Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Қуён гўштини ейиш ҳалолми ёки ҳаром?

Қуён гўштини ейиш ҳалолми ёки ҳаром?

Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят.

Битта савол, қуён гўшти ҳалолми ёки ҳаром? Эшитишимча, уйда боқилаётган қуён ҳаром, аммо урмон қуёни ҳалол экан. Илтимос ойдинлик киритиб берсангиз. Олдиндан раҳмат.

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Ва алайкум ассалом.

Жавоб: Кўп сўраладиган саволлардан бири – бу қуён гўштини истеъмол қилиш ҳалолми ёки ҳаром? Афсуски, айримлар қуён гўштини истеъмол қилишни ҳалол ва жоиз деб билсалар, баъзилар унинг ярим баданининг гўшти ҳалол ва қолган ярмиси эса ҳаром дейишади! Ёки баъзилар бир неча қуён турлари мавжуд бўлиб, унинг айрим турлари ҳалол ва баъзиси эса ҳаромдир! деган фикр-мулоҳазаларни билдиришади. Бунга мисол қилиб қуйидагиларни айтишади:

Уйда боқилган қуён гўшти ҳаром, аммо урмон қуёни ҳалолдир ёки қулоғи калта бўлган қуённинг гўшти ҳалол ва қулоғи узун бўлганнинг гўшти эса ҳаромдир ва шунга ўхшаш асоссиз гаплар…

Биз ушбу масалага ойдинлик киритиш учун қуён гўштини истеъмол қилиш Аҳли-Байт ва Аҳли суннат мазҳаблари наздида қандай ҳукмга эга эканлиги, уларнинг бу борадаги далиллари ва ҳукмнинг моҳият ва сабаби хусусида ёзишга азму қарор қилдик.

Дастлаб Аҳли суннат мазҳаби наздида қуён гўштини истеъмол қилишнинг ҳукмига тўхталиб, сўнгра Аҳли-Байт мазҳаби нуқтаи назаридан масаланинг тафсилотини таҳлилий қараш асосида бунга оид далил ва сабабларни келтириш билан баён этамиз.

Аҳли суннат мазҳабининг жумҳур фуқаҳолари фатволарига биноан, қуён гўштини истеъмол қилиш мутлақо ҳалол ва жоиздир[1]. Улар ўзларининг ушбу фатволарига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар:

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنْفَجْنَا أَرْنَبًا بِمَرِّ الظَّهْرَانِ، فَسَعَى الْقَوْمُ فَلَغِبُوا، فَأَدْرَكْتُهَا فَأَخَذْتُهَا، فَأَتَيْتُ بِهَا أَبَا طَلْحَةَ فَذَبَحَهَا، وَبَعَثَ بِهَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِوَرِكِهَا – أَوْ فَخِذَيْهَا قَالَ: فَخِذَيْهَا لَا شَكَّ فِيهِ – فَقَبِلَهُ. قُلْتُ: وَأَكَلَ مِنْهُ؟ قَالَ: وَأَكَلَ مِنْهُ. ثُمَّ قَالَ بَعْدُ: قَبِلَهُ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Марруз-заҳронда бир қуённи жойидан қочирдик. Одамлар қувавериб, ҳолдан тойишди. Мен етиб олиб, уни ушладим. Уни Абу Талҳага олиб келдим. У уни сўйиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га тосини [ёки икки сонини] юборди. У зот уни қабул қилдилар».

(Шуъба:) «Шак-шубҳасиз, икки сонини», деган.

(Сулаймон ибн Ҳарб айтади:) «Ундан еганлар ҳамми?» дедим. «Еганлар ҳам», деди. Кейин яна: «У зот уни қабул қилганлар», деб қўйди».

(“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати: http://savollar.islom.uz/savol/116515

Агарчи ушбу ҳадис Аҳли суннат наздида Қуръони Каримдан сўнг энг мўътамад ва мўътабар ҳисобланадиган Саҳиҳул Бухорий китобида келтирилган бўлса-да, бироқ уни қабул қилиб бўлмайди. Зероки, мазкур ҳадис «Исроилиёт ҳадислари» мажмуига киради.

«Исроилиёт ҳадислари» ҳақида қисқача изоҳ бериб ўтсак. Пайғамбаримиздан сўнг, яҳудийлар Ислом динида оғиш пайдо қилиш ва оқибат ушбу муқаддас динга барҳам бериш мақсадида уларнинг кўпгина донишмандлари зоҳирий ва юзаки ҳолда Ислом динини қабул қилиб, мусулмонлар сафига қўшиладилар. Сўнгра яҳудийларнинг анъанасию ғояларини Пайғамбаримиз номларидан ҳадис шаклида мусулмонларга тарқата бошлайдилар. Бу ҳолат иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб даврида авж олади. Чунки, у Каъбул Аҳбор яҳудий каби эндигина Исломни қабул қилган шахслар учун Жума намозида хутба ўқишга ва бошқа турли жойларда ҳам маърузалар қилишга йўл очиб беради. Натижада, яҳудийлар томонидан кўп ҳадислар тўқиб чиқарилиб мусулмонлар онгига сингдирилади ва ҳукуматга тобе айрим саноқли саҳобалар эса бундай тўқима ҳадисларни мусулмонлар орасида ривоят қилишади.

Ҳадисчи олимлар бундай тўқима ҳадисларга «Исроилиёт» дейишади ва бундай ҳадисларни Аҳли суннатнинг Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳул Муслим каби ўта аҳамиятли китобларида ҳам кўплаб учратиш мумкин. Қуён гўштини истеъмол қилиш ҳалол деб айтган ҳадис ҳам шулар жумласидандир. Бундай тўқима ҳадислар асосида берилган фатволарни шариати исломияга тўнкаб бўлмайди.

Аммо Аҳли-Байт мазҳабига тобе барча фуқаҳо ва мужтаҳидларимизнинг фатволарига биноан, қуён гўштини истеъмол қилиш мутлақо ҳаромдир, хоҳ уйда боқилган қуён бўлсин ёки урмон қуёни, қулоғи узун бўлсин ёки калта фарқ қилмайди. Қуён турларининг ҳаммаси бир ҳукмга эга.[2] Мужтаҳидларимизнинг қуён гўштини истеъмол қилиш ҳаром эканлиги хусусидаги далиллари пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ва ул зотнинг зурриётларидан бўлган барҳақ ворислари бўлмиш маъсум имомларимиздан ривоят қилинган ҳадислардир. Ушбу ҳадисларда қуён гўштини ейиш очиқдан-очиқ ҳаром дейилган. Шиа фуқаҳолари мазкур ҳадисларга асосланиб, қуён гўштини ейиш ҳаром эканлигига «ижмо» йўли билан, яъни ўзаро ҳамжиҳатлик ва якдиллик асосида қарор қабул қилиш йўли билан фатво берганлар.

Демак, ҳар қандай турдаги қуён гўштини истеъмол қилишнинг ҳаром эканлигига ҳеч бир шак-шубҳа бўлмай, бу борада барча шиа мужтаҳидларининг ҳам илгаригилари ва ҳамда ҳозиргилари ижмо қилганлар. Ва ҳамма фуқаҳо ва мужтаҳидларимиз иттифоқи назар билан мутлақо қуён гўштини ейиш ҳаром деб фатво берганлар.[3]

Қуён гўшти ҳаром қилинганининг сабаби хусусида ривоят қилинган ҳадисларда уч нарсани қўлга киритиш мумкин:

1. Баъзи ҳадисларда айтилишича, қуён масх бўлган ҳайвонлар жумласидандир. Яъни олдинги умматларда айрим кишилар ўзларининг содир этган оғир гуноҳлари сабабли инсон кўринишидан мутлақо чиқиб бир ҳайвон қиёфасига айланиб қолишган. Бу борада Бақара сурасининг 65-оятида айтилган. Шундан сўнг, бундай ҳайвонларга масх бўлган ҳайвонлар, яъни аввалига инсон ва сўнгра ҳайвон қиёфасига айланиб қолганлар, деб айтиб келинган ва қуён ҳам ана шу ҳайвонлардандир. Шунинг учун унинг гўштини ейиш жоиз эмас. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَآلِهِ: ولا يجوز أكل شئ من المسوخ وهي القردة والخنزير والكلب والفيل و الذئب والفأرة والأرنب والضب والطاووس والدعموص والجري والسرطان والسلحفاة والوطواط والبقعاء والثعلب والدب واليربوع والقنفذ

«Масх қилинган ҳайвонларнинг ҳеч бирини ейиш жоиз эмасдир ва улар қуйидагилардан иборат: маймун, тўнғиз, ит, фил, бўри, сичқон, қуён, калтакесак, товус, дуъмус (ботқоқда яшайдиган судралиб юрувчи ҳайвон), тангачасиз балиқ, қисқичбақа, тошбақа, кўршапалак, бургут, тулки, айиқ, каламуш ва типратикан»

Манба: Шайх Садуқнинг “Ман Лаа Яҳзуруҳу ал-Фақиҳ” китоби, 3-жилд, 336-бет, Қум, жомеайе мударрисин нашриёти, чоп санаси: 1413 ҳижрий йили.

Шунингдек, ушбу маъно-мазмунда бир неча ҳадис маъсум имомларимиздан ҳам ривоят қилинган. Марҳум Шаҳиди Соний бу ҳақда айтади: «Бу ҳадислардан мурод масх бўлган инсонлар ушбу ҳайвонлар қиёфасида бўлганлар. Зероки, масх бўлган одам уч кундан ортиқ тирик қолмай вафот этган.»[4]

Демак, ушбу ҳадисларнинг маъноси бугунги кунда мавжуд бўлган бу ҳайвонлар айнан ўша масх бўлган одамлардир дегани эмас. Балки бу борада шуни айтиш мумкинки, айрим гуноҳкор одамларнинг ушбу ҳайвонлар шаклига киритилиб масх қилиниши, юқорида айтиб ўтилган ҳайвонлар вужудидаги нопоклик ва ифлосликка ишорадир. Акс ҳолда, нима учун Худо бу гуноҳкорларни бошқа ҳайвонлар шаклига айлантириб масх қилмаган?! Шоядки, бу ҳайвонлардаги моддий ёки маънавий нопоклик уларнинг гўшти ҳаром қилинишига сабаб бўлгандир.

2. Яна бир бошқа ҳадисларда эса қуён гўшти ҳаром қилинганининг сабаби унинг мушук ва йиртқич ҳайвонларга ўхшаш тирноқ ва санчқига эга экани, тирноқ ва санчқиси бор ҳайвонларнинг гўшти ҳаром қилингани айтилган. Мўминлар амири Али (алайҳис салом) айтадилар:

وَ عَنْ أَمِيرِ الْمُؤْمِنِينَ عَلِيٍّ عليه السلام أَنَّهُ قَالَ لَا يُؤْكَلُ الذِّئْبُ وَ لَا النَّمِرُ وَ لَا الْفَهْدُ وَ لَا الْأَسَدُ وَ لَا ابْنُ آوِي وَ لَا الدُّبُّ وَ لَا الضَّبُعُ وَ لَا شَيْ‌ءٌ لَهُ مِخْلَبٌ‌

«Бўри, йўлбарс, чита, арслон, шоқол, айиқ ва сиртлонларнинг гўшти ейилмайди ва тирноғи бўлган ҳеч бир ҳайвоннинг ҳам гўшти ейилмайди»

Манба: Қози Нуъмон бин Муҳаммад ат-Тамимий ал-Мағрибий (363-ҳижрий қамарий йилида вафот этган), “Даъоимул ислом” 2-жилд, 123-бет, 420-ҳадис, ношир: Муассасату Олил-Байт (а.с) Қум-Эрон, чоп санаси: 1385-ҳижрий қамарий йили, иккинчи чоп; шунингдек, Шайх Ҳусайн Нурий Табарсий (Муҳаддис Нурий номи билан танилган), “Мустадракул Васоил” 16-жилд, 194-бет, 19559-ҳадис, ношир: Муассасату Олил-Байт (а.с) Қум-Эрон.

Юқоридаги ҳадиси шарифнинг мазмунида ривоят қилинган бир неча ҳадислардан истинбот қилинишича, тирноқ ва санчқиси бўлган ҳайвонларнинг гўштини ейиш ҳаромдир, аммо туёқли ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилиш эса ҳалолдир.

3. Қуён санчқи ва тирноқли ҳайвон бўлиши билан бирга аёлларнинг ҳайз қонига ўхшаш қонга эга бўлгани учун унинг гўшти ҳаромдир. Бу борада саккизинчи имомимиз Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳи салом) айтадилар:

وفي (عيون الأخبار) وفي (العلل) بأسانيد، عن محمد بن سنان، عن الرضا عليه ‌السلام فيما كتب إليه من جواب مسائله في العلل: وحرَّم الأرنب؛ لأنّها بمنزلة السنور، ولها مخاليب كمخاليب السنور وسباع الوحش، فجرت مجراها مع قذرها في نفسها، وما يكون منها من الدم، كما يكون من النساء؛ لأنّها مسخ.

«Қуён гўшти ҳаромдир. Зеро, у мушук кабидир, мушук ва йиртқич ҳайвонларнинг санчқи-тирноғига ўхшаш унинг санчқи-тирноғи бор. Қуёнда аёллар қони сингари қон бор. Чунки, у масх қилингандир».

Манба: Шайх Ҳур Омилий, “Васоил аш-шиъа” китоби, 24-жилд, 109-бет, 30099-ҳадис, ношир: Муассасату Олил-Байт (а.с) Қум-Эрон, чоп санаси: 1409-ҳижрий қамарий йили.

Юқорида айтилганларга қўшимча қилиб шуни ҳам айтмоқлик лозимки, намозхоннинг кийими ҳақида ривоят қилинган ҳадисларда қуён жунидан тайёрланган кийим билан ўқилган намоз ботил деб айтилган. Ҳатто намозхоннинг кийимида қуённинг туки бўлса, унинг ўқиган намози ботил бўлиши ҳам мазкур ҳадисларда айтилган. Келтирилган бу далиллардан қуён гўштини истеъмол қилиш ҳаром эканлиги ва қуён ҳам мушук каби санчқи-тирноқли ҳайвонлар ҳукмига эга экани ошкора исботланади.

Қуён гўштининг тиббиёт илми нуқтаи назаридан инсон соғлиғига зарарлари

Тиббиётда қуён гўшти устида ўтказилган сўнгги текширув ва тадқиқотлар натижасида маълум бўлдики, ошқозон қуён гўштини ҳазм қилиш пайтида организмдаги кўп керакли витаминларни чиқариб ташлайди ва агарда қуён гўштини истеъмол қилиш бир неча марта такрорланиб узлуксиз давом этса, у ҳолда шахс танасига витамин етишмаслиги туфайли турли касалликларга чалинади ва унинг соғлиги хавф остида қолади.

Демак, тиббий нуқтаи назардан ҳам қуён гўштини истеъмол қилиш тақиқланади ва шариати исломияда қуён гўштини ейишнинг ҳаром қилинганини бугунги кунда илм-фан ҳам исботламоқда.

Хулоса ва натижа

Агарчи қуён гўштини истеъмол қилиш Аҳли суннат наздида «Исроилиёт» бўлмиш асоссиз ҳадисларга биноан ҳалол ҳисобланса-да, бироқ Аҳли-Байт мазҳаби наздида эса қуён гўштини истеъмол қилиш мутлақо ҳаромдир ва бу борада ушбу масалага доир ҳадислардан иборат фиқҳий ва шаръий далилларимизни келтирдик ва ҳаттоки бугунги кунда илм-фан ҳам қуён гўштининг инсон соғлиғига зарарли эканини исботлаганини ҳам баён қилдик.

Шубҳасиз, ҳикматли зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг буйруқлар ва тақиқлардан иборат барча ҳукмлари бандаларнинг маслаҳат ва манфаатларига асослангандир. Шунга кўра, Аллоҳ таолони ҳикматли зот деб билганимиз учун Унинг ҳамма ҳукмларига, жумладан сабаб ва фалсафаси бизга номаълум бўлган ҳукмига ҳам бўйин сунишимиз лозим. Шундагина кишининг банда эканлиги намоён бўлади.

Шундай қилиб, агар Аллоҳ таоло бизни бирор амални бажаришга буюрса ва уни бизга вожиб этса, шубҳасиз, унда биз бандалар учун маслаҳат ва манфаат бор бўлиб, унинг нафи ўзимизга қайтади ва агар бизни бирор нарсадан ёки ишдан қайтарса ва уни ҳаром қилса, шубҳасиз, унда биз бандалар учун зарар ва ёмон оқибат бор бўлиб, агар ундан сақланмасак, унинг зарари бизга етади.

Албатта, яна бир бор таъкидлашимиз лозимки, қуён гўшти ҳаром қилинганининг сабаби ва ҳикмати бу ҳақда маъсумлардан ривоят қилинган ҳадисларда баён қилинган. Жумладан, қуённинг масх қилинган ҳайвонлардан экани, санчқи-тирноқли ҳайвонларга кириши, бу ҳайвонда аёлларнинг ҳайз қонига ўхшаш қон борлиги. Агарда ушбу сабаблар баён қилинмаганда ҳам, яна қуён гўштини ейишдан сақланишимиз зарур бўларди. Зероки, қуён ва юқорида айтиб ўтилган ҳайвонлар гўштини истеъмол қилмаслик Аллоҳ таолонинг биз бандаларга бўлган ҳукмидир.


Фойдаланилган манбалар:

[1]. Алмавсуъатул-фиқҳийятул ал-Кувайтийя, 5-жилд, 133-бет:

«الأَرْنَبُ حَلاَلٌ أَکْلُهَا عِنْدَ الْجُمْهُورِ. وَقَدْ صَحَّ عَنْ أَنَسٍ أَنَّهُ قَال: أَنْفَجْنَا أَرْنَبًا فَسَعَى الْقَوْمُ فَلَغَبُوا، فَأَخَذْتُهَا وَجِئْتُ بِهَا أَبَا طَلْحَةَ، فَذَبَحَهَا وَبَعَثَ بِوَرِکِهَا…».

[2]. Имом Хумайний, “Нажотул Ибод” 336-бет; Имом Хумайний, “Тавзийҳул масоил” 2-жилд, 601-бет; Оятуллоҳ Гулпойигоний, “Мажмаъул масоил” 1-жилд, 54-бет; Оятуллоҳ Баҳжат, “Хос масалалар” 2114-масала.

[3]. Шайх Муҳаммад Али Ансорий, “ал-Мавсуъатул фиқҳийя ал-муяссараҳ” 2-жилд, 134-бет:

«يحرم أکل لحم الأرنب عند الفقهاء کافة، وقد ادعى الإجماع عليه جماعة، منهم: السيد المرتضى، والشيخ الطوسي، وصاحب الجواهر. قال الأول: «ومما انفردت به الإمامية: تحريم أکل الثعلب، والأرنب، والضب»، ثم قال: والذي يدل على صحة ما ذهبنا إليه، الإجماع المتردد».

[4]. Шаҳиди Соний, “ар-Равзатул-баҳийяҳ” 5-жилд, 24-бет, Аҳмад Даштий Нажафийнинг тадқиқоти, Қум, Мажмаъул захоирул исломия нашриёти, биринчи чоп, 1429-ҳижрий қамарий.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳазрат Али (а.с) барча Бомдод намозларини жанобат ғусли билан ўқиганларми?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўп ўринларда ҳазрат Али (алайҳис салом) Бомдод намозларининг ҳаммасини жанобат ғусли билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.