Home / Аёллар саҳифаси / Исломда ҲОМИЛА олдириш (АБОРТ қилиш) тақиқланганми?

Исломда ҲОМИЛА олдириш (АБОРТ қилиш) тақиқланганми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муқаддас Ислом динида ҳомила олдириш (аборт қилиш) борасида бир неча маротаба Нажот Кемаси таҳририятига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилинди:

Она қорнидаги ҳомилани олдириш Исломда жоизми ёки ҳаром қилинганми? Ҳомила олдиришнинг тўрт ойлик бўлишидан олдинги ва ундан кейинги ҳукми нима? Ҳомила олдирган қотил ҳисобланадими ва ундан қасос олиш керакми? Қайси вақт қасос олинади? Болани олдириш қайси ойдан бошлаб гуноҳ ҳисобланади? Ҳомилани олдирган тақдирда қайси ойдан бошлаб «дия» (қон тўкканлик жаримаси ва товони)ни тўлаш керак? Дияни кимга тўлаш керак?

Азиз ўқувчиларимизга ушбу масала хусусида баҳоли қудрат батафсил маълумотларни тақдим этишга ҳаракат қилгаймиз. Дастлаб, бу борада диққатингизни Аллоҳ таолонинг қуйидаги дастуриламалига қаратамиз:

وَلَا تَقْتُلُوا أَوْلَادَكُمْ خَشْيَةَ إِمْلَاقٍ ۖ نَّحْنُ نَرْزُقُهُمْ وَإِيَّاكُمْ ۚ إِنَّ قَتْلَهُمْ كَانَ خِطْئًا كَبِيرًا

«Болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирманглар. Биз Ўзимиз уларга ҳам, сизларга ҳам ризқ берурмиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир» (Исро сураси, 31-оят)

Аллоҳ таборака ва таолонинг ушбу каломи мутлақ ҳолда болани ўлдиришдан қайтаради, хоҳ ҳомилалик чоғида уни олдириб ташлаш билан бўлсин ёки оддий ҳолда боланинг ҳаётига барҳам бериш билан бўлсин! Ҳар қандай ҳолда болани ўлдириш – бу буюк гуноҳдир!

Энди ушбу масаланинг умумий ҳукми билан танишамиз ва кейин эса мужтаҳидларимизнинг бу борадаги фатволарини ўрганиб чиқамиз;

Шак-шубҳасиз, Ҳомила олдириш шариати исломияда ҳаром қилинган амаллардан бўлиб, ушбу иш кабира (буюк) гуноҳлардан ҳисобланади ва бу гуноҳга йўл қўйган киши тавба қилиши зарур. Бунга қўшимча, ушбу гуноҳнинг каффорати икки ой кетма-кет рўза тутиб беришдир. Бунинг устига шариати исломияда белгиланган қуйидаги «дия» (қон тўкканлик жаримаси ва товони)ни ҳам тўлаш вожибдир:

Ҳомила бачадонга бориб жойлашган вақтдан бошлаб, то 40 кунгача нутфа (сперма) бўлиб, бу муддатда Ҳомила олдиришнинг дияси – шаръий ўлчовдаги 20 мисқол олтин танга бўлиб, ҳар мисқол 18 нўхатдан иборат. Аниқроқ айтганда, ҳар тўрт нўхат бир грамм бўлади, яъни ҳар ўн саккизта нўхат олтин танга шаръий ўлчовдаги бир мисқол ёки осонроғи тўрт ярим граммга тенг бўлади ва натижада 20 мисқол олтин танга 90 грамм олтин билан баробардир. Бундан сўнг, 40 кун муддатида алақа, яъни лахта қон шаклида бўлади. Ушбу муддат ичида Ҳомила олдиришнинг дияси 40 мисқол олтин тангадир. Кейин эса 40 кун муддатида музға, яъни чайналган гўшт шаклида бўлади. Бу вақтда Ҳомила олдиришнинг дияси эса 60 мисқол олтин тангадир. Демак, бу вақтгача ҳомила тўрт ойлик бўлади.

Ундан кейин эса суяк шаклида бўлади. Ва бу вақтда Ҳомила олдиришнинг дияси 80 мисқол олтин тангадир. Кейин эса ҳомиланинг гўшти ўсиб тана шакллана бошлайди. Бу вақтда Ҳомила олдиришнинг дияси эса 100 мисқол олтин тангадир. Ҳомиланинг ёши тўрт ойга тўлгач, унга руҳ берилади ва Ҳомила руҳга эга бўлиши биланоқ, уни олдирган тақдирда, агар у ўғил бўлса, унда унинг дияси шаръий ўлчовдаги 1000 мисқол олтин танга ва агар қиз бўлса, унинг дияси 500 мисқол олтин тангадир.

Бу ҳолатларнинг ҳаммасида, агар ҳар бир мисқол олтин ўрнига 10 дирҳам кумуш танга берилса ҳам кифоядир. Агар ҳомиладор аёл эмбрионни тушириш мақсадида қасддан бирор ишга қўл урса, ҳомиланинг диясини юқорида айтилган миқдорда (неча ойлик бўлганига қараб) унинг меросхўрларига тўлаши шарт ва аёлнинг ўзи ушбу диядан мерос ололмайди. Агар ҳомиланинг меросхўрлари уни кечиришса, унда дияни тўлаш аёлнинг зиммасидан соқит бўлади. Аммо руҳ берилган ҳомилани туширганда, қатл этиш каффоратини тўлаш унга вожиб бўлади. Лекин ҳар қандай ҳолда эмбрион тирик ҳолда туғилмагунча, уни олдирган тақдирда мутлақо қасос олинмайди.

Манба: Муҳаммад Фозил Муваҳҳидий Ланкароний, «Жомиъул-масоил» 1-жилд, 515-бет, Амири Қалам нашриёти.

Энди эса мужтаҳидларимизнинг юқоридаги саволларга берган жавобларини кўздан кечирамиз:

1. Ҳазрат Оятуллоҳ Хоманаий фатволарига биноан:

Ҳомила олдириш шариати исломияда ҳаромдир ва ҳеч қандай ҳолатда жоиз бўлмайди ва бу ишдан жиддий тавба қилиш лозим ҳамда ҳомилани олдириш дияси тўланиши керак. Агар ҳомила алақа (лахта қон) бўлса, унинг дияси 40 динор, агар музға (чайналган гўшт) шаклида бўлса, дияси 60 динор ва агар гўштсиз суяк бўлса, дияси 80 динор бўлади. Ва дия пули ҳомиланинг меросхўрига мерос табақаларига риоя қилган ҳолда берилади. Аммо ҳомилани туширишда тўғридан-тўғри қўли бўлган меросхўрнинг эса дия пулидан ҳеч қандай улуши йўқдир. Шариатда айтилган динор – шариат ўлчовидаги бир мисқол 3,6 грамм вазндаги олтин тангага тенг бўлиб, унинг баҳосини бозордан аниқлаб олиш мумкин.

Манба: http://farsi.khamenei.ir/treatise-content?id=113

Агар ҳомилани олдириш ота-онанинг розилиги билан амалга ошган тақдирда ҳам унинг дияси бўлади. Дияни тўлаш ҳомилани туширишда тўғридан-тўғри қўли бўлган шахснинг зиммасигадир. Агар доктор тўғридан-тўғри аборт қилса, дия унинг бўйнигадир ва агар ҳамшира укол қилиб уни туширса, у ҳолда унинг зиммасигадир. Агар она аборт дорисини истеъмол қилса, дия онанинг бўйнигадир. Барча ҳолларда дияни боланинг меросхўрларига тўлаш керак бўлиб, биринчи ва иккинчи ҳолатларда дия ота-онага тўланади ва учинчи ҳолатда эса фақат ота боланинг меросхўри ҳисобланиб, дия унга тўланади. Агар меросхўрлар кечирсалар, дия соқит бўлади. Лекин одам ўлдириш ёки шунга ўхшаш гуноҳи ўз ўрнида қолади.

Манба: http://farsi.khamenei.ir/treatise-content?id=113#3949

2. Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний фатволарига биноан:

Нутфа (сперма) шакллангандан кейин уни олиб ташлаш жоиз эмас ва олдирган тақдирда унинг дия ва каффорати икки ой кетма-кет рўза тутишдир. Илло ҳомиланинг қолиши онанинг жонига жиддий зарар етказадиган бўлса ёки одатда чидаб бўлмайдиган шиддатли машаққатга сабаб бўладиган бўлса, ушбу ҳолда ҳомилага руҳ берилиши ва жон киришидан олдин уни тушириш жоиздир. Ва ундан кейин (руҳ берилиши ва жон киришидан сўнг) ҳомилани олдириш мутлақо жоиз эмас. Агар она ўз ҳомиласини олдирса, ҳомиланинг диясини тўлаш онага вожиб бўлиб, уни ҳомиланинг отасига ёки бошқа меросхўрларига тўлаши зарур. Агар ота эмбрионни туширса, унинг дияси отага вожиб бўлиб, дия пулини онага тўлаши шарт.

Ва агар шифокор бу амални бажарса, дияни тўлаш унга вожиб бўлади. Магар эмбрионнинг меросхўри уни кечирса (дияни тўлаш вожиб бўлмайди) агарчи шифокор ҳомилани ота-онанинг истаги билан олиб ташлаган бўлса ҳам.

Эмбрионга руҳ берилиб жон киргач, агар у ўғил бола бўлса, уни олиб ташлашнинг дияси беш минг икки юз эллик кумуш мисқол бўлиб уни тўласа кифоядир. Агар ҳомила қиз бола бўлса, унинг дияси ушбу миқдорнинг ярмисидир. Эҳтиёт вожибга биноан, бачадонда ўлган ҳомиланинг дияси ҳам шу миқдорда бўлади.

Агар ҳомилага жон кирмаган бўлса, шунда у ҳали нутфа (сперма) шаклида бўлса (уни олдирган тақдирда) бир юз беш кумуш мисқолни унинг дияси сифатида тўлаш кифоядир. Агар ҳомила алақа (лахта қон) бўлса, унинг дияси икки юз ўн кумуш мисқол, агар у гўшт шаклида бўлса, унинг дияси уч юз ўн беш мисқол, агар ҳомиланинг суяги шаклланган бўлса, унинг дияси тўрт юз йигирма мисқол ва агар унинг тана аъзолари тўлиқ шаклланган бўлса, унда дияси беш юз йигирма беш мисқол бўлади. Эҳтиёт вожибга кўра, эмбрионга жон кирмагунча, ўғил ва қиз бола ўртасида фарқ йўқдир (ҳар иккаласининг дияси бир хил бўлади). Ҳомилага руҳ берилиши эса тўртинчи ойда бўлади. Илло янги қурилмалар орқали бунинг тескариси исботланса, (унда руҳ берилмаганини қабул қилиш мумкин).

Манба: https://www.sistani.org/persian/qa/0934/

3. Ҳазрат Оятуллоҳ Макорим Шерозий фатволарига биноан:

Ҳомилани олдириш ҳаромдир. Аммо қачонки ҳомила бошланғич босқичларда бўлиб, ҳали тўлиқ инсон шаклига кирмаган бўлса ва ҳомиланинг ўша ҳолатда қолиши ва кейинчалик унинг нуқсонли туғилиши диндор мутахассис шифокор-табибларнинг тасдиғига кўра ота-она учун жуда оғир қийинчиликларга сабаб бўладиган бўлса, унда ҳомиладорликни тугатиш (болани олдириш) жоиздир ва эҳтиёт юзасидан дияни тўлашлари керак ҳамда ҳомиланинг дияси уни туширишда қўли бўлганларнинг зиммасигадир. Агар она ўз истаги ва ихтиёри билан ўзини аборт қиладиган шифокорнинг ихтиёрига қўйса, у ҳолда диянинг ярми онанинг зиммасидадир ва дияни тўлашдан ташқари, улар қилган катта гуноҳларидан жиддий ҳолда тавба қилиб, келажакдаги яхши амаллари билан ўтмишларини қоплашлари зарур.

Диққат қилмоқлик лозимки, ҳомилага руҳ берилишидан олдин у беш босқичга эга: нутфа (сперма), алақа (лахта қон), музға (чайналган гўшт), суяк ва гўшт. Ҳомиланинг дияси эҳтиёт вожибга биноан қуйидагича: Биринчи йигирма кун давомида нутфа бўлиб, унинг дияси 15 та оддий олтин мисқол, иккинчи йигирма кун ичида алақа бўлиб, дияси 30 та олтин мисқол, учинчи йигирма кунда музға бўлиб, дияси 45 та олтин мисқол, тўртинчи йигирма кун давомида суяк бўлиб, дияси 60 та олтин мисқол ва бешинчи йигирма кун ичида эса бир парча гўшт бўлиб, ҳомиланинг хилқати (яратилиши) тўлиқ ҳолатга келиши ва онанинг қорнида қимирлашидан олдин (уни олдирган тақдирда) дияси 75 та олтин мисқолдир. Аммо ҳомилага руҳ берилгач, уни олиб ташлашса, ўғил бола учун тўлиқ дия ва қиз бола учун эса диянинг ярми тўланади.

Манба: https://makarem.ir/main.aspx?typeinfo=21&lid=0&catid=643&mid=260967

4. Ҳазрат Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний фатволарига биноан:

Ҳомилани ўлдириш мутлақо ҳаромдир ва унинг дияси бор бўлиб, ҳомилани олдиришга сабаб бўлмаган меросхўрига ушбу дия тўланади. Агар ҳомилага руҳ ҳам берилган бўлса, у ҳолда каффораси ҳам бўлади. Лекин ҳомила тирик туғилмагунча мутлақо қасос йўқдир.

Манба: http://saafi.com/book/5938

Қолган мужтаҳидларимизнинг фатволари ҳам мазмун жиҳатидан юқорида келтирилган фатволарга яқин бўлгани учун уларни келтириб ўтирмадик.

Сўнгсўз

Сўзимиз ниҳоясида аборт қилиш амали нақадар ёмон иш эканини таъкидлаш учун яна бир бор Аллоҳ таолонинг каломини келтирмоқчимиз:

وَلَا تَقْتُلُوا أَوْلَادَكُم مِّنْ إِمْلَاقٍ ۖ نَّحْنُ نَرْزُقُكُمْ وَإِيَّاهُمْ ۖ

«Болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирманглар. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз» (Анъом сураси, 151-оят)

Шуни унутмайликки, ҳар қандай ҳолда болани ўлдириш – бу буюк гуноҳдир! Хоҳ аборт қилиш билан бўлсин ёки бошқа йўллар билан, фарқ қилмайди!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳижоб тажовузга қарши!

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи ила Бугунги дунё янгидан-янги ташвишлар ва муаммоларни келтириб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.