Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Ошуро кунининг Карбалода рўй берган соатма-соат воқеалари

Ошуро кунининг Карбалода рўй берган соатма-соат воқеалари

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Доктор Аҳмад Бирашкнинг Эрон тақвимидаги ҳисобига кўра, Карбало воқеаси шамсий тақвим ҳисобига биноан, 59-шамсий йили 21-меҳр ойида юз берган. Шамсий сана қамрий сана каби ўзгарувчан эмас. Ернинг қуёшга нисбатан мавқеи собит ва ўзгармас бўлиб, ўша санадаги Карбало шаҳрининг шаръий вақтларини қўлга киритиш билан, Карбало фожиасини ёзиб қолдирган тарихнависларнинг сўзларини соат ва дақиқага айлантириш мумкин.

Ушбу мақоламизда юқорида айтилган шамсий тақвим ҳисобига асосан, 61-ҳижрий санада Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўй берган Карбало воқеасининг соат ва дақиқаларини келтирамиз:

Соат 5:47 Бомдод намози вақти;

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Бомдод намозидан кейин ёронларига нутқ сўзлаб, уларни сабр ва жиҳодга чақирдилар ва сўнгра:

أللَّهُمَّ أَنتَ ثِقَتِي فِي کُلِّ کَرْبٍ

«Эй Аллоҳим, барча кўнгилсиз ҳодисаларда Сен Ўзинг менинг таянчиғимсан» – деб дуо қилдилар. Муқобил тарафда турган аҳд-паймон бузувчи куфаликлар эса Умар Саъднинг орқасида туриб унинг пешнамозлигида намоз ўқишди ва бомдод намозидан кейин улар қўшинларни сафлаш ва кучларни жойлаштиришга киришдилар.

Эрталаб соат 6 атрофида;

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) душман орқадан ҳужум қилишининг олдини олиш учун чодирларнинг атрофида хандақ қазиб, уни тикан буталари билан тўлдириб сўнг уни ёқишни буюрдилар.

Соат 7:06 кун чиқиш пайти;

Кун чиқишидан бир оз ўтгач, Имом ҳазратлари яхшироқ кўринишлари учун туяга миниб, сўнг Куфа қўшини томон йўл олдилар ва баланд овоз билан уларга хутба ўқидилар. Хутбада ўзларининг, ота ва акаларининг хислат ва фазилатларини ҳамда Куфаликлар ул ҳазратга мактуб ёзганларини уларга эслатдилар. Ҳатто Куфа қўшинининг бир неча бошлиқларини тилга олиб, Ҳажжор ибн Абжар ва Шабас ибн Рибъийдан сизлар мени даъват қилмаганмидиларинг?,-деб сўрадилар. Улар инкор этишди. Шунда имом Ҳусайн (алайҳис салом) уларнинг мактубларини ўзлари томон отиб юбориб, уларга ҳужжатни тамом қилгани учун Аллоҳ таолога шукр қилдилар.

Имом ҳазратларига қарши турган душман бошлиқларидан бири ул зотдан сўради: «Нима учун у Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳукмини қабул қилмайсиз ва уларни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фарзанди билан тўқнашиш иснодидан қутқазмайсиз?»

Ушбу саволнинг жавобида имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзларининг ёруғ йўлни кўрсатувчи машҳур каломларини баралла баён қилиб дедилар:

ألا إنَّ الدَّعِيَ ابْنَ الدَّعِيَ قَدْ رَكَزَ بَيْن اثنَتَيْنِ، بَيْنَ السِّلَّةِ والذِّلَّةِ وهَيْهَاتَ مِنَّا الذِّلَّة

«Огоҳ бўлингизким, пасткашнинг ўғли бўлмиш пасткаш кимса мени икки йўл ўртасида бирини танлашга ундади; қилич тортиб ўлим билан юзланиш ёки хорликни қабул қилиб унга тан бериш! Зиллат-хорлик биздан йироқдир!»

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг нутқлари тахминан ярим соат давом этди.

Эрталаб соат 8 атрофида;

Имом ҳазратларининг нутқларидан сўнг, ул зотнинг бир неча ёронлари, жумладан «Саййидул Қурро», яъни куфалик Қуръонхонларнинг сарвари бўлмиш Бурайр бин Ҳазийр ва бир ривоятга кўра, Зуҳайр бин Қайн душман қўшинига имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг нутқларига ўхшаш сўзларни айтдилар.

Зуҳайр ва Бурайрнинг сўзларидан кейин имом Ҳусайн (алайҳис салом) тарихда машҳур бўлган фарёдларини:

«هل من ناصرٍ ينصرني»

«Менга ёрдам берадиган мададкор борми?» баралла айтдилар. Шунда бир неча киши, жумладан Ҳур бин Язид Риёҳий шубҳага тушдилар.

Илгари хаворижнинг собиқ аъзоларидан бўлган Абу Шаъсо исмли бир шахс ва унинг икки оғайниси имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қўшини томонга ўтишди. Уруш кескинлашаётганини кўрган бошқа айрим кишилар ҳам Куфа қўшинидан қочиб кетган бўлиши муҳтамал.

Эрталаб соат 9 атрофида;

Бу соатда эди, лаънатланган Шимр бин Зилжувшан, малъун Умар бин Саъдга: нега урушни кечиктирияпсан?, деб қўполлик қилди. Охир-оқибат, Умар бин Саъд урушни бошлашга розилик билдирди. Сўнгра унинг ўзи биринчи ўқни Имом ҳазратларининг қўшини томон узиб, ўзининг лашкарларига қараб фарёд этиб деди:

Мен биринчи ўқни узганим туғрисида Убайдуллоҳ бин Зиёд ҳузурида гувоҳлик беринглар.

Аллоҳнинг лаънати унга бўлсин. Умар бин Саъд томонидан ўқ узилганидан сўнг Куфа қўшинининг ўқотар камондорлари биргаликда ўқ ота бошлашди.

Имом ёронларига қараб: «Булар бу қавмнинг вакилларидир. Қабул қилишдан ўзга чора бўлмаган ўлимга тайёр бўлинглар» дедилар. Ушбу ўқ отишлар натижасида Имом ҳазратларининг қўшинларидан бир неча нафар ўлдирилдилар. Отишмаларда ўлганлар сони билан биринчи ҳамлада ўлганларнинг сони мақтал китобларда 50 кишигача қайд этилган.

Эрталаб соат 10 атрофида;

Отишмадан сўнг, Куфа қўшинидан бўлган Зиёд ибн Абийҳнинг қули Ясор ва Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қули Солим урушнинг аввалида яккама-якка жанг қилиш учун чиқишди.

Абдуллоҳ ибн Умайр имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан жангга чиқишга рухсат сўради. Шунда ул ҳазрат унга қараб: «Ўлдирувчи рақибсан деб ўйлайман»,-дедилар. Абдуллоҳ иккаласини ҳам ер тишлатиб, жаҳаннамга равона айлади, аммо чап қўлининг бармоқлари кесилди.

Ушбу яккама-якка жангдан кейин Куфа қўшинининг ҳар томонлама ҳужум қилиши бошланди. Дастлаб, Аллоҳнинг лаънатига учраган Ҳажжор имом Ҳусайн (алайҳис салом) қўшинининг ўнг қанотига ҳужум қилди, лекин Ҳабиб ибн Музоҳир ва унинг ҳамроҳлари уларга қарши туришди ва ерга тиз чўкиб ҳужумни найза билан даф қилишди. Шу пайтнинг ўзида, Аллоҳнинг лаънатига учраган Шимр бин Зилжувшан имом Ҳусайн (алайҳис салом) қўшинининг чап қанотига ҳужум қилди. Зуҳайр бин Қайн ва унинг ёронлари босқинчиларга қарши жангга киришди. Бу ҳужумда малъун Шимрнинг ўзи ҳам яраланди.

Куфа қўшинининг ҳар иккала қаноти ортга чекингач, нобакор Умар ибн Саъд яна 500 нафар ўқотарни жанг майдонига юборди. Улар яна бир бор имом Ҳусайн (алайҳис салом) қўшинини ўққа тутишди. Ушбу ўқ отишлар натижасида Имом ҳазратларининг ёронларидан бир гуруҳи шаҳид бўлишди.

Ибн Аъсам «ал-Футуҳ» китобида бу ҳужумларда шаҳид бўлганлар сонини 50 нафар ва Ибн Шаҳр Ошуб эса 38 киши деб келтирган.

Биринчи шаҳид Абу Шаъсо эди. У ўқотар бўлиб, жанг майдонида 8 адад ўқ отди ва бунинг натижасида 5 нафар душманни ўлдирди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) уни дуо қилдилар.

Малъун Шимрнинг бир гуруҳ қўшини орқа томондан Имом ҳазратларига ҳужум қилмоқчи бўлишди. Бироқ улар олов ёқилган хандаққа дуч келишди. Шунда Зуҳайр ва яна 10 киши душман аскарларига ҳамла қилишди.

Эрталаб соат 11 атрофида;

Бу ҳужумлардан сўнг, имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўз ёронларига бирма-бир жанг майдонига бориш учун изн бердилар. Ёронлар ўзаро шундай келишиб олгандилар; токи улар тирик эканлар, бани Ҳошим тоифасидан ҳеч кимга жанг майдонига чиқишга йўл қўймасинлар.

Гўё улар Аллоҳ йўлида шаҳид бўлиш учун бир-бирлари билан мусобақалашаётдек эдилар. Уларнинг баъзилари имом Ҳусайн (алайҳис салом) нигоҳлари баробарида шаҳид бўлишди. Биринчилардан бўлиб шаҳид бўлганлардан бири тақволи, парҳизкор ва кекса ёшли ҳазрат Барайр эди.

Ундан кейин Муслим ибн Авсажа шаҳид бўлди. Ҳабиб ибн Музоҳир унинг бошининг устига келиб: «Кошки сенинг васиятингни бажара олсам эди!»-деди. Шунда Муслим қўли билан имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни кўсатиб: «Менинг васиятим бу кишидир»,-деди.

Бир марта Имом (алайҳис салом)нинг асҳобларидан етти нафар душманнинг қўршовида қолишди. Ҳазрати Аббос душманнинг қамалини синдириб, уларни қутқардилар.

Соат 12:50 Зуҳр (пешин) азони вақти;

Ҳабиб бин Музоҳир зуҳр (пешин) азони вақтида шаҳид бўлди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) асҳобларига хитоб қилиб дедилар: «Бир киши Умар ибн Саъд ёнига бориб у билан музокара қилсин ва зуҳр (пешин) намози учун урушни тўхтатишни ундан сўрасин». Шунда Куфа қўшинидан бир малъун шахс фарёд этиб: «Сизларнинг намозингиз қабул бўлмайди!» деди. Ҳабиб унга жавобан: «Эй тентак, сизларнинг намозингиз қабул бўлади-ю, аммо Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фарзандининг намози қабул бўлмайди, деб ўйлайсанми?» деди-да, у билан урушишга чиқди. Бироқ Куфа қўшинидан ўша малъун шахснинг ёрдамига келишди ва оқибат, бу қонли тўқнашувда Ҳабиб бин Музоҳир шаҳид бўлди.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ҳабибнинг шаҳид бўлишидан таъсирланиб, илк маротаба Ошуро кунида йиғладилар ва осмонга қараб: «Эй Аллоҳим, ўзимнинг жонимни ва дўстларимнинг жонини Сенинг ҳисобингга қўяман» дедилар.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) намозни шикаста ҳолда «хавф намози» ҳукмига биноан ўқидилар. Ёронлардан бир гуруҳ Имом ҳазратларига иқтидо қилиб намоз ўқидилар ва қолганлари эса урушишга киришишди. Зуҳайр ибн Қайн ва Саъид ибн Абдуллоҳ Ҳанафий ўзларини имом Ҳусайн (алайҳис салом) учун қалқон қилишди. Тарихда ёзиб қолдирилишича, Саъид ибн Абдуллоҳга 13 ўқ ва найза қадалди ва оқибат у шаҳид бўлди. У сўнгги нафасида Имом ҳазратларидан: «Аҳдимга вафо қилдимми?»,-деб сўради.

Тушлик вақти соат 13:00 атрофида;

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ёронларидан ўттиз киши намоз вақтига қадар тирик эдилар ва бу соатдан кейин шаҳид бўлдилар, жумладан Зуҳайр ва Ҳур. Ул ҳазратнинг ёронлари жанг майдонида бири-кетин шаҳид бўлганларидан сўнг, навбат бани Ҳошимга етиб келди.

Бани Ҳошимдан биринчи бўлиб жанг майдонига чиққан киши имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ўғиллари ҳазрат Али Акбар эди. Ибн Аъсам «ал-Футуҳ» номли китобида Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Ақилни бани Ҳошимнинг биринчи шаҳиди деб келтирган. Абдуллоҳ ибн Муслим (алайҳис салом) номардларча ўлдирилди. Унинг шаҳид бўлиши бани Ҳошим йигитларига оғир ботди. Улар биргаликда отлиқ ҳолда душманга ҳамла қилдилар, аммо имом Ҳусайн (алайҳис салом) уларни тинчлантириб:

«Эй амакивачиларим, ўлимга сабр қилинглар. Аллоҳга қасамки, бундан сўнг сиз ҳеч бир хорлик ва зиллат кўрмагайсиз»,- дедилар.

Соат 14:00 атрофида;

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларининг ҳаммаси шаҳид бўлгач, бани Ҳошим эркаклари бирин-кетин жанг майдонига йўл олдилар. Улар жон-жаҳдлари билан урушгач, ҳаммалари шаҳид бўлишди. Тарихда бани Ҳошим эркакларидан шаҳид бўлганлар сони 28 киши эканлиги қайд этилган. Улар қуйидагилардир:

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг 7 биродарлари,

Имом Ҳасан (алайҳис салом)нинг 3 ўғиллари,

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг икки ўғиллари,

Жаъфар ибн Аби Толибнинг (алайҳис салом) икки набираси,

Мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг акалари Ақийл хонадонидан 9 киши ва қолган шаҳидлар эса пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бошқа амакилари авлодлари бўлган.

Оқибат имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ҳазрати Абулфазл Аббос (алайҳис салом) ёлғиз қолдилар. Ҳазрати Аббос (алайҳис салом) Имом ҳазратларидан жанг майдонига чиқишга рухсат сўради, аммо имом Ҳусайн (алайҳис салом) унга хаймаларга сув етказиб беришни буюдилар. Душман икки ака-уканинг ўртасига оралиқ солди.

Довюрак Аббос (алайҳис салом) аёллар ва болаларга сув мешини етказиб бериш учун бутун шижоатлари билан ҳаракат қилаётиб, душман қўшини қамалида қоладилар ва оқибат ул зотнинг икки қўллари кесилади ҳамда темир гурзи билан бошларига уришади. Шунда ул ҳазрат отдан ерга қулайдилар ва баланд товуш билан акаларини чақирадилар:

يَا أَخِي يَا حُسَيْنُ عَلَيْکَ مِنِّي السَّلَامُ، يَا أَخَاي أَدرِکْ أَخَاکَ.

Эй биродарим, эй Ҳусайн, мендан сизга салом бўлсин. Эй биродарим, биродарингизни қутқазинг!

Шу пайт ҳазрати имом Ҳусайн (алайҳис салом) саросима ҳолда ўзларини яшин янглиғ биродарларининг бўлакларга бўлинган жасадига етказдилар. Ул ҳазрат биродарлари Абулфазл Аббосни Фурот дарёси қироғида чанқаган, қонига беланган ва икки қўли кесилган ҳолда кўрдилар. Биродарларининг бўлак-бўлакларга бўлинган баданини кўриб, имом Ҳусайн (алайҳис салом) иккинчи марта йиғлаб:

«وَا أَخَاه وَاعَبَّاسَاه الآنَ انْکَسَرَ ظَهْرِي وَ قَلَّت حِيلَتِي وَ انْقَطَعَ رَجَائِي».

«Вой биродарим, вой Аббосим! Энди белим синди, чорасиз бўлдим ва умидим узилди»,- дедилар.

Душман Имом ҳазратларини кўриб бир оз орқага чекинди.

Соат 15:00 атрофида;

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг муборак кўзларидан ёш оққан ҳолда оилалари билан видолашиш учун чодирлар томонга қайтиб келдилар. Ва шунингдек, куйлакларини йиртиб эгниларига кийдилар, токи душманлар ғорат қилиш пайти куйлакни ечиб олиб ул ҳазратни яланғоч қилмасинлар деб. Имом ҳазратлари Аҳли-Байтлари билан видолашиш вақти ўзларининг Али Асғар исмли сутэмар гўдакларини сувга қондириш учун жанг майдонига элтдилар. Аммо душманлар болага сув бериш ўрнига Аллоҳнинг лаънатига учраган Ҳармала исмли шахснинг болани чўтлаб ўқ отиши билан шаҳид этишди.

Шунда имом Ҳусайн (алайҳис салом) осмон сари юзланиб: «Эй Аллоҳим, агар ёрдамингни биздан дариғ тутсанг, унинг баробарида биз учун яхшироқ бўлган нарсани ато этгин»,- дедилар.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) жанг майдонига чиқдилар, лекин ул ҳазрат билан беллашишга журъат қилганлар жуда оз эди. Айримлар ул ҳазратга ўқ узардилар, баъзилар эса узоқдан туриб найза отардилар. Шимр ва ўн киши Имом ҳазратлари билан урушишга келишди. Ушбу жангда имом Ҳусайн (алайҳис салом) кўпларни қиличдан ўтказиб, дўзахга равона айладилар. Оқибат ул ҳазрат яккаю ёлғиз ҳолда Аллоҳ таолонинг ҳузурига йўл олиб шаҳид бўладилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлганларидан сўнг, ул зотнинг муборак баданларида 33 найза жароҳати ва 34 та қилич жароҳати бор эди.

Тарихда ёзилишича, имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлиш арафасида эдилар, аммо ҳеч ким ул ҳазрат томонига боришга журъат этолмасди. Ул зотнинг Аҳли-Байтлари Зулжаноҳ исмли отларининг кишнашини эшитиб, чодирлардан ташқарига югурдилар. Шу пайт Абдуллоҳ ибн Ҳасан (алайҳис салом) исмли бир гўдак югуриб, қатлгоҳ томонга келди-да, ўзини амакиси имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қучоғига отди. Аммо у виждонсиз разиллар гўдак болага раҳм қилмай амакисининг қучоғида ўлдиришди. Имом ҳазратлари қаттиқ ранжиб чуқур қайғуга ботдилар ва куфаликларни қарғаб:

«Эй Аллоҳим, осмон ёмғирию ер ўсимликларини улардан ол»,- дедилар.

Соат 16:06 Аср намози вақти;

Тарих китобларида имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг шаҳид бўлиш вақтлари аср намози вақти деб айтилган. Табарий номли тарих китобининг ёзишича, малъун Умар ибн Саъд қўшини орасидаги воқеаларни ёзувчи Ҳамид бин Муслим имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг шаҳид бўлишларини қуйидагича баён қилади:

Ҳусайн бин Али (алайҳимас салом)нинг ўлдирилишидан олдин унинг ушбу сўзларни айтаётганини эшитдим:

«Аллоҳга қасамки, мендан кейин бирор одамни ўлдирмайсизки, Худо унинг ўлдирилишидан мени ўлдиришдан кўра кўпроқ сизларга ғазаб қилсин»

Сўнгра айтади: Кейин Шимр аскарларга қараб: «Сизларга вой бўлсин, нимани кутмоқдасиз?! Оналаринг азангизда йиғласинлар, уни ўлдинглар»,- деди.

Унинг айтишича, шу пайтда Синон ибн Анас имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ҳарба қилиб ул ҳазратнинг баданига найза суқди.

Соат 17:00 атрофида;

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг шаҳид бўлишларидан сўнг душман қўшинининг бир гуруҳи ул ҳазратнинг кийимларини талон-тарож қилишди. Тарихда қайд этилишича, кейинчалик бу одамларнинг ҳаммаси бедаво касалликларга дучор бўлишди.

Сўнгра имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазрат ёронларининг мол-мулкларини жамоа бўлиб талон-тарож қилиш бошланди. Умар бин Саъд бир муддатдан сўнг ғорат қилишни тўхтатишни буюрди.

Сувайд ибн Мутоъ исмли Басра шиаларидан бири имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлганларидан кейин Карбалога етиб келди ва ул зотнинг аҳли оилаларини ҳимоя қилиш учун жанг қилди ва оқибат бу қонли тўқнашувда шаҳид бўлди.

Кун ботишига оз қолганди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг муборак бошларини шафқатсизларча танидан жудо қилиб шу кечанинг ўзидаёқ ҳаромзода бўлмиш Ибн Зиёд ҳузурига элтиш учун малъун Хувлийга беришди. Сўнгра Умар бин Саъднинг буйруғи билан Имом ҳазратлари ва ул зот ёронларининг суякларини ҳам янчиб-эзиб ташлаш учун уларнинг пок-мутаҳҳар баданлари устидан от чоптиришди.

Соат 18:49 Мағриб (Шом) азони вақти;

Куфа қўшинининг ўлганларини тўплайдилар, Ошуро кунининг қайғули воқеаси мана шундай тугайди; Ҳолбуки, Аллоҳнинг лаънатига учраган Умар бин Саъд Мағриб (Шом) намозини жамоат билан ўқишга буюраётган вақт Синан бин Анас одамлар орасида югириб ражаз ўқиб дерди:

«Отимнинг югани ва эгарини олтиндан қилингиз, чунки, мен энг яхши одамларни ўлдирдим».

Бу ҳаромиларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин!

أَلَا لَعْنَةُ اللَّـهِ عَلَى الظَّالِمِينَ

«Огоҳ бўлингизким, золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» (Ҳуд сураси, 18-оят)

وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنقَلَبٍ يَنقَلِبُونَ

«Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билурлар» (Шуаро сураси, 227-оят)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.