Home / Шариат қонунлари / Намоз / Намоз – куфр ва иймон орасидаги чегара

Намоз – куфр ва иймон орасидаги чегара

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намоз хусусида бундай деб марҳамат қилганлар:

«Мусулмон ва кофирни ажратиб турувчи нарса фарз намозлардир». Ҳадиси шарифга биноан, фарз қилинган намозларни тарк қилувчи одам кофир бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Аллоҳнинг ўзи бизни бундай тоифадаги одамлардан бўлиб қолишдан асрасин!

Ўқийдиган намозларимиз Аллоҳ таолонинг даргоҳига қабул бўлиши учун шариатда белгиланган аҳкомларга риоя қилиш билан бирга намозни тўкис ҳолда адо этмоғимиз зарур. Бунинг учун бу ерда тўкис ҳолда адо этиладиган намознинг баъзи жиҳатларини зикр этмоқчимиз:

1. Қалб ҳузури;

Одамнинг қалби нимага аҳамият берадиган бўлса, ўша нарса билан банд бўлади. Намоз пайтида Аллоҳ таолога аҳамият берадиган одамнинг қалби албатта, Худода бўлади. Айрим ҳадисларда айтилишича, «Аллоҳ таоло қалб ҳузури билан ўқилмаган намозни қабул қилмайди». Албатта, қалб ҳузурисиз намоз ўқиган одамнинг зиммасидан намоз ўқиш вазифаси соқит бўлади ва у қиёмат кунида намоз ўқиганлардан ҳисобланади, лекин намознинг қабул бўлиши эса бу – мутлоқ бошқа масаладир.

2. Намознинг қабул бўлиш миқёси қалб ҳузурининг қанчалик эканлигига боғлиқдир.

Бу борада Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қиладилар:

«Баъзи намозлар қабул бўлмайди, илло уларнинг ярими ёки учдан бир ё тўртдан бир, бешдан бир, олтидан бири … ўндан бир қисмигина қабул бўлади, холос. Мана шу қабул қилинган қисмининг нечоғлик бўлиши эса, қалб ҳузурининг миқдорига боғлиқдир».

3. Нималар қалб ҳузури пайдо бўлишининг олдини олади?

Намозда хаёлнинг бошқа томонга кетиб қолиши ҳамда қалбнинг бошқа нарса билан машғул бўлиши шайтоннинг чалғитиш амалларидандир. Ҳазрат Али (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

«Аллоҳ таоло намоз пайтида бандасига қараб туради. Лекин банда ғофиллик қилса (яъни унга қалб кўзи билан қарамайдиган бўлса), уч мартагача қуйидаги сўзлар билан унга мурожаат қилади: «Эй бани одам, Мен сенга қараб турибман, нима учун Мендан юз ўгирмоқдасан?» Бу ҳол уч мартагача давом этади. Агар банда бундан кейин ҳам ғафлат қилса, Худо уни ўз ҳолига ташлаб қўяди».

4. Нима учун шайтон юқорида айтилган ишларни қилади?

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилиб айтадилар:

«Бандалар токи беш вақт намозларини ўқир эканлар, шайтон жуда заифлашиб қолади, шунинг учун у қўлидан келгунча, одамларнинг намоз ўқишига тўсқинлик қилади. Агар одамлар бенамоз бўлсалар, шайтон уларга истаган ишини буюра оладиган бўлади».

5. Шайтон қандай қилиб намозхонни чалғитади?

Қачонки намозхон киши намоз ўқишга туриб намозини бошласа, шайтон унга келиб фалон ва фалон нарсаларни эслагин, деб васваса қила бошлайди. У: «фалон нарса эсдан чиқмасин», «эсингда бўлсин», «айтганча фалон ишни ҳам қилишинг керак» каби сўзлар билан одамнинг фикрини намоздан бошқа нарсалар билан чалғитишга ҳаракат қилади.

6. Нима қилмоқлик керак?

Ҳазрат Али (алайҳис салом)дан намозда чалғимаслик учун нима қилиш керак? Сиз қандай қилиб хаёлингизни жам қилиб намоз ўқийсиз, – деб сўрашди. Ул зот бундай деб марҳамат қилдилар:

«Мен қалбимни ҳар хил нарсалардан қўриқлайман ва ҳар кимни унга киргизмайман».

Шундай экан, биринчи навбатда қалбимизни турли хил ўй-хаёллардан асрашимиз керак. Шунда шайтон васваса қилишдан ожиз қолади ва оқибат ўқийдиган намозларимиз қалб ҳузури билан адо этилиб, Аллоҳ таолонинг даргоҳидан ўрин топади. Ана шундагина ўқийдиган намозларимиз бизни турли ёмон ишлар ва фаҳшу мункарлардан қайтариб, Аллоҳ таолога яқин бўлган мўмин бандалар қилади.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Жамоат намозида Аҳли суннат мазҳабидаги имомга иқтидо қилиш жоизми?

Ассалому алайкум. Мен Истанбулда яшайман. Уйим ва иш жойимнинг ёнида суннийларнинг бир масжиди бор. Мен …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.