Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нима учун мусулмонлар намоз ўқишлари керак?

Нима учун мусулмонлар намоз ўқишлари керак?

Ассалому алайкум, нима учун мусулмонлар намоз ўқишлари керак?

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Ва алайкум ассалом ҳурматли биродар. Саволингизга тўлиқ жавоб бериш учун суҳбатимизни икки қисмга бўлиб қисқа ва лўнда шаклда баён қилишга ҳаракат қиламиз.

А. Аввало, намоз Аллоҳ таоло буюрган қатъий ҳукмлардан биридир. Биз Унинг бандалари бўлганимиз учун итоат қилишимиз керак бўлади.

Иккинчидан, саодатимиз Аллоҳнинг қўлида эканлиги учун намоз ўқисак, саодатга эришишимизга умид қиламиз.

Учинчидан, Худо намознинг кўп фойдаларга эга эканлигини баён қилган. Масалан, Қуръони Каримда «намоз фаҳш ишларнинг олдини олади», -дейилган. Мусулмон одам иймон келтиргани учун Ислом номли буюк қонунлар мажмуаси паноҳида бўлиб, бу қонунларни бажаришга бурчлидир. Бу мажбуриятни Аллоҳ таоло унинг зиммасига юклагандир.

Қуръони Каримда «Ақиймус-солаата» дейилган (Бақара сураси, 42 ва 83-оятлари; Нисо сураси, 77 ва 103-оятлар; Юнус сураси, 87-оят; Ҳаж сураси, 78-оят ва ҳоказо). Бунга қўшимча қилиб айтишимиз мумкинки, намоз ўқиш инсонга берилган неъматлар учун Аллоҳ таолога шукр қилишдир. Шунингдек, намоз Парвардигори карим қаршисида бандаликни изҳор этишдир. Шукур қилиш ҳисси ҳар бир одамнинг унинг диндор ёки диндор эмаслигидан қатъий назар, қалбида бордир.

Азиз биродар. Намоз ҳақида муҳим нарса шуки, биз намоз ўқишга қайси жиҳатдан назар ташлашимиздир. Масалан, агар намоз маълум бир энгашишлар ва баъзи калималарни ёдлаб олиб такрорлашдан иборат, десак, у ҳолда намоз бу жисмоний тарбия элементларини ўз ичига олган бир машғулот бўлиб қолади, холос. Лекин агар намозга бошқа тарафдан чуқурроқ назар соладиган бўлсак, айтиладиган зикру тасбеҳлар руҳ озуқаси, эгилиш эса парвардигор қаршисидаги тавозе ва хоксорликдир ва бу иккисига ҳам инсон доим муҳтож бўлганлиги учун бир кунда бир неча марта бу ишни бажаришга, яъни намоз ўқишга муҳтожлиги аён бўлади.

Нима учун биз намоз масаласига ана шу маънавий ва руҳий тарафдан назар солмаслигимиз керак?! Ахир намоз бу – Қодир мутлақ билан бўладиган мулоқот-ку. Нима учун ҳамма нарсага қодир ягона Холиқ билан алоқа ўрнатишимиз керак эмас экан?! Ҳа, намоз яратувчи Тангри билан банданинг ўртасидаги алоқадир.

Инсон табиати тараққиётга ўч бўлади. У ҳар тарафлама такомил топиш ва мукаммал бўлишга интилади. Намоз ўқиш Аллоҳ таоло билан алоқа яратиш бўлгани учун инсон бу алоқани ўрнатишга муҳтождир. Намоз ўқиш Аллоҳ қаршисида банданинг хушуъ ва хизуъидир. Шунингдек, оламлар Парвардигори билан суҳбатдир. Намоздаги рукуънинг маъноси – бу Аллоҳ буюклиги баробарида таъзим қилишдир. Сажданинг маъноси – одамнинг энг азиз аъзоси бўлмиш пешонани ерга қўйиб Парвардигори карим ҳузурида хокисорликни изҳор этишдир. Намоздаги ташаҳҳуд ва салом эса маънавий сафарнинг авж нуқтасидир. Намознинг маъно-моҳиятини чуқурроқ англаш учун намоз васфи ҳақида ворид бўлган баъзи оят ва ҳадисларни келтирамиз:

  1. Намоз – мўмин қалбидаги чироқ ва рўшнолик бўлса, ислом учун эса зийнатдир.

Манбалар: Жомеъул ахбор, 82-бет; Зубдатул улум, 2-жилд: 231-бет.

  1. Намознинг руҳи ва мақсади – Аллоҳни зикр этиш бўлиб, бу амал намозхон одамни гуноҳлардан узоқлаштириб, яхшиликлар сари етаклайди. (Анкабут сураси, 45-оят)
  2. Намоз мушкулларни ҳал қилишда катта бир таянчдир. (Бақара сураси, 152 ва шунингдек, Ғурарул ҳикам, 99-бет).
  3. Намоз инсонни ғафлатдан уйғотиб, руҳини қувватлайди. (Ғурарул ҳикам, 764-бет).
  4. Намоз ошиқ ва маъшуқларнинг висолидир. (Ғурарул ҳикам,: 15 ва 404-бетлар).
  5. Намоз худбинлик ва такаббурни кетказади (Наҳжул балоға, 252-ҳикмат).
  6. Намоз гуноҳдан покланиш ва илоҳий мағфиратдир. (Васоилуш-шиа, 3-жилд, 7-бет).
  7. Намоз ўзининг маънавиятидан ташқари покликнинг сабабидир. Нега деганда, либос ва маконнинг поклиги намоз қабул бўлишининг асосий шартларидан ҳисобланади.
  8. Намоз руҳни тартиб-интизомга одатлантиради. Чунки, намоз ҳар куни маълум бир пайтда ўқилади. Хуллас, намознинг фойдалари ҳақида жуда кўп мисоллар келтиришимиз мумкин.

Психологларнинг айтишларича, кейинги пайтларда кенг тарқалган касалликларнинг асосий қисмини руҳий безовталик келтириб чиқаради. Шунинг учун иймон ва эътиқодли намозхонлар орасида руҳий тушкунликка тушиш деярли учрамайди. Чунки, улар доимо Парвардигори олам билан мулоқотда бўладилар.

Б. Намоз ҳам бошқа ибодатлар каби маълум тартибда қонун-қоидага бўйсунган ҳолда ўқилиши керак. Намоз ўқиш йўлини одамлар ўзларидан тўқиб чиқармаганлар. Балки пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўргатганларини пок ва маъсум имомларимиз бизга нақл қилганлар. Бу ҳақда батафсилроқ билиш учун бизнинг мўътабар китобларимиз ҳисобланмиш «Васоилуш-шиа», «Биҳорул анвор», «Ал-Кофий» китобларига мурожаат қилишингиз мумкин. Динда баъзи масалалар ақлий бўлиб уни ақл ва тафаккур ила англаш мумкин. Лекин ибодат масаласи ақлий бўлмагани учун уни қандай бажариш лозимлигини оят ва ҳадислар орқали ўрганамиз.

Бунга илова, нима учун намоз ўқиш кераклиги ва намоз ўқишдан нима мақсад кўзлангани борасида икки мақола ёзиб сайтимизга жойлаштириб қўйганмиз. Бу борада муфассалроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, мазкур мақолаларни қуйидаги тасмадан очиб ўқий оласиз:

https://najotkemasi.net/2015/10/insonning-kungli-pok-bulsa-etarli-ema.html

https://najotkemasi.net/2015/10/nima-uchun-namoz-u-ish-kerak-asosan-namo.html

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.