмаларини том маънода ва тўла-тўкис қабул қилиб уларга амал қилиш лозимлигини;

Иккинчидан эса, қилаётган ишларимизни Аллоҳ таоло кўраётгани ва У ҳамма нарсадан огоҳлигини билишимиз зарур эканлигини ўрганиб оламиз.

Энди Бақара сурасининг 87 ва 88 – оятлари таржимаси ва тафсирини кўздан кечарамиз:

وَلَقَدْ آتَيْنَا مُوسَى الْكِتَابَ وَقَفَّيْنَا مِن بَعْدِهِ بِالرُّسُلِ ۖ وَآتَيْنَا عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ الْبَيِّنَاتِ وَأَيَّدْنَاهُ بِرُوحِ الْقُدُسِ ۗ أَفَكُلَّمَا جَآءَكُمْ رَسُولٌ بِمَا لَا تَهْوَىٰ أَنفُسُكُمُ اسْتَكْبَرْتُمْ فَفَرِيقًا كَذَّبْتُمْ وَفَرِيقًا تَقْتُلُونَ ﴿٨٧﴾ وَقَالُوا قُلُوبُنَا غُلْفٌ ۚ بَل لَّعَنَهُمُ اللَّـهُ بِكُفْرِهِمْ فَقَلِيلًا مَّا يُؤْمِنُونَ ﴿٨٨﴾

87. Ва ҳақиқатан, Мусога [самовий] китоб [бўлмиш Таврот]ни бердик ва унинг ортидан пайғамбарларни кетма-кет юбориб турдик ва Марям ўғли Исога аниқ-равшан ҳужжатларни бердик ва уни Руҳул Қудус [Жаброил] билан қўллаб-қувватладик. Нега ҳар гал бирор пайғамбар ҳавою нафсингиз ёқтирмайдиган нарсани келтирса, [унга итоат қилишдан] кибр қилдингиз, шунда [пайғамбарлардан] бир гуруҳни ёлғончига чиқардингиз ва бир гуруҳни эса ўлдирардингиз?!

88. Улар: «Қалбларимиз ғилофланган», дейишди. [Бундай эмас,] балки Аллоҳ куфрлари сабабли уларни лаънатлаган. Шу боис, улар жуда оз иймон келтирадилар.

Бу оятлар Аллоҳ таолонинг инсоният ҳидоятига қаратилган доимий фазлу раҳматига ишора этиб, ушбу ҳақиқатни баён қилмоқдаки, Аллоҳ таоло бани Исроилга ҳазрати Мусо (алайҳис салом)дан кейин кетма-кет бошқа пайғамбарларни ҳам юбориб турди. Ҳазрати Исо Масиҳ (алайҳис салом) ана шулардан биридир. Аммо улар ҳою ҳавасга берилишга муккасидан кетганлари учун ўжарлик қилган ҳолда Аллоҳ юборган пайғамбарларни ҳам ёлғончига чиқаришди. Ҳатто улардан баъзиларини қатл этишди. Зероки, анбиёлар уларнинг номашруъ талабларига қўшилишмади. Яҳудийлар Исломга даъват қилинганларида: «Бизнинг қалбимиз ғилофланган, янги даъват унга кирмайди, янги даъватчини қабул қилмайди», деб айтардилар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу гаплари ёлғон эканини фош этиб, ҳақиқатни баён қилмоқда. Ҳақиқат нима? Ҳақиқат шулким, улар аввалдан куфр келтириб, иймондан қочиб юрганлари учун Аллоҳ уларни лаънатлаб, яъни Ўз раҳматидан қувиб ҳидоят неъматидан маҳрум этган. Шу сабаб, улар иймонга кела олмайдилар. Агар мабодо келсалар ҳам, жуда оз келадилар.

Бу оятлардан биринчидан Аллоҳ таоло инсониятни ҳидоят этиш учун кўплаб пайғамбарларни юборгани, аммо инсонлар пайғамбарларнинг қадрини билиш ўрнига уларни ёлғончига чиқариш ва ҳатто қатл этишга қўл уришганини;

Иккинчидан эса, инсоннинг бахтлилиги ва бахтсизлиги ўзининг қўлида эканлиги, агар бирор тоифа Аллоҳ таолонинг ғазаби ва лаънатига учраса, бунинг асосий сабаби ўзларининг куфр келтиришгани ҳамда ўжарлик қилишгани эканини ўрганиб оламиз.

Суҳбатимиз ниҳоясида Бақара сурасининг 89 ва 90 – оятлари таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

وَلَمَّا جَآءَهُمْ كِتَابٌ مِّنْ عِندِ اللَّـهِ مُصَدِّقٌ لِّمَا مَعَهُمْ وَكَانُوا مِن قَبْلُ يَسْتَفْتِحُونَ عَلَى الَّذِينَ كَفَرُوا فَلَمَّا جَآءَهُم مَّا عَرَفُوا كَفَرُوا بِهِ ۚ فَلَعْنَةُ اللَّـهِ عَلَى الْكَافِرِينَ ﴿٨٩﴾ بِئْسَمَا اشْتَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ أَن يَكْفُرُوا بِمَا أَنزَلَ اللَّـهُ بَغْيًا أَن يُنَزِّلَ اللَّـهُ مِن فَضْلِهِ عَلَىٰ مَن يَشَآءُ مِنْ عِبَادِهِ ۖ فَبَآءُوا بِغَضَبٍ عَلَىٰ غَضَبٍ ۚ وَلِلْكَافِرِينَ عَذَابٌ مُّهِينٌ ﴿٩٠﴾

89. Қачонки, уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзлари билан бўлган нарсани [Тавротни] тасдиқловчи китоб [Қуръон] келганида, ва ҳолбуки, улар [яҳудийлар] бундан олдин доим [шу китобни келтирувчи зот, Муҳаммад Мустафо (с.а.о) ёрдамида] кофирлар устидан ғалаба қозонишни сўрардилар. [шунга қарамай,] қачонки, уларга ўзлари таниган нарса келганида эса, уни инкор қилишди. Демак, кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин.

90. Улар [яҳудийлар], Аллоҳ бандаларидан ўзи хоҳлаган шахсга [Муҳаммад Мустафо (с.а.о)га] ўз фазлидан [ваҳий] нозил қилганига ҳасад қилиб, Аллоҳ туширган нарсага [Қуръонга] кофир бўлишдек жуда ёмон нарса эвазига жонларини сотишди. Шунда улар ғазаб устига ғазабга гирифтор бўлишди. Ва кофирларга хор қилувчи азоб бордир.

Ривоят қилишларича, яҳудийлар Мадинаи Мунавварада яшовчи, ўша пайтда кофир ва мушрик бўлган Авс ва Хазраж қабилаларига қарши: «Яқинда бизнинг китобимиз Таврот келишининг хабарини берган сўнгги Пайғамбар чиқади, биз унга иймон келтириб, сизларнинг устингиздан ғалаба қозонгаймиз», дер эдилар. Аллоҳ таоло сўнгги Пайғамбарни яҳудийлардан эмас, балки араблар ичидан танлаб юборгач эса, у зотга куфр келтирдилар. Аввалги гапларини ўзлари инкор қилдилар. Шунда Маъоз ибн Жабал, Башир ибн ал-Барраа, Ибн Маъруф ва Довуд ибн Саламалар уларга қарата: «Эй яҳудийлар жамоаси, Аллоҳдан қўрқинглар! Мусулмон бўлинглар! Биз ширк аҳли бўлган давримизда, бизга қарши у кишининг ёрдами билан ғалаба қозонишингизни айтар эдингизлар. У кишининг Пайғамбар этиб юборилиши хабарини берар эдингизлар. Ўша Пайғамбарнинг сифатларини ҳам айтиб берар эдингизлар», дедилар. Бунга жавобан бани Назийр яҳудийларидан бўлган Салом ибн Мушкам исмли шахс: «У биз билган нарсани олиб келди. Биз сизга айтганимиз бу эмас», деди.

Бу оятлардан биринчидан, агар бугунги кунда яҳудийлар ва насоролар Исломга иймон келтиришмаётганини кўрсак, Исломни ҳақлигига шак қилмаслигимиз лозимлиги, чунки, уларнинг аксари ҳақни тушуниб етишганига қарамасдан нафсоний истакларига тобе бўлишгани боис, Исломни қабул қилмасликларини;

Иккинчидан эса, ҳасад ва куфр ҳақни инкор этишнинг омили эканлиги, бани Исроил сўнгги пайғамбар Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бани Исроил ирқидан бўлмаганини кўргач, ҳасад ва бахиллик юзасидан унга куфр келтиришгани ва ёлғонга чиқаришганини ўрганиб оламиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 74 ва 78 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.