Home / Исломда оила / Исломнинг намунали аёли ҳазрат Хадича (с.а)нинг ҳаётига бир нигоҳ

Исломнинг намунали аёли ҳазрат Хадича (с.а)нинг ҳаётига бир нигоҳ

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Рамазон ойининг ўнинчи куни уммул-мўминин (мўминларнинг онаси) Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо)нинг вафот этган кунлари бўлгани сабаб, ушбу муносабат ила пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг биринчи ва вафоли аёллари ҳамда Исломнинг намунали ва ибратли аёли бўлмиш Хадича онамизнинг ҳаёти ва унинг исломдаги улкан хизматлари ҳақида сўз юритиб, бу борада зарур ва ўта аҳамиятли маълумотларни тақдим этмоқчимиз.

Мўътабар ривоятларда айтилишича, Пайғамбаримиз бир куни ерга тўртта чизиқ чизиб: «Бу нима, биласизларми?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир»,-деб жавоб беришди. Шунда Сарвари олам: «Булар жаннатнинг энг афзал аёллари; Ҳадича бинти Ҳувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Имрон ва Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳимдир»,- деб жавоб бердилар.

Хадича онамиз Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг биринчи ва энг суюкли завжалари эди. Хадича ўз замонасининг энг ақлли ва фозила аёлларидан бўлган. Ҳазрат Хадича (саломуллоҳи алайҳо) доимо қариндошларидан ўз ёрдамини аямас, камбағал, муҳтож-фақирларга қўлидан келганича моддий ва маънавий кўмак берарди. Унга Арабистон ярим оролининг бой зодагонлари совчи юбориб, у билан уйланмоқчи бўлишди, лекин ул зот ҳаммани рад этди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) амакилари Абу Толибдан Хадича учун амакиси Амр ибн Асаднинг олдига совчиликка боришларини сўрадилар.

Шундай қилиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) йигитлик чоғларида Хадичага уйландилар. Шубҳасиз, гўзал ахлоқ соҳиби бўлмиш ҳазрат Хадича Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) учун яратилган эди. Ҳазрат Хадича «Қурайш маликаси», «Тоҳира» (Покиза) номларини олган эди. Хадича Қурайш қабиласининг машҳур ва бой аёлларидан эди. У ўзининг маблағидан савдогарларга берар, улар унга мол келтириб беришар эди.

Одамлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пайғамбарликларини инкор қилганларида, ҳазрат Хадича Ул зотга иймон келтирди. Одамлар Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан молини қизғанган вақтида у бузруквор аёл ўзининг мол-мулки билан Пайғамбаримизга мададкор бўлди. Ҳазрат Хадича Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан пайғамбарликларидан аввал ўн беш йил ва пайғамбарлик даврларида эса ўн йил бирга умр кечирди. У бу қисқа даврда ҳақиқатталаб аёллар учун энг яхши намуна эканлигини тўла-тўкис исботлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Хадича тўғрисидаги ўй-фикрлари ҳақ бўлиб чиқди. Чунки, у эркак ва аёллар ичидан биринчи бўлиб Пайғамбаримизнинг чақириқларига ҳеч иккиланмай, «лаббай» деб жавоб берди. Пайғамбаримизнинг Исломга қилган даъватларини тасдиқ этиб, ҳар жиҳатдан ул ҳазратни қўллаб-қувватлади. Қабиласида обрў-эътиборли бўлган Хадичанинг Пайғамбаримизни қўллаб-қувватлаши унинг қабиласига ижобий таъсир кўрсатди.

Шундай қилиб, бу солиҳа ва меҳрибон аёл Пайғамбаримиз билан йигирма беш йил намунали ҳаёт кечирди. То Аллоҳ таоло уни ўз ҳузурига қайтариб олгунига қадар Расулуллоҳга ҳар томонлама ёрдам бериб, ул зотни қўллаб-қувватлаб ўтди. Аллоҳ таоло Исломни ҳимоялаш учун Хадичага моддий ва маънавий бойликларни инъом этди ҳамда Расулининг машаққатли йўлида йўлдош, ҳамкор ва оғир кунида елкадош бўлишини бу бағри кенг аёлга тақдир қилди. Хадича бинти Хувайлид мусулмонларнинг биринчиси эканига барча уламолар иттифоқ қилишган. Ҳазрат Хадича Ислом йўлида улкан хизматлар қилди. Энг олдин ўз уйларини иймон масканига айлантира олди. Хадича онамиз қийинчиликларга сабр-бардош қилишда биринчилар қаторида эди.

Ҳазрат Хадича Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг илк никоҳлаб олган аёли, энг биринчи иймон билан шарафланган уммат ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг орқаларида туриб ҳазрат Али ибн Абу Толиб (алайҳис салом) билар бирга биринчи намоз ўқиган энг бахтли аёл эди. Ҳиро ғоридан дастлабки ваҳий билан қайтган Аллоҳнинг Расули Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан илк бор Қуръон садосини эшитган ҳам Хадича бўлди. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали Хадичага алоҳида салом йўллади. Сарвари олам инсонларнинг қаршиликларига дуч келганларида, таҳқирланганларида ва муборак қалблари маҳзун бўлганида, ул ҳазратга таскин-тасалли бера олган, моли ва жонини Ислом йўлида бахшида эта олган шарафли аёл ҳам ҳазрат Хадича эди.

Ҳазрат Хадича юксак инсоний фазилатлар соҳиби бўлгани сабабли бутун қалби ва вужудини пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га бағишлаган эди. Хадича онамиз Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га буюк хизмат қилди. Ҳазрат Хадича бу қоронғу олам нубувват нури билан чароғон бўлганида, ундан баҳраманд бўлган энг биринчи мусулмондир. У пайғамбарлик белгиларини кўриб, Аллоҳ таоло Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га фақат яхшиликни раво кўриши, ул зотнинг бу ҳолатлари буюк келажак нишонаси эканига ишонар ва бу ишонч Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га чексиз қувват бағишлар эди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нубувват ва пайғамбарлик берилишидан олдин, ҳар йили бир ой давомида Маккадаги ҳаётдан узоқлашиб, Ҳиро ғорида тоат-ибодат билан машғул бўлар эдилар. Тоғдан тушгач, Каъбани тавоф килиб уйга қайтардилар. Бир куни Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бутун вужудлари титраб уйга кириб келдилар ва Хадича онамизга мени ўраб қўйгин,- дедилар. Ҳазрат Хадича нима воқеа юз берганини ул ҳазратдан сўраганларида, Пайғамбаримиз бўлган воқеани айтиб бердилар. Шунда Хадича Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Сабр қилинг, балки бу ҳодиса бир хушхабардур. Чунки, сизнинг тўғрисўз ва ҳалол инсон эканингиз ҳаммага маълум,- деб Сарвари оламнинг кўнгилларини кўтардилар. Сўнгра эса маслаҳат сўраб, амаки ўғиллари Варақа ибн Навфал ҳузурига бордилар. Варақа Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан воқеа тафсилотини эшитгач:

Муборак бўлсин, эй Муҳаммад, бу Мусо (алайҳис салом)га тушган фариштадир ва дарҳақиқат, сиз бу умматнинг Пайғамбари бўлибсиз,- дея нидо қилди. Бу хушхабарни эшитган Хадича дарҳол иймон келтирди. Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, Аллоҳ оятларини тасдиқлаган илк инсон ва илк мусулима аёл ҳазрати Хадича бинти Хувайлид бўлди.

Нубувватнинг еттинчи йили мушриклар томонидан мусулмонлар бани Муталлиб водисида қамал қилиндилар. Уч йил давом этган бу азобли кунларда дарахтларнинг илдизию барглари билан озиқланган мўмин-мусулмонлар қаттиқ ҳолдан тойишди. Қамал тугади, аммо Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га йигирма олти йилга яқин ҳузур-ҳаловатли оила саодатини тақдим этган суюкли завжалари бетоб бўлиб қолди.

Амакилари Абу Толибдан айрилганларига ҳали кўп бўлмаган эди. Бироқ мушрикларнинг тазйиқи кучайган ана шундай оғир кунларда Хадичанинг бемор бўлиши Пайғамбаримизни янада ғамгин қилди. Ҳазрати Хадича Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га сўнгги марта қарадилар. Мўминлар онасининг нигоҳларида соғинч, қайғу ва айрилиқ ҳолати мужассам эди. Бироқ Расуллуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Хадича онамизга жаннатда бирга бўлиш муждасини бердилар. Сарвари оламнинг раҳматга тўла кўз ёшлари оқди. Қалблари чуқур алам билан тўлиб тошди. Сабрли, мукофотларни Аллоҳдан кутувчи мўмина аёл билан видолашаётган пайт эди. Ул ҳазратга ҳамдард бўлиб қизлари Фотима (с) ҳам йиғладилар.

Ҳазрати Хадича ҳижратдан уч йил олдин 65 ёшларида Беъсатнинг 10 йилида Рамазон ойининг ўнинчи кунида бу фоний оламни тарк этдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз қўллари билан Хадичани қабрга қўйдилар ва ҳақларига дуо қилдилар. Ҳазрати Хадича ва Абу Толибнинг вафотлари бир йилда рўй берди. Бутун Қурайш қавми ҳазрат Хадичага ва Абу Толибга аза очди. Бу йўқотишлар Пайғамбаримизга оғир келди. Юзлари қайғуга ботди. Ўша йил «Омул-ҳузн», яъни «Маҳзунлик йили» сифатида Ислом тарихига ҳам умрбод муҳрланди.

Ҳазрати Хадича Аллоҳнинг ҳузурига қайтди. Бироқ унинг хотираси улуғ хонадон аҳллари қалбида ва барча мўминлар юрагида боқий қолди. Хадича онамиз дунё аёлларининг саййидаси ва саййидаларнинг онаси эдилар. У зотга бошқа аёлларга берилмаган бир қанча фазилатлар ато қилинган эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) у кишини гўзал сўзлар ва меҳр-муҳаббат билан тилга олар ва бошқа ҳеч бир аёлни уни мақтагандек мақтамас эдилар. Хадича озод, ҳурмат-эътиборли ҳаёт кечирди ва мўмина ҳолида вафот этди. Пайғамбаримиз бирорта аёлни Хадича каби севмадилар ва умрларининг охиригача Хадичани эслаб, унинг дугоналари ва танишларини ҳам ҳурмат қилиб ўтдилар. Суюкли Пайғамбаримиз умрларининг охиригача Хадичани суйдилар, ундан миннатдор бўлиб, уни эсларидан ҳеч чиқармадилар.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳар гоҳ ҳазрат Хадичани эслаганларида, кўзларига ёш олиб шундай дердилар:

«ما أبدلني اللّه خيرا منها، لقد آمنت بي حين كفر بي‌ الناس، و صدّقتني حين كذّبني الناس و أشركتني في مالها حين حرمني الناس، و رزقني اللّه ولدها، و حرمني ولد غيرها الحديث …»

«Аллоҳ таоло менга Хадичадан яхшисини бермади, одамлар менга куфр келтиришганида, у менга имон келтирди. Одамлар мени ёлғончига чиқаришганида, у мени тасдиқлади. Одамлар мендан ёрдамини дариғ тутганида, у мени ўз молига шерик қилди. Аллоҳ таоло менга бошқа аёллардан эмас, фақат ундан фарзанд ато қилди».

Манба: Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий “Ал-Истийъоб фий маърифатил асҳоб” 4-жилд, 287-бет; Аш-Шайх Мўъмин ибн Ҳасан Мўъмин Аш- Шабланжий “Нурул абсор фий маноқиби олин-Набиййил мухтор” 85 ва 90-бетлар; Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний “Ал-исоба фий тамйизис-саҳобаҳ” 4-жилд, 286 ва 287-бетлар; Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснаду Аҳмад ибн Ҳанбал”, 6-жилд, 117-бет; Ибн Ҳажар Асқалоний “Ал-Исоба фий тамйизис-саҳобаҳ”, 4-жилд, 283-бет; Ибн Асийр Жазарий, “Усдул ғобаҳ фий маърифатис-саҳобаҳ”, 5-жилд, 438-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.