Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Қуръони Каримда йиғлаш масаласи

Қуръони Каримда йиғлаш масаласи

Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят. Бир саволим бор. Қуръонда ота-оналариз учун йиғламанглар, аза тутманглар деган жойи борми? Илтимос шу саволга жавоб берсангиз. Олдиндан раҳмат.

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Ва алайкум ассалом. Саволингизнинг жавоби қуйидагича:

Қуръони Каримда етти марта[1] йиғламоқ тўғрисида айтилган бўлиб, икки оят[2] Қуръон тиловатини эшитиб қўрққан ҳолда йиғлайдиган ҳидоят топганлар ҳолатини баён этади. Қуръонда икки марта[3] кўзга ёш тўлиб оқиши борасида (تَفيضُ مِن الدَّمْعِ) айтилган бўлиб, уларнинг бирида Қуръон оятларини эшитганда кўзидан ёш оқадиган насроний роҳибларнинг ҳолати тавсиф этилган.[4] Шунингдек, тазарруъ-илтижо, ғам-қайғу ва улар билан ўзакдош сўзлар бир неча маротаба Қуръони Каримда қўлланилган. Қуръон нуқтаи назаридан Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш ва тазарруъ-илтижо қилган ҳолда Унинг даргоҳига юзланиш яхши иш саналган. Ҳадисларда Қуръон тиловат қилаётиб кўз ёш тўкиб йиғламоқликка тавсия этилган. Бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қуйидагича нақл қилинган:

Қуръонни йиғлаган ҳолда тиловат қилинг ва агар йиғлай олмасангиз, ўзингизни йиғи ҳолтига солинг.[5]

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда йиғламоқ сўзи нафақат инсонлар борасида, балки фаришталар, шайтон, ер, осмон, тоғлар, ҳайвонлар ва қушлар ҳақида ҳам ишлатилган. Бу эса ушбу сўзнинг маъноси ислом таълимотларида кенг қамровли бўлиб, инсонларга чекланиб қолган луғавий маънодан анча кенгроқ маъно-мафҳумга эга.

Шунингдек, Қуръони Каримда ибодат қилаётган пайт йиғламоқлик тавсия этилган.[6] Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айрим вақтлар намоз ўқиётганда баланд товуш билан йиғлардилар ва айрим саҳобаларнинг ҳам худди шундай йиғлашлари ривоят қилинган.

Демак, Қуръони Каримда йиғлаш борасидаги барча оятларни ўрганиб чиқиш билан шу хулосага келамизки, асосан Қуръонда ота-оналарингиз учун йиғламанглар ёки аза тутманглар деган сўз мутлақо айтилмаган. Шунинг учун, ота-она учун йиғламоқ ва аза тутмоқ мумкин ёки мумкин эмаслигини аниқлаш учун пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг сийратларини ўрганиб чиқмоқ зарур.

Ул ҳазрат ҳаётлари давомида ўз оналари Омина бинти Ваҳабнинг қабри устида йиғлаганлари, амакилари Абу Толиб ва Ҳамза вафот этганларида йиғлаганлари, Абу Толибнинг завжалари Фотима бинти Асад вафот этганларида йиғлаганлари, ул зотнинг ўғиллари Иброҳим вафот этганда йиғлаганлари ҳамда айрим иймонли саҳобалар шаҳид бўлганларида йиғлаганлари аҳли суннатнинг мўътабар тарихий ва ҳадисий китобларида ёзиб қолдирилган. Бу эса ота-она учун йиғлаш ва аза тутиш мумкин ва жоиз эканлигидан дарак беради. Зеро, агар бу амал мумкин ва жоиз бўлмаганида эди, Сарвари олам зинҳор бундай ишни қилмаган бўлардилар.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Духон сураси, 29-оят; Нажм сураси, 43 ва 60-оятлар; Юсуф сураси, 16-оят; Исро сураси, 109-оят; Тавба сураси, 82-оят; Марям сураси, 58-оят.

[2]. Исро сураси, 109-оят ҳамда Марям сураси, 58-оят.

[3]. Тавба сураси, 92-оят; Моида сураси, 83-оят.

[4]. Моида сураси, 83-оят.

[5]. Имом Ғаззолий, Иҳёу улумид-динг, 1-жилд, 368-бет.

[6]. Исро сураси, 109-оят ҳамда Марям сураси, 58-оят.

 

Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.