Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / Каъба ҳақида нималар биласиз?

Каъба ҳақида нималар биласиз?

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Аллоҳнинг муқаддас уйи бўлмиш Каъбанинг турли номлари билан танишиб, нима учун бундай номланганлигини билмоқчи бўлганлар учун қизиқарли маълумотларни тақдим этмоқчимиз.

Каъбанинг бир неча номлари бор бўлиб, уларни қуйида келтирамиз:

1. Каъба;

Нима учун бу муқаддас макон «Каъба» деб номланган?

Буюк муҳаддис олим шайх Садуқ ўзининг «Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ» номли китобида нақл қилишича, Каъбанинг шундай номланишига сабаб, унинг тўртбурчак шаклида эканлигидир. Чунки, араб тилида бундай шаклга «каъба» деб айтилади.

Энди бу ерда шундай савол туғилиши мумкин: нима учун Каъба айнан шу шаклда барпо этилган?

Бу саволнинг жавоби ҳам имомларимиздан ривоят қилинган ҳадисларда баён этилган. Бунинг сабаби, Каъба «Байтул маъмур»нинг тагида жойлашган ва у тўртбурчак шаклидадир.

Энди нима учун «Байтул маъмур» бу шаклда десангиз, унинг бундай шакли Аллоҳнинг «Арши Аъло»си шаклида бўлгани учундир. «Арши Аъло» эса нима учун тўртбурчак шаклда десангиз, «Арши Аъло»нинг тўрт қиррасига қуйидаги тўрт жумла ёзилгани сабаблидир:

1. Субҳаналлоҳ;

2. Алҳамдулиллааҳ;

3. Лаа илааҳа иллаллоҳу;

4. Валлоҳу акбар.

2. Байтул Атиқ;

Қуръони Каримда Каъбанинг яна бир номи «Байтул Атиқ» деб айтилган. Бунинг сабаби ҳақида бешинчи имомимиз ҳазрат Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан сўрашганида, ул зот бундай деб жавоб берганлар:

«Байтул Атиқ дегани «Озод уй» маъносини англатади. Каъбанинг ичи одамлардан холи ва унинг бирор молики йўқлиги учун, у бу ном билан номлангандир».

Бошқа бир ҳадисда Абу Ҳамза Сумолий қуйидагича ривоят қилади:

Бир куни мен Байтуллоҳда бўлган чоғимда имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан нима учун бу макон Байтул атиқ деб номланган?-деб сўрадим. Ул зот бундай деб марҳамат қилдилар:

«Аллоҳ таоло ер юзидаги ҳамма уйларни эгалик қилиб яратган, илло Каъбанинг (одамлар орасидан) эгаси йўқдир. Шунинг учун унга «Озод уй» ёки «Байтул Атиқ» дейишади».

Олтинчи имомимиз ҳазрат Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)га юқоридаги савол билан мурожаат қилишганда, ул зот шундай деб жавоб берганлар:

«Ҳазрат Нуҳ (алайҳис салом) даврларида бутун ер юзи сувга ғарқ бўлганида, фақат Каъбагина ғарқ бўлмай нобуд бўлиб кетишдан озод этилган эди. Шунинг учун унга «Озод уй» ёки «Байтул Атиқ», деб айтишади».

3. Байтуллоҳил Ҳаром;

Ҳаннон имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)дан шундай ривоят қилади: Бир куни мен имомдан нима учун Каъбани «Байтуллоҳил Ҳаром» деб айтишади?-деб сўрадим. Ул ҳазрат бундай деб жавоб бердилар:

«Чунки, у ерга мушрикларнинг кириши ҳаромдир»

Қуръони Каримда Каъба ҳақида бундай дейилади:

إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِّلْعَالَمِينَ ﴿٩٦﴾ فِيهِ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَّقَامُ إِبْرَاهِيمَ ۖ وَمَن دَخَلَهُ كَانَ آمِنًا ۗ وَلِلَّـهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا ۚ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ اللَّـهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ ﴿٩٧﴾

«Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир».

Унда очиқ аломатлар ва Мақоми Иброҳим бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Одамлардан йўлга қодир бўлганлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқлик (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, шубҳасиз, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир». (Оли Имрон сураси, 96 ва 97-оятлар)

Масала янада ойдинроқ бўлиши учун юқоридаги ояти карималар тафсирида баён этилган ҳадисларни кўздан кечиришни мақсадга мувофиқ деб биламиз.

1. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қиладилар: «Ер юзидаги қурилган энг биринчи масжид – бу Каъбадир».

2. Мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

«Каъбадан олдин уйлар бор эди, лекин Аллоҳга ибодат қилиш учун қурилган биринчи масжид – бу Каъбатуллоҳдир».

3. Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

«Каъба ер жинсидан яратилган биринчи бинодир, Каъба қурилгандан кейин ер юзи ҳам кенгайиб борди».

4. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бошқа бир ҳадисда:

«Аллоҳ наздида энг арзирли тўртта уй бордир: Бири Каъбатуллоҳ, иккинчиси Байтул Ақсо, учинчиси масжидлар ва тўринчиси эса ичида Қуръон тиловат қилинадиган уйлардир», деб марҳамат қилдилар.

5. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Каъбани тавоф қилганларидан сўнг рукн ямоний ёнига келиб бундай деб дуо қилдилар:

«Аллоҳим, Каъбангни тавоф қилишга муяссар бўлганим учун, мени пайғамбарларингдан ва Алини имомлардан қилиб қўйганинг учун Ўзингга беадад шукрлар бўлсин. Худоё бу ерга энг яхши бандаларингни йўллаб ёмонларини эса бу ердан узоқ қил».

5. Зурора имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан ривоят қилиб айтади: Кунлардан бирида Имом Каъбага ишора қилиб шундай дедилар:

«Аллоҳ учун энг севимли макон бу ердир. Ушбу маконнинг ҳурмати учун Аллоҳ тўрт ойни ҳаром (яъни уруш қилиш ҳаром қилинган) деб эълон қилгандир. Улардан уч ойи кетма-кет келган бўлиб, ҳаж амали бажарилиши учун бу ойлар ҳаром ойлардир: Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳажжа ва яна бир ой Ражаб ойи умра қилиш учун ҳаром қилингандир».

Каъбага киришнинг фазилати ҳақида ҳам баъзи ҳадисларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам):

«Кимда ким Каъбага кирса бир ҳасана унга ёзилади ва чиқаётганда эса бир гуноҳи ўчирилган ҳолда чиқади», дедилар.

Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) шундай дедилар:

«Кимки, Каъбага кирса, гўё Аллоҳнинг раҳматига киргандек бўлади ва ким у ердан чиқса, гуноҳларидан чиққандек бўлади».

Яна имом Боқир (алайҳис салом)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилганлар:

«Кимки, вожиботларини таниган ҳолда Каъбага кирадиган бўлса, охират азобидан омонда бўлур».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.