Home / Шариат қонунлари / Рўза / РАМАЗОН ҲАЙИТИ – РЎЗАДОРЛАР ҒАЛАБА ҚОЗОНИШЛАРИНИ НИШОНЛАЙДИГАН КУН

РАМАЗОН ҲАЙИТИ – РЎЗАДОРЛАР ҒАЛАБА ҚОЗОНИШЛАРИНИ НИШОНЛАЙДИГАН КУН

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Моҳи Рамазони шариф ўзининг чексиз фазилати, раҳмати ва файзу баракати билан тез ўтиб кетди. Бугун эса ушбу азиз ойнинг охирги кунида турибмиз. Шундай қилиб, рўзадор кишилар чанқоқлик ва очликнинг оғирлиги билан ўз нафсоний хоҳиш-истаклари, ғазаб ва шаҳватга асосланган мойилликлари устидан ғалаба қозониб, бу ғалабаларини нишонлаш вақти етиб келди.

Ушбу нуроний лаҳзаларда энг чиройли маънавий тажриба орттирган азиз рўздорларга Аллоҳнинг қутлуғи бўлсин. Келинг, бу охирги лаҳзаларда қўлларимизни Аллоҳ таоло томон кўтариб ўттизинчи куннинг дуосини биргаликда холисона ўқайлик:

أَللَّهُمَّ اجْعَلْ صِيَامِي فِيهِ بالشُّكْرِ وَالْقَبُولِ عَلَى ما تَرْضَاهُ ويَرْضَاهُ الرَّسُولُ مُحْكَمَةً فُرُوعُهُ بِالْأُصُولِ بِحَقِّ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ وَآلِهِ الطَّاهِرِينَ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ.

Аллоҳуммажъал сиёми фийҳи би шукри вал қабули ало мо тарзоҳу, ва ярзоҳу аррасул, муҳкаматан фурууҳу бил усули биҳаққи сайидина Муҳаммадин ва Олиҳи тоҳирин, валҳамду лиллаҳи Раббил оламин. *******

«Эй Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммад ва Оли Муҳаммад (с.а.о) ҳақ-ҳурматларига менинг ушбу кунда тутган рўзамни шукрингни бажо келтириш сифатида қабул қилиш билан бир қаторда Ўзинг ва Расулинг рози бўладиган ишда барқарор қил, Ўзингга ҳамду-санолар бўлсин, эй оламлар Парвардигори!»

Ўттиз кун бандаликни бажо келтирганимиздан сўнг, юқори инсоний сифатларга ораста бўлиб, ийдул-фитр, яъни Фитр ва Рамазон ҳайитига етиб келдик. Энди ўз рўзаларимизни очиб Аллоҳ таолога итоат ва бандалик қилиш ойининг охирини ҳайит намозини ўқиш билан нишонлай оламиз!

Нечоғлиқ яхшики, яна ўзимизни гуноҳлардан сақлаб ўзимизнинг ҳақиқий гўзаллигимизга яна чирой қўшдик!

Рамазон ҳайити ўзини тузатиш йўлида муваффақият қозонган ҳамда бир аниқ ва чуқур ўзгариш вужудга келтира олган инсонлар учун улкан байрам ҳисобланади.

Биринчи пешвоимиз ҳазрат Али (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«Фитр байрами тутган рўзалари Аллоҳ таоло даргоҳига қабул бўлган ва кечалари бажо келтирган тоату ибодатларини Аллоҳ таоло ижобат қилган кишиларнинг байрамидир. Инсон Аллоҳ таолога қарши исён ва гуноҳ қилмаган ҳар бир кун байрамдир»

Фитр байрами ва Рамазон ҳайити азиз рўзадорларга қутлуғ бўлсин, деймиз.

Моҳи Рамазони шариф тугаши билан Фитр закотини эҳтиёжмандларга бериш муборак Рамазон ойининг гўзал хусусиятларидан саналанади. Ушбу закот рўза ойи охирга етгани ва Аллоҳ таолонинг маънавий зиёфати ойида Парвардигори каримга тоату ибодат қилганимиз учун шукроналар билдириш мақсадида мўмин ва мусулмонлар томонидан хайру эҳсон қилинадиган буюк ва эзгу бир амал бўлиб, бу билан мискин ва фақир-муҳтожларга байрам кунида ҳамдардлик изҳор этишдир.

Шубҳасиз, Фитр закоти ҳаётида моддий эҳтиёж сезадиган камбағалларга кўмак бўлсин деб мўмин-мусулмонларга шариати исломияда вожиб этилган хайрли ишдир. Ушбу мақсадда ҳар бир мусулмонга рўзғорида ўзи энг кўп истеъмол қиладиган буғдой, гуруж сингари озиқ-овқатдан ёки шунинг ўрнини қоплайдиган маблағни Рамазон ҳайити куни тонгида фақир ва йўқсилларга «фитри рўза» сифатида бериши вожиб қилинган. Фитр закоти имкон қадар ҳайит намозидан олдин жон бошига чиқарилиши шарт. Агар «фитрия»ни ҳайит намозидан олдин яқин атрофида яшовчи эҳтиёжманд кишиларга етказа олмаса, намоз кейин ҳам бериш мумкин.

Ҳақиқатан ҳам «фитрия» тўлаш рўзадор инсоннинг бир ой давомида Аллоҳ таолога итоат ва бандалик қила олганини шукроналар айтиб тантанали нишонлашдир. Ва бу хайрли амал молу мулкка эга бўлган ўзига тўқ кишилар билан кам таъминланган камбағалларнинг ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамлашига сабаб бўлади ва «фитрия» чиқариш рўза тутган ва тутмаганларга баробар ҳолда фарз қилинган.

Исломда фитр закотини чиқариш учун кўп мавридлар белгилаб қўйилган. Жумладан, ҳаётини қийинчилик билан ўтказадиган эҳтиёжманд кишиларга; масжид, мадраса, кўприк, темир йўл ва шифохоналар қуришга ҳамда мусулмонларнинг бошқа оммавий эҳтиёжларини таъминлашга сарфлаш мумкин. Ҳаттоки, фитр закотидан нотўғри ва хилоф тарзда қарз бўлмаган инсонларнинг қарзларини ҳам бериш мумкин.

Аллоҳ таолога яқинлашиш ва Унинг фармонини бажариш ниятида бериладиган фитр закоти маънавиятга етиш учун моддиятдан фойдаланиш ҳисобланади.

Фитр закоти нафсоний ва дунёвий ҳавою ҳавас ва моддиятга берилиб кетишдан сақланиш учун бир машқ ҳисобланади ва мўмин инсон Аллоҳ таолодан ўзга ҳар бир нарсага боғланиб қолишдан озод бўлиб, доимо Парвардигори карим томон ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло муборак Аъло сурасининг 14 ва 15-оятларида шундай маҳамат қилади:

قَدْ أَفْلَحَ مَن تَزَكَّىٰ ﴿١٤﴾ وَذَكَرَ اسْمَ رَبِّهِ فَصَلَّىٰ ﴿١٥

«Дарҳақиқат, куфру исёндан пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган ҳар бир киши нажот топгандир».

Фитр закотини тўлаш ушбу оятнинг намуналаридан биридир. Ривоятларда келтиришларича, Расули Акрам (саллалоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Рамазон ҳайити кунларида масжидга боришдан олдин «фитри рўза»ни берардилар ва сўнгра Аъло сурасининг юқоридаги икки оятини ўқирдилар.

Фитр байрами Аллоҳ таоло билан аҳду паймон қилиб парҳезкорлик ва ҳидоят йўлида қолиш вақтидир. Ҳар ким бу кунда рўза ойи давомида касб этган маърифат ва поклик даражасига қараб Парвардигори карим билан алоқа ўрнатади.

Рамазон ҳайити маънавий юксалиш ва камолотга етиш учун янги бир фаслдир. Бу файзли кунда Аллоҳ таолодан энг яхши ажр-мукофот беришини сўраймиз.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.