Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Икки Маъсум Ҳаётидан Сабоқлар

Икки Маъсум Ҳаётидан Сабоқлар

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Ҳазрат Фотима онамиз (саломулоҳи алайҳо)нинг шаҳид бўлган айёмларида турганимиз учун ул ҳазратнинг умр йўлдошлари ҳазрат Али (алайҳис салом) билан биргаликда кечирган ҳаётларидан айрим сабоқларни сиз азиз ўқувчиларга тақдим этмоқчимиз.

Шак-шубҳасиз, Сарвари олам қизлари ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломулоҳи алайҳо)нинг оилавий ҳаётлари ва юриш-туришлари ҳаёт дарсини ўрганмоқчилар учун улкан мактабдир. Дунё аёлларининг сарвари бўлмиш Фотима онамизнинг ишқу муҳаббат ва сафоу самимиятга асосланган ўз оилавий ҳаётларида ҳазрат Али (алайҳис салом) билан қилган ошиқона ва оқилона рафторлари ҳақида кўплаб суҳбатлар қилинган. Ҳаттоки, Фотима онамиз мўминлар амири Али (алайҳис салом)нинг имомат ва вилоят йўлларида ўз жонларини фидо қилиб шаҳид бўлдилар. Биз ушбу суҳбатимизда бу буюк зотнинг ҳаётларини бошқа жиҳатдан ҳам ёритиб бермоқчимиз:

Уйдаги ишларни тақсимлаш

Оилавий ҳаётда энг кўп жанжал ва тортишувларга сабаб бўладиган нарса – бу эр-хотин орасидаги вазифа ва ишларни тақсим қилишдир. Ҳазрат Али (алайҳис салом) ва Фотиматуз-Заҳро (саломулоҳи алайҳо)нинг оилалари ана шу муҳим масалада қандай йўл тутиш кераклиги борасида оталари ҳазрат хотамун-набийин Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га мурожаат қилдилар. Албатта, шундоқ ҳам улар ҳеч қандай тортишувларсиз тинч ва тотув ҳаёт кечиришмоқда эди. Лекин ҳар бир иш Аллоҳ ва Унинг Расули истаганидек бўлсин деб янги оила қурган бу икки ёш Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га мурожаат қилишди.

Шунда Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уларга йўл кўрсатиб ишларни қуйидагича тақсимлаб бердилар:

Уй ташқарисидаги қилинадиган барча ишлар Алининг зиммасига бўлиб уй ичидаги ишлар эса Фотимага тегишлидир,-деб марҳамат қилдилар. Бу тақсимотдан биринчи бўлиб ҳазрат Фотима (саломулоҳи алайҳо) хурсанд бўлдилар. Чунки, ул зот бегона эркаклар билан мулоқот қилишни хуш кўрмас эдилар ва ташқарига чиққан тақдирда бу ишни қилишга мажбур бўлардилар. Фотима онамиздан ривоят қилинган ҳадислардан бирида айтилишича, аёл учун энг яхши нарса – бу номаҳрам эркакни кўрмаслиги ва номаҳрам ҳам уни кўрмаслигида бўлган.

Умр йўлдошига муҳаббатли бўлмоқлик

Қуйидаги ҳадис кўп мўътабар китобларда келтирилган. Биз ҳам уни шу ерда ҳаммамиз учун дарс бўлсин дея келтирмоқчимиз. Ҳазрат Али (алайҳис салом) шундай таъриф қиладилар:

Бир куни Фотима билан уйда ўтирган эдик. Ногаҳон Аллоҳнинг Расули Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уйимизга келиб қолдилар. Биз хурсанд бўлиб ҳурматлари юзасидан ўрнимиздан турдик. Шунда ул зот менга қараб: “Алижон, бизни бир пас холи қўйгин, Фотимага айтадиган гапим бор” дедилар. Мен уйдан чиқдим. Шунда Сарвари коинот Фотимага қараб шундай дедилар:

– Эрингдан розимисан?

Фотима: Ҳа, Худога шукр у яхши инсондир. Лекин Қурайш аёллари отанг Сени камбағалга берган, деб юзимга солишади,-деди.

Шунда ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилдилар:

Қизим, Сенинг отанг ва унинг куёви сира ҳам камбағал эмаслар. Аллоҳ таоло менга бутун ер юзидаги олтин ва кумушларни берар эди, лекин мен ўзимда борига розилигимни билдирдим. Аллоҳ таоло ер юзидан икки нафарни танлади. Бири – отангни ва иккинчиси эса умр йўлдошинг Алини. Қизим шуни билгинки, Али сен учун энг яхши умр йўлдошдир, унга итоатли бўлгин.

Сўнг кетаётиб менга қараб бундай дедилар: Ё Али, билгинки, Фотима менинг вужудимнинг бир бўлагидир. Унга муҳаббатли бўл, унинг шодлиги менинг шодлигимдир, унинг ғами эса менинг ҳам ғамимдир.

Оиладаги сирни сақлаш

Эрга яхши аёл бўлиш – бу нафақат камчиликларни бўрттириб кўрсатишдан сақланишдир, балки пайти келганда мавжуд камчиликларга аҳамият бермай, уни уйдан ташқарига олиб чиқмаслик ҳамдир. Агар етишмовчиликларни айтиш уларни йўқ қилишга сабаб бўлмаса, яъни уларни йўқотишнинг иложи бўлмаганда, ҳадеб юзга солиш эркак кишининг руҳан эзилишига сабаб бўлади. Бундай пайтларда оқила ва доно аёллар етишмовчиликларга чидашига ва зарур бўлганда кўпроқ машаққат чекишига тўғри келади. Чунки, буни фидокорлик ва ўзаро муҳаббат тақозо этади. Бундай фидокорликнинг яққол намунаси бўлмиш ҳазрат Фотима онамиз ҳаётларида бу хислатни юқори даражада кўришимиз мумкин. Бир куни ул ҳазрат оталари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уйларига борган эдилар. Азбаройи неча кундан бери тузукроқ нарса емаганларидан чеҳралари сарғайган ва сўлиққан эди. Бу ҳолни кўрган оталари қўлларини осмонга кўтариб: Эй Раббим, қизимнинг ризқини ўзинг етказгин,-деб Аллоҳдан ёлвориб сўраган эдилар.

Ҳа, Фотима онамиз ўзларининг турмушларидан оталарига бир оғиз ҳам шикоят қилмаган эдилар. Лекин юзларидаги очиққанлик аломатини кўрган оталари бундан хабардор бўлгандилар.

Оромбахш малҳам

Аёл киши уйнинг чироғи ҳисобланади. Ташқаридан уйига етиб келган эркак киши агар аёли мўмина, қаноатли ва покдомон аёл бўлса, ўз оромишини тиклаб олиб қалб хотиржамлигини қўлга киритади. Мабодо аксинча бўладиган бўлса, эркак киши уйига қадам босмасдан аёли ҳаётидаги бор-йўқ мушкулотини айтиб оҳу нола чекадиган бўлса, эркак киши уйдан ташқарида бўлишга уринади. Чунки, уйи тўла дардисардек бўлади. Бу борада ҳам аёллар ҳазрат Фотима (саломулоҳи алайҳо)ни ўзларига намуна ва ўрнак қилиб олишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) фитналар гирдобида қолиб ҳаётининг энг машаққатли кунларида ул зотнинг уйи унинг ягона паноҳгоҳи бўлган эди. Зероки, ул ҳазратнинг завжалари Фотима онамиз ҳамиша Али (алайҳис салом)га тасалли бериб руҳан қувватлантирар, азиз умр йўлдошларининг иймони янада жўшишига сабаб бўлар эдилар.

Лекин афсуски, Фотима онамизнинг умрлари жуда қисқа экан ва ҳазрат Али (алайҳис салом) ягона дилдорларини ҳам Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин жуда тез орада қўлдан бой бердилар. Дунё аёлларининг сарвари Фотимаи Заҳро онамизни шаҳид қилган золимларни Аллоҳнинг ўзи жазоласин!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида таёрланди.
Share

Check Also

Тавба қилиш Аллоҳнинг адолатига хилоф эмасми?

Ассалому алайкум Нажот Кемаси жамоаси, бир савол бор эди. Инсон қилган гуноҳлари учун тавба қилиши …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.