Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Қуръон ўқиб ибрат оламиз

Қуръон ўқиб ибрат оламиз

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим

Синовларга сабаб бўлган раққоса;

Ҳижратнинг саккизинчи йили буюк Бадр жангидан икки йил ўтган эди. Мушриклар Бадр жангидан сўнг анча заифлашиб қолган эдилар. Ана шундай кунларнинг бирида Макка шаҳридаги базму-ишрат давраларини қизитиб юрувчи айшу-ишрат воситаси бўлган Сора исмли раққоса аёл Мадинаи Мунавварага сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига келиб ул зотдан моддий ёрдам сўради. Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): Сен Ислом динини қабул этиб иймон келтирдингми?-деб сўрадилар. У эса: Йўқ,-деб жавоб берди.

– Исломни ўрганиш мақсадида муҳожир бўлиб келдингми?-дедилар. У эса яна: Йўқ,-деб жавоб берди.

Шунда Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): Нима бўлдики, менинг ҳузуримга ёрдам сўраб келдинг? Сенинг “муxлисларинг” кўп эдик-у, улар қаерга кетишди?-дедилар.

Сора ул ҳазратга жавобан: Бадр жангидан кейин уларнинг аҳволлари танг бўлиб қолди ва шу сабаб, бозорим ҳам касодга учради, энди егулик ва уловга муҳтож бўлиб ўтирибман. Сизнинг саxоватманд эканлигингизни билганим учун ҳузурингизга келдим,-деди. Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобалардан унга ёрдам беришларини сўрадилар ва улар ҳам Сорага ўз ёрдамларини аяшмади.

Бу воқеа «Мумтаҳана» сурасининг нозил бўлиш пайтига тўғри келганлиги учун баъзилар бу раққоса аёлни мумтаҳана, яъни «имтиҳон қилинувчи аёл» дейишса, бошқалар эса «имтиҳон бўлишга сабабчи аёл» «Мумтаҳина» деб аташган эди. Бунинг сабаби эса қуйидаги воқеа эди:

Хотиб бин Абу Балтиъа исмли янги Исломга кирган муҳожир Маккага қайтиб кетаётган ҳалиги раққоса Сора орқали Макка мушрикларига бир номани бериб юборган эди. Унда айтилишича, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) яқин орада Маккага қарши юриш қилишлари ва Макка мушриклари бундан огоҳ бўлишлари кераклиги уқтирилган эди. Аммо Аллоҳнинг қудрати билан ҳазрат Жаброил (алайҳис салом) бу xабарни дарров Пайғамбаримизга етказади. Шунинг учун, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрат Али (алайҳис салом) бошчилигидаги бир қанча саҳобаларни Соранинг ортидан юборадилар. Улар Маккага қайтиб кетаётган ярим йўлга етиб қолган бу аёлга етиб олдилар ва у яширган Хотибнинг мактубини олиб беришини талаб қилишади. Сора аввалига қўлида мактуб борлигини инкор қилиб турди, шунда ҳазрат Али (алайҳис салом) унга қарата дедилар: На Аллоҳнинг элчиси Жаброил (алайҳис салом) ёлғон гапиради ва на Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ёлғончидирлар. Шундай экан, жонинг ўзингга керак бўлса, яширган мактубингни бизларга олиб бер.

Бу таҳдидларни эшитган Сора ўзидан қўрқиб яширган Хотибнинг мактубини ҳазрат Али (алайҳис салом)га чиқариб берди. Саҳобалар мактубни олиб Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига равона бўлишди ва у мактубни ул зотга топширишди.

Мактубнинг мазмуни билан танишиб чиққан Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Хотибни ҳузурларига чақиртирдилар ва ундан бундай xиёнатнинг сабабини сўрадилар. Хотиб ул зотга шундай деди:

Аслида мен xиёнат қилмоқчи эмас эдим ва иймон келтиргандан кейин то шу пайтгача сизга қарши бирор ёмонлик қилган эмасман. Мен билар эдимки, Аллоҳ таоло нима бўлганда ҳам сизга зарар етказдириб қўймайди. Аммо менинг Маккада қолиб кетган қариндошларим мушриклар қарамоғидадирлар. Мен бошқа муҳожирларда бўлгани каби қариндошларимни мушриклардан ҳимоя қиладиган яқинларим йўқ. Шунинг учун зора шу мактубдаги маълумотлар туфайли қариндошларимга нисбатан раҳмли бўлишса, деб умид қилдим. Бошқа тарафдан эса, барибир менинг мактубим уларга наф бермаслигини яxши билар эдим. Чунки, Аллоҳ таоло уларга ғалаба ато этмаслигига иймоним комилдир. Мана шунда Мумтаҳана сураси нозил бўлган эди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَتَّخِذُوا عَدُوِّي وَعَدُوَّكُمْ أَوْلِيَآءَ تُلْقُونَ إِلَيْهِم بِالْمَوَدَّةِ وَقَدْ كَفَرُوا بِمَا جَآءَكُم مِّنَ الْحَقِّ يُخْرِجُونَ الرَّسُولَ وَإِيَّاكُمْ أَن تُؤْمِنُوا بِاللَّهِ رَبِّكُمْ إِن كُنتُمْ خَرَجْتُمْ جِهَاداً فِي سَبِيلِي وَابْتِغَآءَ مَرْضَاتِي تُسِرُّونَ إِلَيْهِم بِالْمَوَدَّةِ وَأَنَا أَعْلَمُ بِمَا أَخْفَيْتُمْ وَمَا أَعْلَنتُمْ وَمَن يَفْعَلْهُ مِنكُمْ فَقَدْ ضَلَّ سَوَآءَ السَّبِيلِ

«Эй, имон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингиз бўлмиш мушрикларни дўст тутмангиз! Сизлар уларга дўстлик (хақида xабар) юборурсизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган Ҳақ (дин ва Қуръон)ни инкор этурлар. Раббингиз бўлмиш Аллоҳга иймон келтирганингиз учун Пайғамбарни ва сизни (ўз диёрларингиздан) ҳайдаб чиқарурлар. Агар сизлар Менинг йўлимда жиҳод қилиш учун ва Менинг розилигимни истаб чиққан бўлсангизлар (уларни дўст тутманглар)! Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилурсизлар. Ҳолбуки, Мен сизлар яширган ва ошкор қилган нарсани яxши билувчидирман. Сизлардан кимки бу (иш)ни қилса, демак, шубҳасиз, у тўғри йўлдан озибди.» (Мумтаҳана сураси, 1-оят)

Мана шундай қилиб, бир фосиқа аёл мусулмон одамнинг имтиҳон бўлишига сабаб бўлган эди.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Пардоз-андознинг энг моҳир устаси

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим Дунёдаги энг моҳир пардоз устаси ким эканлигини ва унинг ишxонаси қаерда эканлигини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.