Home / Шариат қонунлари / Талоқ / Талоқ борасида бир неча савол-жавоблар

Талоқ борасида бир неча савол-жавоблар

Ассалому алайкум. Бир нарсага аниқлик киритсангиз. Талоқ қилганда, икки одил одам қатнашиши керак, деб айтилган. Энди бу борада бир неча савол туғилади:

1. Талоқ қилганда, эр ва хотин ҳам иштирок этиши шартми?

2. Ҳозирги замонда талоқ ўқувчи мулла окалар телефон орқали эрдан рухсат олиб, яъни сен шу хотинга талоқ берасанми деб, агар ҳа деса ўқийди, лекин ўқиганда икки одил шахс бунга гувоҳ бўлмайди-ки! Шунинг ҳукми нима?

3. Мулла талоқ ўқиганда, ёнида иккита гувоҳ бўлмаса, бу талоқ ҳисобланадими? Талоқ ҳақида батафсил тушинтириб берсаларинг. Олдиндан раҳмат.

Ҳурмат билан: Камолиддин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ва алайкум ассалом. Аҳли-Байт мазҳабида талоқ қилиш билан Аҳли суннат мазҳабида талоқ қилишнинг ўртасида жуда катта фарқ бор. Бу ҳақда Аллома Ҳиллийнинг сунний олимлари билан баҳлашувларини диққат билан ўқиб чиқишни сизга тавсия қиламиз. Ушбу баҳсни қуйидаги линкдан очиб ўқий оласиз:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2014/02/alloma-hillijning-sulton-uzurida-bahslashuvi.html

Аҳли суннат наздида уларнинг фиқҳий китобларида айтилишига биноан, эр ҳатто қўли билан ишора қилиб бир ёки ✌ икки ёки 🖖 уч деса, бирданига ўша кўрсатган миқдорда талоқ тушади, тил билан айтишга ҳам ҳожат йўқдир. Аммо Аҳли-Байт мазҳабида эса талоқ қилганда;

1-Албатта, талоқ сийғаси ўқилиши шарт; эрнинг ўзи ёки билган одам эр тарафидан вакил бўлиб талоқ сийғасини ўқийди.

2-Талоқ сийғасини икки одил киши ҳузурида ўқиш шарт. Одил киши деганда, кабира (катта) гуноҳларга йўл қўймайдиган ҳамда кичик гуноҳларни такрорламайдиган одам назарда тутилади.

3-Талоқ қилиш пайти аёл «туҳри ғайримувоқаъа» ҳолатида бўлиши шарт, яъни ҳайз ҳолатида эмас, балки пок ҳолатида бўлиши керак ва ўша пок ҳолатда эри у билан жинсий алоқада бўлмаган бўлиши керак; мана шундай икки хусусиятга эга бўлган ҳолатга «туҳри ғайримувоқаъа» дейилади. Талоқ қилаётганда, юқорида зикр этилган уч шартнинг ҳаммаси тўла-тўкис ҳолда бўлмоқлиги шарт. Агар мазкур шартлардан бирортаси маълум бир сабабларга кўра, мавжуд бўлмаса, қилинган талоқ ботилдир. Агар мазкур уч шартнинг ҳаммаси муҳайё бўлган ҳолда талоқ сийғаси ўқилса, шунда бир талоқ тушади. Агар эр-хотин ярашиб кетиб яна бирга яшасалар ва маълум сабабларга кўра, уларнинг ўрталарига яна совуқлик тушиб, иккинчи марта мазкур уч шартлар асосида талоқ жорий этилса, бу иккинчи талоқ ҳисобланади. Ва агар яна бир бор худди шундай талоқ бериш такрорланса, унда учинчи талоқ тушади. Уч талоқ ўртага тушиши билан эр-хотинлар бир-биларига номаҳрам бўлиб, уларнинг ўртасидаги эр-хотинлик риштаси буткул барҳам топади. Агар улар яна ярашиб биргаликда яшамоқчи бўлишса, унда аёл бошқа эркакка никоҳланиши шарт. Иккинчи эри талоқ қилган тақдирда, биринчи эрига яна қайта олади ва бу иккинчи эрга «муҳаллил» (ҳалол қилиб берувчи) дейилади. Демак, Аҳли-Байт мазҳабида уч талоқ бир мажлисда тушмайди, балки уч мажлисда мазкур шартлар билан жорий этилса, ана ўшандагина уч талоқ ўртага тушади ва уч талоқ ўртага тушгандан сўнг, эр-хотин қайтадан никоҳланмоқчи бўлишса, унда «муҳаллил» керак бўлади.

Демак, юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, берган саволингизга жавоб берамиз;

1. Талоқ қилганда, эр ва хотин иштирок этиши шарт эмас, балки эр талоқ қилиш аҳкомидан огоҳ бўлган кишини ўз тарафидан талоқ сийғасини ўқишга вакил қилади ва вакил бўлган шахс талоқ сийғасини ўқиётганда, эр ёки хотиннинг иштирок этиши шарт эмас. Ёки эрнинг ўзи талоқ бериш аҳкомини билган тақдирда, унинг хотини хабардор бўлмаган ҳолда ҳам талоқ сийғасини ўқиб, ўз хотинини талоқ қила олади. Албатта, ҳар икки ҳолда ҳам (вакил шахс талоқ сийғасини ўқиган ҳолда ёки эрнинг ўзи ўқиган ҳолда) икки одил эркак киши талоқ қилиш ҳолатига гувоҳ бўлиши шарт. Акс ҳолда, ўқилган талоқ ботилдир.

2.  Иккинчи саволнинг жавоби; хотинига талоқ беришни истаган эрнинг ўзи шахсан муллага мурожаат қилиб, хотинини талоқ қилмоқчи эканини айтиши зарур. Зероки, талоқ масаласи шариати исломияда ўта ҳассос ва қалтис масала бўлгани учун, шунчаки ноаниқ ҳолда, масалан телефон орқали эрдан рухсат олиб талоқни жорий қилиб бўлмайди. Балки илк бор эрни хотинини талоқ қилишдан қайтармоқлик ва уларни бирга яшашга чақирмоқлик керак. Агар эр ва хотинни яраштириш ва уларнинг бирга яшашлари учун умуман йўл қолмаган бўлса, ўшандагина мулла талоқ сийғасини юқорида зикр этилган шартларга риоя қилиб ўқий олади. Агар мулла акаларимиз талоқ сийғасини ўқиганларида, икки одил киши бунга гувоҳ бўлмаса, жорий этилган талоқ, шак-шубҳасиз, ботилдир ва эр-хотин ўртасидаги маҳрамлик боқий қолаверади.

Манба: http://bit.ly/2uZb7zS

Албатта, шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, агар эр ночор ва изтирорий ҳолатда бўлса ва ўзи шахсан муллага мурожаат қила олмаса, масалан узоқ сафарда ёки олис юртларда бўлса, у ҳолда телефон орқали ўз вазиятини батафсил муллага тушунтириб бериб, хотинини талоқ қила олади. Ҳозирги замонавий алоқа воситалари; imo & skype ва ҳоказолардан фойдаланиб, муллани кўрган ҳолда талоқ сийғасини жорий этиш учун ўз томонидан вакил қилиши мумкин. Албатта, бу фақат ночор ва изтирорий ҳолатга хосдир.

3. Айтиб ўтганимиздек, мулла талоқ сийғасини ўқиганида, унинг ёнида икки одил шахс гувоҳ бўлмаса, ўқилган талоқ ботилдир ва асосан талоқ ҳисобланмайди. Ва агар ўқилган талоқ ботил бўлиб, асосан талоқ ҳисобланмаса, у ҳолда эр ва хотин бир-бирига маҳрам бўлиб қолаверади ва уларнинг ўртасидаги эр-хотинлик риштаси олдингидек бардавом қолади.

Эҳтиром ила:
Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Check Also

Исломда талоқ ва ажрашиш (1)

  Илк навбатда шуни билмоқ лозимки, ажрашиш, талоқ ва эр-хотинлик риштасини узмоқ ғайритабиий ва яратилиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.