Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Исломда саломлашишнинг одоб ва аҳамияти

Исломда саломлашишнинг одоб ва аҳамияти

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Саломлашиш ва салом бериш масаласи Исломда улкан аҳамиятга эгадир. Ҳаттоки, қиёмат куни Аллоҳнинг солиҳ ва мўмин бандалари жаннатга кираётганларида, фаришталар: «Саломун алайкум», деб уларни қаршилаб олишади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

وَسِيقَ الَّذِينَ اتَّقَوْا رَبَّهُمْ إِلَى الْجَنَّةِ زُمَرًا حَتَّىٰ إِذَا جَاءُوهَا وَفُتِحَتْ أَبْوَابُهَا وَقَالَ لَهُمْ خَزَنَتُهَا سَلَامٌ عَلَيْكُمْ طِبْتُمْ فَادْخُلُوهَا خَالِدِينَ

«Ва Парвардигорларидан қўрққан кишилар тўп-тўп ҳолда жаннат сари олиб борилурлар. Токи, унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилур ва унинг қўриқчилари уларга: «Саломун алайкум, хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда кирингиз» дерлар». (Зумар сураси, 73-оят)

Шунингдек, саломлашиш ва унинг аҳамияти борасида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ва ул зотнинг барҳақ ворислари бўлмиш маъсум имомларимиздан кўп ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, биз бу ерда ушбу мавзуга оид айрим ҳадисларни кўздан кечирмоқчимиз.

1. Салом бериш Аллоҳ таоло севган амаллардандир. Бешинчи имомимиз ҳазрат Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

قَالَ الْبَاقِرُ عَلَيْهِ السَّلاَمُ: إنَّ اللهَ يُحِبُّ إِطْعَامَ الطَّعَامِ وَ إِفْشَاءَ السَّلاَمِ.

«Аллоҳ таоло таомалантиришни ва ошкора баланд овозда салом беришни яхши кўради».

Манба: Абу Жаъфар Ал-Барқий, “Ал-Маҳосин” 2-жилд, 388-бет, 8-ҳадис.

2. Салом Аллоҳнинг исмларидан биридир. Бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَآلِهِ: إِنَّ السَّلاَمَ اسْمٌ مِن أسْمَاءِ اللهِ فَافْشَوْهُ بَيْنَكُمْ.

«Салом Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир. Уни орангизда ошкора айтинглар».

Манба: Ал-Муттақий Ҳиндий, “Канзул-уммол” 25237-ҳадис.

3. Салом бериш камтаринлик нишонасидир. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда марҳамат қиладилар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَآلِهِ: البَادِئُ بِالسَّلاَمِ بَرِيءٌ مِنَ الْكِبْرِ.

«Биринчи бўлиб салом берувчи киши кибрдан узоқдадир».

Манба: Ал-Муттақий Ҳиндий, “Канзул-уммол” 25265-ҳадис; Наҳжул фасоҳа, 375-бет, 1102-ҳадис.

4. Учрашганда салом бериш кераклиги ҳақида. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қиладилар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَآلِهِ: إذَا تَلاَقَيْتُمْ فَتَلَاقَوْا بِالتَّسْلِيمِ وَ التَّصَافُحِ وَ إِذَا تَفَرَّقْتُمْ فَتَفَرَّقُوا بِالاسْتِغْفَارِ.

«Бирбирингиз билан учрашганингизда саломлашиб қўл бериб сўрашинглар. Жудолашганингизда эса истиғфор айтиш (Аллоҳдан мағфират сўраш) билан хайрлашинглар».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 76-жилд, 5-бет.

5. Салом бериш энг яхши хулқ-атвордир. Бу борада Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобалардан:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ: ألَا أُخْبِرُكُمْ بِخَيْرِ أَخْلاَقِ أَهْلِ الدُّنْيَا وَ الْآخِرَةِ؟ قَالُوا: بَلَي يَا رَسُولَ اللهِ فَقَالَ: إِفْشَاءُ السَّلاَمِ فِي الْعَالَمِ.

«Сизларни дунё ва охират аҳлининг энг яхши хулқ-атвори қайси эканлигидан хабардор этайми?» деб сўрадилар. Мусулмонлар: Ҳа, эй Расулуллоҳ, деб жавоб қайтаришди. Шунда ул зот: «Ошкора ва баланд овоз билан салом беришдир» дедилар.

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 76-жилд, 12-бет.

6. Уйга кириб келганда салом бериш кераклиги ҳақида. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қиладилар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ: إِذَا دَخَلَ أَحَدُكُمْ مَنْزِلَهُ فَيُسَلِّمُ عَلَي أَهْلِهِ وَ يَقُولُ السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُ أَهْلٌ فَلْيَقُلِ السَّلام عَلَيْنَا مِنْ رَبِّنَا.

«Бирортангиз уйига кириб борганда уй аҳлига «Ассалому алайкум»-, деб салом берсин. Мабодо уйда ҳеч ким бўлмаса, унда Ассалому алайна мин Раббино, деб салом берсин».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 76-жилд, 4-бет.

7. Саломлашиш одоби ҳақида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَ آلِهِ: يُسَلِّمُ الصَّغِيرُ عَلَي الْكَبِيرِ و يُسَلِّمُ الْوَاحِدُ عَلَي الْإِثنَينِ وَ يُسَلِّمُ الْقَلِيلُ عَلَي الْكَثِيرُ وَ يُسَلِّمُ الرَّاكِبُ عَلَي الْمَاشِي وَ يُسَلِّمُ الْمَارُّ عَلَي الْقَائِمِ وَ يُسَلِّمُ الْقَائِمُ عَلَي الْقَاعِدِ.

«Ёши кичик каттага, бир одам икки одамга, камроқ одам кўпчиликка, минган одам пиёда кетаётганга, ўтиб кетаётган одам туганга ва турган одам ўтирганга салом бериши афзалдир».

Манба: Ал-Муттақий Ҳиндий, “Канзул-уммол” 25321-ҳадис.

8. Кичик болаларга салом бериш борасида Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қиладилар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَآلِهِ: خَمسٌ لا أدَعُهُنَّ حَتَّي الْمَمَاتِ… وَ التَّسلِيمُ عَلَي الصِّبيَانِ لِتَكُونَ سُنَّةً مِن بَعْدِي.

«Менинг бешта амалим бордирки, мамотим қадар уларни тарк этмасман. Улардан бири ёш болаларга салом бериш бўлиб, мендан сўнг суннат бўлиб қолишини истардим».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 76-жилд, 10-бет.

9. Салом беришда бахиллик қилмаслик керак. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада айтадилар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَ آلِهِ: إنَّ أعْجَزَ النَّاسِ مَنْ عَجِزَ مِنَ الدُّعَاءِ وَ إنَّ أبْخَلَ النَّاسِ مَنْ بَخِلَ بِالسَّلاَمِ.

«Энг нотавон одам дуо қилишдан ожиз бўлган кишидир. Энг бахил одам эса бошқалага салом беришдан тийиладиган кишидир».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 76-жилд, 4-бет.

10. Саломлашишнинг хайру-баракоти тўғрисида олтинчи имомимиз ҳазрат Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) айтадилар:

قَالَ أبُوعَبْدِ اللهِ عَلَيْهِ السَّلاَمُ: إِنَّ مِن مُوجِبَاتِ الْمَغْفِرَةِ بَذْلَ السَّلاَمِ وَ حُسْنَ الْكَلاَمِ.

«Гуноҳлар кечирилишининг муҳим омилларидан бири – бу саломлашиш ва хушмуомалаликдир».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 76-жилд, 11-бет.

11. Салом бермоқликнинг уйга хайру-баракот олиб келиши. Бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилиб айтадилар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَ آلِهِ: إذَا دَخَلَ أحَدُكُمْ بَيْتَهُ فَلْيُسَلِّمْ فَإنَّهُ يَنْزِلُهُ الْبَرَكَةَ وَ تَؤْنِسُهُ الْمَلَائِكَةُ.

«Бирортангиз уйига кириб борганда (уй аҳлига) салом берсин. Зероки, салом бериш уйга баракот ёғилишига ва малоикалар ўша уй билан улфат топишларига сабаб бўлади».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 76-жилд, 7-бет, 25-ҳадис.

12. Салом беришда улкан ажр-савоб бордир. Бу ҳақда мўминлар амири бўлмиш биринчи имомимиз ҳазрат Али (алайҳис салом) марҳамат қилиб айтадилар:

قَالَ عَلِيٌّ عَلَيْهِ السَّلامُ: لِلسَّلاَمِ سَبْعُونَ حَسَنَةً، تِسْعَةٌ وَ سِتُّونَ لِلْمُبْتَدِي وَ وَاحِدَةٌ لِلرَّادِّ.

«Саломлашишда етмиш ажр-савоб мавжуд бўлиб, олтмиш тўққизтаси илк бора салом берувчи кишига бўлса, алик олганга эса битта савоб бўлур».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 76-жилд, 11-бет.

13. Салом бермай сўз бошлаган одамга жавоб қайтармаслик керак. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада марҳамат қилиб айтадилар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَ آلِهِ: مَنْ بَدَأ بِالْكَلاَمِ قَبْلَ السَّلاَمِ فَلاَ تُجِيبُوهُ.

«Салом беришдан олдин сўзлай бошлаган кишига жавоб берманглар».

Манба: Шайх Аббос Қуммий, “Сафинатул биҳор” 4-жилд, 237-бет.

Сўзимиз пировардида эътиборингизни бир ривоятга жалб этмоқчимиз. Бир аъробий киши масжидга кириб дастлаб ҳазрат Али (алайҳис салом)га кейин эса пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га салом беради. Унинг бу ишидан таажжубланган мусулмонлар ундан бунинг сабабини сўрашади. Шунда ҳалиги одам мен: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ушбу ҳадисни эшитганман: «Мен илм шаҳриман ва Али ана шу шаҳарнинг дарвозасидир». Мен ушбу ҳадисга амал қилмоқчи бўлиб шундай қилдим, – деди.

Манба: Шайх Аббос Қуммий, “Сафинатул биҳор” 4-жилд, 10-бет.

Албатта, биз бу ерда у одамнинг қилган ишини оқламоқчи эмасмиз. Лекин қандай қилиб бир аъробийнинг қулоғига етиб борган бу ҳадис бошқаларнинг хотирасидан ўчиб кетганлигидан ҳайратдамиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.