Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Риё ва миннат қилиш билан амалларимиз савобини пучга чиқармайлик

Риё ва миннат қилиш билан амалларимиз савобини пучга чиқармайлик

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Ислом динида инфоқ ва эҳсон қилиш жуда катта савобга эга бўлган ибодатлардан бўлишига қарамай, унинг нозик ва қалтис томонлари ҳам бордирки, қилган инфоқ-эҳсонларимизнинг ажру мукофоти пучга чиқиб кетмаслиги учун уларни сиз азизларга эслатиб ўтишни лозим топдик.

Савоблар келтирувчи бу амал жуда осонлик билан гуноҳга айланиб кетиш хусусиятига эгадир. Масалан, агар сиз қилаётган хайр-эҳсонингиз риёга айланиб қолса, яъни бу ишни Аллоҳнинг ризолиги учун эмас, балки одамлар кўзи учун бажарган бўлсангиз, савоб олиш у ёқда турсин, оғир гуноҳга ботиб қолишингиз мумкин. Чунки, риё қилиш, яъни одамлар кўзи учун бажариш Аллоҳга ширк келтириш (!) билан баробар бўлган кабира гуноҳлардандир.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, иззати нафси ва обрўсини юқори тутган ва уни йўқотишни истамайдиган одам учун риё ва бировларнинг кўзи учун эмас, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш керак, деб айтиш юзига тарсаки тортган билан баробар бўлган оғир ишдир. Шунинг учун хайр-эҳсон қилмоқчи бўлсангиз, юқоридаги айтилганларга ҳам эътибор беринг.

Савоби энг улуғ бўлган эҳсон эса – бу эҳсонни олган одам унинг ким томонидан эканлигини билолмай қолишидир. Агар сиз шундай инфоқ-эҳсон қилолсангиз, сизга етадиган одам топилмайди ёки жуда оз бўлади.

Билингизким, қилаётган хайрли ишингизда нафақат ҳусни феъл (яхши амал), балки ҳусни ният ҳам бўлмоқлиги лозимдир. Қуръони Каримда инфоқ-эҳсон қилиш ҳақида бундай дейилади:

مَّثَلُ الَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّـهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنبُلَةٍ مِّائَةُ حَبَّةٍ ۗ وَاللَّـهُ يُضَاعِفُ لِمَن يَشَاءُ ۗ وَاللَّـهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

«Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ (карами) кенг ва билувчи зотдир». (Бақара сураси, 261-оят)

Қилинган эҳсоннинг савобини йўқотувчи омиллардан яна бири – бу миннат қилишдир. Бировга яхшилик қилган бўлсангиз, гарчи ўша шахс қилган яхшилигингиз қадрига етмаган бўлса-да, ҳеч вақт қилган яхшилигингизни миннат қилиш билан унга рўкач қилманг. Чунки, шундай қилсангиз, хайрли ишингиз учун белгиланган барча савоблардан маҳрум бўлиб қоласиз. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُم بِالْمَنِّ وَالْأَذَىٰ كَالَّذِي يُنفِقُ مَالَهُ رِئَاءَ النَّاسِ وَلَا يُؤْمِنُ بِاللَّـهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ۖ فَمَثَلُهُ كَمَثَلِ صَفْوَانٍ عَلَيْهِ تُرَابٌ فَأَصَابَهُ وَابِلٌ فَتَرَكَهُ صَلْدًا ۖ لَّا يَقْدِرُونَ عَلَىٰ شَيْءٍ مِّمَّا كَسَبُوا ۗ وَاللَّـهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ

«Эй иймон келтирганлар, садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига ишонмаса ҳам одамлар кўрсин, деб инфоқ-эҳсон қилган кимсага ўхшаб йўққа чиқарманг. У (риёкор) мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайди. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қолади. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас». (Бақара сураси, 264-оят)

Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) Абдуллоҳ ибн Жундабга инфоқ-эҳсон қилиш ҳақида сўзлаётиб, жумладан бундай дедилар:

«Бировлар сени мақташлари учун одамлар кўз ўнгида инфоқ қилмагин. Чунки, одамлар сени мақташлари билан ўз ажрингни олиб бўласан ва охират учун ҳеч нарса қолмайди. Шунинг учун ўнг қўлинг билан берган эҳсонингни чап қўлинг билмасин. Одамлар сен қилган эҳсонингдан бехабар қолсалар, дунёинг учун ҳеч қандай зарари йўқдир, аммо охиратда эса бутун халойиқ кўз ўнгида ўз ажру-савобингни оласан».

Лекин «инфоқ қиладиган бўлсам, одамлар олдида риё бўлиб қолади, ундан кўра умуман эҳсон қилмаганим яхшироқдир» дейиш ҳам ярамайди. Қиладиган эҳсонингизни одамлар билмаслигининг иложи бўлмаган тақдирда, ниятингизни Аллоҳ учун холис қилинг ва мақтовларга алданиб қолманг. Шундагина қилган инфоқингиз, агарчи одамлар ундан хабардор бўлсалар-да, риёдан йироқда бўлади.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни холисона инфоқ-эҳсон қиладиган бандаларидан қилсин! Омин, ё Роббал оламийн!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.