Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Болаларни исломий руҳда тарбиялаш кўрсатмалари-1

Болаларни исломий руҳда тарбиялаш кўрсатмалари-1

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ушбу мақоламизда ўсмирлар ва ўспиринларга шариати исломиядаги маҳрам ва номаҳрамга оид аҳкомларни ўрганиш ва ўргатишнинг зарурлигини баён қилмоқчимиз;

Фарзандларимизга маҳрам ва номаҳрам ҳақида тушунча бериш Ислом динида айтилган тарбиянинг узлуксиз қисмларидан биридир. Агар болаларимизни Исломда айтилганидек тарбияламоқчи бўлсак, уларни кичкиналигиданоқ шариат аҳкомлари билан ошно этиб уларга мувофиқ иш юритмоғимиз лозимдир. Йигит ва қизлар балоғат ёшига етганларида қийинчиликка дуч келмасликлари учун уларга тўғри диний таълим бермоқлик лозим. Айниқса, қиз болаларга нисбатан ушбу кўрсатмаларга кўпроқ аҳамият бермоқ зарур. Негаки, улар ўғил болаларга қараганда тезроқ балоғатга етадилар.

Айтилишича, болалар олти ёшга киришлари билан қиз ва ўғил болаларга ўзига хос айрича муомала қилмоқ керак. Ҳадисларда айтилишича, олти ёшга етган кичик қизларни номаҳрам ўғил болалар ва эркаклар ўпмасликлари ва ёки қучмасликлари зарур. Ва шунингдек, номаҳрам аёллар етти ёшга тўлган ўғил болаларни ўпиб қучмасликлари лозим. Яна тавсия этилишича, олти ёшдан кейин ўғил ва қиз болалар алоҳида ётмоқлари керак. Мана шу айтилган йўл-йўриқларга амал қилинса, қиз ва ўғил болалар кичикликданоқ ўзларининг жинсиятига хос ҳолда улғайишади ва бу эса ўз навбатида балоғатга етиш жараёнини улар учун енгиллаштиради[1].

Фарзанд тарбиясида баъзан шундай савол туғилади; болани диндор қилиб тарбиялаш учун ҳаракат қилсак, биз уни диндор қила оламизми, ёки унинг ўзи иймон келтириб диндор бўладими? Саволга аниқ жавоб топиш учун шариат бизга фарзандимизни қай йўсинда тарбиялашимиз кераклигини кўрсатиб беради. Жумладан, боламизга қай тариқада жинсий тарбия беришни ҳам кўрсатади. Фарзанд тарбиясининг нечоғлик таъсирли эканлиги тарбия бераётганда унинг ўзи мана шу ишда қанчалик иштирок этишига ҳам боғлиқ. Биз агар фарзандимизнинг шариат асосида иш кўришини истайдиган бўлсак, унда унинг яшаши учун шундай шароит яратиб беришимиз лозимки, бунинг натижасида фарзандимиз ўзи диний тарбияланишга рағбатли бўлади.[2]

Болалар шундай тарбияланишлари керакки, ўзларининг хулқ-атворлари-ю юриш-туришларини ичларидан (виждон кўрсатмасига таяниб) назорат қиладиган бўлсинлар. Ана шундагина ота-онанинг назоратидан узоқда бўлсалар ҳам, ўзларини тўғри тутадиган етукли кишилар бўладилар. Айниқса, ёш ўсмирлар агар Ислом кўрсатмалари асосида тўғри тарбиялансалар, атроф-муҳит фасод ва гумроҳликка тўлиб тошган бўлса ҳам, диний виждонлари уларни ёмон ва гуноҳ ишлардан сақлайди. Болаларни тарбия қилишда ана шундай юқори шахсиятга эга ва ҳар қандай шароит ва вазиятга тушиб қолганда ўз дини ва иймонини сақлаб қола оладиган инсонлар қилиб тарбиялашга ҳаракат қилмоқлик лозимдир.

Шуни унутмаслик лозимки, муқаддас Ислом динида мусулмонлар учун хулқ-атворларида ва киядиган кийимларида маълум қонун-қоидалар белгиланган. Аёллар баданининг юз ва икки кафтларидан бошқа ҳамма жойлари беркитилган бўлиши керак. Номаҳрам аёл ва эркакнинг ўзаро мулоқотга кириши заруратдан ташқари ҳолларда ман этилади. Йигит ва қизларнинг ўзаро алоқалари қайси чегарада бўлиши кераклигини аввало ўзимиз яхши билиб олишимиз керак. Бу эса ҳаддан ошиб кетиш ва ёки шариатни умуман оёқ ости қилишдан сақлайди.

Иккинчидан, фарзандларимизга нафақат ташқи назорат остида бўлишни, балки ўзларини ичдан назорат қила олишни ўргатишимиз керак.

Бу ўринда Сарвари коинотнинг қизлари ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг айтганларини келтиришни лозим топдик. Ул ҳазрат шундай деб марҳамат қилганлар:

قال النَّبيُّ لها: أي شي‏ءٍ خيرٌ للمرأة؟ قالت: أن لا ترى رجلاً و لا يراها رجلٌ

«Аёл кишига энг яхши ҳолат шуки, (иложи борича) номаҳрам эркакни кўрмасин ва номаҳрам эркак ҳам уни кўрмасин».[4]

Ушбу сўзни айтган ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) аввало ўзлари унга амал қилганлар ва уни ҳаётларида дастуриламал қилиб олган эдилар.

Фарзандларимизни шариати исломия кўрсатмалари асосида тарбиялаш – бу қолоқлик белгиси ёки болаларни озодликдан маҳрум этиб уларни қисиб қўйиш дегани эмас, балки уларни ижтимоий ҳаётга Ислом таълимотлари асосида тўғри йўналтириш ва бу муҳим масалага эътиборсиз бўлмаслик демакдир.

Оила қанча маданиятлироқ бўлса, унда униб-ўсган фарзанд шу қадар ҳаётдаги турли масалаларга жиддийроқ ёндашадиган бўлади. Агар қизлар амакилари ёки тоға ва холаларининг ўғиллари олдида ҳам баданларининг қалтис жойларини беркитган ва ҳижоб кийган ҳолда тўғри ва вазмин муносабат кўрсатишса, бу уларнинг юксак маданиятини кўрсатади. Энди ана шу юксак маданият қаердан вужудга келиши мумкин. Табиийки оилада. Албатта, агар оилада бундай масалаларга тўғри ёндашилса. Ҳар бир мусулмон оиласи ўз болаларига маҳрам нимаю номаҳрам нима эканлигини ҳамда ҳаром ва ҳалолни ўргатиши керак.

Шариати исломияда қизлар иффат, ҳаё ва покдомонлик масаласини қандай олиб боришлари кераклиги ҳақида шундай дейилади:

«Қизлар то тўққиз ёшга (қамарий йили ҳисоби билан) тўлгунларича истаган рангдаги турли кийимларни кийишлари мумкин. Аммо ундан кейин эса ҳижобга кирмоқлари лозим. Қизлар тўққиз ёшга етгач, амакивачча ёки холавачча номаҳрам эканлигини билишлари ва улар олдида ўзларини беркитиб ҳижобда бўлиши вожибдир. Шунинг учун, болаларни ёшлигиданоқ оз-оздан бу масалалар билан таништириб бормоқлик керакки, улар балоғат ёшига етгандан сўнг ўзи тушуниб шариатни осонлик билан қабул бўладиган бўлсинлар. Баъзан ота-оналарнинг турли дидлари шариат аҳкомларини бузиб кўрсатади ва ёки қийинлаштиради. Болаларга динни тўғри тушунтириш керак ва уларни асло диндан чўчитиб қўймаслик лозим. Чунки, аслида дин осон бўлиб, одамларга енгиллик яратиш учундир, қийнаш учун эмас».[5]

Қуръони Карим нигоҳидан қарайдиган бўлсак, аслида дин, диндорлик ва художўйлик шундай лаззатбахш нарсаларки, дунёдаги ҳеч бир иш инсонга бунчалик лаззат бағишлай олмайди. Шак-шубҳасиз, ҳикмат ва донолик эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло ҳеч қачон бандаларининг зарарига қонун чиқармаган. Агар У бандаларига бирор нарсани амр қилган бўлса, демак, ўша нарса юз фоиз бандасининг фойдасигадир. Худди шунингдек, агар У бандаларига бирор нарсани ҳаром қилиб, уларни ундан қайтарган бўлса, шаксиз, ўша нарса инсон учун зарарлидир.

Шундай экан, инсон шариатга тўлиқ амал қилиш билан ҳар икки дунё саодатини қўлга киритишга муяссар бўлади ва шариат қонунларидан юз ўгирган тақдирда эса бу дунё ва охират бахтиқаро бўлиши турган гап!

Натижа ва Хулоса

Фарзандларимизга ўғил болами ёки қиз болами, кичик ёшлигидан бошлаб аста-секин диний тушунчалар бериб боришимиз керак.

Балоғат ёшига етмаган болаларни ҳали зиммаларига тушмаган вазифалар билан қийнаб уларни диндан қочириб қўймаслик керак.

Исломий таълим ва тарбия бериш боланинг ёшига мос ҳолда аввалдан амалга ошириб борилса, улғайганда унга тўғри йўлни танлашга ҳамда яхши хулқ-атвор соҳиби бўлишга ёрдам беради. Бунинг учун, болаларни ёшлигиданоқ масжид ва улуғ авлиёлар зиёратгоҳлари каби муқаддас масканларга олиб бориш ва у ерларда ўтказиладиган ибодат ва диний маросимларга қатнаштирмоқлик мақсадга мувофиқдир.

Манбалар:

[1]. «Ота-оналарга болаларни тарбия қилиш юзасидан тавсиялар», 1-жилд, 77-бет.

[2]. «Мажбурий тарбия ўрнига табиий равишда тарбиялаш», 188 ва 189-бетлар.

[4]. Ибн Шаҳр Ошуб ал-Мозандароний, Маноқиби ол-Абий Толиб (а.с), 3-жилд, 341-бет, Қум, Аллома нашриёти муассасаси, 1379-ҳижрий қамарий йили.

[5]. Отифа Ишроқий, Офтоб ортидан қадам ба қадам, 1-жилд, 191-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.