Home / Шариат қонунлари / Рўза / Рўзанинг фазилатлари ҳақида

Рўзанинг фазилатлари ҳақида

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Рамазон ойида рўза тутиш Ислом динида вожиб қилинган ўта аҳамиятли ва улкан амал бўлиб, ушбу амалнинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг зурриётларидан бўлган ўн икки маъсум имомларимиздан ривоят қилинган. Уларнинг баъзиларини бу ерда кўздан кечирамиз:

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилиб дедилар:

قال رسول الله‏ صلى الله عليه و‏آله: جَعَلَ اللهُ قُرَّةَ عَيْني فِي الصَّلَوةِ وَالصَّوْمِ

«Аллоҳ таоло кўзим нурини намоз ва рўзада қилиб қўйди»

Манба: Разиюддин Абу Наср ал-Ҳасан ибн ал-Фазл Табарсий, “Макоримул ахлоқ” 1-жилд, 34-бет, Байрут нашри; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 16-жилд, 249-бет.

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилдилар:

قال رسول الله‏ صلى الله عليه و‏آله: قَالَ حَبِيبي جَبْرَئيلُ: إنَّ مَثَلَ هذَا الدِّينِ كَمَثَل شَجَرَةٍ ثَابِتَةٍ؛ الإِيمانُ أَصْلُهَا، وَالصَّلَوةُ عُرُوقُها، وَالزَّكَوةُ مَاؤُها، وَالصَّومُ سَعَفُها

«Ҳабибим бўлмиш Жаброил (алайҳис салом) менга деди: Бу дин (Ислом) бамисоли бир бақувват дарахт кабидир. Иймон унинг илдизи бўлса, намоз унинг томирлари, закот унинг танасида ҳаракатланаётган суви ва рўза эса унинг шоху баргларидир»

Манба: Шайх Садуқ, “Илалуш-Шаройиъ” 249-бет, 5-ҳадис; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 6-жилд, 109-бет, 2-ҳадис.

Олтинчи пешвоимиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) шундай дедилар:

قال الإمام الصادق عليه السلام: ثَلاثَةٌ مِن رَوْحِ اللهِ: التَّهَجُّدُ فِي اللَّيْلِ بِالصَّلَوةِ، و لِقاءُ الإِخْوَانِ، وَالصَّوْمُ

«Уч нарса Аллоҳ таолонинг раҳматидандандир: Кечалари таҳажжуд намозини ўқиш, диний биродарлар билан мулоқот қилиш ва рўза тутиш.»

Манба: Шайх Тусий, “Ал-Амолий” 172-бет, 291-ҳадис; Қози Нуъмон бин Муҳаммад ат-Тамимий ал-Мағрибий, “Даъоимул ислом” 1-жилд, 269-бет; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 96-жилд, 257-бет, 41-ҳадис.

Ҳазрат Луқмон ўз ўғлига насиҳат қила туриб шундай деди:

قال لقمان عليه السلام ـ في مَوعِظَتِهِ لاِبنِهِ ـ يا بُنَيَّ، السَّفينَةُ إِيمَانٌ، و شِراعُهَا التَّوَكُّلُ، و سُكّانُهَا الصَّبر،ُ و مَجَاذِيفُهَا الصَّومُ وَالصَّلَوةُ وَالزَّكَوةُ

«Эй Ўғлим, иймон бир кема бўлса, Аллоҳга таваккул қилиш унинг елкани, унга минганлар сабр ва унинг эшкаклари эса рўза, намоз ва закотдир»

Манба: Шайх Муфид, “Ал-Ихтисос” 336-бет; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 13-жилд, 427-бет, 22-ҳадис.

Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилиб дедилар:

قال رسول الله‏ صلى الله عليه و‏آله: قالَ اللهُ عَزَّ و جَلَّ: «الصَّوْمُ لي، و أنَا أَجْزِي بِهِ»

«Аллоҳ таоло айтди: Рўза мен учундир ва Менинг Ўзим унинг ажрини бераман.»

Манба: Шайх Тусий “Таҳзийбул-аҳком” 4-жилд, 152-бет, 420-ҳадис; Шайх Садуқ, “Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ” 2-жилд, 75-бет, 1773-ҳадис; Шайх Кулайний, “Ал-Кофий”, 4-жилд, 63-бет, 6-ҳадис; Ал-Бухорий, “Ал-Жомиъус-саҳийҳ” ёки “Саҳиҳул Бухорий” 6-жилд, 2723-бет, 7054-ҳадис.

Ҳазрат Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай дедилар:

قال رسول الله‏ صلى الله عليه و‏آله: كُلُّ عَمَلِ ابنِ آدَمَ يضاعَفُ؛ الْحَسَنَةُ عَشرُ أَمْثَالِها إِلَى سَبْعِمِئَةِ ضِعْفٍ، قالَ ‏اللهُ عَزَّ و جَلَّ: «إلاَّ الصَّوْمَ فَإِنَّهُ لي، و أنَا أَجْزِي بِهِ، يَدَعُ شَهْوَتَهُ و طَعَامَهُ مِن أَجْلِي»

«Одамзот қилган солиҳ амалининг ажри ўн баробардан етти юз баробаргача ортириб берилади. (Аммо рўзанинг ажри эса бундан мустаснодир.) Зеро, Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат қилади: Дарҳақиқат, рўза Мен учундир ва унинг ажрини Менинг Ўзим (махсусан зиёда қилиб) берурман. Ахир рўзадор Менинг ризолигим учун шаҳватини ва кўнгли истган таомни четга суриб қўяди.»

Манба: Муслим ибн Ҳажож, “Саҳиҳул Муслим” 2-жилд, 807-бет, 164-ҳадис; Термизий, “Ал-Жомиъус-саҳийҳ” ёки “Сунани Термизий” 3-жилд, 136-бет, 764-ҳадис; Ибн Можаҳ, “Ас-Сунан” 2-жилд, 1256-бет, 3823-ҳадис.

Хотамул анбиё ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилиб дедилар:

قال رسول الله‏ صلى الله عليه و‏آله: قالَ الله‏ ـ تَبارَكَ و تَعالى ـ : «كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ هُوَ لَهُ غَيْرَ الصِّيامِ؛ هُوَ لي، و أنَا أَجْزِي بِهِ والصِّيامُ جُنَّةُ الْعَبْدِ الْمُؤْمِنِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَمَا يَقِي أَحَدَكُم سِلاحُهُ فِي الدُّنيا»

«Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилди: Одамзотнинг қилган ҳар бир амали ўзи учундир, илло унинг тутган рўзаси бундан мустанодир; (зеро) бу амал Мен учундир. Унинг ажрини Менинг Ўзим бергайман. Мўмин одамнинг тутган рўзаси қиёмат кунида унинг қалқонидир, худди қурол бу дунёда сизлардан бирортангизни сақлагани сингари»

Манба: Шайх Садуқ, “Ал-Хисол” 45-бет, 42-ҳадис; “Фазоилул ашҳурис-салосаҳ” 134-бет, 142-ҳадис; Ал-Фаттол Нисобурий, “Равзатул-воъизийн” 349 ва 383-бетлар; Муттақий ал-Ҳиндий “Канзул уммол” 8-жилд, 450-бет, 23609-ҳадис.

Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтадилар:

قال رسول الله‏ صلى ‏الله‏ عليه ‏و‏آله: عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ؛ فَإِنَّهُ مَحْضٌ

«Рўза тутинглар. Зероки, у асл ибодатлардандир»

Манба: Шайх Садуқ, “Ал-Хисол” 45-бет, 42-ҳадис; “Фазоилул ашҳурис-салосаҳ” 134-бет, 142-ҳадис; Ал-Фаттол Нисобурий, “Равзатул-воъизийн” 349 ва 383-бетлар.

Мўминлар амири бўлмиш биринчи пешвоимиз имом Али (алайҳис салом) айтадилар:

قال الإمام عَلِيٌّ عليه‏ السلام ـ فِي الحِكَمِ المَنسوبَةِ إلَيْهِ ـ الصَّوْمُ عِبادَةٌ بَيْنَ الْعَبْدِ و خَالِقِهِ، لا يَطَّلِعُ عَلَيْهَا غَيْرُهُ، و كَذَلِكَ لا يُجَازِي عَنْهَا غَيْرُهُ

«Рўза – бу банда билан Яратувчининг ўртасидаги ибодатдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ушбу амалдан огоҳ бўла олмайди ва шунингдек, рўзанинг ажр-савобини ҳам Аллоҳдан ўзга ҳеч ким бермагай»

Манба: Ибн Абил Ҳадид, “Шарҳи Наҳжул Балоға” 20-жилд, 296-бет, 385-ҳадис.

«Рўза Мен учундир» жумласининг изоҳи;

Абу Ҳомид Ғаззолий бу ҳадиснинг шарҳида айтади: Ҳамма ибодатлар ҳам Аллоҳ учундир, лекин айнан рўзанинг Аллоҳ учун деб таъкидланиши худди Каъбатуллоҳни Аллоҳнинг уйи деб айтганимизга ўхшайди. Зероки, барча мавжудот, жумладан еру осмон Аллоҳникидир, нафақат Каъба. Бу ўринда ҳадисни икки маънода шарҳлашимиз мумкин.

Бири шундан иборатки, рўза тутувчининг нақадар рўза тутаётганлиги ҳақида фақат Аллоҳдан бошқаси била олмайди ва бу амални бировларга риё қилиб кўрсатиб бўлмайди. Ҳолбуки, бошқа ибодатларни одамлар кўришлари мумкин, лекин рўзани эса бошқалар кўра олмайдилар.

Иккинчидан эса, рўза Аллоҳнинг душманини синдирувчи энг кучли қуроллардандир. Аллоҳнинг душмани Шайтон бўлиб, унинг кучли қуроли эса шаҳватдир. Рўзада эса мусулмонлар ўзларини ҳар қандай шаҳватдан тиядилар ва бу билан Шайтонни қуролсизлантириб қўядилар. Шайтонни нобуд қилувчи ибодат эса Аллоҳники ва Унга хос бўлишга муносибдир. Бу ўринда рўза биринчи ўринда туради. Яна бир ҳадисда «Шайтон одамзоднинг қонида оқиб юради, шунинг учун вақти-вақти билан оч бўлиб (рўза тутиб) Шайтоннинг ҳолини танг қилиб қўйинглар»-, дейилган.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.