Home / Ислом тарихи / Ажойиб туш ва ғаройиб каромат

Ажойиб туш ва ғаройиб каромат

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

557-ҳижрий йилда Шом зодагонларидан бўлмиш Нуриддин бин Маҳмуд бин Зангий Шом ва Ҳижоз минтақаларида ҳукмронлик қилар эди. У инфоқ-эҳсон қилувчи солиҳ бандалардан бўлиб, кечалари таҳажжуд намозларини канда қилмай ўқир эди.

Бир куни кечаси одатдагидек шаб (таҳажжуд) намозини ўқиб бўлгач, ухлаб ажойиб туш кўради. Тушида ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни кўради. Ул зот унга: «Мени мана бу икки одамнинг қўлидан қутқаргин», – дер эдилар. Ҳайратдан уйғониб кетган ҳоким бир пас утириб яна ётиб ухлабди. Лекин бу гал ҳам худди аввалги тушни такроран кўради.

Уч мартагача бир хил туш кўрган Нуриддин боши қотиб қолади. У ўзининг доно ва тақводор вазири Жамолиддин Мувассалий билан маслаҳатлашишни эп билади. Вазирга тушини айтиб берганида, у ҳокимга: «Сиз Мадинага боринг, балки у ерда сизнинг қўлингиздан келадиган бирор муҳим иш бордир», – деб айтади.

Нуриддин йигирмага яқин вазирлари ва яқин одамлари билан кўпроқ пул олиб Мадина томон йўлга тушди ва Масжидун-Набийга бориб, у ерда намоз ўқиб, кейин эса нима иш қилишини билмай боши қотади. Ўша куни кечаси қаттиқ момақалдироқ бўлиб ер ҳам қимирлаганди. У тушида кўрган икки одамнинг қиёфасини эслаб қолган эди. Шунинг учун уларни топиш мақсадида ҳоким вазирларига: «Мадина аҳлига жар солиб айтингизким, ҳоким ҳамма аҳли Мадинага эҳсон қилмоқчи, ҳамма унинг олдига борсин», – деб айтади.

Одамлар ҳоким олдига оқиб кела бошлайдилар. Ҳоким ҳамманинг юзига диққат билан қараб чиқди, лекин келганлар орасида тушидаги икки одамни кўрмади. У мадиналиклардан: Яна ким келмади? – деб сўради. Одамлар: «фақат икки киши қолди, улар ўзларига тинч ва бадавлат одамлар. Бу икки киши Ғарб ўлкаларидан ҳажга келишган, лекин улар кечасию кундузи ибодат билан машғулдирлар ва ҳамиша Бақиъ қабристонига бориб зиёрат қиладилар, намозларни фақат жамоат билан адо этадилар», – деб мақташди.

Ҳоким Нуриддин ўша икки одамни кўрмоқчи эканлигини айтади. Уларни унинг ҳузурига келтиришганида эса, ўша тушида кўрганлар мана шу икки киши эканини пайқади. Ҳоким улардан қаердан эканликларини сўради. Улар: Биз Европадан ҳаж қилиш ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни зиёрат этиш учун келдик, – деб жавоб беришди. Нуриддин ростини айтинглар, сизлар Мадинага нима мақсадда келгансизлар? – деди.

У икки одам эса индамай қолишди. Ҳоким улардан қаерда яшаётганликларини сўради. Улар Ҳарам яқинидаги карвон саройда турганликларини айтишди. Шунда ҳаммалари улар яшаётган ерга боришди. Улар яшаётган ҳужрада намат остида яширилган ер ости йўлини топишди. Шунда ҳоким Нуриддин энди ҳаммасини бир бошдан айтиб беринглар-чи, сизлар нима учун бу ерга келгансизлар, – деб уларни сўроққа тутди. Охири улар ростини айтишга мажбур бўлишди:

«Биз иккимиз ҳам носаролармиз. Бир куни подшоҳимиз ва черков руҳонийси бизларни ҳузурларига чақиртиришди ва бизларга жуда кўп пул бериб, сизлар мусулмонларга ўхшаб эҳром кийиб Мадинага борасизлар ва қандай бўлмасин пайғамбарларининг жасадини бу ерга (Испанияга) келтирасизлар, – деб тайинлашди. Шунинг учун биз Ҳарамга яқин ердан жой олдик ва ҳар куни бу ердан ер ости йўли кавладик. Чиққан тупроқларни эса Бақийъ қабристонининг зиёратчилари каби бўлиб секин ўша ерга сочиб келар эдик. Бугун кечаси эса қаттиқ ер қимирлаши ва чақмоқ чақишидан қўрқиб ишимизни битира олмадик. Бунинг устига мана қўлга ҳам тушдик», – деб ҳақиқатни фош этишди.

Эртаси куни Нуриддин Мадина аҳолисини йиғиб ҳалиги икки насорони чақиртириб улардан ҳамманинг олдида ниятларини айтиб беришларини талаб қилди. Улар можарони айтиб беришганидан кейин Ҳоким кўрган тушини ҳамда бу ишга Аллоҳ таоло айнан уни лойиқ кўрганлигидан қаттиқ ҳаяжонга тушиб ҳамманинг олдида йиғлаб юборади.

Эртасига ўша икки киши Ҳарам яқинида ўлдирилди. Нуриддин эса Ҳарамнинг атроф-теварагини айлантириб чуқур қаздиради. У ўша қазилган чуқурларга қўрғошинни эритиб қуйдиради, кейин яна устига тупроқ торттириб яна Шомга қайтиб кетади.

Айтиб ўтишимиз керакки, бўлиб ўтган бу воқеани марҳум муҳаддис Нурий ўзининг «Дорул ислом» китоби, 2-жилд, 109-бетида Саййид Зомин Маданийнинг «Туҳфатул азҳор» китобидан нақл қилиб келтирган. Унинг айтишича, ўша йили Фазл бин Амир Ҳошим Мадина ҳокими бўлган эди.

Шунингдек, Самҳудий ўзининг «Вафоул вафо» китобининг 2-жилди, 648-бетида келтириб турли далиллар билан ҳақиқатдан ҳам Нуриддин 557-ҳижрий йилда Мадинага сафар қилганлигини айтади.

Нуриддин Маҳмуд бин Зангий Шом зодагонларидан бўлиб 540-йилдан 570-йилгача Шомда ҳукумат қилган. Нуриддин Маҳмуд машҳур силсилага мансуб бўлиб унинг ҳақидаги маълумотларни Ибн Асир ўзининг «Ат-Тарихул комил» китобининг 9-жилдида унинг ҳолати ҳақида батафсил маълумот берган.

Ваҳий Хонадони китобидан олинди. Муаллиф Саййид Али Акбар Қурайший

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Мусулмонлар ҳижратининг бошланиши

  Кун ботган пайти эди, Пайғамбар бошқа кунлардек, Арқамнинг уйи сари юзландилар. Бошларини эгиб, кеча …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.