Home / Шариат қонунлари / Ҳаж / Таматтуъ ҳажнинг амаллари

Таматтуъ ҳажнинг амаллари

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Баъзи мўмин биродарларимиз томонидан ҳаж амаллари нималардан иборат эканлиги ва уларнинг бажарилиш тартиби қандайлиги тўғрисида таҳририятмизга саволлар тушгани ва шунингдек, сайтимизда деярли бу мавзуга доир етарли миқдорда маълумот бўлмагани сабаб, бу борада муфассал ёзишга жазмландик.

Ҳаж амаллари борасида ёзишдан олдин ҳажнинг мусулмон кишига вожиб бўлиш шарт-шароитлари ҳамда ҳажнинг турлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

Ҳажнинг мусулмон кишига вожиб бўлиш шарт-шароитлари

Шубҳасиз, ҳаж амали Ислом динида юксак ўрин ва улкан аҳамиятга эга. Ушбу амалнинг аҳамияти шу даражада юқорики, ҳадиси шарифларда ҳаж амалига Ислом динининг тамали ва устуни дейилган. Бу борада бешинчи пешвоимиз имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) шундай марҳамат қилганлар:

حدثنا أبان بن عثمان، عن فضيل، عن أبي حمزة، عَنْ أَبِي جَعْفَرٍ عَلَيْهِ السَّلَامُ: قَالَ: بُنِيَ الْإِسْلَامُ عَلَي خَمْسٍ عَلَي الصَّلَاةِ وَ الزَّکَاةِ وَالصَّوْمِ وَالْحَجِّ وَالْوَلَايةِ

«Ислом дини беш устунга қурилган: Намозни барпо этиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳаж қилиш ва Аҳли-Байтнинг раҳбарлигини қабул қилиш»[1]

Ҳадиси шарифларда кимки ҳаж қилишга шароит ва имкони бўла туриб ҳажга бормаса, яҳудий ёки насроний ҳолда оламдан ўтади, деб айтилган. Олтинчи пешвоимиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

في صحيحة ذَرِيحِ الْمُحَارِبِي، عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ عَلَيْهِ السَّلَامُ قَالَ: مَنْ مَاتَ وَلَمْ يَحُجَّ حَجَّةَ الْإسْلَامِ لَمْ يَمْنَعْهُ مِن ذَلِكَ حَاجَةٌ تَجْحَفُ بِهِ، أَوْ مَرَضٌ لَا يُطِيقُ فِيهِ الْحَجَّ، أَوْ سُلْطَانٌ يَمْنَعُهُ فَلْيَمُتْ يَهُودِيًّا أَوْ نَصْرَانِيًّا.

«Кимки ўлсаю ҳажжатул исломни бажармаса ва унинг олдини оладиган бирор бир эҳтиёжмандлик ҳаж қилишига тўсқинлик қилмаган бўлса ёки ҳаж қилишига йўл бермайдиган бирор касаллик уни тўсиб қолганмаган бўлса ёхуд (золим) султон ҳаж қилишни чеклаб қўймаган бўлса (барча шароит ва имкониятлар мавжуд бўла туриб, ҳаж қилмай оламдан ўтса) демак, яҳудий ёки насроний ҳолда ўлибди»[2]

Демак, ҳар бир мусулмон кишига умри давомида бир марта ҳаж қилиш вожибдир ва ушбу ҳажга «ҳажжатул ислом» дейилади. Лекин ҳаж қилиш бошқа ибодатлардан фарқли ўлароқ, ҳар бир мусулмон қуйидаги шарт-шароитларга эга бўлгандагина унга ҳаж қилиш вожиб бўлади:

1. Балоғат ёшига етган ва ақл-ҳуши жойида бўлмоқлик;

2. Ҳаж қилиш учун ҳаждан ҳам аҳамияти улканроқ бўлган бирор вожиб амални тарк этишга мажбур бўлмаслик керак (масалан; хумс ёки закот тўлаш зиммасида бўла туриб ҳажга борса ва ҳаж қилиши зиммасидаги хумс ёки закотни тўламасликка сабаб бўлса, у ҳолда ҳаж қилиш вожиб бўлмайди) ёки ҳаж қилиш учун тарк этилиши ҳаждан ҳам муҳимроқ бўлган бирор ҳаром ишга қўл уришга мажбур бўлмаслик зарур (мисол тариқасида; ҳажга бориш учун бирор кимдан рибога пул олишга ёки бировнинг ҳақини бермасликка мажбур бўлса, бундай ҳолларда ҳаж қилиш вожиб бўлмайди).

3. Ҳажга бормоқчи бўлган мусулмон «мустатийъ» бўлиши шарт. Ҳаж қилишга шароит ва имкони бўлган, кучи етган кишига «мустатийъ» дейилади ва «мустатийъ» бўлмоқлик қуйидаги хусусиятлар билан амалга ошади:

  • Жисмонан соғлом ва кучли бўлмоқлик;
  • Йўлнинг очиқ ва хавфу-хатарсиз бўлмоқлиги;
  • Ҳаж қилиш учун етарли миқдорда вақт бўлмоқлиги;[3]
  • Моддий ва молиявий томондан қурби етмоқлик. Моддий қурби етмоқлик деганда қуйидаги шароитлар тушунилади:
  • Ҳажга бориб-келиш харажатларини кўтара олмоқлик;
  • Оиладаги турмуш эҳтиёжларни таъминлай олмоқлик;
  • Ҳаж сафаридан ўз юртига қайтиб келгач, камбағаллик ва қийинчиликка учрамаслик учун муайян иш, касб ёки етарли мол-мулкка эга бўлмоқлик.

Ҳар бир мусулмон «мустатийъ» бўлиши биланоқ, унга ҳаж амалининг вожиб бўлиши хусусида Аллоҳ таолонинг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда шундай дейилган:

وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيهِ سَبِيلًا ۚ وَمَن كَفَرَ‌ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ

«Одамлардан йўлини топганларига (имкон топганларга) Аллоҳ учун Байтуллоҳни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ бутун оламлардан беҳожатдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят)

Ҳажнинг турлари

Ҳар бир мусулмонга умри давомида бир марта вожиб бўлган «ҳажжатул ислом» уч қисмдан иборат. Бошқа таъбир билан айтганда, ҳаж қилиш кишиларнинг яшаш жойи яқин ва узоқлигига қараб уч қисмга бўлинади:

1. Қирон ҳаж;

2. Ифрод ҳаж;

3. Таматтуъ ҳаж.

Биринчи ва иккинчи турдаги ҳаж Макка аҳли ва унинг атрофида яшовчи мусулмонларга хосдир. Ҳадисларда айтилишича, ушбу икки қисм ҳажнинг ҳудуди Маккадан ўн олти фарсах – тўқсон километргача бўлган узоқликни ўз ичига қамраб олади.[4] Демак, Макка аҳолиси ва Маккадан тўқсон километргача узоқликда яшовчи кишилар Қирон ҳаж ёки Ифрод ҳаж қилмоқлари вожибдир. Ушбу икки қисм ҳажнинг бажарилиш тартиби муфассал фиқҳий китобларда баён қилинган. Аммо айтилган масофадан узоқда яшовчи кўпчиликдан иборат қолган мусулмонлар эса таматтуъ ҳаж қилишлари вожибдир.[5]

Азиз ватанимиз Ўзбекистондан Маккаи Мукаррама томон йўл олиб, ушбу муқаддас маконда ҳаж амалларини бажармоқчи бўлган ҳожиларимиз албатта, таматтуъ ҳаж қилишлари зарур. Бунинг учун, дастлаб таматтуъ умранинг амалларини бажармоқлик зарур ва таматтуъ умранинг амалларини бажариб тугатгач, сўнгра таматтуъ ҳажнинг амалларини бажариш навбати етиб келади. Шунга биноан, дастлаб ҳожиларимиз зулҳижжа ойининг тўққизинчи кунига қадар, таматтуъ умранинг амалларини бажариб тугатмоқлари вожибдир. Зероки, зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни ёки эҳтиёт юзасидан бир кун олдинроқ таматтуъ ҳажнинг амалларини бажариш учун эҳром либосини киймоқлик вожиб бўлади.

Демак, биз тартиб билан аввал таматтуъ умранинг амалларини келтириб, сўнгра таматтуъ ҳажнинг амалларини бирма-бир баён қиламиз.

Таматтуъ умранинг амаллари

1. Мийқотдан эҳром боғламоқ;

Белгилаб қўйилган беш мийқотдан бирига етиб бориб, таматтуъ умра учун ўша ерда эҳромга кирмоқлик вожибдир. Ушбу беш мийқот қуйидагилардан иборат:

  • Масжиди Шажара: Мадина шаҳрининг ёнида жойлашган ва бугунги кунда “Обори Али” деб танилган ва уни “Зул-Ҳулайфа” деб ҳам айтадилар. Мадина йўлидан Ҳажга борганлар мана шу маконда эҳром боғлашлари керак.
  • Жуҳфа: Макка ва Мадина орасидаги жой; Маккадан 150 километр масофа узоқликда жойлашган ва асосий йўлдан бир оз оралиқда бўлиб, у ерда буюк бир масжид қурилган. Ушбу масжид оддий йўл билан Миср ва Шимолий Африка, Сурия, Иордания ва Ливандан ҳаж амалларини бажаришга келганларнинг мийқотидир, балки ушбу макондан ўтадиган барча кишиларнинг мийқотидир.
  • Водий Ақийқ: Макканинг шимолий-шарқида жойлашган бўлиб, Маккадан 94 км узоқликдадир. Ушбу макон “Ироқ” ва “Нажд” аҳолисининг мийқотидир ва бу макондан ўтадиган барча шахслар шу ердан эҳром боғлай оладилар.
  • Қарнул-Манозил: “Тоиф” шаҳрига яқин жой бўлиб, Маккадан 94 километр узоқликда жойлашган. Ушбу макон ўша ерда яшовчи аҳолининг ёки у ердан ўтадиган кишиларнинг мийқотидир. Балки Жидда шаҳрига кириб келадиган барча кишилар у ерга бориб эҳром боғлай оладилар.
  • Яламлам: Макканинг жанубий ҳудудларидаги бир тоғнинг номи бўлиб, Маккадан 84 километр узоқликда жойлашган. Ва бу макон Яман каби Арабистон ярим оролининг жанубидан Маккага кириб келадиганларнинг мийқотидир ва шунингдек, у ердан ўтадиган барча кишилар ҳам ўша жойда эҳром боғлай оладилар.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, таматтуъ умранинг амалларини бажариш учун юқорида белгиланган мийқотларидан бирида эҳром боғламоқ вожиб бўлиб, ушбу амал таматтуъ умранинг биринчи амалидир. Қайси минтақадан Макка шаҳри томон йўл олишига боғлиқ ҳолда киши мийқотлардан бирида эҳром боғлайди.

Эҳром боғлашдан олдин ғусл қилиш мустаҳабдир. Эҳром либоси эркак киши учун икки бўлак оқ матодан иборат бўлиб, бири баданнинг юқори қисмига ташланса, (унга «қамис» дейилади) иккинчиси эса баданнинг остки қисмига ўралади, унга «лунг» дейилади ва эркак ҳожининг эҳром либоси тикилмаган бўлиши шарт. Эҳром либоси аёл киши учун бутун баданни ёпадиган оқ кийимдан иборат.

Эҳром боғлаётганда ният қилмоқлик вожибдир; Масалан: Аллоҳнинг фармонини бажариш учун таматтуъ умра қиламан, қурбатан илаллоҳ, деб дилда айтса ҳам кифоядир, агарчи тилга келтирса яхшироқ. Таматтуъ умранинг амаллари ният қилиб эҳром боғлаш билан бошланади ёки аниқроғи таматтуъ умранинг биринчи амали ният қилиш билан эҳром боғламоқликдир.

Ният билан эҳромга киргач, қуйидаги талбия зикрини ҳеч бўлмаса бир марта айтмоқлик вожибдир:

«لَبَّيکَ اللَّهُمَّ لَبَّيکَ، لَبَّيکَ لَا شَرِيکَ لَکَ لَبَّيکَ، إنَّ الْحَمْدَ وَالنِّعْمَةَ لَکَ وَالْمُلْکَ لَا شَرِيکَ لَکَ لَبَّيکَ»

«Лаббайка алллоҳумма лаббайка, лаббайка лаа шарийка лака лаббайка, иннал-ҳамда ванниъмата лака вал-мулка лаа шарийка лака лаббайк».

«Фармонингни бажаришга тайёрман эй Аллоҳим, таслим ҳолда тайёрман. Фармонингни бажаришга тайёрман, Сенинг шеригинг йўқдир, фармонингга таслимман. Шубҳасиз, ҳамду мақтовлар, неъмат ва подшоҳлик Сеникидир. Сенинг шеригинг йўқдир, фармонингга таслимман».

Лекин кейинги маротаба юқоридаги талбия зикрини қайта-қайта айтиш мустаҳаб саналади.

Ҳар бир мусулмон киши белгиланган мийқотларнинг бирида эҳромга кириб талбия айтиши билан «муҳрим» (эҳромга кирган, эҳром боғлаган) саналади ва кўп амалларни бажариш унга ҳаром бўлади.

2. Таматтуъ умранинг тавофи;

Ҳожилар Байтуллоҳил ҳаромга етиб келгач, тавоф амалини бажарадилар. Тавоф амали – Каъбанинг атрофида етта марта Аллоҳ таоло фармонини бажаришни ният қилиб айланишдан иборат. Ҳар бир айланишга бир «шавт» деб айтилади. Биринчи шавт Ҳажарул-Асвад муқобилидан бошланиб, якунланиши ҳам ўша ерда бўлади ва сўнгги еттинчи шавт ҳам ўша ерда тугайди.

Тавоф қилаётганда, вузу (таҳорат олган) ҳолда бўлмоқлик вожиб ва агар тавоф асносида вузу бузилса, вузу олиб аввалдан тавоф қилиш лозим бўлади. Ва ҳар бир ҳожи тавоф қилаётганда, Каъбаи муаззамани ўзининг чап томонига олиши керак ҳамда Ҳижри Исмоил (алайҳис салом)ни тавофнинг ичига киргизиши лозим. Лекин ушбу тавоф амали Мақоми Иброҳим (алайҳис салом)дан ташқарида бўлиши зарур ва уни ўз ичига олмаслиги керак.

3. Икки ракъат тавоф намози;

Тавоф амали тугагач, дарҳол Каъба ёнидаги Мақоми Иброҳим (алайҳис салом)нинг орқасида туриб икки ракъат тавоф намозини ният қилиб ўқиш вожибдир. Ушбу икки ракъат тавоф намозининг ўқилиш тартиби худди бомдод намози кабидир. Лекин бу намозда азон ва иқомат айтилмайди. Ҳожи киши ушбу намозни адо қилишда ихтиёрий ҳолда оҳиста ёки баланд товуш билан ўқий олади.

4. Сафо ва Марва тоғи оралиғида саъй қилмоқ;

Тавоф намозидан сўнг тезлик билан Сафо ва Марва тоғи оралиғида саъй қилмоқлик вожиб бўлади. Саъй қилиш деганда, оддий юришдан бир оз тезроқ юриш ҳолатига айтилади. Ушбу саъй қилиш амали Сафо тоғидан бошланиб, Марва тоғида тугайди. Сафодан Марва томон юрганда бир «шавт» ҳисобланади ва Марвадан Сафога қайтиш эса иккинчи «шавт» бўлади ва шу тартибда охирги «шавт» Марвада тугайди. Ушбу саъй амалини бажараётганда Аллоҳ таоло фармонини бажаришни ният қилмоқлик лозимдир.

5. Тақсир қилмоқ;

Саъй амали тугагач, инсон тақсир қилиши вожиб бўлади. Тақсир қилиш – бу соч, соқол ва тирноқдан бир оз қирқиб олиш дегани ва бу амални бажараётганда қурбатан илаллоҳ, деб ниятни холис Худо учун қилмоғи даркор. Тақсир қилиш учун муайян бир макон тайин этилмаган. Бироқ одатан ҳожилар Марва тоғининг ёнида тақсир қилишади. Бу амални бажариш билан таматтуъ умра тугайди ва ҳожи киши эҳром ҳолатидан чиқади.

Таматтуъ умра ниҳоясида шуни таъкидламоқ лозимки, таматтуъ умранинг амаллари ибодат ҳисоблангани учун мазкур амалларни бажараётиб, Аллоҳнинг фармонини бажараман, холисан лиллоҳ ёки қурбатан илаллоҳ, деб ният қилмоқлик даркор.

Яна шуни таъкидлаш керакки, таматтуъ умрани бажариш вақти ҳаж ойлари бўлиб, улар шаввол, зулқаъда ва зулҳижжа ойларидан иборат. Таматтуъ умра мана шу уч ой ичида бажарилади. Унинг охирги вақти эса зулҳижжа ойининг тўққизинчи кунидир. Ва кимки, шу кунгача таматтуъ умрани тўлиқ бажара олмаса, демак, у таматтуъ умранинг давоми бўлган таматтуъ ҳажни ҳам бажара олмайди. Зероки, таматтуъ ҳажни бажаришнинг шарти зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни тушлик вақтига қадар, таматтуъ умрани бажариб тугатишдир. Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни эса таматтуъ ҳаж учун эҳром боғлаган бўлиши зарур.

Эҳром боғлаганда ҳожига ҳаром бўладиган амаллар:

Агар бирор киши хоҳ таматтуъ умра ёки муфрада умра ёхуд таматтуъ ҳаж ё қирон ҳаж ёки ифрод ҳаж учун эҳромга кирса, муҳрим ҳисобланиб эҳромлик ҳолда баъзи амалларни бажариш унга ҳаром ва улардан сақланиш эса вожиб бўлади. Ушбу амалларга «эҳром муҳаррамотлари» дейилади. Эҳром муҳаррамотларининг сони 24 та бўлиб, улардан тўрттаси эркак ҳожиларга хос ва иккитаси эса аёл ҳожиларга тааллуқлидир. Қолган 18 таси эса эркак ва аёллар ўртасида муштаракдир. Уларни бирма-бир бу ерда зикр этамиз:

Эркак ва аёллар ўртасида муштарак бўлган эҳром муҳаррамотлари:

1.Ойнага қармоқ;

2. Атир-упалар истеъмол қилмоқ ва бурнини ёмон ҳидлардан беркитмоқ;

3. Зийнат учун узук тақмоқ;

4. Фусуқ ишлар (ёлғон сўзлаш, сўкиниш ва фахрланиш);

5. Тортишиш (Худо ҳаққи шундай ёки бундай эмас, деган сўзларни ишлатиш);

6. Баданга турли ёғларни суртмоқ;

7. Бадан тукини олмоқ (кесиб олиш, қириб олиш ва юлиб олиш);

8. Бадандан қон чиқармоқ (бадандаги турли яралар, тошма ва доначаларни қисиш билан қон чиқармоқ, ҳаттоки тиш пастаси билан тиш ювганда қон чиқса ҳам, ҳаромдир)

9. Тирноқ олмоқ;

10. Тиш торттирмоқ;

11. Ҳарам ҳудудида ўсган дарахт, гиёҳ ва ўсимликларни қўпармоқ ёки уларни кесмоқ;

12. Қуруқликда яшовчи ҳайвонларни ов қилмоқлик;

13. Ўзига ёки бошқасига бирор аёлнинг никоҳини ўқимоқлик;

14. Жинсий лаззатланиш (яқинлик қилиш, ўпиш ва ўпишиш, шаҳват билан ушлаш ва тегиш ёки шаҳват кўзи билан қараш)

15. Истимно (ҳар қандай услублар билан ўзидан эркаклик сувини чиқариш);

16. Ўзи билан қурол-яроқ олиб юрмоқлик;

17. Сурма қўймоқлик;

18. Бит, бурга ва шуларга ўхшаш инсон баданида пайдо бўладиган ҳашаротларни ўлдириш.

Эркакларга хос бўлган эҳром муҳаррамотлари:

1.Эркак ҳожилар тикилган кийимни кийишлари, ҳатто ички кийим бўлса ҳам ҳаромдир;

2. Эркак ҳожилар пайпоқ, чориқ, пойафзал каби оёқнинг бутун устини ёпадиган оёқ кийим кийишлари ҳаром, аммо оёқ устининг оз қисмини ёпадиган шиппак ва шунга ўхшашни кийиш эса жоиздир;

3. Эркак киши бошини ёпиши ёки бош кийим кийиши ҳаромдир;

4. Эркак киши мийқотларнинг биридан Маккага борганча, бошининг устига соябон қилиб олиши ҳаромдир. Демак, Мийқотдан Маккагача бўлган йўлни усти ёпиқ машина билан босиб ўтиш жоиз эмас, балки машинанинг усти (шифти) очиқ бўлиши зарур.

Аёлларга хос бўлган эҳром муҳаррамотлари:

1.Эҳром либосини кийган аёл чирой учун бўяниши ва безаниши, зийнатли тақинчоқлар тақиши ҳаромдир;

2. Эҳромга кирган аёл юзини ёпиши ҳаромдир;

Мусулмон киши эҳром боғлаганда, юқорида зикр этилган амалларни бажариши ҳаром бўлади ва агар уларнинг ҳаромлигини била туриб бажариб қўйса, ушбу амалларнинг айримлари учун ҳаж китобида каффоратлар белгиланган бўлиб, уларни амалга ошириш унга вожиб бўлади. Бироқ агар юқоридаги ҳаром этилган амаллардан бирортасини билмасдан қилиб қўйса, ўша шахсга ҳеч бир гуноҳ ва каффорат бўлмагай. Фақатгина ҳайвонларни овлаш бундан мустаснодир. Зеро, агар билмасдан ҳам овлаб қўйса, унга каффорат вожиб бўлади.

Таматтуъ ҳажнинг амаллари

Ҳожи киши таматтуъ умранинг амалларини бажариб бўлгандан сўнг, таматтуъ ҳажнинг амалларини бажариш унга вожиб бўлади. Таматтуъ ҳаж 13 амалдан иборат. Биз уларни бу ерда келтирамиз:

1. Таматтуъ ҳаж учун Маккада эҳром боғламоқ;

Таматтуъ ҳажнинг биринчи амали бу – Макка шаҳрида эҳром боғламоқликдир. Ушбу амал Ҳарами шарифда ва имкон қадар Каъбаи муаззаманинг юқорисидаги олтин навонинг остида туриб амалга оширилса, янада кўпроқ савобга эга бўлади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни ёки эҳтиёт юзасидан бир кун олдин таматтуъ ҳажни бажариш учун эҳром либосини киймоқлик вожиб бўлади. Эҳром боғлаш учун қуйидаги уч амални бажармоқ лозимдир;

  • Эҳром либоси эркак киши учун икки бўлак оқ матодан иборат бўлиб, бири баданнинг юқори қисмига ташланса, (унга «қамис» дейилади) иккинчиси эса баданнинг остки қисмига ўралади, унга «лунг» дейилади. Эркак киши эҳром боғлаши учун ушбу тикилмаган икки бўлакдан иборат матони кийиши зарур. Эҳром либоси аёл киши учун бутун баданни ёпадиган оқ кийимдан иборат.
  • Эҳром боғлаётганда ният қилмоқлик вожибдир; Масалан: Аллоҳнинг фармонини бажариш учун таматтуъ ҳаж қиламан, қурбатан илаллоҳ, деб дилда айтса ҳам кифоядир, агарчи тилга келтирса яхшироқ.
  • Ният билан эҳром боғлагач, қуйидаги талбия зикрини ҳеч бўлмаса бир марта айтмоқлик вожибдир:

«لَبَّيکَ اللَّهُمَّ لَبَّيکَ، لَبَّيکَ لَا شَرِيکَ لَکَ لَبَّيکَ، إنَّ الْحَمْدَ وَالنِّعْمَةَ لَکَ وَالْمُلْکَ لَا شَرِيکَ لَکَ لَبَّيکَ»

«Лаббайка алллоҳумма лаббайка, лаббайка лаа шарийка лака лаббайка, иннал-ҳамда ванниъмата лака вал-мулка лаа шарийка лака лаббайк».

«Фармонингни бажаришга тайёрман эй Аллоҳим, таслим ҳолда тайёрман. Фармонингни бажаришга тайёрман, Сенинг шеригинг йўқдир, фармонингга таслимман. Шубҳасиз, ҳамду мақтовлар, неъмат ва подшоҳлик Сеникидир. Сенинг шеригинг йўқдир, фармонингга таслимман».

Лекин кейинги маротаба юқоридаги талбия зикрини қайта-қайта айтиш мустаҳаб саналади.

Ҳожилар эҳромга кириб талбия айтишлари билан «муҳрим» (эҳромга кирган, эҳром боғлаган) саналадилар ва айтиб ўтганимиздек кўп амалларни бажариш уларга ҳаром бўлади.

2. Арафотда турмоқлик;

Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни тушлик (пешин) пайтидан то қуёш ботгунга қадар Арафот саҳросида туриш ҳажнинг вожиб амалларидандир. Мазкур муддатда Арафотда туришни ҳаж амалларидан эканини ният қилиб бажармоқ зарур. Зероки, ушбу амал ибодат ҳисобланмиш ҳажнинг бир бўлаги бўлгани учун албатта, ибодат нияти билан, яъни Арафотда туриш амалини Аллоҳ таолонинг фармони деб бажараман, қурбатан илаллоҳ, деб амалга оширмоқ вожибдир. Агарчи тушлик пайтидан то қуёш ботгунга қадар Арафот саҳросида туриш ҳажнинг вожиб амалларидан бўлса-да, бироқ ўша куни қуёш ботгунча «Арафотда турди» деган жуда оз миқдорда туриш, масалан бир неча дақиқа бўлса ҳам туриш ҳажнинг рукни, яъни устуни ҳисобланади. Кимда-ким зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни қуёш ботгунча айтилган рукн миқдорида Арафотда тура олмаса ёки ушбу амални бажаришга улгура олмаса, унинг ҳажи ботил бўлиб, келгуси йил яна ҳаж қилиши вожиб бўлади.

Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни қуёш ботишдан олдин Арафотдан чиқиб кетиш ҳаромдир. Ва кимки қуёш ботишдан олдин қасддан Арафотдан чиқиб кетса, бир туяни сўйиш каффорати унинг зиммасига келади.

Арафотда туриш деганда ўша ерда ибодат нияти билан бўлмоқлик кераклиги тушунилади. Агарчи дуо, илтижо ва муножот қилиш билан машғул бўлса, махсусан учинчи пешвоимиз шаҳидлар саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан нақл қилинган теран маъноли Арафа дуосини ўқиса, Арафотда туришнинг улкан савобига муяссар бўлади.

3. Муздалифада турмоқлик;

Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни кун ботгач, ҳожилар Арафот саҳросида шом ва хуфтон намозларини бирга қўшиб ўқийдилар ва сўнгра ҳажнинг кейинги амалини бажариш учун Арафотдан Муздалифа (яна бир бошқа номи Машъарул ҳаром) томон йўл оладилар. Эҳтиёт вожибга кўра, зулҳижжанинг ўнинчи куни кечаси (Қурбон ҳайити кечаси) то бомдод намози азонигача Аллоҳнинг амрига итоат қилиш ниятида ўша кеча Муздалифада тунасин. Ва зулҳижжанинг ўнинчи куни, яъни Қурбон ҳайити кунининг тонг отган пайтидан – бомдод намозининг азони вақтидан то кун чиққунга қадар ҳаж амали сифатида Муздалифада турмоқлик вожибдир. Ҳажнинг ушбу амалини бажараётганда, албатта, Аллоҳнинг амрига итоат қилишни ният қилмоқлик лозим.

Агарчи Қурбон ҳайити кунида тонг отгандан, яъни бомдод намозининг азони вақтидан то кун чиққунга қадар Муздалифада туриш ҳажнинг вожиб амалларидан бўлса-да, бироқ ўша куни кун чиққунча «Муздалифада турди» деган жуда оз миқдорда туриш, масалан бир неча дақиқа бўлса ҳам туриш ҳажнинг рукни, яъни устуни ҳисобланади. Кимки ушбу айтилган рукн (устун) миқдорида Муздалифада тура олмаса ёки ушбу амални бажаришга улгура олмаса, унинг ҳажи ботил бўлиб, келгуси йил яна ҳаж қилиш унга вожиб бўлади.

Юқорида айтилганлар Муздалифада ихтиёрий туришга оид масаладир. Аммо узрли бўлганлар учун Муздалифада изтирорий (ночор ҳолда) туриш эса Қурбон ҳайитининг кун чиққан пайтидан бошланиб, то кун кўтарилгунга қадар давом этади. Аёллар, кекса ёшдагилар ва нотавонларга Қурбон ҳайити оқшоми Муздалифада туришга рухсат берилган ва шунингдек, улар тонг отмай туриб Жамараи ақабага (катта шайтон)га тош отиш учун Мино томон йўл олишади.

Шуни таъкидлаш лозимки, белгиланган вақтда Муздалифада туришнинг ўзи ҳажнинг вожиб амалларидандир. Албатта, ҳожи киши Муздалифада турганда дуо, илтижо ва муножот қилиш билан машғул бўлса, ушбу ҳаж амалининг савоби янада юксакроқ бўлади.[6]

4. Жамараи ақаба ёки куброга тош отмоқлик;

Ҳожилар зулҳижжанинг ўнинчи куни, яъни Қурбон ҳайити кунида кун чиқиши биланоқ, Муздалифадан Мино замини томон йўл оладилар. Минонинг охирларида Хийф масжидидан кейин учта Жамара (шайтоннинг тимсоли) мавжуд бўлиб, биринчиси «Жамараи уло», иккинчиси «Жамараи вусто» ва учинчиси эса «Жамараи ақаба» ёки «Жамараи кубро» деб номланган. Халқ тилида «Жамараи уло»га кичик шайтон, «Жамараи вусто»га ўрта шайтон ва «Жамараи ақаба ёки кубро»га эса катта шайтон деб айтилади.

Ушбу жойларда шайтон ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом)га турли кўринишларда намоён бўлган ва ул зот унга тош отиб уни қувганлар. Шундан сўнг, ўша жойларда шайтоннинг тимсоли учта тошли устун шаклида ясаб қўйилган ва уларга тош отиш ҳаж амаллари сифатида белгиланган. Лекин кейинчалик ҳожилар кўпайиб кетиб тиқилинч ва тирбандлик сабабли айримлар йиқилиб оёқ остида қолишлари натижасида ҳалок бўлганлар. Шундан сўнг, 1425-ҳижрий санада мазкур устунларни деворга айлантиришган. Ҳожилар Қурбон ҳайити куни Минога кириб келишлари билан уларга вожиб бўладиган илк амал «Жамараи ақаба» (катта шайтон)га еттита тош отишдир. Ушбу амални Қурбон ҳайити куни кун чиқишидан бошлаб, кун ботгунигача бажармоқ лозимдир.

Отиладиган тошларнинг катталиги бармоқ бўғинича ёки бир оз кичикроқ бўлиши шарт, ундан каттароқ ҳажмли тошларни отиш кифоя эмасдир. Катта шайтонга тош отиш амалиёти ибодат бўлгани учун Аллоҳнинг амрига итоат қилиш ниятида амалга оширмоқ лозим. Тошларни бирин-кетин отмоқлик зарур, бирданига эмас. Отилган ҳар бир тош «Жамараи ақаба»га аниқ кетиб тегганига ишонч ҳосил қилиш керак. Акс ҳолда яна бир бор тош отишга тўғри келади. Ҳаракат қилиб тошларни «Жамараи ақаба»нинг ўртасига отмоқ лозим. Токи, олдинги шайтоннинг тимсоли бўлмиш тошли устунга тегганига ишонч ҳосил қилсин. Отиладиган ушбу кичик тошларни Ҳарам ҳудудидан, яъни Машъарул ҳаром ёки Арафот ё Макка шаҳридан йиғиб олмоқ лозим. Айрим фатволарга кўра, ушбу кичик тошлар олдинроқ отиш учун ишлатилмаган бўлиши керак.[7]

5. Қурбонлик қилмоқ;

Ҳожилар Қурбон ҳайти куни «Жамараи кубро»га (катта шайтонга) тош отгандан кейин, бу муборак кунда уларнинг бажарадиган иккинчи амали қурбонлик қилмоқдир. Таматтуъ ҳаж қилганда тош отгандан сўнг Мино заминида Аллоҳнинг амрига итоат қилиш ниятида бир жонлиқ сўйиб қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бир жонлиқни сўйиш деганда, туя ёки мол ёхуд қўйни қурбонлик қилиш кўзда тутилади. Ҳар бир ҳожи таматтуъ ҳаж амали сифатида мазкур уч жонлиқдан бирини (ўзининг иқтисодий шароитига қараб) қурбонлик қилиши вожибдир.

Ҳар бир ҳожининг ўзи ёки унинг томонидан бирор ким ноиб бўлиб ушбу жонлиқлардан бирини қурбонлик қилса кифоядир.

6. Сочни тагидан қириб олмоқ ёки тақсир қилмоқ;

Ҳожилар зулҳижжанинг ўнинчи куни – Қурбон ҳайти куни қурбонлик қилиб бўлгач, бу муборак кунда уларнинг бажарадиган учинчи амали Минода сочни тагидан қириб олмоқлик ёки тақсир қилмоқликдир. Тақсир қилишнинг маъноси соч, соқол ва тирноқдан бир оз қирқиб олиш демакдир. Ушбу амал ҳам ибодат бўлгани учун уни бажараётганда, Аллоҳнинг амрига итоат қилиш ниятида амалга ошираман, қурбатан илаллоҳ, деб айтмоқлик зарур. Ушбу амал Қурбон ҳайти кунининг кун ботгунига қадар амалга оширилиши керак.

Аёл ҳожиларга фақатгина тақсир қилмоқлик вожибдир. Яъни улар сочларидан бир оз қирқсалар кифоядир. Агарчи эҳтиёт юзасидан бир неча тирноқларини ҳам олсалар яхшироқ бўлади.

Илк маротаба ҳаж қилишга мушарраф бўлганлар, эҳтиёти вожибга кўра сочларини тагидан қириб олсинлар ва тақсир қилишлари кифоя эмасдир. Лекин биринчи марта ҳаж қилмайдиганлар эса ихтиёрий ҳолда сочларини тагидан қириб оладилар ёки тақсир қиладилар.

Ҳожилар сочларини тагидан қириб олишлари ёки тақсир қилишлари билан эҳромдан чиқадилар ва эҳромдан чиқишлари билан эса эҳромга кирганда уларга ҳаром бўлган амалларнинг бариси (атир, хушбўй ҳидлар ва аёллардан фойдаланишдан ташқари) уларга ҳалол ва жоиз бўлади. Ва ҳатто ов қилиш ҳам уларга жоиз бўлади, агарчи Ҳарам ҳудудида бўлганлари сабаб, овлаш мутлақо ҳаромдир[8].

Аммо атир, хушбўй ҳидлар ва аёллардан фойдаланиш эса ҳажнинг Маккаи Мукаррамадаги вожиб амалларини бажариш билан ҳалол ва жоиз бўлади.

7. Минода тунамоқ;

Ҳажнинг вожиб амалларидан яна бири зулҳижжанинг ўн биринчи ва ўн иккинчи кечалари Минода тунамоқликдир. Ҳожилар Аллоҳнинг амрига итоат қилиш ниятида юқорида айтилган икки кечанинг бир қисмида ҳаж амалларидан бири сифатида Минода тунайдилар. Кечанинг бир қисмида тунаш деганда; кун ботгандан бошлаб то ярим кечагача (масалан: соат 24 ёки 24:30гача) ёки бўлмаса, ярим кечадан то бомдод намозининг азонигача Минода қолиш кераклиги тушунилади.

Ҳожилар зулҳижжанинг ўн иккинчи куни, тушлик пайтида Мино заминини тарк этиб, Макка шаҳри томон йўлга тушишлари керак. Кимда-ким зулҳижжанинг ўн иккинчи куни оқшом кириб келгунча Минони тарк этмай ўша ерда қолса ёки ов қилиб қўйган бўлса, бу икки ҳолда зулҳижжанинг ўн учинчи кечаси ҳам Минода тунамоқлик унга вожиб бўлади.

8. Учта жамараларга тош отмоқлик;

Зулҳижжанинг ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлари ҳожилар учта жамараларнинг ҳар бирига еттитадан тош отишлари лозимдир.

Жамараларга тош отишда тартиб билан, аввал «Жамараи уло»га, кейин «Жамараи вусто»га ва ундан сўнг эса «Жамараи ақаба» ёки «Жамараи кубро»га тош отмоқлик зарур. Бу икки кун ичида олти марта еттитадан тош отган бўлиши керак ва Қурбон ҳайити куни бир марта еттита отган тоши билан бирга қўшиб ҳисоблаганда, етти марта еттитадан тош отган бўлади ва жами 49 марта шайтонга тош отади.

Ҳажнинг тўртинчи амалида айтиб ўтганимиздек, ҳар учта жамара (шайтон)га тош отиш амали ибодат бўлгани учун Аллоҳнинг амрига итоат қилиш ниятида амалга оширмоқ лозим. Ҳамда тошларни бирин-кетин отмоқлик зарур, бирданига эмас. Отилган ҳар бир тош жамараларга аниқ кетиб тегганига ишонч ҳосил қилиш керак. Акс ҳолда яна бир бор тош отишга тўғри келади.

Ҳаракат қилиб тошларни жамараларнинг ўртасига отмоқ лозим. Токи, олдинги шайтоннинг тимсоли бўлмиш тошли устунларга тегганига ишонч ҳосил қилсин. Отиладиган ушбу кичик тошларни Ҳарам ҳудудидан, яъни Машъарул ҳаром ёки Арафот ё Макка шаҳридан йиғиб олган бўлиши керак. Айрим фатволарга кўра, ушбу кичик тошлар бундан олдин отиш учун ишлатилмаган бўлиши керак.

9. Ҳаж тавофи ёки зиёрат тавофи;

Ҳожилар Минодаги ҳаж амалларини бажариб бўлгач, улар Маккаи Мукаррама шаҳрига қайтадилар. Улар Ҳарами шарифга келиб, беш амални бажаришлари вожибдир. Ушбу амалларга ҳажнинг Маккаи Мукаррамадаги вожиб амаллари ҳам дейилади. уларнинг биринчиси ҳаж тавофидир. Ҳаж тавофига «зиёрат тавофи» ҳам дейилади.

Таматтуъ умранинг тавоф амалида айтиб ўтганимиздек, Тавоф амали – Каъбанинг атрофида етта марта Аллоҳ таоло фармонини бажаришни ният қилиб айланишдан иборат. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳаж тавофи фақат ундаги қилинадиган ният билан таматтуъ умранинг тавофидан фарқланади. Аммо ҳаж тавофининг бажарилиш тартиби ҳамда унда риоя қилиниши керак бўлган шарт-шароитлар эса айнан таматтуъ умранинг тавофи кабидир.[9]

10. Икки ракъат ҳаж тавофи намози;

Ҳаж тавофи тугагач, дарҳол Каъба ёнидаги Мақоми Иброҳим (алайҳис салом)нинг орқасида туриб икки ракъат ҳаж тавофи намозини ният қилиб ўқиш вожибдир. Ушбу икки ракъат тавоф намозининг ўқилиш тартиби худди бомдод намози кабидир. Лекин бу намозда азон ва иқомат айтилмайди. Ҳожи киши ушбу намозни адо қилишда ихтиёрий равишда оҳиста ёки баланд товушда ўқий олади.

11. Сафо ва Марва тоғи оралиғида саъй қилмоқ;

Ҳаж тавофининг намозидан сўнг Сафо ва Марва тоғи оралиғида саъй қилмоқлик вожиб бўлади. Таматтуъ умранинг амалларида айтиб ўтганимиздек, саъй қилиш деганда, оддий юришдан бир оз тезроқ юриш ҳолатига айтилади. Ушбу саъй қилиш амали Сафо тоғидан бошланиб, Марва тоғида тугайди. Сафодан Марва томон юрганда бир «шавт» ҳисобланида ва Марвадан Сафога қайтиш эса иккинчи «шавт» бўлади ва шу тартибда охирги еттинчи «шавт» Марвада тугайди. Ушбу саъй амалини бажараётганда, таматтуъ ҳажнинг амалларидан бири сифатида Аллоҳ таолонинг ушбу фармонини амалга ошираман, қурбатан илаллоҳ, деб ният қилмоқлик лозимдир.

Ҳожилар ушбу саъй амалини бажариб бўлгач, эҳром боғлаганда уларга ҳаром бўлган атир-упа ва хушбўй ҳидлар энди мазкур амалдан сўнг уларга ҳалол ва жоиз бўлади.[10]

12. Нисо тавофи;

Муфрада умра ҳамда ҳажда бажарилиши вожиб бўлган амаллардан бири, нисо тавофи ва нисо тавофининг икки ракъат намозидир. Нисо тавофи ва унинг икки ракъат намози фақат эркакларга хос эмас, балки эркак ва аёллардан иборат муфрада умра ёки ҳаж қилмоқчи бўлган барча кишиларга вожибдир.

Ушбу тавоф ҳам айнан олдинги тавоф каби Каъбанинг атрофида етти марта Аллоҳ таолонинг ҳажга оид ушбу фармонини бажараман, қурбатан илаллоҳ, деб ният қилиб айланишдан иборат. Ушбу тавоф олдинги ҳаж тавофидан фақат нияти билан фарқланади. Аммо унинг бажарилиш тартиби ҳамда унда риоя қилиниши керак бўлган шарт-шароитлар эса ҳаж тавофи билан бир хилдир.

13. Нисо тавофининг икки ракъат намози;

Бу намоз ҳам олдингидек Мақоми Иброҳим (алайҳис салом)нинг орқасида ўқилади. Ва шунинг билан таматтуъ ҳажнинг амаллари тугайди.

Нисо тавофи ва унинг икки ракъат намозини адо қилиб бўлгандан кейин, эҳромга кириш билан бир-бирига ҳаром бўлган эр-хотинлар энди ҳалол бўладилар.[11]

Сўзимиз ниҳоясида шуни ҳам айтиш лозимки, зулҳижжанинг ўнинчи куни, яъни Қурбон ҳайити кунининг Минодаги учта амали («Жамараи кубро»га тош отиш, қурбонлик қилиш ва сочни тагидан қириб олиш ёки тақсир қилиш)ни бажариб бўлгач, юқорида зикр қилинган ҳажнинг Маккаи Мукаррамадаги вожиб бўлган беш амалини Минода икки кун мобайнида учта жамарага тош отиш ва у ерда икки кеча тунашдан олдин бажармоқлик жоиз, балки мустаҳабдир. Яъни ҳожи киши Қурбон ҳайити кунининг Минодаги уч амалини бажариб бўлгач, ўша куниёқ эртага қолдирмасдан Маккага қайтиб, Ҳарами шарифдаги вожиб бўлган беш амални бажара олади ва шу йўсинда амалга оширган тақдирда мустаҳаб саналади. Сўнгра эса Минога қайтиб у ердаги учта жамарага икки кун мобайнида тош отади ва икки кеча у ерда тунайди. Ва шунингдек, мазкур Макка амалларини Ташрийқ айёмигача (зулҳижжа ойининг ўн биринчи, ўн иккинчи ва ўн учинчи кунларига «Ташрийқ айёми» дейилади) балки зулҳижжанинг охиригача кечиктириб бажариш жоиздир.[12]

Яна диққатга сазовор бўлган масала шуки, агарчи нисо тавофи ва унинг икки ракъат намози ҳажнинг вожиб амалларидан бўлса-да, лекин ҳажнинг рукни эмас. Шунинг учун, кимки бу иккаласини ҳатто била туриб қасддан ҳам бажармай тарк этса, унинг қилган ҳажи ботил бўлмайди. Бироқ аёлдан фойдаланиш (жинсий муносабатда бўлиш) унга ҳалол бўлмайди[13].

Ва кимки нисо тавофи ва унинг икки ракъат намозини билмасдан тарк этиб ўз ватанига қайтса; шунда агар машаққатсиз Макка шаҳрига қайтиб кела олса, албатта, қайтиб келиб бу икки амални бажариши вожибдир ва агар қайтиб келишнинг иложи бўлмаса, унда бу иккаласини амалга ошириш учун бирор шахсни ўз тарафидан ноиб қилади. Нисо тавофи ва унинг икки ракъат намозини амалга оширмаган ҳожиларга аёлдан фойдаланиш ҳалол эмасдир. Илло бу икки амални ҳожи кишининг ўзи (Маккага қайтиб) ёки унинг ноиби бажарсагина, аёлдан фойдаланиш унга ҳалол бўлади. Нисо тавофини қасддан тарк этган кишининг ҳукми ҳам худди шундайдир.[14]

Фойдаланилган адабиётлар:

[1]. Шайх Кулайний, «Усулул-Кофий», 2-жилд, 18-бет, 2-ҳадис; Шайх Садуқ, «Ал-Хисол», 278-бет, 21-ҳадис; «Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ», 2-жилд, 74-бет, 1770-ҳадис; Шайх Тусий «Таҳзийбул-аҳком», 4-жилд, 151-бет, 418-ҳадис.

[2]. Шайх Ҳур Омилий, «Васоилушшиъа», ҳаж вожиблиги тўғрисидаги 7-боб, 1-ҳадис, 8-жилд, 19 ва 20-бетлар.

[3]. Имом Хумайний, «Тавзийҳул масоил», 2036-масала; «Таҳрийрул васийла», 1-жилд, 372-бетлар.

[4]. Шайх Боқир ал-Иравоний, «Дурусун тамҳидийя фил-фиқҳил истидлаалий», китобул ҳаж, 1-жилд, 251-бет.

[5]. Имом Хумайний, «Таҳрийрул васийла», 1-жилд, 405-бет, китобул ҳаж, ал-қавл фий ақсаамил ҳаж.

[6]. Имом Хумайний, «Таҳрийрул васийла», 1-жилд, 441-бет, китобул ҳаж, ал-қавл фил-вуқуфи бил-Машъарил ҳароми.

[7]. Шайх Боқир ал-Иравоний, «Дурусун тамҳидийя фил-фиқҳил истидлаалий», китобул ҳаж, 1-жилд, 276-бет.

[8]. Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Хоманаий, «Маносикул ҳаж», 191-бет, 361-масала ва 196-бет, 371-масала.

[9]. Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Хоманаий, «Маносикул ҳаж», 193-бет, 363-масала.

[10]. Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Хоманаий, «Маносикул ҳаж», 196-бет, 371-масалани 2-қими.

[11]. Имом Хумайний, «Таҳрийрул васийла», 1-жилд, 451 ва 453-бетлар ва шунингдек, Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Хоманаий, «Маносикул ҳаж», 196-бет, 371-масалани 3-қими.

[12]. Юқоридаги манба, 192-бет, 362-масала.

[13]. Юқоридаги манба, 194 ва 195-бетлар, 367-масала.

[14]. Юқоридаги манба, 195-бет, 370-масала.

Таматтуъ ҳажнинг амаллари матнига тўлиқ ҳолда эга бўлиш учун қуйидаги pdf файлни юклаб олишингиз мумкин. Файл ўлчами: 544 KB (557 056 bytes)

Таматтуъ ҳажнинг амаллари

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳаж амалининг келиб чиқиш моҳияти (2)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни мусулмонларнинг улуғ байрамларидан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.