Home / Шариат қонунлари / Рўза / Рамазон ойининг айрим файзу баракотлари ҳақида

Рамазон ойининг айрим файзу баракотлари ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Рамазон ойининг тароватли шабадасининг эсиши давом этмоқда. Ва бу муборак ой инсоннинг жони ва вужудига тароват ва илҳом бағишлайди. Мана неча кундирки, бу азиз ойнинг файзу-баракотли дастурхони атрофида ўтирибмиз.

Иншо Аллоҳ, тоат-ибодатларингизни Парвардигори карим қабул айлаган бўлсин. Агарчи муборак Рамазон ойининг охирги кунларига яқинлашган бўлсак-да, аммо ҳалигача Рамазон ойининг порлоқ қуёши юракларимиз осмонида ўзининг маънавий нурини сочмоқда.

Рамазон ойи дўстлик ва Аллоҳ таолога яқинлашиш ойидир. Бу муборак ой инфоқ ва хайру эҳсон қилиш ойидир.

Рамазон ойининг кириб келиши билан жонимизга жон, руҳимизга эса руҳ қўшилади. Инсонларнинг қарашлари ўзгаради. Ҳамма жойда меҳрибонликни ҳис этишимиз мумкин.

Шаҳр ва қишлоқларнинг кўча-хиёбонларини кезиб юрганда, махсусан шом ва ифтор азони вақтида инсоннинг руҳига шодлик ва хурсандчилик бағишлайди.

Ҳадиси шарифларда айтилганидек, ҳар бир мусулмон киши ҳатто бир дона хурмо билан бўлса ҳам, рўзадорга ифтор бериш учун шошилиши лозим.

Муборак Рамазон ойида бошқа ойлардан фарқли ўлароқ, меҳрибонлик ва меҳру муҳаббат жуш ўради. Инсонлар бир-бирлари билан яхши ва эзгу муносибатда бўлишга ҳаракат қилишади. Тайёрланган таомлардан ҳамма фойдаланишади. Ҳеч ким бир луқма нон ҳасратида қолмайди.

Рамазон ойи инсонларга яхши дарс беради. Бу ой барча ойлардан ҳам афзалроқдир. Зеро, Рамазон ойи тавба қилиш ва дуоларнинг ижобат бўлиш ойидир. Ана шу ойининг баракоти билан кўп жойларда намозлар ўз вақтида ўқилади.

Келинг, биродарлар, Рамазон ойининг тароватли ва чиройли лаҳзаларидан энг олий шаклда фойдаланайлик. Тоат ва ибодатларимизнинг яхши лаҳзаларида хайрли дуоларимиздан ҳеч кимни маҳрум этмайлик.

Инсон кўпинча ақл ва нафснинг тортишувларига дуч келади. Ўз нафси устидан ғалаба қозонган киши эзгу ва муваффақиятли йўлда муҳим одимлар отади. Бундай вақтда эркин руҳ билан ҳаётнинг ширин лаззатларини татиб кўради.

Бундай кишини бойлик, ризқ ва бошқа масалалар ўзига жалб эта олмайди. Чунки, у фақат ўзи ва ўз эҳтиёжларини бартараф этишни ўйламайди. У жамиятнинг маҳрум бўлиши ва камчиликлари баробарида масъулиятсизлик қилмайди. Аксинча, у бошқаларни қўллаб қуватлайди ва уларга ёрдам қўлини чўзади. Бу эса, биринчи навбатда ўзаро меҳр-муҳаббат ва бир-бирига кўмак бериш руҳиятини вужудга келтиради. Иккинчисидан эса, яхши ва эзгу иш биродарлик ҳиссини туғдиради.

Бу борада қуйидаги ирфоний бир ривоятни нақл қилиш билан мақоламизга якун ясаймиз:

Ислом оламининг буюк орифи Шайх Абу Саид Абулхайр ҳазратлари кунлардан бир куни Тус шаҳрига борди. Халқ Шайхдан нутқ сўзлашни сўради. У қабул қилди. Ҳар томондан халоиқ келиб катта оламон тўпланди.

Абу Саид маъруза қилиш учун минбарга чиққанда, йиғилган одамлардан бири қичқириб деди:

«Ўз жойидан туриб олдинга бир қадам қўйган инсонни Аллоҳ таоло раҳмат этсин.»

Бу сўзларни бошқа кишиларга ҳам жой очиш учун айтган эди у.

Абу Саид Абулхайр бу сўзларни эшитиб маъруза қиладиган минбардан пастга тушди.

Шунда халоиқ деди: «Эй шайх, одамлар яқин ва узоқ жойлардан сизнинг сўзларингизни эшитишга келдилар. Сиз эса ўз жойингизни бушатаяпсиз.»

Шайх деди: «Менинг айтмоқчи бўлган сўзларимни бу киши баланд товуш билан айтди. Барча самовий китоблар, пайғамбарларнинг рисолатлари ва тарғиботчиларнинг сўзлари халқларни бир қадам бўлса-да, олдинга ҳаракат қилиш учун тарғиб-ташвиқ этиш бўлмаганми?»

Абу Саиднинг кўзда тутган мақсади шундан иборат эдики, ҳар бир киши яхши инсон бўлиши учун олдинга қараб одим отиши зарур ва ҳар куни бошқа кунга қараганда инсоний камолотга етиши учун бир қадам бўлса-да, олдинга силжиши лозим.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.