Home / Шариат қонунлари / Рўза / Рўза тутишнинг самара ва баракотлари ҳақида

Рўза тутишнинг самара ва баракотлари ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муборак Рамазон ойининг муқаддас ва руҳоний лаҳзалари зудлик билан ўтмоқда ва ушбу муборак ойда ҳар бир мўмин инсоннинг вужуди илоҳий ва латиф дарахтларнинг шохларидан раҳмат ва баракот меваларини теради. Рамазон ойида ер юзидаги инсонларга бир латофатли шабада эсади ва ҳар бир инсон эса ўзини ушбу раҳмоний шабаданинг силаши баробарида қўймоғи даркор. Дуолар ижобат бўладиган бу нуроний, азиз ва муборак ойда ҳаммамизнинг эгамиз бўлмиш Аллоҳ таолодан бизга тавфиқ беришини сўраб, Унга илтижо қилиб деймиз: Фақат Сенга таянамиз ва фақат Сендангина мадад сўраймиз!

Тоат-ибодат пайида бўлган мўминлар Парвардигордан ҳамиша Унгагина бандалик қилишга тавфиқ беришини сўрайдилар. Улар ягона Яратгувчидан ижобий ва эзгу хайрли ишларни амалга ошириш ва инсоний камолот йўлида юксак ютуқларни қўлга киритиш учун ташқи шароит ҳамда руҳий ҳолатларни яратиб беришини сўрашади.

Инсон Парвардигорини унитишидан ҳамда ғафлатда қолишидан келиб чиқадиган худбинлик ва ғурурга гирифтор бўлмаслиги учун Раббини доимо ёдга олиб Унинг томон юзланиши лозимдир. Ҳа, ҳар қанча инсон ахлоқий разилликлардан узоқлашса ва маънавий фазилатларни касб этса, Аллоҳ таоло шунча мувафаққиятларга эришишни унга насиб айлайди ва камолотнинг энг юқори даражаларига етиш учун унга кўмак беради.

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Шаъбон ойининг охирги жума кунида муборак Рамазон ойининг азаматини баён этувчи хутбани ўқидилар. Биз бу ерда нафсларга кўпроқ таъсир этсин деб ушбу хутбанинг баъзи қисмларини келтирамиз:

«Эй халойиқ, Рамазон ойи шундай ойдирки, унинг бошланиши раҳмат, ўртаси мағфират ва охири эса жаҳаннам оловидан қутилишдир… Ва бу ой сабр ойидир. Сабр-тоқатнинг савоби эса жаннатдир. Бу ой поклик ва софлик ойидир ва мўминнинг ризқи зиёда бўладиган ойдир.»

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан Рамазон ойи қандай ой деб сўралганда, ул ҳазрат шундай жавоб бердилар:

«Рамазон бошқа ойлардан кўра афзал ва шарофатлироқ ойдир. Гуноҳлар кечириладиган ойдир. Шайтон мағлуб бўлиб, унда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари эса ёпиладиган ойдир.»

Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай дедилар:

«Рўза жаҳаннам оловидан қутқарадиган ва мудофаа қилувчи қалқондир»

Инсон ҳақиқий тавба қилиш билан инсоний камолотнинг шундай бир поғонасига етадики, нафақат амалда, балки фикр ва юрагида ҳам гуноҳ содир этишга ўзидан мойиллик кўрсатмайди. Ҳаттоки, бирон-бир гуноҳга йўлиқишни тасаввур этиш ҳам у учун аччиқ ва қўрқинчли туюлади. Бинобарин, тавба қилиш инсоннинг ботинида вужудга келадиган ички бир ўзгариш ҳисобланиб, унинг руҳияти ва хатти-ҳаракатларини ўзгартириб юборади. Бу ўзгаришларнинг таъсири эса шахснинг муомаласию юриш-туришида ҳам намоён бўлади. Натижада, у эзгу ва солиҳ амалларни бажаришга интилади.

Аллоҳ таоло наздида рўзанинг қабул бўладиган томони шундаки, рўза тутувчи киши ичимлик ва овқат ейишдан ўзини тийиши билан бирга, гуноҳ ва ёмон ишлардан тил, оғиз, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларини сақлаши зарур. Агар рўза тутувчи шахс ўз сўзи ва хатти-ҳаракатларини назорат қилмаса, рўзаси мукаммал бўлмайди.

Рўзанинг ажр-мукофоти, қадри ва мартабаси ҳақида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қиладилар:

«Сизлардан бирор киши рўза тутган бўлса, беҳуда ва ёмон сўзларни сўзламаслиги, жанжал ва уруш қилмаслиги лозим. Агар бирор киши у билан жанжал қилса, нотўғри ва ёмон сўзлар айтса, унга мен рўзадорман деб жавоб қайтарсин!»

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ БОШҚА КЕЧАЛАРДАН УСТУНЛИ ҲАҚИДА

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечасининг бошқа кечалардан устунлигини қуйидаги ишларда кўриш мумкин: 1. Қадр кечасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.