Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Муборак Бақара сурасининг 91 ва 96 – оятлари тафсири

Муборак Бақара сурасининг 91 ва 96 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, қалбларимиз Аллоҳнинг оятлари ёғдусида нур ва ёруғликка тўлиб тошиши умидида Бақара сурасининг 91 ва 92-оятлари таржимаси ва тафсирига диққатингизни қаратамиз:

﴿وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ آمِنُوا بِمَا أَنزَلَ اللَّـهُ قَالُوا نُؤْمِنُ بِمَا أُنزِلَ عَلَيْنَا وَيَكْفُرُونَ بِمَا وَرَآءَهُ وَهُوَ الْحَقُّ مُصَدِّقًا لِّمَا مَعَهُمْ ۗ قُلْ فَلِمَ تَقْتُلُونَ أَنبِيَآءَ اللَّـهِ مِن قَبْلُ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ ﴿٩١﴾ وَلَقَدْ جَآءَكُم مُّوسَىٰ بِالْبَيِّنَاتِ ثُمَّ اتَّخَذْتُمُ الْعِجْلَ مِن بَعْدِهِ وَأَنتُمْ ظَالِمُونَ ﴿٩٢﴾

91. Қачон уларга: «Аллоҳ туширган нарсага [Қуръонга] иймон келтиринглар», дейилса, «Биз ўзимизга туширилган нарсага [Тавротга] иймон келтирамиз», дейишади ва ундан кейинги нарсага [Қуръонга] кофир бўлишади. Ваҳоланки, у ҳақ [китоб] бўлиб, улардаги нарсани [Тавротни] тасдиқловчидир. [Эй Муҳаммад (с.а.о) уларга] айтгин: «Агар сизлар [Тавротга] иймон келтирувчилар бўлсангиз, демак, нега бундан олдин Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирардингиз?»

92. Ва чиндан ҳам Мусо сизларга аниқ-равшан ҳужжатлар келтирди. Сўнгра сизлар ундан кейин [у Тур тоғига борганидан кейин, ўзингизга] золим бўлган ҳолингизда бузоқ[қа сиғиниш]ни тутдингиз.

Ушбу оятлар яҳудийларга хитоб этиб буюрмоқдаки, агар сизлар Муҳаммад (с.а.о)га ўз ирқингиздан бўлмагани учун иймон келтирмаган бўлсангиз, нега ўз ирқингиздан бўлган пайғамбарларни ёлғончига чиқариб қатл этардингиз?! Шундай экан, сизлар хоҳ ўзингиздан бўлган пайғамбар томонидан, хоҳ сўнгги пайғамбар Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонидан айтилган ёки ўз китобингиз Тавротда ёхуд Қуръонда келган бўлишидан қатъий назар, Ҳаққа душмансиз. Аслида самовий китобларда келган таълимотларнинг барчаси ёлғиз Аллоҳ томонидан айтилган ва барча одамларга қаратилгандир. Алоҳида бир қавм ёки миллатга хос эмас ва ҳеч ким мен фақат ўзимизнинг пайғамбармизга нозил бўлган нарсаларга эътиқод қиламан, бошқа пайғамбарларни қабул қилмайман, дейишга ҳақли эмас.

Бу оятлардан ҳасад, бахиллик ва кўра олмаслик куфр келтириш ва Ҳақни инкор этишнинг омили эканлигини ўрганиб оламиз.

Энди Бақара сурасининг 93 ва 94-оятлари таржимаси ва тафсирини кўздан кечарамиз:

وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَكُمْ وَرَفَعْنَا فَوْقَكُمُ الطُّورَ خُذُوا مَا آتَيْنَاكُم بِقُوَّةٍ وَاسْمَعُوا ۖ قَالُوا سَمِعْنَا وَعَصَيْنَا وَأُشْرِبُوا فِي قُلُوبِهِمُ الْعِجْلَ بِكُفْرِهِمْ ۚ قُلْ بِئْسَمَا يَأْمُرُكُم بِهِ إِيمَانُكُمْ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ ﴿٩٣﴾ قُلْ إِن كَانَتْ لَكُمُ الدَّارُ الْآخِرَةُ عِندَ اللَّـهِ خَالِصَةً مِّن دُونِ النَّاسِ فَتَمَنَّوُا الْمَوْتَ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ ﴿٩٤﴾

93. Сизлардан аҳд-паймон олганимиз ва устингизга Тур тоғини кўтариб: «Биз сизларга берган нарсамизни [Таврот оятларини] қувват билан тутинглар ва эшитинглар», деганимиз замонни эсланглар. Улар: «[Тилда] эшитдик ва [аммо дилда ва амалда] бўйин товладик», дейишди. Ва кофирликлари сабабли, уларнинг қалбларига бузоққа [сиғиниш муҳаббати] сингдирилди. [Эй Муҳаммад (с.а.о) уларга] айтгин: «Агар мўмин бўлсангиз [ва иймонингиз сизларни бузоққа сиғинишга, пайғамбарларни ўлдириш ва уларни ёлғончига чиқаришга буюрадиган бўлса], сизнинг иймонингиз буюрган нарса бунчалик ёмон-а!»

94. [Эй Муҳаммад (с.а.о) яҳудийларга] айтгин: «Агар Аллоҳ ҳузурида охират диёри бошқа одамлар қолиб ёлғиз сизларники бўлса, [у ҳолда] агар ростгўй бўлсангиз, [ўзингизга тезроқ] ўлимни орзу қилинглар».

Бани Исроилнинг хиёнаткорлиги, алдамчилиги ва бошқа кирдикорларини назарда тутган ҳолда Аллоҳ таоло улардан таъкидланган ва ҳужжатлаштирилган аҳду паймон олган ва устиларига Тур тоғини кўтариб туриб: «Сизга Биз берган нарсани қувват билан тутинглар ва эшитинглар», деб айтган эди. Иймони бор халққа шунинг ўзи етарли бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроил нима қилди?! Улар тилда «эшитдик» дейишди, аммо дилда ва амаллари билан, «исён қилдик» дейишди. Яъни, тил бошқа, амал бошқа бўлди.

Оятнинг давоми шуни баён қилмоқдаки, Сомирий ясаган олтин бузоққа кўрсатилган муҳаббат мисолида намоён бўлган ширк ва дунёпарастлик Бани Исроилнинг қалбларида шунчалик чуқур ўрнашиб олган эдики, ақл юритиш ва тафаккур қилишга ҳеч қандай ўрин қолдирмаган эди. Қизиғи шундаки, улар шунчалик тубан ишлар билан яна иймонимиз бор, деб даъво қилишар эди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уларга жавобан савол тариқасида буюрмоқдаки: Сизларнинг иймонингиз Аллоҳ билан тузган аҳду паймонингизни бузишни сизга ўргатадими?! Бузоққа сиғиниб илоҳий пайғамбарларни ўлдиришга чорлайдими?! Агар шундай бўлса, иймонингиз ёмон ишларга бошларкан-у!

Бу оятлардан биринчидан, Аллоҳдан ўзгага муҳаббат қўйиш ва бунда муккасидан кетиш хавфли эканлиги, зеро, инсонни ҳақиқатни кўришдан тўсишини;

Иккинчидан эса, муҳаббат ва таваккул фақат Аллоҳ таолога бўлиши зарурлигини ўрганиб оламиз.

Суҳбатимиз ниҳоясида Бақара сурасининг 95 ва 96-оятлари таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

وَلَن يَتَمَنَّوْهُ أَبَدًا بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ ۗ وَاللَّـهُ عَلِيمٌ بِالظَّالِمِينَ ﴿٩٥﴾ وَلَتَجِدَنَّهُمْ أَحْرَصَ النَّاسِ عَلَىٰ حَيَاةٍ وَمِنَ الَّذِينَ أَشْرَكُوا ۚ يَوَدُّ أَحَدُهُمْ لَوْ يُعَمَّرُ أَلْفَ سَنَةٍ وَمَا هُوَ بِمُزَحْزِحِهِ مِنَ الْعَذَابِ أَن يُعَمَّرَ ۗ وَاللَّـهُ بَصِيرٌ بِمَا يَعْمَلُونَ ﴿٩٦﴾

95. Ва улар [охиратлари учун] ўз қўллари билан олдиндан бажарган [нопок ва жирканч] амаллари сабабли ҳаргиз ўлимни орзу қилолмаслар. Ва Аллоҳ золимлар[нинг ҳоли]дан огоҳдир.

96. [Эй Муҳаммад (с.а.о)], албатта, сен уларни [яҳудийларни бу дунёнинг] ҳаётига одамларнинг энг ҳариси ҳолда топгайсан ва [ҳатто мушриклардан ҳам] ҳарисроқ ҳолда. Уларнинг ҳар бири минг йил умр кўришни яхши кўради. Ҳолбуки, узоқ умр кўриш ҳам уни [жаҳаннам] азобидан тўсувчи бўлмагай. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини кўриб турувчидир.

Оятдаги «қўллари билан олдиндан бажарган нарсалар» жумласи, «гуноҳлар» маъносида келган. Араб тилида бирор нарсанинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатмоқчи бўлишса, ушбу услуб қўлланилади. Демак, яҳудийлар ўлимни орзу қила олмайдилар. Чунки, улар ўзларининг қилган гуноҳларини яхши биладилар. Ушбу гуноҳлар билан зинҳор жаннатга кириб бўлмайди. Улар ўлсалар, беш кунлик дунёнинг матосидан ажралиб қолишларидан қўрқиб, бу дунё ҳаётига маҳкам ёпишиб оладилар.

Бу оят Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га хитоб этиб буюрмоқдаки, жаннат бизларники деб даъво қилувчи яҳудийлар жаннатга тезроқ кириш учун нафақат ўлимни орзу қилишмайди, балки бошқа халқлар, ҳатто охиратга ишонмайдиган ва ўлимни ўз ҳаётларининг охирги нуқтаси деб ҳисоблайдиган мушриклардан ҳам кўпроқ ҳаёти дунёга ҳирс қўйишган.

Бу оятлардан биринчидан, инсон доимо ўлимга шай ҳолатда туриб яшаши лозимлиги, ҳамда вазифаларига тўғри амал қилиши ва ҳаётида йўл қўйган гуноҳларидан Аллоҳга тавба қилиб ўзини тузатиши зарурлигини;

Иккинчидан эса, умрнинг узоқ бўлиши муҳим эмаслиги, балки Аллоҳга яқинлашиш ва юксак инсоний камолотга етиш йўлида баракали умр кўриш муҳимлигини ўрганиб оламиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 74 ва 78 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.