Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / Фарзандларимизга қандай исм қўймоғимиз лозим?

Фарзандларимизга қандай исм қўймоғимиз лозим?

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Ислом дини нуқтаи назаридан исм қўйиш ҳақида сўз юритар эканмиз, дастлаб эътиборингизни қуйидаги ҳадиси шарифга қаратамиз:

قالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ أوَّلَ مايَنْحَلُّ أَحَدُكَمْ وَلَدَهُ الْاسْمُ الْحَسَنُ

Жаноби Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қиладилар:

«Ота-онанинг фарзандига нисбатан қиладиган илк хайрли иши – бу унга яхши исм қўйишидир».

Манба: Ал-Кофий, 6-жилд; Васоилуш-шиа, 15-жилд, 115-бет.

Исм қўйиш ва турли номлар билан аташ инсонларнинг ҳаётида азалдан бўлган ва ҳозирга қадар улкан аҳамиятга эга. Ҳаттоки баъзи жонзотларнинг номлари уларнинг табиатдаги овозлари билан боғлиқ бўлгандир. Масалан; қурбақа, чигиртка ва бошқа номлар уларнинг сайрашидан келиб чиққан.

Қадимги замонлардан бери одамларнинг исмлари уларнинг туғилган жойи, вақти, табиий шароити ва турли худоларнинг номи билан аталган. Кейинроқ эса одамлар ўзларининг қабила раҳбарлари ва буюк вакилларининг номларини ҳам исм қилиб танлаш урф-одатга айланди.

Мисол учун бизнинг миллатимизда Юлдуз, Офтоб, Гулбаҳор, Меҳри, Гулноз, Темир, Тошпўлат, Маҳкам, Йўлчи каби исм қўйиш кенг тарқалган. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос хусусиятига асосан исм қўйилган.

Аҳмад бин Ҳайсам саккизинчи пешвоимиз имом Ризо (алайҳис салом)га қуйидаги савол билан мурожаат қилди:

Нима учун араблар болаларига Калб (ит), Фаҳд (қоплон), Намер (йўлбарс) деб исм қўйишган?

Имом Ризо (алайҳис салом) унга жавобан дедилар:

«Қадимдан араблар жангчи бўлишган ва жангарилик сифатларини юқори баҳолашган, шунинг учун фарзандлари бундай сифатларга эга бўлсин деб ният қилган ҳолда шунақа (ҳайвонларга хос) исмларни танлашган».

Инсоннинг исми унинг хулқ-атворига таъсир қилувчи кучга эга. Масалан, яхши исм ўз эгасидан шу номга мос бўлишни тақозо этади ва одам шунга қараб интилади. Аксинча, таҳқир қилувчи ёмон исмлар эса одамни салбий тарафга етаклагандек бўлади. Мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) яхши исм танлаш ҳақида айтадилар:

قَالَ عَلِيٌّ عَلَيْهِ السَّلام: وَ حَقُّ الْوَلِدِ عَلَي وَالِدِهِ أن يُحْسِنَ اسْمَهُ و يُحْسِنَ أدَبَهُ و يُعَلِّمَهُ الْقُرْآنَ

«Фарзанднинг отадаси зиммасидаги ҳаққи, унга яхши исм қўйиш, уни яхши тарбиялаш ва унга Қуръон ўргатишдир».

Ислом динида яхши исм танлаб қўйишга катта эътибор қаратилган. Ҳужурот сурасида ўзаро лақаб қўйиш ёмон иш деб қораланган ва ёмон от қўйиш ахлоқий таназзул деб қаралган.

Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз даврларида одамларнинг жоҳилият давридаги исмларини ўзгартирган эдилар. Масалан, Умар ибн Хаттоб (иккинчи халифа)нинг бир қизининг исми «Осия» эди. Бунинг маъноси «гуноҳкор» демакдир. Ул ҳазрат бу исмни Жамила, яъни Гўзал деб ўзгартирдилар.

Пайғамбаримиздан яна шундай ҳадис борки, кимда ким тўрт фарзанди бўла туриб улардан бирортасининг исмини пайғамбаримизнинг исмлари, яъни Муҳаммад деб қўймаган бўлса, ул зотга жафо қилган бўлади.

Хуллас калом, фарзандларимиз яхши инсонлар бўлиб етишсин деб яхши ният билан намунали исм қўйишга арзигулик одамлар бор. Мисол учун; пайғамбаримиз, ўн икки имомларимизнинг гўзал исм ва лақаблари, Қуръонда мақталган шахсиятлар, ҳамма пайғамбарлар, ҳазрат Марям ва шунингдек, ҳазрат Хадича ва ҳазрат Фотимаи Заҳро ва бошқа кўп исмларни келтириш мумкин. Аллоҳнинг гўзал исм ва сифатлари ҳам фарзандларимизга муносиб ва чиройли исмлар бўла олади. Албатта, олдига Абду қўшиб айтилса, масалан Абдураҳмон, Абдураҳим, Абду Ғани ва ҳоказолар мақсадга мувофиқ бўлади.

Қандай исм танлаш керак?

Болалар азалдан қизиқувчан бўладилар. Шунинг учун улар сўзсиз ўз исмларининг маъносини билишни истайдилар. Улар атрофидагилардан, масалан ўқитувчилардан ёки ўз ота-оналаридан ўз исмининг маъносини сўрайдилар. Агар улардан жавоб олмасалар, луғат китобларига мурожаат қилиб бўлса ҳам, бунинг маъносини билишга ҳаракат қиладилар.

Ростдан ҳам ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, исми Чингиз, Искандар бўлган болалар тарих дарсини ўқишганида ва ушбу исм эгаларининг кўрсатган «каромати» билан танишгач, қай аҳволга тушишларини?!!

Агар дарсда ўқитувчи Искандарнинг ёки Чингизхоннинг тарихда қилган зулму-ситамларидан сўз очадиган бўлса, синфдаги ўқувчилар шу исмга эга бўлган болага қараб кулишади. Шундай ҳолатда ҳалиги боланинг аҳволини тасаввур қилиб кўринг-чи. У ўзининг ота-онасига қандай муносабатда бўларкин? Ота-онасининг унга яхши исм қўймаганлигидан кўнгли ўксимасмикан?

Афсуски, бугунги кунга келиб болага исм қўйишда кам учрайдиган исмларни топишга ҳаракат қилинади. Биринчи ўринда унинг маъносига эмас, балки ўзига хос ва янгича исм бўлишига интилиш ҳолатлари кўп учрайди. Бундай ноёб исмларни болага қўйганда, одамлар бунинг маъноси нима экан? деб қизиқишади.

Баъзи ота-оналар фарзандига исм танлаганда ўртоқлари орасида ажралиб турсин ва янгича исми билан ғурурлансин, дея камёб ва кўпчилик эшитмаган исмларни қўядилар. Лекин бугунги кунда оз ва нодир ҳисобланган исмлар маълум бир муддатдан кейин кўпайиб кетишини ўйламайдилар. Натижада, на яхши маъноли исм қўйган бўладилар, на камёб исм топган бўладилар.

Бугунда кўп учрайдиган хатолардан яна бири – бу фарзанд туғилишидан олдин эмас, балки туғилганидан кейин бу ҳақда бош қотиришга тушишдир. Ана шу шошма-шошарлик оқибатида баъзан номуносиб исмлар қўйилса ажаб эмас.

Ислом динида исм қўйиш ҳақидаги кўрсатмалар

Ислом динида фарзандга исм танлаб қўйиш ҳақида ҳали бола она қорнидалигидаёқ ўйлаб қўймоқ лозим. Ўғил болага ва қиз болага маъноли, муносиб ва чиройли исмни танлаб қўйиш керакки, бола туғилганида ўз исмига эга бўлиб туғилсин.

Ҳазрат Али (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

«Фарзандларингизга она қорнидалиги чоғидаёқ исм қўйинглар. Чунки, (дунёга келмай) нобуд бўлган болалар қиёмат кунида исмсиз қайта тирилиб, ўз ота-оналаридан ҳақларини талаб қиладилар».

«Фиқҳур Ризо»да айтилишича, агар фарзандингизга то туғилгунигача исм танламаган бўлсангиз, бу ишни бола етти кунлик бўлгунича амалга оширинг.

Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) чиройли ва маъноли исм қўйишга катта эътибор берардилар. Ул зот невараларига Ҳасан ва Ҳусайн деб исм қўйдилар. Ҳаттоки, ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг ҳали дунёга келмай тушиб қолган фарзандига ҳам «Муҳсин» деб исм қўйган эдилар.

Ўтказилган сўровлардан маълум бўлишича, кўпгина ота-оналар ўз фарзандларига қўйган исмларининг маъносини ўзлари ҳам билмайдилар. Бу эса жуда ачинарли ҳолат. Исмларнинг жарангли ва қулоққа ёқимлилигига эътибор берилади-ю, аммо унинг маъносига эътибор берилмайди.

Бешинчи имомимиз ҳазрат Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) ҳақиқий исмлар ҳақида айтадилар:

«Ҳақиқий исмлар Аллоҳнинг бандалигига ишора қиладиган исмлардир».

Масалан; Абдуллоҳ, Абдураҳмон ва ҳоказолар ҳамда пайғамбарларнинг исмлари энг гўзал исмлардир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтганларидек, яхши исм қўйиш фарзанднинг отаси зиммасидаги ҳаққи ҳисобланади. Ул зот ўғил болаларга қуйидаги исмларни қўйишни тавсия қилар эдилар:

Абдуллоҳ ва Абдураҳмон энг яхши исмлардандир. Шунингдек, Ҳабиб, Мўмин, Амин, Жамил, Саъд, Масъуд, Собир, Сиддиқ, Маҳдий, Ҳодий, Муртазо, Ийсо, Мужтабо, Содиқ, Мусо, Саид, Муслим, Довуд, Тоҳир, Таййиб, Солиҳ, Фазлуллоҳ, Жалол, Жамол, Ризо, Тақий, Жавод, Ҳошим, Мустафо ва бошқалар.

Қиз болалар учун эса Фотима, Марям, Зуҳра, Закия, Заҳро, Азро, Райҳона, Сиддиқа, Таййиба, Омина, Тоҳира, Хадижа, Розия, Разийя, Марзия, Маъсума, Муборака, Жамила, Ҳалима, Ҳамида, Наржис, Муҳаддиса, Сора, Мансура, Малиҳа, Фарида, Важиҳа, Отика, Олия, Сафийя, Ҳавро, Зайнаб, Исмат, Иффат, Иззат, Кубро, Раҳима, Ноима, Шаҳрибону, Кулсум каби исмлар яхши исмлар жумласидандир.

Имомлар исм танлаш йўли билан ҳам диний қадриятларни сақлаб қолишга ҳаракат қилганлар.

Ўз замонасининг золим халифаси бўлмиш Язид тўртинчи пешвоимиз имом Зайнулобидин (алайҳис салом)га қараб: Нима учун отанг ҳамма фарзандларининг исмини Али деб қўйган?-деб сўраганида, ул ҳазрат унга жавобан: «Агар отамнинг юзта ўғли ҳам бўлганда эди, ҳаммасининг исмини Али деб қўйган бўлардилар» – деб жавоб бердилар. Ўша пайтда уммавийлар Али исмини буткул йўқотиб юбормоқчи бўлишган эди, имомлар эса бу ҳаракатга қарши иш кўриб ўз фарзандларига Али исмини қўйгандилар.

Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, баъзида исмларни чала ва ноқис айтиб чақириш ҳоллари ҳам учраб туради. Масалан; Иброҳимни Ибо, Фатҳуллаҳни Пати, Убайдуллоҳни Убай, Ҳусниддинни Ҳуси, Фотимани Фоти ва бошқалар. Албатта, бу нарса динда қаттиқ қораланади ва ҳар бир исмни, айниқса буюк одамларнинг исмларини бузмасдан тўғри талаффуз этмоқлик лозим.

Сўзимиз ниҳоясида айтмоқчимизки, одамларнинг исмлари уларнинг ота-оналарининг нақадар илму-маърифат билан ошно эканлигини кўрсатиб туради. Шунинг учун, фарзандимизга исм танлаб қўйишда диққат қилишимиз ва ҳар томонни ўйлаб кўриб, кейин бир тўхтамга келишимиз керак.

Сайтимизнинг муҳтарам ўқувчилари ва ушбу мавзуни ўрганиб чиққанлар, мазкур мавзуга доир ҳар қандай фикр-мулоҳазангиз бўлса, Биз билан ўртоқлашинг!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.