Home / Аёллар саҳифаси / ИСТИҲОЗА ҚОНИ ТУРЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ҲУКМЛАРИ

ИСТИҲОЗА ҚОНИ ТУРЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ҲУКМЛАРИ

Ассалому алейкум Ҳурматли Таҳририят. Истиҳоза қони, яъни аёллардан 10 кундан кейин келадиган қон тўғрисида тушунча берсангиз. Олдиндан раҳмат!

  • Ҳурмат билан
  • Садоқатхон

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ Ҳурматли Муслима Опамиз.

Дастлаб шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, ҳайз қони одатда балоғат ёшига етган хотин-қизлардан ҳар ой келиб туради ва ҳайз қони кўпинча қуюқ, иссиқ ва тўқ рангли бўлиб, босим ва бироз ачиш билан келади. Ушбу қоннинг энг оз муддати уч кун ва энг кўпи ўн кун бўлади. Ҳайз қони кўрган аёл намоз ўқий олмайди ва рўза ҳам тута олмайди. Бироқ ҳайз қони тугаб покликка ўтгач, қўлдан берган намозларининг қазоси бўлмайди, аммо рўзаларининг қазосини келгуси Рамазон ойигача тутиб бериш унга вожибдир.

Манба: Имом Хумайний, Ал-Урватул вусқо, 1-жилд, фаслун фил ҳайз, 315 ва 316-бетлар ва Тавзийҳул масоил, 434 дан 441-масалалар.

Аммо айрим вақтларда қиз ёки аёлларнинг бачадонидан келадиган бошқача қон ҳам бор бўлиб, унга «Истиҳоза» қони дейилади. Аёллар баъзан оғир иш қилганда ёки оғир юк кўтарганда ёхуд айрим хасталикларга чалинганда, улардан Истиҳоза қони келади. Ушбу қон одатда сариқ рангли ва совуқ бўлиб, босимсиз ва ачишмаган ҳолда келади ва қуюқ ҳам эмасдир. Лекин гоҳида тўла ранг, иссиқ ва қуюқ бўлиб, босим билан келиши ҳам мумкин.

Истиҳоза қонини кўрган аёлга «Мустаҳоза» дейилади.

Манба: Тавзийҳул масоил, 392-масала.

ИСТИҲОЗА ТУРЛАРИ

Истиҳоза қони кам ёки кўп келиши асосида уч қисмга бўлинади:

  • Қалила
  • Мутавассита
  • Касира

Ушбу тақсим бўйича, аёлнинг вазифаси ҳам фарқ қилади.

Манба: Тавзийҳул масоил, 393- масала.

ҚАЛИЛА ИСТИҲОЗА ҚОНИНИ КЎРГАН АЁЛНИНГ ВАЗИФАСИ

Агар қон келиши фақат қўйган пахтанинг бир томонини эгаллаган бўлиб унинг орасига сингган, бироқ қон пахтанинг у бир томонида намоён бўлмаган бўлса, «қалила (оз) истиҳоза» деб номланади ва аёл қалила истиҳоза кўрганда, намоз ўқиш учун баданини поклаб, эҳтиёт вожибга биноан, пахтасини алмаштириб, ҳар бир намоз учун вузу олсин. Демак, қалила истиҳозада ғусл олинмайди.

Манба: Тавзийҳул масоил, 393 ва 394-масала.

МУТАВАССИТА ҚОНИНИ КЎРГАН АЁЛНИНГ ВАСИФАСИ

Агар қон пахтанинг орасига сингиб, пахтанинг у бир томонида намоён бўлса, бироқ пахтанинг остидаги кийимга етиб бормаган бўлса, «мутавассита истиҳоза» деб номланади ва аёл намоз ўқиш учун қалила истиҳозада айтиб ўтилган вазифаларга қўшимча (пахтани алмаштириш ва ҳар бир намоз учун вузу олиш билан бирга), намоздан олдин ёки ўртасида мазкур қонни кўрса, ғусл қилсин ва мутавассита истиҳоза қони давом этадиган бўлса, ҳар кун субҳ (бомдод) намозидан олдин ғусл қилсин. Шунга биноан, мутавассита истиҳозада ҳар кеча-кундузда бир марта ғусл қилиш етарлидир. Аммо қон тугагач, яна бир бора ғусл қилиши лозим.

Манба: Тавзийҳул масоил, 393 ва 395- масалалар.

КАСИРА ҚОНИНИ КЎРГАН АЁЛНИНГ ВАСИФАСИ

Агар қон пахта орасига сингиб, унинг бошқа қисмида намоён бўлса ҳамда пахтанинг остидаги кийимга ҳам етиб борган бўлса, «касира (кўп) истиҳоза» деб номланади ва аёл ҳар бир намоз учун қалила истиҳозада айтиб ўтилган вазифаларга қўшимча (пахтани алмаштириш ва ҳар бир намоз учун вузу олиш билан бирга), қўйган пахтани алмаштирсин ёки ювсин ҳамда Бомдод намози учун ғусл қилсин. Агар зуҳр ва аср намозларини биргаликда ўқиса, ҳар икки намоз учун битта ғусл қилиш етарлидир ва шунингдек, мағриб (шом) ва ишо (хуфтон) намозларида ҳам мазкур ҳукм жорий бўлади, яъни бу икки намоз учун битта ғусл қилиш вожибдир.

Манба: Тавзийҳул масоил, 396-масала.

БИР НЕЧА МАСАЛАЛАР:

1. Мутавассита ва касира истиҳоза қонини кўрган аёл қон келиши тугагач, ғусл қилиши лозим.

Манба: Тавзийҳул масоил, 412-масала.

2. Истиҳоза ғусли қолган ғусллар билан фақатгина ниятда фарқланади.

3. Истиҳоза ғусли билан намоз ўқиб бўлмайди, балки ғусл қилишдан ташқари вузу ҳам олиш керак.

Манба: Тавзийҳул масоил, 391-масала.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Ҳижоб тажовузга қарши!

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи ила Бугунги дунё янгидан-янги ташвишлар ва муаммоларни келтириб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.