Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Қалб турлари ҳақида

Қалб турлари ҳақида

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Сизнингча, неча хил қалб бўлиши мумкин. Бу борада ўйлаб кўрганмисиз? Бу қалб турларини билишнинг бизга нима нафи бор, деб ўйлайсиз?

Аввало шуни айтишимиз лозимки, умуман олганда уч хил қалб бўлади:

1. Дунё учун куйинадиган қалб. Бундай қалб дунёда қийналиб яшайди ва доимо азобдадир.

2. Охират учун куйинадиган қалб. Бундай қалб соҳибига ажру-савоблар бор.

3. Аллоҳнинг ошиғи бўлган қалб. Бундай қалб соҳибига дунё ҳам, охират ҳам берилади.

Ҳа, Аллоҳ билан машғул бўлган қалбдан шайтон ҳайдалгандир. Бундай қалб соҳиблари Аллоҳ билан бошқа нарсаларни солиштириб кўриб, бу борлиқ оламда энг вафодор, энг қудратли ва энг севимли зот бу – Худо эканлигини тушуниб етганлар. Аммо қалби бошқа нарсалар билан машғул бўлган одамлар эса осонлик билан шайтон домига илинадилар. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилади:

وَمَن يَعْشُ عَن ذِكْرِ الرَّحْمَـٰنِ نُقَيِّضْ لَهُ شَيْطَانًا فَهُوَ لَهُ قَرِينٌ

«Кимки, Раҳмон (бўлмиш Аллоҳни) эслашдан қалб юзини ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз. Шунда, у унга доимий ҳамроҳ бўлур». (Зухруф сураси, 36-оят)

Зотан, ўзи шайтон одам фарзандларини ҳар тарафдан ўраб олиб, уларни Аллоҳ таолонинг зикридан тўсишга ваъда қилган. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

قَالَ فَبِمَا أَغْوَيْتَنِي لَأَقْعُدَنَّ لَهُمْ صِرَاطَكَ الْمُسْتَقِيمَ ﴿١٦﴾ ثُمَّ لَآتِيَنَّهُم مِّن بَيْنِ أَيْدِيهِمْ وَمِنْ خَلْفِهِمْ وَعَنْ أَيْمَانِهِمْ وَعَن شَمَائِلِهِمْ ۖ وَلَا تَجِدُ أَكْثَرَهُمْ شَاكِرِينَ ﴿١٧﴾

«У (Шайтон аламидан Аллоҳ таолога) деди: «Қасамёд этаманки, мени адаштирганинг туфайли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (одамларни чалғитиш) учун ўтираман» (Аъроф сураси; 16-оят)

«Сўнгра уларга олдиларидан ва орқаларидан, ўнг ва сўл томонларидан (тўғри йўлдан оздириш учун) келурман. Ва (оқибатда) уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмагайсан» (Аъроф сураси; 17-оят)

Шайтоннинг ҳар тарафдан ўраб олиши ҳақида бешинчи имомимиз ҳазрат Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан сўрашганида, ул зот бундай деб тафсир қилдилар:

«Шайтон одамларга олдиларидан келиши – бу қиёмат кунини одамларга енгил қилиб кўрсатишидир. Орқаларидан келиши эса молу-дунё ва бойликка ўч қилиб қўйишидир. Шундай қилиб (шайтон ўз тузоғига илинтирган) одамни закот ва хумс тўлашдан қайтаради ва орқангда фарзандларинг бор, уларни ўйла, деб васваса қилади. Ўнг тарафдан ўраб олиши деганда, у одамларни диний масалаларга шак-шубҳа билан қарайдиган қилиб қўйишидир. Бундан маълум бўладики, унинг (шайтоннинг) одамлар тоифасидан навкарлари бордир. Сўл тарафдан ҳамла қилиши деганда эса, шайтоннинг одамлар учун шаҳват ва молу-дунёни қалбга суюкли қилиб қўйишидир».

Шу боис, кўзга кўринмайдиган бу ашаддий душмандан эҳтиёт бўлишимиз зарурлиги борасида Қуръони Каримда шундай дейилади:

يَا بَنِي آدَمَ لَا يَفْتِنَنَّكُمُ الشَّيْطَانُ كَمَا أَخْرَجَ أَبَوَيْكُم مِّنَ الْجَنَّةِ يَنزِعُ عَنْهُمَا لِبَاسَهُمَا لِيُرِيَهُمَا سَوْآتِهِمَا ۗ إِنَّهُ يَرَاكُمْ هُوَ وَقَبِيلُهُ مِنْ حَيْثُ لَا تَرَوْنَهُمْ ۗ إِنَّا جَعَلْنَا الشَّيَاطِينَ أَوْلِيَآءَ لِلَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ

«Эй, Одам авлоди, Шайтон ота-оналарингиз (Одам ва Ҳавво)нинг авратларини уларга фош қилиш (уялтириш) учун жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Зеро, у ва унинг тўдаси сизлар уларни кўра олмайдиган тарафдан сизларни кўрадилар. Биз шайтонларни имон келтирмайдиган кимсаларга йўлбошчи қилиб қўйдик». (Аъроф сураси, 27-оят)

Сўзимиз пировардида шуни айтиш жоизки, бу ерда қалб турлари хусусида сўз юритишимиздан мурод, дунё учун куйинадиган қалбдан қутулиб, дастлаб охират учун куйинадиган қалбга ва кейин эса Аллоҳнинг ошиғи бўлган қалбга эга бўлишдир.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.