Home / Шариат қонунлари / Рўза / Муборак Рамазон ойи билан видолашув лаҳзалари

Муборак Рамазон ойи билан видолашув лаҳзалари

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Ушбу нуроний лаҳзаларда Аллоҳ таолонинг хос зиёфатига даъват этилган азиз рўзадорларнинг моҳи Рамазони шарифда қилган тоату ибодатлари яратувчи Тангрининг даргоҳига қабул бўлган бўлсин. Азиз рўзадорлар, ўзингизнинг хайрли дуоларингизда бизни ҳам унутманг.

Рамазони шариф ойининг файзу баракали кеча-кундузлари бир-бир ўтиб, бу ғанимат ойнинг сўнгги кунларига ҳам етиб келдик. Аллоҳнинг ойи секин-аста умримизнинг лаҳзаларидан ўтиб кетмоқда. Бу ғанимат лаҳзаларнинг қадр-қиймати нақадар улуғ. Ушбу муқаддас кунлар оз бўлса-да, ҳаётимиз вақту соатларининг қадрига етишни бизга ўргатди.

Инсон умри сония ва лаҳзалар мажмуасидан иборат. Унинг қадрига етиш эса лаҳзаларни ғанимат билишдадир. Аллоҳ таоло инсон учун белгилаган қулай фурсатлардан фойдаланиш ҳам умрдан донолик ва зукколик билан баҳраманд бўлишнинг бир туридир. Ҳаёт кўз ўнгимизда мунтазам тарзда ўтувчи кунлар саналади ва уларнинг ўтиши билан умр ҳам қисқаради.

Умр карвони тезлик билан ўтиб бормоқда ва афсуски, биз ушбу ҳақиқатдан ғофилмиз. Буюклар буюрмишлар: Ҳаётнинг рўзғорини шундай ўтказингким, ўлим вақти етганда ҳасратга ҳожат қолмасин.

Маълумки, бугун ерни экишга тайёрламайдиган, уруғ сепмайдиган ва уни суғормайдиган киши эртага ҳосил ололмайди ҳам. Умримиз чеклангани ҳаммамизга маълум. Шу сабабдан, ушбу қисқа бўлган фурсатдан унумли фойдаланайлик.

Бу муборак ва муқаддас Рамазони ойи  кетиш арафасида. Ибодат, дуо ва муножот ила замин аҳлини само билан пайванд айлаган, одамзодни Аллоҳнинг раҳмат дастурхони четига иззат-икром ила ўтқазган файзли ой бизни тарк этмоқда.

Ҳа, азизлар, бир ой давомида жонларимизга маънавиятнинг хушбўй ҳидини таратган улуғвор меҳмон билан видолашув лаҳзалари етиб келди. Шубҳасиз, Рамазон ойи бандаларга Аллоҳ меҳр-муҳаббатининг жилвасидир. Рўзадорлар бир ой давомида кундузи рўза тутиб, тунларни намоз, дуою муножотда ўтказишди. Токим, қалб ойиналарида Ҳақ таолонинг жилваси тажаллий айласин деб.

Муборак Рамазон ойи Аллоҳ билан боғланиш ёғдусида иймон, тақво ва маънавият билан яшашнинг нақадар лаззатли эканлигини англашимиз учун ўта муносиб фурсат эди. Амалга оширилган эзгу ишларнинг ҳар бири инсоннинг Аллоҳга яқинлашиши учун бир восита эди. Бу яқинликни рўзадор бандалар бир ой давомида тажриба қилиб кўрдилар. Бундай гўзал меҳмонликни Аллоҳ таоло келгуси Рамазони шарифда яна бизга насиб этсин.

Аллоҳнинг раҳмат ва мағфират ойи билан видолашиш бу ой меҳмонлари учун оғирдир.

Аллоҳим, бизга бу фироқ дардига сабр айлаш тавфиғини ато этгин ва чексиз илтифотларинг ила бизни мағфират айлагин!

Аллоҳнинг буюклиги ва азаматини зикр этиб, тўртинчи пешвоимиз имом Зайнулобидин (алайҳис салом)нинг ушбу дуоларини ёдимизга келтирамиз:

«Биз Рамазон ойи билан видолашамиз. Бу ҳолат худди бирор кишидан жудолик буюк ва қийин бўлгани ва унинг кетиши ғамга солиши кабидир. Эй Аллоҳнинг энг буюк ойи, сенга салом бўлсин! Салом сенга эй қадрли дўст! Зеро, сенинг ёнингда қалбларимиз юмшади, меҳрибон бўлди ва гуноҳларимиз сенинг баракотингдан камайди. Алвидо, эй сен туфайли ёмонликлар биздан узоқлашган ва эзгуликлар бизга юз тутган ой! Алвидо. Аллоҳнинг энг буюк ойи ва Худо авлиёларининг ҳайити!»

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.