Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Имом Маҳди зуҳур қилганларида баъзи мужтаҳидлар ул зотга қарши чиқаркан, демак, нега уларга тақлид қиласизлар?

Имом Маҳди зуҳур қилганларида баъзи мужтаҳидлар ул зотга қарши чиқаркан, демак, нега уларга тақлид қиласизлар?

Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят. Бир савол билан Доғистонлик бир жоҳил ваҳҳобий мени қийин аҳволга солмоқда. У Фейсбукда шундай савол қилибти:

Имом Маҳди зуҳур қилган пайтлари баъзи муджтаҳидлар билан уруш қиладилар ва уларни ўлдирадилар. Чунки, улар у зотга қарши чиқадилар…. Хўп, шундай экан …. нега сиз шиалар ҳозирги замон мужтаҳидларига тақлид қиласизлар…. қайдан биласизлар, балким Имом Маҳди айнан қайсидир бир муджтаҳид билан уруш қиларлар?

Ушбу саволни берган жуда ақлли ваҳҳоби экан!! Жавобини қандай беришга ақил етмаяпти!! Нима деб жавоб берса бўлади?! Жавобларинг учун олдиндан раҳмат.

Элёр Наманган

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Ва алайкум ассалом. Тўғри, ўн иккинчи пешвоимиз имом Маҳди (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) ҳазратлари зуҳур қилган пайтлари ҳою ҳавасга берилган дин ниқоби остидаги баъзи муджтахидлар ул зотга қаршилик кўрсатадилар ва оқибат ул ҳазрат улар билан урушиб уларни ўлдирадилар.

Лекин ул зот ўзларининг тўртинчи хос ноиблари бўлмиш Али ибн Муҳаммад Самурий вафот этишига олти кун қолганда унга мактуб йўллаб, уни ўз ўлимидан хабардор этиб, ушбу тўрт хос ноиблардан сўнг шиаларга кимлар раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиши кераклигини баён этиб айтадилар:

«واما الحوادث الواقعة فارجعوا فيها إلي رواة حديثنا فإنَّهم حجَّتي عليکم و أنا حجة الله عليهم»

«Юз берадиган ҳодиса-воқеаларда бизларнинг ҳадисларимизни нақл қиладиган ровийлар (фақиҳ ва мужтаҳидлар)га мурожаат қилинглар. Зеро, улар менинг сизларга бўлган ҳужжатимдир ва Мен эса Аллоҳнинг уларга бўлган ҳужжатиман.»

Манба: Ҳур Омилий, Муҳаммад ибн Ҳасан, «васоилуш шиа», 18-жилд, 101-бет, 9-ҳадис.

Маъсум имомларимиздан юқоридаги мазмунда ривоят қилинган кўпгина ҳадиси шарифларга кўра, ўн иккинчи имомимиз ҳазрат Маҳий (а.ж) кўзлардан ғойиб бўлган даврда илму-амал ва тақвода маъсум имомларимизга энг яқин бўлган фақиҳ ва мужтаҳидлар Ислом умматига йўлбошчилик ва пешволик қилишлари керак ва бундай сиёсий-диний ғояга “вилояти фақиҳ” деб айтилади. Бу ҳақда батафсил маълумотга эга бўлиш учун қуйидаги мақолаларни ўқиб чиқишни тавсия этамиз:

Вилояти фақиҳ назариясига Қуръоний, ҳадисий ва ақлий далиллар

https://najotkemasi.net/2014/01/viloyati-fa-i-nazariyasi-ajsi-zamong.html

Демак, ўн иккинчи пешвоимиз Имом Маҳди (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) маълум сабабларга кўра кўзлардан ғоиб бўлган пайтларида илму-амал ва тақвода ул зотга энг яқин бўлган фақиҳ ва мужтаҳидларга эргашиш барча мусулмонларнинг ва махсусан шиаларнинг вазифасидир.

Хўш, бу гапларнинг маъноси Ғайбат даврида ҳар қандай мужтаҳидларга ёки мужтаҳидликни деб даъво қилганларга тақлид қилса бўлаверадими? деган савол туғилади. Ушбу саволга жавобан юқорида айтиб ўтганимдек, илму-амал ва тақвода маъсум имомларимизга энг яқин бўлган фақиҳ ва мужтаҳидларгагина тақлид қилиш бизларга таъкидлаб айтилган. Бу ҳақда диққатингизни қуйидаги саҳиҳ ва мўътабар ҳадисга қаратамиз:

Ўн биринчи пешвоимиз ҳазрат имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) авом яҳудийларнинг фосиқ дин уламоларига тақлид қилишларини қоралаб айтадилар:

الإمامُ العسكريُّ عليه السلام ـ بَعدَ تَقبِيحِ تَقلِيدِ عَوامِ اليَهودِ لِعُلَماءِ الفَسَقَةِ: «فَمَن قَلَّدَ مِن عَوامِّنا مِثلَ هؤلاءِ الفُقَهاءِ فَهُم مِثلُ اليَهودِ الذينَ ذَمَّهُمُ اللّه ُ بالتَّقليدِ لِفَسَقَةِ فُقَهائهِم»

«Агар мусулмонлардан бирор ким шуларга ўхшаш фуқаҳолар (мужтаҳидлар)га тақлид қилишса, бас улар ҳам ўша яҳудийларга ўхшаш бўлиб, Аллоҳ уларни фосиқ ва бузғунчи фуқаҳоларга тақлид қилганлари учун маломат қилган.»

Сўнгра ул зот сўзларини давом эттириб тўғри йўлни тутган фуқаҳо ва мужтаҳидларга тақлид қилиш борасида шундай марҳамат қиладилар:

«فَأمّا مَن كانَ مِن الفُقَهاءِ صائناً لنفسِهِ حافِظاً لِدينِهِ مُخالِفاً على هَواهُ مُطِيعاً لأمرِ مَولاهُ فلِلعَوامِّ أن يُقَلِّدُوهُ، وذلكَ لا يكونُ إلّا بَعضَ فُقَهاءِ الشِّيعَةِ لا جَميعَهُم»

«Аммо фуқаҳолардан кимки ўз нафсини тиювчи, динини ҳифзу ҳимоя қилувчи, нафсининг ҳавас-истакларига қарши чиқувчи ва мавлосининг (маъсум пешвосининг) фармонига бўйсунувчи бўлса, одамлар унга тақлид қилишлари зарурдир. Ва бу хусусиятлар фақатгина шиаларнинг баъзи мужтаҳидларида мавжуд, уларнинг ҳаммасида ҳам эмас».

Манба: Мунтахаби Мийзонул Ҳикмат, 1205356-ҳадис; Шайх Ҳур Омилий, Васоил аш-шиа, 27-жилд, 131-ҳадис ва 18-жилд, 94 ва 95-бетлар.

Демак, юқоридаги ҳадиси шарифда имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) маъсум имом кўзлардан ғоиб бўлган пайтда ислом умматига қандай йўл тутиш кераклигини ўргатиб, ўз нафсини тиювчи, динини ҳифзу ҳимоя қилувчи, нафсининг ҳавас-истакларига қарши чиқувчи ва ва мавлосининг (маъсум пешвосининг) фармонига бўйсунувчи мужтаҳидларга тақлид қилиш мусулмонларга вожиб эканлигини уқтирганлар, ҳамма мужтаҳидларга ҳам эмас. Ва ушбу ҳақиқат мазкур ҳадисда очиқ баён қилинган ва баъзи мужтаҳидлар тақлид қилинишга лойиқ эмасликлари ва уларнинг тутган йўллари маъсум имомларимиздан йироқ ва фарқли эканлиги очиқ айтилган.

Энди юқорида сўралган саволнинг, аниқроғи шубҳанинг жавобига келсак, юқорида айтилганлардан келиб чиқиб шуни айтамизки, мужтаҳидлик қиёфасида кўриниб мужтаҳидликни иддао қилган ҳамма кишиларга ҳам тақлид қилиб бўлмайди. Балки имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) айтганларидек, ўз нафсини тиювчи, динини ҳифзу ҳимоя қилувчи, нафсининг ҳавас-истакларига қарши чиқувчи ва ва мавлосининг фармонига бўйсунувчи бўлган мужтаҳидгагина тақлид қилиш мумкин. Аммо ушбу хусусиятларга эга бўлмаган мужтаҳидга тақлид қилиб бўлмаслигини бундан 1200 йил муқаддам ўн биринчи пешвоимиз имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) бизга айтганлар. Қандай ва қайси мужтаҳид тўғри йўлни тутган ёки тутмаганлини аниқлаб олишимиз учун қўлимизга мезон ва тарози тутқазиб қандай мужтаҳидга тақлид қилишимиз кераклигини баён қилганлар.

Демак, мужтаҳидлик қиёфасида бўла туриб мужтаҳидликни иддао қилган, аммо маъсум Имом баён қилган хусусиятларга эга бўлмаган кимсалар, албатта, ўн иккинчи пешвоимиз Имом Маҳди (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) зуҳур қилганларида ул ҳазратга ва кўрсатган йўлларига қарши чиқадилар ва ҳатто ул зот билан урушишгача борадилар.

Юқоридаги «ҳозирги замон мужтаҳидларига тақлид қиласизлар…. қайдан биласизлар, балким Имом Маҳди айнан қайсидир бир муджтаҳид билан уруш қиларлар?» – деб илгари сурилган шубҳага жавобимиз қуйидагича:

Эндиликда алоқа воситалари ҳамманинг қўлида бўлган, ҳар бир инсон кириш ва фойдаланиш имкониятига эга бўлган ижтимоий тармоқларда фикр ва ахборот алмашинуви кенг кўламда амалга ошаётган бугунги даврда бир мужтаҳиднинг юқорида зикр этилган хусусиятларга эга экани ёки эга эмаслигини билиб ва аниқлаб олиш қийин иш эмас.

Бинобарин, Саййид Содиқ Шерозий сингари ўз нафсини тия олмай, нафсининг ҳавас-истакларига қарши чиқмай, динини ҳифзу ҳимоя қилмай ва мавлосининг (маъсум пешвосининг) фармонига эмас, балки Исломнинг ашаддий душмани бўлмиш АҚШ ва Англияга бўйсунган ва улар билан тил бириктириб, уларнинг моддий ва маънавий ёрдамлари ҳамда нопок режалари асосида ингилизча шиага асос солиб Аҳли суннат ва Аҳли-Байт издошлари ўртасига ҳамда ўзаро шиалар ўртасига ихтилоф ва тафриқа солаётган мужтаҳидлар ва уларнинг бир неча сунъий йўлдош каналларида қилаётган фитна тарқатувчи фаолиятлари бугунги кунда ҳаммага маълум. Ҳаттоки, айрим ишочли хабарларга кўра, бундай мужтаҳидлар кўрсатаётган фаолиятлари эвазига Англиядан қоп-қоп пуллар олмоқдалар ва улар уялмай Англиянинг бароғи билан расмга тушганлар.

Бундай мужтаҳидларга тақлид қилмасликни маъсум имомларимиз ҳадисларда бизларга уқтирганлар. Бугунги кунда имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) томонларидан баён қилинган хусусиятларга эга бўлмаган баъзи мужтаҳидлар ва улар асос солган ингилизча шианинг хатари каллакесар ваҳҳобийлардан кам эмас. Ва асосан ингилизча шиа билан ваҳҳобийлик бир қайчининг икки ўткир дамига ўхшаш бўлиб, эндиликда бу иккаласи Ислом динига барҳам бериш учун АҚШ ва Англия фойдасига хизмат қилишмоқда.

Демак, адолатли, тақволи, ўз нафсини ҳою ҳаваслардан тиювчи ва художўй мужтаҳидларимиз ўн иккинчи пешвоимиз имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳазратлари зуҳур қилганларида, ул зотга буткул таслим бўлиб, буйруқларини тўла-тўкис бажарадилар. Ва биз ҳозирги замонда мана шундай мужтаҳидларга тақлид қиламиз. Аммо юқорида айтиб ўтганимиздек, АҚШ ва Англия каби Исломнинг ашаддий душманлари фойдасига хизмат кўрсатаётган айрим сохта мужтаҳидларга зинҳор тақлид қилмаймиз ва уларни ўн иккинчи Имомимиз зуҳур қилганларида ул зотга қарши чиқадилар деб биламиз!!

Аллоҳ таоло ҳаммамизни йўлдан адашишдан Ўзи асрасин! Омин!

Эҳтиром ила:
Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.