Home / Аҳли-Байт / Имом Ризо (а.с) / Имом Ризо (а.с)нинг ҳаётлари ҳақида қисқача маълумот

Имом Ризо (а.с)нинг ҳаётлари ҳақида қисқача маълумот

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Шиаларнинг саккизинчи имоми ҳазрат Али ибн Мусо ар-Ризодир. Ул ҳазратнинг энг машҳур лақаблари Ризодир. Оталари Мусои Козим (алайҳис салом) ва оналари Нажма Хотундирлар. Имом Ризо (алайҳис салом) ҳижратнинг 148-йилида, зул-қаъда ойининг 11-кунида дунёга келганлар. Шу муносабат билан ул зотнинг оталари имом Козим (алайҳис салом) завжалари Нажманинг исмини «Тоҳира» деб ўзгартирдилар.

Саккизинчи имомимиз Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) 55 йил умр кўрганлар. Бундан 35 йили оталарининг ҳаётлик чоғларида бўлиб, 20 йили эса имом Ризо (алайҳис салом)нинг имомлик ва пешволик йилларига тўғри келади. Бошқа таъбир билан айтганда, ул ҳазрат 35 ёшларида Ислом умматига имомлик ва пешволик қилиш шарафига муяссар бўлдилар. Имом Ризо (алайҳис салом)нинг ҳаётларидаги муҳим босқич – бу ул зотнинг ўша давр халифаси Маъмун Аббосийнинг мажбурлаши билан Хуросонга келишларидир.

Умуман олганда, имом Ризо (алайҳис салом) Аббосийларнинг қуйидаги халифари даврида яшаганлар: Ҳорун Ар-рашид, Муҳаммад ал-Амин ва Абдуллоҳ Маъмун.

Маъмун имом Ризо (алайҳис салом)ни мажбурлаб Хуросонга келтиришидан мақсад – Мадинада у зотнинг тарафдорлари кўпайиб кетишининг олдини олиш ва шунингдек, Хуросон аҳолисининг Ҳукуматга қарши исёнларини тинч йўл билан бостириш бўлган. Шунинг учун, Маъмун имом Ризо (алайҳис салом)ни юзаки кўринишда яхши қаршилаб, ул зотга «валиаҳдлик» мақомини таклиф этади.

Албатта, Имом ҳазратлари бу мансабни ундан қабул қилмайдилар. Лекин Маъмун таҳдид қилиш йўли билан Ҳазратни «валиаҳд» қилиб тайинлайди. Ушбу сохта мансабдан Аллоҳ йўлида Ҳақ нурини ёйиш учун фойдаланган имом Ризо (алайҳис салом) халифага сира ёқмасди. Бошқа томондан эса ул ҳазратнинг эл-юрт олдидаги кун сайин ортиб бораётган обрў-эътиборлари халифага тинчлик бермас эди.

Шунинг учун, кунларнинг бирида Маъмун бин Ҳорун ар-Рашид имом Ризо (алайҳис салом)ни ўз саройига чақириб, ул зотга заҳар билан йўғирилган узум бериб, ул ҳазратни шаҳид қилди. Маъмун бу мудҳиш хабарни халқдан бир кеча-кундуз сир сақлади. Ҳижратнинг 203-йилида Сафар ойининг охирги куни имом Али ибн Мусо ар-Ризо заҳарланиб шаҳид бўлдилар. Ул ҳазратнинг пок мақбаралари Эроннинг ҳозирги Хуросон вилоятидаги Машҳад шаҳрида бўлиб, эндиликда буюк зиёратгоҳга айлангандир.

ИМОМ РИЗОНИНГ СИЙРАТЛАРИ

Ражо бин Абу Заҳҳок имом Ризо (алайҳис салом) ҳақлари шундай дейди:

«Аллоҳга онт бўлсинким, мен имом Ризодан кўра тақволироқ ва Худонинг зикрида бардавомроқ бирор шахсни кўрмаганман».

Иброҳим бин Аббос айтади:

«Имом кечалари оз ухлар, кўпроқ зикру-тасбеҳ билан тонг оттирар эдилар».

Абдусалом Ҳирротий айтади:

«Мен имом Ризо (алайҳис салом)ни кўриш учун ул зот сақланаётган уй қамоғига борган эдим. Эшик олдидаги қоровулдан Имомнинг ҳузурига қўйишини сўраб унга мурожаат қилдим. Шунда Қоровул менга қараб шундай деди:

– Қандай қилиб у билан кўришишинг мумкин?! Ахир у туну-кун фақат Аллоҳга ибодат қилади-ку! У бир кеча-кундузда 1000 ракаат намоз ўқийди».

Иброҳим ибн Аббос ривоят қилиб айтади:

Имом Ризо (алайҳис салом) ҳар уч кунда Қуръонни хатм қилар эдилар. Бу ҳақда ўзлари шундай деганлар:

«Мен уч кундан озроқ муддатда ҳам Қуръонни хатм қилган бўлур эдим, лекин мен Қуръон ўқиётиб унинг маъноси, нозил бўлиш сабаби, қайси мавзу ҳақида нозил бўлганлиги борасида фикр юритаман. Шунинг учун, Қуръон тиловатида ҳеч шошмайман».

Қачон Имомдан шаръий савол сўралганда, ул ҳазрат албатта, Қуръон оятларига асосланиб жавоб берардилар.

Иброҳим бин Аббос айтади:

«Ҳазрат жуда кўп рўза тутар эдилар. Айниқса, ҳар ойнинг бошида, ўртасида ва ойнинг охирида рўзани тарк этмас эдилар».

Ражо бин Абу Заҳҳок айтади:

«Қачонки, имом Ризо (алайҳис салом) дуо қилсалар, албатта, Пайғамбарга ва ул зотнинг Аҳли-Байтларига салавот айтиб, кейин дуо қилар эдилар».

Имом Ризо (алайҳис салом) ўз асҳобларига қараб: «Сизларнинг қўлларингизда Анбиёларнинг қуроли бор, ундан фойдаланингиз», дедилар. Шунда асҳоблари ҳайрон бўлиб, у қандай қурол экан?- деб сўрашди. Имом уларга: «Дуо» деб марҳамат қилдилар.

Ражо бин Абу Заҳҳок шундай ривоят қилади:

Имом Ризо намознинг қунутида қуйидаги дуони ўқир эдилар:

«Эй Аллоҳим, менга раҳм қил, гуноҳларимни кечир, Сен кечиргувчи ва қудратлидирсан!»

Имом Ризо (алайҳис салом)нинг хизматкорлари Ёсир айтади:

«Имом ҳазратлари ҳар вақт имкони бўлганда, дастурхон атрофига хоҳ кичик бўлсин ёки катта бўлсин, барча хизматкорларини чақирар ва улар билан суҳбатлашар эдилар. Ул зот ҳеч бир хизматкорларининг ҳолидан бехабар қолмасдилар».

Сулаймон бин Жаъфар айтади:

Бир куни имом Ризо (алайҳис салом)нинг ҳузурларига мушарраф бўлган эдим. Имом ташқаридан ҳорғин ҳолатда уйга кирдилар ва ичкарида ишга янги жалб этилган мардикорни кўриб: «Неча пулга бу йигит билан келишдингиз?», – деб сўрадилар. Шунда хизматкорлари: «Ҳали пулини келишганимиз йўқ»,- деб жавоб берди. Бу жавобни эшитган Имом: «Ахир мен сизларга: Пулини келишмасдан туриб ишчи ёлламанглар, деб айтмаганмидим?!», – дедилар норози оҳангда.

Ҳарроний ривоят қилади:

«Агар имом Ризо (алайҳис салом) бирон-бир нарса эсларидан чиқмаслигини истасалар, шундай деб ёзиб қўярдилар: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим, иншо Аллоҳ қуйидагилар ёдимдан чиқмасин, сўнг хоҳлаган нарсаларини ёзиб қўяр эдилар».

Муҳаммад бин Жаҳм шундай ривоят қилади:

«Имом Ризо (алайҳис салом) мевалар ичидан узумни кўпроқ яхши кўрардилар».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Имом Ризо (а) таваллудларига бағишланган махсус лавҳа

Ҳижрий – қамарий йил ҳисоби билан зулқаъда ойининг ўн биринчи куни сарвари олам Муҳаммад Мустафо …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.