Home / Шариат қонунлари / Рўза / Рўзадорнинг қадри ва мартабаси

Рўзадорнинг қадри ва мартабаси

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Шубҳасиз, рўзадор киши Рамазон ойида рўза тутиши билан жисмоний соғломликни қўлга киритиши билан бирга улкан маънавий ютуқларга эришади. Жумладан, Аллоҳ таолонинг бу ойдаги махсус Раҳмат ва Мағфирати рўзадор кишиларни ўз ичига қамраб олиб, улар гуноҳлари кечирилган ва покиза ҳолда Худонинг бу муборак ойи билан видолашадилар. Рўзадор кишиларнинг бу ойда қилган дуолари Парвардигори олам томонидан ижобат қилинади. Ва шулар каби рўзадорлар учун белгиланган кўплаб қадру мартабалар бор бўлиб, уларни пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг зурриётларидан бўлган ўн икки маъсум имомларимиздан ривоят қилинган ҳадиси шарифлардан билиб оламиз:

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) «Тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамду сано айтувчилар, саёҳат қилувчилар» деб айтилган ояти карима ҳақида айта туриб шундай марҳамат қилдилар:

قال رسول الله‏ صلى الله عليه وآله ـ في قَولِهِ تَعالى: «التَّـائبُونَ الْعَـابِدُونَ الْحَـامِدُونَ السَّـائِحُونَ»- : السّائِحونَ هُمُ الصّائِمونَ.

«Бу оятдаги «саёҳат қилувчилар» айнан ўша рўзадорлардир»

في الحديث: «سياحة هذه الاُمّة الصيام»، قيل للصائم: سائِحٌ؛ لأنّ الّذي يسيح في الأرض متعبّد يسيح ولا زاد له ولا ماء، فحين يجد يطعم. والصائم يمضي نهاره لا يأكل ولا يشرب شيئاً فشُبّه به

Бошқа бир ҳадисда: «Бу умматнинг саёҳати рўза тутишдир» дейилган. Рўзадорга саёҳат қилувчи деб айтилган. Зеро, рўзадор киши худди еб-ичадиган озуқасини хуржунига солиб олмаган, топганда ейдиган саёҳатчига ўхшайди. Рўзадор ҳам шунга ўхшаб еб ичишдан тийилади.

Манба: Шайх Кулайний, “Ал-Кофий”, 5-жилд, 15-бет, 1-ҳадис; Шайх Тусий “Таҳзийбул-аҳком” 6-жилд, 130-бет, 224-ҳадис; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 69-жилд, 356-бет; Муттақий ал-Ҳиндий “Канзул уммол” 2-жилд, 7-бет, 2904-ҳадис; Ҳоким Нисобурий, “Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн” 2-жилд, 365-бет, 3288-ҳадис.

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтадилар:

قال رسول الله‏ صلى الله عليه و‏آله: إنَّ للهِ مَائِدَةً عَلَيْهَا ما لا عَيْنٌ رَأَتْ، وَلا اُذُنٌ سَمِعَتْ، وَلا خَطَرَ عَلى قَلْبِ بَشَرٍ، لا يَقْعُدُ عَلَيْهَا إلاَّ الصَّائِمُونَ

«Аллоҳ таоло тайёрлаб қўйган шундай бир дастурхон борки, унда кўз кўриб қулоқ эшитмаган ва инсон ақлига келмаган ноз-неъматлар мавжуддир. Бу дастурхон атрофига эса фақат рўзадорлар ўтирадилар.»

Манба: Табароний, “Ал-Муъжамул авсат”, 9-жилд, 170-бет, 9443-ҳадис; Муттақий ал-Ҳиндий “Канзул уммол” 8-жилд, 452-бет, 23620-ҳадис.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қиладилар:

قال رسول الله‏ صلى الله‏ عليه ‏و‏آله: نَوْمُ الصَّائِمِ عِبَادَةٌ، و نَفَسُهُ تَسْبِيحٌ

«Рўзадорнинг уйқуси ибодат ва нафаси эса тасбеҳдир»

Манба: Шайх Садуқ, “Савобул-аъмол ва иқобул-аъмол”, 75-бет, 2-ҳадис; Абу Аббос Абдуллоҳ ибн Жаъфар ал-Ҳимярий “Қурбул-иснод” 95-бет, 324-ҳадис.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтадилар:

قال رسول الله‏ صلى الله عليه و‏آله: نَوْمُ الصَّائِمِ عِبَادَةٌ، و صَمْتُهُ تَسْبِيحٌ، و عَمَلُهُ مُضَاعَفٌ، و دُعَاؤُهُ مُسْتَجَابٌ، و ذَنبُهُ مَغْفُورٌ

«Рўзадорнинг уйқуси ибодат ва сукути эса тасбеҳдир. Амалининг савоби бир неча баробар, дуолари ижобат қилинган ва гуноҳлари эса кечирилгандир»

Манба: Шайх Садуқ, “Савобул-аъмол ва иқобул-аъмол”, 75-бет, 3-ҳадис; “Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ” 2-жилд, 76-бет, 1783-ҳадис; Байҳақий, “Шўъбул иймон” 3-жилд, 415-бет, 3937 ва 3939-ҳадислар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилиб айтадилар:

قال رسول الله‏ صلى الله عليه و‏آله: إنَّ الصَّائِمَ لا يَجْرِي عَلَيْهِ الْقَلَمُ حَتَّى يُفْطِرَ، مَا لَمْ يَأْتِ بِشَيْءٍ يَنْقُضُ

«Рўзадор ифтор қилмагунига қадар гуноҳлари номаи аъмолига ёзилмайди, модомики, рўзани бузадиган ишни қилмаган бўлса.»

Манба: Шайх Садуқ, “Фазоилул ашҳурис-салосаҳ” 55-бет, 33-ҳадис ва 116-бет, 111-ҳадис.

Ҳадиснинг тўғри маъноси шуки, рўзадор рўза тутгани учун гуноҳ ишлардан тийилади ва натижада ҳеч бир гуноҳ унга ёзилмайди. Лекин ҳадисни «Гуноҳ қилса бўлаверар экан, барибир гуноҳ рўзадорга ёзилмайди», деб тушуниш тўғри эмас.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай дедилар:

قال رسول الله صلى الله عليه و‏آله: لِلصَّائِمِ فَرْحَتَانِ: فَرْحَةٌ عِندَ فِطْرِهِ، و فَرْحَةٌ يَوْمَ القِيَامَةِ، يُنَادِي الْمُنَادِي: «أَيْنَ الظّامِئَةُ أَكْبَادُهُم؟ وعِزَّتي، لَأُرْوِيَنَّهُمُ الْيَوْمَ.

«Рўзадор учун икки карра хурсандчилик бор. Бир марта ифтор қилаётган чоғида ва иккинчиси эса Қиёмат кунида нидо қилувчи: «Эй Аллоҳ йўлида ташналик ва очлик таъсирида жигарлари куйган бандаларим. Иззатимга қасам ичиб айтаманки, албатта, бугун сизларни сувга қондиргайман»,-деб нидо қилганида»

Манба: Табароний, “Ал-Муъжамул авсат”, 9-жилд, 170-бет, 9443-ҳадис; Муттақий ал-Ҳиндий “Канзул уммол” 8-жилд, 452-бет, 23620-ҳадис; “Муснаду Зайд ибн Али” 203-бет.

قال رسول الله صلى الله عليه و‏آله: وَالَّذي نَفْسِي بِيَدِهِ، لَخَلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِندَ الله ِتَعالى مِن رِيحِ الْمِسْكِ

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга онт бўлсинки, рўзадорнинг оғзидан келадиган бадбўй ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк ҳидидан кўра хушбўйроқдир»,-дедилар.

Манба: Ал-Бухорий, “Ал-Жомиъус-саҳийҳ” ёки “Саҳиҳул Бухорий” 2-жилд, 670-бет, 1795-ҳадис; Муслим ибн Ҳажож, “Саҳиҳул Муслим” 2-жилд, 807-бет, 164-ҳадис; Термизий, “Ал-Жомиъус-саҳийҳ” ёки “Сунани Термизий” 3-жилд, 136-бет, 764-ҳадис; Шайх Садуқ, “Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ” 2-жилд, 75-бет, 1773-ҳадис; “Ал-Хисол” 45-бет, 42-ҳадис.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилиб дедилар:

قال رسول الله صلى الله عليه و‏آله: ثَلاثُ دَعَواتٍ مُستَجاباتٌ: دَعْوَةُ الصَّائِمِ، و دَعْوَةُ المُسَافِرِ، و دَعْوَةُ المَظلُومِ

«Уч тоифа одамнинг дуоси ижобат бўлур: Рўзадорнинг, мусофирнинг ва мазлумнинг дуоси»

Манба: Шайх Садуқ, “Фазоилул ашҳурис-салосаҳ” 143-бет, 157-ҳадис.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилдилар:

قال رسول الله صلى الله عليه و‏آله: ما مِن يومٍ إلاّ و مَلَكٌ يُنَادِي فِي المَقابِرِ: مَنْ تَغبِطونَ؟ فَيَقُولُونَ: أَهْلَ المَساجِدِ؛ يصَلُّونَ ولا نَقْدِرُ، و يَصُومُونَ ولا نَقْدِرُ

«Рамазон ойининг ҳар бир кунида бир фаришта қабристонларга бориб: Кимга нисбатан ҳавас билан қарайсизлар?-деб сўрайди. Шунда қабрдагилар: «Масжидларга борадиган ва намоз ўқийдиганларга, бизлар бу ишни қила олмаймиз. Яна рўза тутадиганларга ҳавасимиз келади ва бунга ҳам биз қодир эмасмиз»,-деб жавоб беришади»

Манба: Муҳаддис Нурий, “Мустадракул васоил” 3-жилд, 363-бет, 3786-ҳадис.

Олтинчи пешвоимиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) айтадилар:

قال الامام الصادق عليه السلام: مَن صَامَ للهِ عَزَّ و جَلَّ يَوْماً في شِدَّةِ الحَرِّ فَأَصَابَهُ ظَمَأٌ، وَكَّلَ اللهُ بِهِ أَلْفَ مَلَكٍ يَمْسَحُونَ وَجْهَهُ و يُبَشِّرُونَهُ، حَتَّى إِذَا أَفْطَرَ قَالَ اللهُ عَزَّ و جَلَّ لَهُ: «مَا أَطْيَبَ رِيحَكَ و رَوْحَكَ ! مَلائِكَتِي، اشْهَدُوا أَنِّي قَدْ غَفَرْتُ لَهُ

«Кимки, куннинг иссиқ кунида Аллоҳ таоло учун рўза тутиб чанқоқликка учраса, Худо ҳам мингта фариштани ўша бандаси учун тайинлаб қўяди, улар унинг юзини силаб: «Жаннат башорати сенга муборак бўлсин»,-дея унга башорат бергайлар. Ифтор вақти етиб келганида эса, Аллоҳ таоло фаришталарга қараб: «Эй фаришталарим, гувоҳ бўлингизким, Мен бу бандамнинг қилган гуноҳларидан кечдим. Эй бандам, сендан таралаётган ҳид нақадар хушбўй ва яхши!»,-деб айтади»

Манба: Шайх Кулайний, “Ал-Кофий”, 4-жилд, 64-бет, 8-ҳадис ва 65-бет, 17-ҳадис; Шайх Садуқ, “Савобул-аъмол ва иқобул-аъмол”, 76-бет, 1-ҳадис; “Ал-Амолий” 683-бет, 935-ҳадис; “Фазоилул ашҳурис-салосаҳ” 120-бет, 119-ҳадис; “Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ” 2-жилд, 76-бет, 1781-ҳадис; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 96-жилд, 247-бет, 5-ҳадис.

Сўзимиз ниҳоясида шуни ҳам таъкидлаб айтишимиз лозимки, рўзадор киши егувлик ва ичгувликлардан сақланиши билан бирга тилини, фаржини (жинсий аъзосини) ва қўлини гуноҳ ишлардан ва одамларга зарар етказишдан тийса, ана ўшандагина рўзадор ҳақида юқорида айтилган юксак қадр ва мартабаларга эришади. Сарвари оламнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари сўзимизнинг исботидир:

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилдилар:

قال رسول الله صلى الله عليه و‏آله: مَن صامَ شَهرَ رَمَضانَ فَحَفِظَ فَرجَهُ ولِسانَهُ وكَفَّ أذاهُ عَنِ النّاسِ، غَفَرَ اللّه ُ لَهُ ذُنوبَهُ ما تَقَدَّمَ مِنها وما تَأَخَّرَ، وأعتَقَهُ مِنَ النّارِ، وأحَلَّهُ دارَ القَرارِ.

«Кимда-ким Рамазон ойида рўза тутиб, фаржини (жинсий аъзосини) ва тилини тийиб, одамларга азият-озор етказишдан сақланса, Аллоҳ таоло унинг олдин қилиб қўйган гуноҳларини ва кейин ҳам қилиши мумкин бўлган гуноҳларини кечирур, уни дўзах оловидан озод этур ва қароргоҳ диёри бўлмиш беҳиштга дохил қилур»

Манба: Шайх Садуқ, “Ал-Амолий” 71-бет, 38-ҳадис; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 96-жилд, 356-бет, 24-ҳадис.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.