Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / Ҳақиқий мўмин бандалар қандай бўладилар?

Ҳақиқий мўмин бандалар қандай бўладилар?

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Ҳақиқий мўминлар қандай бўладилар? Улар қандай хислатларга эга бўлишади? деган савол кўпинча биродарларимиз томонидан берилади. Шу боис, ушбу баҳсимизда ҳақиқий мўминлар қандай бўлишлари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Ушбу мавзу ҳақида Қуръони Карим оятларида ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам муфассал маълумотлар баён қилинган. Лекин энг яхшиси яратган Эгамиз Аллоҳнинг мўминлар ҳақида Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда берган таърифини кўздан кечирсак, ҳозирча амал қилишимиз учун етарли бўлар, деб ўйлайман:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّـهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَىٰ رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ ﴿٢﴾ الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ ﴿٣﴾ أُولَـٰئِكَ هُمُ الْمُؤْمِنُونَ حَقًّا ۚ لَّهُمْ دَرَجَاتٌ عِندَ رَبِّهِمْ وَمَغْفِرَةٌ وَرِزْقٌ كَرِيمٌ ﴿٤﴾

«Шубҳасиз, мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганда қалблари қўрқувда бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганда имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина таваккул қиладиган кишилардир».

«Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиганлардир».

«Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бор». (Анфол сураси, 2-оятдан 4-оятларгача)

Юқоридаги ояти карималардан маълум бўладики, ҳақиқий мўмин кишилар қуйидаги хусусиятларга эгадирлар:

  1. Қуръон тиловатини эшитганда юраклари ҳаяжон ва қўрқувга тушади, масалан, бирор бир маърака ёки йиғилишда Қуръон оятларининг чиройли тиловатини эшитганда, оддий ҳолатдан чиқиб ўзгача маънавий ҳолатга тушадиган кишиларлар мўминларнинг сифатлардан бирига эгадирлар. Агарда сиз бундай сифатга эга бўлсангиз, мана шу туйғуни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилинг.
  2. Мўминлар намозни мукаммал ва тўкис адо этувчилардир. Яъни мўмин кишилар намозни ўз вақтида ўқишга ҳамда хузуъ ва хушуъ билан ибодат қилишга ҳаракат қиладилар. Улар намоз ўқиётганларида, фикрлари дунё ишлари билан банд бўлмай, бутун вужудлари билан Аллоҳ таолонинг ҳузурида турганларини ҳис ва идрок этадилар. Бундай ҳолатга қалб ҳузури дейилади ва инсон намоз ўқиганда қалб ҳузурига эга бўлиши шариатда таъкидланган.
  3. Мўминлар ўзларининг барча ишларида фақат Тангри таологагина таваккул қилиб, Унгагина таянадилар.
  4. Мўминлар инфоқ-эҳсон қилишни севувчилардир. Мўмин кишилар ризқ қилиб берилган неъматларнинг асл эгаси Парвардигори олам эканлигини яхши билиб буни асло унутмайдилар. Шунинг учун ҳам, доимо Аллоҳ таолонинг ризолиги учун инфоқ-эҳсон қилиб турадилар.

Юқоридаги хислатларга эга бўлган кишилар, шак-шубҳасиз, эл-юрт орасида обрў-эътибор ва меҳру-муҳаббатга эга бўладилар. Аммо энг муҳими эса улар ҳақиқий мўминлар эканлигидир. Шунинг учун ҳам, улар Аллоҳ таоло суйган бандалар ҳисобланадилар.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.