Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Ошуронинг тарбиявий ғоясига таҳлилий қараш

Ошуронинг тарбиявий ғоясига таҳлилий қараш

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ҳамиша шундай савол туғилади ва бериб келинади: шаҳидлар саййиди ва сарвари имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг инқилобий ҳаракатларидан кўзланган асосий мақсад нима эди? Имом Ҳусейн (алайҳис салом) ҳаракатининг асосий сабаби ҳукуматга эга бўлиш эдими ёки исломий жамиятда тубдан ўзгартиришларни амалга ошириш ва Ислом умматини ислоҳ қилиш эдими? Мусулмонлар сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадонининг тутқунликка олиниши, уларнинг чодирлари ғорат қилиниб ёқиб юборилиши ва улар фожиали тарзда қатл этилишларининг шоҳиди бўлмасликлари учун имом Ҳусейн (алайҳис салом) тинчлик ва сулҳ йўлини танлаш билан ўз мақсадларига эришолмасмидилар?

Ушбу саволга жавоб беришдан олдин Хотамул-Анбиё ҳазрат Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўз набилари имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳақида марҳамат қилган ҳадисларини кўздан кечирамиз:

إنَّ الْحُسَيْنَ مِصْبَاحُ الهُدَي وَسَفِينَةُ النَّجَاةِ

«Ҳусайн (а.с) ҳидоят чироғи ва нажот кемасидир»

Ушбу нуроний ҳадисдан маълум бўладики, имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ахлоқий ва амалий сийратларига (тутган йўлларига) ҳақиқий таяниш ва ул зотнинг изидан бориш, инсон қайси дин ва мазҳабда бўлишидан қатъий назар, шак-шубҳасиз, жамият ва шахснинг саодатини кафолатлайди. Аҳли-Байт мазҳабига тобе мусулмонларга қўшимча, Аҳли суннат муҳаддислари ҳам ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларда шундай дейилади:

Бир куни имом Ҳусайн (алайҳис салом) болалик даврида ўз бобоси Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига келди. Ул ҳазрат набираларини кўришлари билан шундай дедилар:

«Ер ва осмоннинг зийнати эй Ҳусайн, хуш келибсан!»

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобалари ҳамда ул зотга ваҳий нозил бўлганида ёнларида ўтирган котиблардан бири бўлмиш Убайя бин Каъб эй Аллоҳнинг Расули, сиздан бошқа осмон ва ернинг зийнати бўлган шахс ҳам борми?!-деб сўради: Ул ҳазрат унга жавобан шундай марҳамат қилдилар:

«Мени пайғамбар қилиб юборган Аллоҳнинг номига онт бўлсинким, Ҳусейннинг мартабаси ерга қараганда осмондагиларга кўпроқ танишдир! Ва у ерда: Ҳусайн ҳидоят чироғи, нажот кемаси ва йўлдан адашмаган пешводир деб ёзилган.»

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг тавсифи ҳақида ёзилган энг муҳим ва теран ибора шулким, ул зот ҳақиқий маънода Парвардигори оламнинг «ҳақиқий бандаси ва қули» эди. Зеро, ул ҳазрат ҳар нарсадан олин «Абдуллоҳ», яъни Аллоҳнинг бандаси эди. Ва ул ҳазратнинг каломида, хатти-ҳаракатларида ва ҳаётининг барча қирраларида Аллоҳ таолога бандалик ва тоат-ибодат қилиш мавж урарди. Ул ҳазрат ўзининг тутган йўлида ва барча хатти-ҳаракатларида Аллоҳнинг ризолигидан бошқа нарсани ўйламасди. Шу боис, унинг осойишталиги ва жўш уриши фақатгина Парвардигори карим учун эди. Ул ҳазрат Муовия замонида бир неча йиллар сабр-тоқат йўлини тутиб Аллоҳнинг динини турли оғишлардан ҳифзу ҳимоя этди ва Муовиянинг ўғли Язидга қарши оёққа туришда ҳам Парвардигори оламнинг ризолиги шу ишда эканлигини кўрганида ўзининг жонини ва ул зотга энг азиз бўлган кишиларнинг жонини ҳам дариғ тутмадилар. Ҳаммасини Аллоҳ таоло йўлида қурбон қилдилар. Ва ул зот бу борада шундай дердилар:

«إلهِي! مَاذَا وَجَدَ مَنْ فَقَدَكَ وَ مَاالَّذِي فَقَدَ مَنْ وَجَدَك»

«Эй Аллоҳим, Сени йўқотган киши нимага эришди?! Сени топган киши эса нимани ҳам қўлдан берди?!»

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Абу Абдуллоҳ лақабини ўз қонини Аллоҳга ошиқона бандалик ва тоат-ибодат қилиш йўлида тақдим этиши билан касб этган эди. Ушбу хусусият ул зотни юқори камолотга етказганди. Бу ҳақда «Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг хусусиятлари» китобида шундай кетирилади:

«Ҳусайн тоат-ибодат қилишнинг рамзидир. Аллоҳнинг барча авлиёлари ва пок-маъсум пешволарнинг барчалари Тангри таолога холисона ва ошиқона тоат-ибодат қилишарди. Аммо имом Ҳусайн ўзига хос тоат-ибодат қилиш хусусиятига эга эди. Онаси Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг бўйида унинг вужудининг нури пайдо бўлган вақтдан бошлаб, унинг нуроний боши танидан жудо этилиб найзалар учига илингунгача доимо ва ҳамма жойда Аллоҳ таолога ҳамд-сано ва тасбиҳ айтиб, Уни ёдга олиш ва Уни улуғлаб таърифлаш билан машғул эди ва кўп вақтлар Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони Каримни тиловат этиш садоси ундан эшитиларди».

Айтилганлардан ташқари шаҳидлар саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом) 25 маротаба Ҳаж сафарига бориш тавфиқига муяссар бўлгандилар ва кеча-ю кундуз минг ракъат намоз ўқирдилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг намоз ўқишга ва Аллоҳ таолога ибодат қилишга бўлган меҳр-муҳаббати шу даражада кучли эдиким, Ошуро кечаси душман қўшинлари Абу Абдуллоҳ Ал-Ҳусайн (алайҳис салом)нинг хаймасига ҳужум қилишни уюштирганида ул ҳазрат ўша кечани яратган Тангрига бандалик ва тоат-ибодат қилиш учун улардан муҳлат сўрадилар ва Ошуро кечасини Аллоҳ таолога дуо-илтижо, тазарруъ қилиш ва Қуръон тиловати билан ўтказдилар. Карбало ҳодисаси жараёнида ҳам имом Ҳусейн (алайҳис салом)га бало-мусибатлар, қийинчиликлар ва ғам-кулфатлар оғирлашиб бораверган сари, Имом ҳазратларининг Аллоҳ таоло иродаси ва истаги баробарида сабр-тоқати ва розилиги ортарди ва ул зот шундай деб марҳамат қилардилар:

«إلهِي! رِضاً بِرِضَاکَ، صَبْراً عَلَی بَلَائِکَ تَسْلِیمًا لِأَمْرِکَ لَامَعْبُودَ سِوَاکَ یَا غِیَاثَ المُسْتَغِیثِینَ»

«Эй Аллоҳим, Сенинг ризолигингга розиман. Балоларга сабр қиламан. Сенинг Фармонингга таслимман. Сендан ўзга маъбуд йўқдир, эй ёрдам сўровчиларга ёрдам берувчи Зот!»

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатларидан сўнг йўлдан оғишлар ва чалғинишлар мусулмонлар орасида юзага келиб замон ўтиши билан янада шиддатли куч олди. Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб давридан бошлаб Шом ҳукмронлигини ўз қўлига олган Уммавийлар ҳукумати 41-ҳижрий қамарий йилда расмий равишда исломий жамиятнинг хилофатини ўз қўлига олди. Қурайш қабиласи орасида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг энг буюк душмани бўлмиш Абу Суфиённинг ўғли Муовия ҳукумат тепасига келиши билан Исломий қадриятлар мусулмонлар орасида шу даражада ўзгардики, Исломдан фақатгина қуруқ ном қолди, холос. Ушбу ном ҳам Муовия ўлимидан сўнг Язиднинг қудрат бошига келиши билан савол остида қолди. Зероки, Язид отаси Муовия пинҳон ва сир тутиб яширинча бажарадиган фисқу фужур ва фаҳшо ишларни ошкор қила бошлади. Чунончи Язид ҳукуматни эгаллагач, бирданига ҳамма нарсани инкор этиб шундай деди:

«لَعِبَتْ هاشِمُ بِالْمُلْکِ فَلاَ *** خَبَرٌ جاءَ وَ لاَ وَحْىٌ نَزَلْ»

«Ҳошимийлар (Пайғамбарни назарда тутган) подшолик билан ўйин қилишди. Ҳеч қандай хабар осмондан келгани йўқ ва ҳеч қандай ваҳий ҳам нозил бўлган эмас!»

Язид ўз қудратини мустаҳкамлаш учун қандай бўлмасин, имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан байъат олишни истарди. Язид Мадинаи Мунаввара волийси (ҳокими) Валид ибн Утбага мажбурий йўл билан бўлса-да, имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан байъат олишни буюрди ва ул ҳазрат Язидга байъат қилишдан бош тортган тақдирда ул зотни ўлдиришга буйруқ берди. Язидга байъат қилишнинг маъноси уни пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўринларига ўтирган ҳақиқий халифа ва ворис сифатида тан олиб, унинг кўрсатма ва дастуриламалларига бўйсуниш ва унинг ишлари тўғри эканлигини тасдиқлашдан иборат эди. Язид каби фосиқ ва бузғунчи шахсга байъат қилиш, ҳатто зоҳирий шаклда ва хатарларни бартараф этиш мақсадида бўлса ҳам, Язиднинг тутган йўли ва унинг фисқу-фасод ишлари қонуний тус олишига имзо қўйиш маъносини англатарди. Ушбу байъат бегуноҳ мусулмонларни қатл этишда ҳамкорлик қилиш, Ислом динининг обрў-эътиборига путур етказиш ва оқибат бу муқаддас дин маҳв этилишига замин яратиш эди.

Имом Ҳусейн (алайҳис салом) ушбу байъатнинг маъно-моҳиятини яхши билардилар ва ул ҳазрат учун бундай байъат қилишнинг мутлақо имкони йўқ эди. Шунинг учун Язид Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўринларига ўтириб, ўзини Ислом оламининг пешвоси ва мусулмонларнинг сиёсий ва диний раҳбари деб танишитиришни хоҳлаганида, имом Ҳусайн (алайҳис салом) бундай байъат қилишдан қўл тортдилар. Ҳақиқатан ҳам ул ҳазрат устувор туриш ва Язид ҳукуматига қарши чиқиб унинг шаръий эмаслигини эълон қилишдан ўзга чоралари йўқ эди. Бу ҳақда ул зотнинг ўзлари шундай марҳамат қилганлар:

«إنَّا للهِ وَإنَّا إلَيْهِ رَاجِعُونَ وَعَلَي الإِسْلَامِ السَّلَامُ إذْ قَد بُلِيَتِ الأُمَّةُ بِرَاعٍ مِثْلَ يَزِيدَ وَلَقَدْ سَمِعْتُ جَدِّي ‏رَسُولَ اللهِ‏ «ص‏» يَقُولُ: الخِلَافَةُ مُحَرَّمَةٌ عَلَي آلِ أبِي سُفيَانَ‏»

«Шубҳасиз, биз Аллоҳникимиз ва Унга қайтувчидирмиз. Исломга салом бўлсин, Ислом билан видолашмоқ лозим. Зероки, Ислом уммати Язид каби ҳукмдор билан синалди. Шубҳасиз, мен бобом Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шундай деганларини эшитдим: «Халифалик Абу Суфён хонадонига ҳаром этилгандир».

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) бундай вазиятда икки йўлдан бирини танлашдан ўзга чора йўқлигини уқтириб шундай марҳамат қиладилар:

ألا إنَّ الدَّعِيَ ابْنَ الدَّعِيَ قَدْ رَكَزَ بَيْن اثنَتَيْنِ، بَيْنَ السِّلَّةِ والذِّلَّةِ وهَيْهَاتَ مِنَّا الذِّلَّةُ

«Огоҳ бўлингизким, пасткашнинг ўғли бўлмиш пасткаш кимса мени икки йўл ўртасида бирини танлашга ундади; қилич тортиб ўлим билан юзланиш ёки хорликни қабул қилиб унга тан бериш! Зиллат-хорлик биздан йироқдир!»

Шубҳасиз, имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Ислом динини қайта тиклаш ва жонлантириш учун Аллоҳ таоло йўлида қилган жиҳодлари ва ул зотнинг бу йўлда тўкилган юрак қонлари Ислом умматига қайта жон бағишлади ва уларни жаҳолат ва ғафлат уйқусидан уйғотиб гумроҳликда саргардон бўлишдан қутқазди.

Олтинчи пешвоимиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) томонларидан шаҳидлар саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Арбаин куни (шаҳид бўлганликларининг қирқинчи куни)га бағишлаб айтилган зиёратномада бу ҳақда шундай дейилган:

وَ بَذَلَ مُهْجَتَهُ فِيكَ لِيَسْتَنْقِذَ عِبَادَكَ مِنَ الْجَهَالَةِ وَ حَيْرَةِ الضَّلاَلَةِ

«У (имом Ҳусайн (алайҳис салом)) Сенинг бандаларингни жаҳолатдан ҳамда гумроҳликда саргардон бўлишдан қутқариш учун юрак қонини Сенинг Йўлингда фидо қилди».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.