Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Ўз жонига суиқасд қилганларнинг қиёматда ҳукми ва жазоси қандай бўлади?

Ўз жонига суиқасд қилганларнинг қиёматда ҳукми ва жазоси қандай бўлади?

Ассалому алейкум, ҳурматли таҳририят. Оллоҳ сизлардан бу улкан ишларинг учун рози бўлсин. Оғир муаммо ва саволлар билан сизларга мурожаат қилмоқдаман. Ҳозирги кунларда турмушнинг қийинчиликлари туфайли тушунликка тушиш ҳолатлари сабаблими ёки айримларга ҳаётнинг қизиғи қолмаганидан боши берк кўчага кириб қолганлиги учунми ёхуд ҳаётнинг тангликлари сабаблими, ўз жонига суиқасд қилиш муқаддас ватанимиз Ўзбекистонда жуда ҳам кўпайиб бормоқда. Ўз жонига суиқасд қилган, яъни ўзини ўзи ўлдирган одамнинг қиёматда савол-жавоби ва ҳукми қандай бўлади?

Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, ўз жонига қасд қилган одамлар иккига бўлинадилар; руҳан соғлом ёки руҳий хаста одамлар. Шуларнинг ҳам ҳукми қиёматда қандай бўлади? Шу ҳақда тўлиқ маълумот берсангиз.

Ўз жонига қасд қилган одамнинг жанозаси ўқилмайди деб эшитганман, лекин барибир уларга жаноза ўқилмоқда. Жаноза ўқиган имомнинг ҳукми қандай бўлади, шу ҳақда ҳам маълумот бериб ўтсангиз. Олдиндан раҳмат.

Ҳурман билан

Алишер

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Ва алайкум ассалом муҳтарам биродар. Бизнинг таҳририятимизга мурожаат қилиб, сайтимизга кўрсатган илтифотингиз ва эътиборингиз учун ташаккур айтамиз. Бу сўраган саволингизга жавобан дастлаб шуни айтишимиз керакки, ўз жонига суиқасд қилиш амали кабира (катта) гуноҳлардан эканлиги шариати исломияда айтилган ва кабира гуноҳга қўл уриб тавба қилмай, бу оламдан ўтган кишилар жуда ҳам узоқ муддат (миллионлаб йиллар) давомида дўзахда азобланадилар. Ва агар улар ислом ва иймон аҳлидан бўлсалар, азобланиб бўлгандан кейин Аъроф деган жойга ёки жаннатнинг қуйи даражасига юбориладилар.

Бу айтилган жазо кабира гуноҳларини қилиб тавба қилмай оламдан кўз юмганларга хосдир. Ўз жонига суиқасд қилиш, майхўрлик қилиш, одам ўлдириш, туҳмат қилиш, зино қилиш ва ҳоказолар сингари кабира гуноҳларнинг жазоси мана шундай ўта оғир кечади, албатта, агар тавба қилмай ўтган бўлса. Бу борада ўз жонига суиқасд қилиш гуноҳи бошқа кабира гуноҳлардан анча оғирроқ деб айтолмаймиз. Илло Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларда ўз жонига суиқасд қилиш гуноҳи бошқа кабира гунолардан каттароқ ва оғирроқ эканлиги айтилган бўлса, у ҳолда биз ҳам айта оламиз. Акс ҳолда ўзимиздан бир нарса дейишимиз тўғри бўлмайди.

Қуръон оятлари ва ҳадислардан иборат диний далилларда ўз жонига суиқасд қилиш гуноҳи бошқа кабира гунолардан каттароқ ва оғирроқ эканлиги айтилмаган. Албатта, Исломда ўз жонига қасд қилиш тақиқланган ва жуда катта гуноҳдир! Чунки, ўз жонига қасд қилиш ягона гуноҳдирки, инсонга пушаймон бўлиб тавба қилиш ва яна қайтиб келиб, хатосини тўғрилаб олиш имкониятини бермайди. Агарчи ўз жонига қасд қилиш буюк гуноҳ бўлса-да, лекин кабира гуноҳлар бир-бири билан таққослаб бўлмайдиган турли даражага эга. Мисол учун, ҳеч қачон одам ўлдириш гуноҳини ғийбат қилиш ва ҳоказо гуноҳлар билан таққослаб бўлмайди. Гарчи ҳар иккиси ҳам буюк гуноҳлардан ҳисобланса-да.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўз жонига суиқасд қилишнинг жазоси оғир эканлиги борасида шундай марҳамат қилади:

وَلَا تَقْتُلُوا أَنفُسَكُمْ ۚ إِنَّ اللَّـهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا ﴿٢٩﴾ وَمَن يَفْعَلْ ذَٰلِكَ عُدْوَانًا وَظُلْمًا فَسَوْفَ نُصْلِيهِ نَارًا ۚ وَكَانَ ذَٰلِكَ عَلَى اللَّـهِ يَسِيرًا ﴿٣٠﴾

«Ўзингиз ўзингизни ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмли бўлган Зотдир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик ва зулм билан бу ишни қилса, Биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир». (Нисо сураси, 29 ва 30-оятлар)

Олтинчи пешвоимиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ مُتَعَمِّداً فَهُوَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِداً فِيهَا؛

«Кимки қасддан ўз жонига суиқасд қилса, дўзах азобида абадий қолур»[1].

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифдан қуйидагича хулоса чиқарилади:

Ўз жонига қасд қилган киши дўзахда абадий қолажакдир. Баъзи олимлар ҳам жаҳаннамда абадий қолишдан мурод узоқ муддат азобланишдир, абадий азобланиш эмас, деган фикрларни илгари сурганлар.[2]

Айтилганларга биноан, ўз жонига суиқасд қилган одам учун энг ози узоқ муддатли азоб белгиланган. Шунга ҳам диққат қилмоқлик лозимки, ушбу оят ва ҳадисга биноан, бундай киши қийноққа солиниш ва койилишга лойиқ ва ҳақлидир. Аммо азобланишга лойиқ ва ҳақли бўлишнинг маъноси албатта, дўзахга киритилади, дегани эмас. Нимага деганда, Худо ҳар қандай сабабга кўра, уни дўзах азобидан қутқариши мумкин. Шунинг учун, ўз жонига суиқасд қилиш сингари кабира гуноҳларга йўл қўйган кишилар дўзахда азобланишга ҳақли эканликлари сабабли, улар шак-шубҳасиз, дўзахда абадий азобланадилар, деб қатъий ҳукм чиқара олмаймиз. Чунки, бу масалада қатъий ҳукм чиқариш биз ожиз бандаларнинг идроки ва қудратидан ташқаридадир. Энг кўпи, бундай одамлар ўз жонига суиқасд қилгани сабаб дўзахда азобланишга лойиқ ва ҳақлидирлар, деб айта оламиз, холос.

Энди юқорида айтганларимиздан келиб чиқиб, сизнинг «руҳан соғлом ёки руҳий хаста одамлар, шуларнинг ҳам ҳукми қиёматда қандай бўлади?» деган саволингизга жавобимиз қуйидагича:

Аллоҳ таолонинг мўмин бандалар учун жаннатдаги турли ажр-мукофотлари ҳамда кофир ва гуноҳлар учун дўзахдаги турли азоб-уқубатлари ақл-ҳуши жойида бўлган ва ихтиёрий ҳолда яхши амалларни бажарган ёки гуноҳ ишларни қилган кишилар учундир. Демак, кимки ақл-ҳуши жойида бўлмай, ғайриихтиёрий ҳолда, бир сўз билан айтганда, руҳий хаста бўлган ҳолда ўз жонига суиқасд қилиб қўйса, бундайлар кабира гуноҳга қўл ургани учун дўзахга борадилар, деб айтолмаймиз. Ва худди шундай бирор кимса қаттиқ ғазабдан ёки асабий қўзғалишдан ёки ногаҳоний қўрқувдан ва шунга ўхшаш турли сабаблардан ўз жонига суиқасд қилиб қўйса, лекин шундан кейин тезлик билан пушаймон бўлса, аммо ҳаммаси тамом, орқага қайтиб бўлмайди, ҳеч қандай умид йўқ, назоратни буткул қўлдан бериб қўйган ҳолда ўлса, биринчидан, ўша одам ҳақиқий маънода ўз жонига суиқасд қилиш ниятида бўлмаган, балки жоҳилларча ихтиёрсиз ва танловсиз ҳолда бу ишга қўлга урган. Иккинчидан, бу ишидан пушаймон бўлиб, тавба қилгандир, бундай киши Худонинг иродаси билан кечирилган ҳолда дунёдан ўтгандир ва охиратда эса Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан Унинг чексиз марҳамати-ю раҳм-шафқатидан баҳраманд бўлиб, азобга тутилмас. Яъни бундай шахсларни Аллоҳ таоло мағфират қилишига умид қилиш мумкин ва уларни ўз жонига суиқасд қилган, деб жамиятда қоралаш ва уларга танқид кўзи билан қараш тўғри эмасдир.

Бироқ ақл-ҳуши жойида ва ихтиёри ўз қўлида бўлган ёки ҳеч бир ғазаб, асабий қўзғалиш, ногаҳоний қўрқиш каби ҳолатларга учрамаган, сиз айтгандек, «руҳан соғлом» ҳолда бу ишнинг ҳамма оқибатларини била туриб, дунёнинг машаққатларидан қутулай, деб бу мудҳиш гуноҳни содир этса, ана шундагина дўзахнинг аламли азоблари ўша кимсани ўз ичига қамраб олади.

«Ўз жонига қасд қилган одамнинг жанозаси ўқилмайди деб эшитганман, лекин барибир жаноза ўқилмоқда. Жаноза ўқиган имомнинг ҳукми қандай бўлади?»

деб сўраган саволингизга жавобан:

Биринчидан, юқорида айтганларимиздан ўз жонига қасд қилган одамларнинг ҳаммасини бир кўзда кўрмаслик кераклиги маълум бўлди. Балки уларнинг айримлари оддий ҳолда ўлган одамлар қатори кўрилиши керак. Яъни уларга жаноза намози ўқилишининг ҳеч қандай айби йўқ ва шариатимизда бунга бирор бир тақиқлов қўйилмаган.

Иккинчидан, барча имомия уламоларининг назарларига кўра, кабира гуноҳ қилган одам исломдан ва иймондан чиқиб кетмайди ва мусулмон кишининг исломи ва иймони кабира гуноҳ содир этиши билан ҳам сақланиб қолади. Демак, ўз жонига суиқасд қилиш каби кабира гуноҳга йўл қўйган одам мусулмон бўлиб қолаверади ва мусулмон бўлган ҳолда оламдан ўтган кишига жаноза намозини ўқиш вожибдир. Шунинг учун, муллаларимиз ўз жонига суиқасд қилганларнинг жанозасини ўқиб тўғри ва шариати исломияда айтилган вожиб амални бажарадилар.

Мусулмонлар жамиятида ўз жонига суиқасд қилишдек мудҳиш бир гуноҳнинг олдини олиш учун «ўз жонига қасд қилган одамнинг жанозаси ўқилмайди ёки ўқилмасин» деб айтиб келинади, токи, шу билан бу кабира гуноҳнинг имкон қадар олди олинсин деб.

Аллоҳ таоло мусулмонлар жамиятини ўз жонига суиқасд қилиш каби кабира гуноҳлардан Ўзи асрасин! Омин!

Фойдаланилган адабиётлар:

[1]. Шайх Кулайний, Ал-Кофий, Теҳрон, Дар ал-Кутубул ал-Исламияҳ нашриёти, 1365-ҳижрий йили, 7-жилд, 45-бет.

[2]. Оятуллоҳ Макорим Широзий, Намуна тафсири, Теҳрон, Дар ал-Кутубул ал-Исламияҳ нашриёти, 1374-ҳижрий йили, 4-жилд, 68-бет.

Эҳтиром ила:
Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.