Home / Ақоид ва Калом / Имомат / Ҳақиқат излаган албатта, уни ТОПАЖАКдир!

Ҳақиқат излаган албатта, уни ТОПАЖАКдир!

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Диққатингизни жалб этмоқчи бўлган баҳсимиз шиа ва сунний олимлари ўртасида бўлиб ўтган қуйидаги қизиқарли баҳс-мунозарадир. Унда қимматли илмий фикрлар мавжуд бўлиб, уларни ўқиб чиқиш фойдадан холи эмасдир.

Ушб баҳс-мунозарада ҳақиқат излаб ўртага савол қўйган сунний олимни «ҳақиқат изловчи» деб атаганмиз. У Мисрдаги «Ал-Азҳар» исломий университетининг бош мудири бўлган, исми эса Салим бин Баширдир. У билан ёзишма орқали баҳс-мунозара олиб бориб саволларга жавоб берган шиа олимини «ҳақиқатшунос» деб номлаганмиз. У Ливанлик Оятуллоҳ Саййид Абдуллоҳ Ҳусайн Шарафиддин Мусавий Омилийдир.

Ақидавий масала устида мунозара олиб борган ҳар иккала тараф холисона ва самимона ҳолда илмий йўлни тутиб, ҳеч бир таассубсиз баҳслашганлар. Ҳар иккала олимнинг дарди мусулмонлар орасидаги тафриқа ва келишмовчиликлар бўлиб, уларни ҳал қилиш учун улар ўзаро илмий баҳс юритиб, ким ҳақ бўлса шуни эълон қилишни олдиларига мақсад қилиб қўйган эдилар. Ушбу баҳс-мунозара Миср ва Ливан давлатларида мактуб ёзиш йўли билан олиб борилган.

Ҳақиқат изловчи:

Баҳс олиб бориш учун рухсат; Мен илм дарёси соҳилида унинг тўлқинларида ғарқ бўлиш учун сиздан рухсат олмоқчиман. Мен баҳсимизни Имомат масаласида кимга мурожат қилиш ҳақида, бошқа таъбир билан айтганда, «Хилофат» масаласи, яъни умматга раҳбарлик қилиш масаласи тўғрисида баҳслашмоқчиман.

Ҳақиқатшунос:

Нимани истасангиз сўранг! Мен ҳам билганимча жавоб бергайман, ўзингиз ҳақ ва ботилни бир-биридан ажратарсиз.

Ҳақиқат изловчи:

1. Нима учун шиалар умум ва жумҳур мусулмонларга итоат қилмай, ажралиб чиққанлар? Нимага шиалар тўрт мазҳабнинг вакиллари бўлган ўтмишдаги солиҳ бандаларга эргашмайдилар?

2. Бугунги кунда ҳар даврдагидан кўра, мусулмонлар кўпроқ бирлашишга ва ҳамжиҳатликка муҳтождирлар. Шундай эмасми?

Ҳақиқатшунос:

Шиаларнинг бошқа тўрт мазҳабдан жудо бўлишлари, фитна ва ихтилоф яратиш учун бўлмаган, балки шариати исломиянинг «Аҳли-Байт»га итоат қилишни буюрганлиги ва шиалар шу нарсага амал қилганликлари сабаблидир. Агар шариат шиаларга «Аҳли-Байт»га эмас, кўпчилик мусулмонларга эргашишга рухсат берганида эди, шак-шубҳасиз, шиалар жумҳур мусулмонларга итоат қилиб улардан ажралиб қолишмаган бўлур эди. Лекин сизнинг «ўтмишдаги солиҳ бандалар тўрт мазҳабнинг вакиллари эди», – деб айтганингиз жуда таажжубли сўзлардир. Негаки, Исломнинг дастлабки даврида сиз айтаётган мазҳабларнинг номи ҳам бўлмаган. Бу ерда Аҳли суннат мазҳаблари пешволарининг яшаб ўтган саналарини кўздан кечирсак мақсадга мувофиқ бўлур:

Абу Ҳанифа, Нуъмон ибн Собит 80-105 ҳижрий йилларда яшаган.

Молик бин Анас 95-179 ҳижрий йилларда яшаган.

Шофеий 150-204 ҳижрий йилларда яшаган.

Аҳмад бин Ҳанбал 164-241 ҳижрий йилларда яшаган.

Аҳли суннат оламида ақидавий басҳларни илгари суриб муайян эътиқод ғоясига асос солган Ашъарий ҳижратнинг 270-йилида туғилиб 335-йилда вафот этган.

Аммо «шиалар» Аҳли-Байтга эргашган бўлиб, Аҳли-Байт (яъни Пайғамбаримизнинг зурриётлари) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаётлари даврида ҳам бўлганлар.

Шундай экан, кўпчиликдан иборат мусулмонлар қайси далилга кўра, «Аҳли-Байт»ни четга суриб кейинчалик пайдо бўлган мазҳабларга итоат қилмоқлари керак?!

Яна шуни ҳам қўшиб айтишимиз жоизки, тўрт мазҳаб ҳам ўзаро ихтилофларга эгадирлар. Нима учун «шиалар аҳли суннатга мухолифдирлар» дейилади-ю, аммо «аҳли суннат шиаларга мухолифдир» деб айтилмайди? Нима учун тўрт мазҳабнинг ўзаро ихтилофларига аҳамият берилмайди-ю, аммо шиаларнинг фиқҳий ихтилофлари туфайли уларга бешинчи мазҳаб сифатида қаралмайди, балки улар «исломдан ташқари бир гуруҳ» деб кўрсатишга ҳаракат қилинади.

Тўғри, мусулмонларнинг бирлашиши улкан аҳамиятга эга. Аммо бу бирлашиш агар ҳанафийлар, моликийлар, шофеийлар ва ҳанбалийлар «шиаларга» бўлган назарларини ўзгартирсаларгина мумкин бўлади, десак янглишмаган бўламиз.

Ҳақиқат изловчи:

1. Айтганларингиз тўғри ва мен ҳам «шиалар кўпчиликка итоат қилишлари керак»,- деган иддаонинг асоссизлигини эътироф этаман.

2. Лекин сизнинг «шариат бизга «Аҳли-Байт»дан бошқага итоат қилишга рухсат бермайди», – деган сўзингизнинг далилларини билмоқчиман. Қуръон ва Суннатдан далил келтирсангиз.

Ҳақиқатшунос:

Қалбингизда «Аҳли-Байт»га нисбатан шубҳа пайдо бўлишидан Худонинг Ўзи асрасин. Энди далилларга келсак:

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларга қарата шундай марҳамат қилдилар:

«Эй халойиқ, мен сизларнинг орангизга икки қимматбаҳо нарсани қўйиб кетмоқдаман; агар уларга итоат этсангиз ҳеч вақт йўлдан адашмайсиз. Бири – Аллоҳнинг Китоби ва иккинчиси эса Аҳли-Байтимдир».

Саҳиҳ Термизий 2-жилд, 308-бет, Миср чопи; Тафсир Ибн Касир, 4-жилд, 113-бет, Миср «Дорул аҳё» нашри; Бағавий, «Мусоҳабату ас-суннаҳ» 206-бет; Ибн Асир «Жомеъул усул» 1-жилд, 187-бет.

Бошқа бир ҳадисда эса шундай дейилади:

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ҳажжул видодан қайтаётганларида «Ғадир Хум» номли маконда, Арафа кунида, Тоифда, Мадинада хасталик чоғларида ва кўпгина жойларда юқоридаги маънони англатувчи ҳадиси шарифни баён қилганлар.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бемор бўлган чоғларида шундай дедилар:

«Эй халойиқ, яқин кунлар ичида жонимни Эгамга топшириб, бу дунёни тарк этгайман. Ораларингизда қўйиб кетаётганимни сизларга айтдим. Огоҳ бўлингизким, узр-баҳоналарингизга барҳам берувчи икки нарса: Қуръон ва хонадонимни сизларга қўйиб кетяпман».

Сўнг Алининг қўлидан тутиб тепага кўтариб:

«То ҳавзи Кавсарда учрашгунимизча, бу Али Қуръондан ажралмас ва Қуръон ҳам Алидан ажралмас», дедилар.

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган хулоса шуки, кимки Қуръон ва Аҳли-Байтни маҳкам ушласа, ҳеч вақт йўлдан адашмайди.

Бошқа ҳадисда Сарвари коинот шундай марҳамат қиладилар:

«Билиб қўйингизким, менинг Аҳли-Байтим Нуҳнинг кемаси каби (нажотбахш)дир. Кимки унга чиқиб олса, нажот топгувчидир ва кимки улардан ортда қолса, шубҳасиз ғарқ бўлажакдир».

Бошқа ҳадисда ул ҳазрат шундай марҳамат қиладилар:

«Ораларингиздаги Аҳли-Байтим бани Исроил учун «Бобу Ҳитта» қандай қутқарувчи бўлса худди шундай ўриндадир».

Яна бошқа бир ҳадисда шундай марҳамат қилганлар:

«Осмондаги юлдузлар ер аҳли учун ҳидоят маёқлари бўлганидек, менинг Аҳли-Байтим диндорларнинг осойишталигини таъминловчи посбонлардир. Араб қабилаларидан бирортаси улар билан ихтилоф чиқарсалар, демак, иблиснинг ҳизби бўлибдилар».

Аҳли-Байтнинг Нуҳ (алайҳис салом) кемасига ўхшатилиши қуйидаги маънони англатади: кимки, диний масалаларда уларга итоат қилса, демак, фитна ва ихтилофлардан динини нажот берган бўлади.

Шунингдек, бани Исроил учун «Бобу Ҳитта» уларнинг гуноҳлари мағфират этилишига сабаб бўлганидек, Ислом умматининг Аҳли-Байтга итоат қилган гуруҳи Аллоҳнинг мағфират ва раҳматига ноил бўлажаклигини англатади.

Юқорида келтирилган ҳадислар мутавотир ҳисобланади. Агар сизни чарчатиб қўйишдан қўрқмаганимда эди, бундан ҳам кўпроқ далиллар келтирган бўлардим.

Ҳақиқат изловчи:

Мени чарчатиш ва ёки зериктиришдан асло чўчиманг, иложи бўлса кўпроқ далиллар келтирсангиз.

Ҳақиқатшунос:

Хўп. Аллоҳнинг мадади билан сизга бошқа далилларни ҳам келтираман, иншо Аллоҳ.

1. Ибн Аббосдан қилинган ривоятга биноан, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

«Жаннатга кирувчилар ва у ердаги абадий саодатдан баҳраманд бўлгувчилар мен каби яшаб ва мен каби дунёдан ўтгувчилардир. Улар Алини мендан кейинги раҳбар деб билгувчилардир. Унинг дўстларини дўст ва душманларини душман тутувчилардир. Алидан кейин эса Аҳли-Байтимнинг қолган кишиларига эргашувчилардир. Аҳли-Байтим менинг илмимдан мерос олган итратимдир, умматимнинг қайси бири уларни ёлғонга чиқарса ёки улар билан ихтилофга борса, Аллоҳ таоло бу тоифа одамлар учун шафоатимни қабул қилмагайдир».

2. Зиёд бин Мутриф Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилади:

«Кимки, мен каби яшашни ва ўлишни ҳамда жаннатга киришни истаса, Алини ва ундан сўнг эса зурриётларидан бўлган имомларни ўзига раҳбар қилиб олсин. Чунки, улар ҳеч вақт залолат водийсига бошламаслар, ҳидоятдан ўзга йўлга етакламаслар».

3. Зайд бин Арқам Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилади:

«Кимки, мен каби яшаб, мен каби ўлишни истаса ва жаннатга ноил бўлишни хоҳласа, унда Али бин Аби Толибни ўзига раҳбар қилиб олсин, чунки, у ҳидоят сари етаклар ва залолат водийсига бошламас».

4. Аммор бин Ёсир Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қуйидагича ривоят қилади:

«Менга иймон келтириб мени тасдиқлаганларга васиятим – Али ибн Аби Толибни раҳбар қилиб олсинлар. Кимки, Алини ўзига раҳбар деб билса, мени ҳам раҳбар деб билган бўлади. Кимки, мени раҳбари деб билса, Худони раҳбар деб билган бўлади. Кимки, Алини севса мени севган бўлади ва мени яхши кўрганлар эса Аллоҳни севажакдир. Кимки, Алига душманлик қилса, менга душманлик қилган бўлади, менга душманлик қилганлар эса Аллоҳга ҳам душмандирлар»

5. Яна Аммор бин Ёсир ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай дедилар:

«Эй Аллоҳим, Ўзинг гувоҳ бўлгинки, менга иймон келтириб мени тасдиқлаганлар Али ибн Аби Толибнинг раҳбарлигини ҳам тасдиқлашлари зарур. Унинг раҳбарлиги менинг раҳбарлигимдир ва менинг раҳбарлигим эса Сенинг раҳбарлигингдир»

6. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хутбаларида:

«Эй халойиқ, фазлу-шараф ва раҳбарлик Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва унинг зурриётлари учундир. Сизларнинг ботил амалларингиз ва ножўя сўзларингиз залолатга бошлашидан қўрқинглар», – дедилар.

7. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай дедилар:

«Умматимнинг ҳар бир насли учун Аҳли-Байтимдан бўлмиш одил киши бўлажакдир. Улар (имомлар) адашиш ва залолатнинг олдини тўсувчи бўлиб, нотўғри тафсир ва таъвил қилувчи жоҳилларни инкор этурлар. Шуни билингизким, раҳбарларингиз Аллоҳнинг даргоҳидаги вакилларингиздир. Шундай экан, кимларни ўзларингиз учун раҳбар қилиб олаётганингизга диққат қилинглар»

8. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қиладилар:

«Қуръон ва Аҳли-Байтимдан ўзиб кетишга ҳаракат қилмангизким, оқибат ҳалок бўлгайсиз ва орқада ҳам қолиб кетмангизизким, оқибат нобуд бўлгайсиз. Аҳли-Байтимдан ўрганинглар, чунки, улар сизлардан кўра билгувчироқдирлар».

9. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) яна бу борада айтадилар:

«Аҳли-Байтим танамдаги бошим кабидир, ёки бошимдаги кўзларим кабидир. Кўзи бўлмаган бош ҳидоятга бошлай олмас»

10. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қиладилар:

«Аҳли-Байтимга муҳаббатли бўлингиз, Аллоҳ билан мулоқот қилувчи банда агар бизга муҳаббатли бўлган бўлса, шафоатимдан баҳраманд бўлиб жаннатга киражакдир. Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳақимизни танимаганларнинг ҳеч бир амаллари қабул бўлмасдир»

11. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтадилар:

«Кимки, бутун умрини Рукн ва Мақом орасида (Каъбанинг ёни назарда тутилган) ибодат билан ўтказган бўлса-ю, лекин Оли Муҳаммадга муҳаббатли бўлмаган бўлса, у дўзах оловига отилажакдир»

12. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) яна бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«Қиёматда ҳали ҳеч бир нарса бўлмасидан бурун ҳар бир кишидан 4 нарса ҳақида сўралажакдир:

1- Умрини нимага сарфлагани ҳақида;

2- Баданини нима йўлда ишлатгани ҳақида;

3- Молу-дунёсини қайси йўлда сарфлагани ҳақида;

4- Аҳли-Байтимга нисбатан бўлган муҳаббат ҳақида»

13. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бошқа бир ҳадисда Аҳли-Байтга бўлган муҳаббатнинг нақадар зарур ва ҳаётий эканлигини шундай баён қиладилар:

قال رسول الله صلى الله عليه وآله وسلم: مَنْ مَاتَ عَلَي حُبِّ آلِ مُحَمَّدٍ مَاتَ شَهِيداً أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي حُبِّ آلِ مُحَمَّدٍ مَاتَ مَغْفُوراً لَهُ أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي حُبِّ آلِ مُحَمَّدٍ مَاتَ تَائِباً أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي حُبِّ آلِ مُحَمَّدٍ مَاتَ مُؤْمِناً مُسْتَکمِلَ الْإِيمَانِ أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي حُبِّ آلِ مُحَمَّدٍ بَشَّرَهُ مَلَک الْمَوْتِ بِالْجَنَّةِ ثُمَّ مُنْکرٌ وَ نَکيرٌ أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي حُبِّ آلِ مُحَمَّدٍ يزَفُّ إِلَي الْجَنَّةِ کمَا تُزَفُّ الْعَرُوسُ إِلَي بَيتِ زَوْجِهَا أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي حُبِّ آلِ مُحَمَّدٍ فُتِحَ لَهُ فِي قَبْرِهِ بَابَانِ إِلَي الْجَنَّةِ أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي حُبِّ آلِ مُحَمَّدٍ جَعَلَ اللَّهُ قَبْرَهُ مَزَارَ مَلَائِکةِ الرَّحْمَةِ أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي حُبِّ آلِ مُحَمَّدٍ مَاتَ عَلَي السُّنَّةِ وَ الْجَمَاعَةِ أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي بُغْضِ آلِ مُحَمَّدٍ جَاءَ يوْمَ الْقِيامَةِ مَکتُوبٌ بَينَ عَينَيهِ آيسٌ مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي بُغْضِ آلِ مُحَمَّدٍ مَاتَ کافِراً أَلَا وَ مَنْ مَاتَ عَلَي بُغْضِ آلِ مُحَمَّدٍ لَمْ يشَمَّ رَائِحَةَ الْجَنَّة

«Кимки Оли Муҳаммадга (яъни ул зотнинг Аҳли-Байтига) муҳаббати бўлиб ўлса, шаҳид ҳолда ўлган бўлур. Огоҳ бўлингларки, кимки Оли Муҳаммадга муҳаббат ва севгиси бўлган ҳолда ўлса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўлган бўлур. Билингизким, кимки Оли Муҳаммадга муҳаббатли ҳолда оламдан ўтса, тавба қилган ҳолда ўлган бўлур. Огоҳ бўлингизким, кимки Оли Муҳаммадга муҳаббатли ҳолда оламдан ўтса, мўмин ва иймони комил ҳолда ўтган бўлур. Билингизким, кимки Оли Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га муҳаббат ва севгиси бўлган ҳолда ўлса, жон олувчи фаришталар жаннат хушхабарини, Мункар-Накир ҳам жаннат башоратини унга бергайлар. Огоҳ бўлингизким, кимки Оли Муҳаммадни севган ҳолда ўлса, келин эрининг уйига эҳтиром билан элтиб қўйилганидек у ҳам иззат-икром билан жаннатга киритилажак. Билингизким, Оли Муҳаммадни яхши кўрганлар дунёдан ўтгач, қабрида жаннат томонга икки эшик очиб қўйилажак. Огоҳ бўлингизким, Оли Муҳаммадга муҳаббат ва севгиси бўлганлар қабри фаришталарнинг зиёратгоҳи бўлажакдир. Огоҳ бўлинглар, кимки Оли Муҳаммадга севгиси бўлган ҳолда вафот этса, суннат ва жамоат тариқаси узра вафот этган бўлур. Огоҳ бўлингиз, кимки Оли Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ёмон кўрган ҳолда ўлса, қиёмат кунида келгай, ҳолбуки, икки кўзи ўртасига «Аллоҳнинг раҳматидан ноумиддир» деб ёзиб қўйилган бўлур. Огоҳ бўлингиз, кимки Оли Муҳаммадга адовати бўлган ҳолда ўлса, кофир ҳолда ўлган бўлур. Огоҳ бўлингиз, кимки Оли Муҳаммадни ёмон кўрган ҳолда ўлса, жаннат ҳидини зинҳор ҳидламагай»

Манба: Зоруллоҳ Замахшарий, «Тафсири ал-Кашшоф», 4-жилд, 220-бет; Фахри Розий, «Ат-Тафсирул Кабийр», 27-жилд, 165-бет; Тасири Қуртубий, 8-жилд, 5843-бет.

Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг, ул ҳазратнинг Аҳли-Байтларига итоат қилиш учун келтирилган далилларни етарли деб ўйлайман.

Ҳақиқат изловчи:

1. Келтирилган қатъий далилларингиз Аҳли-Байтнинг Аллоҳ таборака ва таоло даргоҳидаги юқори мартабаларига далолат қилади. Мен кўпчилик мусулмонларнинг шундай буюк неъматни бир четга қўйиб, ўзаро ихтилоф (ва ҳатто қон тўкишлар)га борганликларидан таассуфдаман. Ростини айтадиган бўлсам, мен икки йўл орасида иккиланиб қолдим. Бир тарафдан ақлим далиллар қаршисида таслим бўлишни айтса, иккинчи тарафдан эса аксарият мусулмонларнинг эътиқодлари шунчалик адашган бўлиши мумкинмикан, деган иккиланиш ва шубҳа ҳолатидаман.

2. Агар мумкин бўлса, қатъий Қуръон далилларини ҳам келтирсангиз.

Ҳақиқатшунос:

Аҳли-Байтдан ўзга ким борки, у ҳақида шунча кўп оятлар нозил бўлган бўлсин?! Аҳли-Байтнинг фазилати ва пешволиги ҳақида жуда кўп оятлар нозил бўлган ва улардан бошқа ҳеч ким ҳақида бунча оятлар нозил бўлмаган. Бунинг ўзи улкан ва қатъий далилдир.

Сўнгсўз

Бу икки шиа ва сунний олимлари ўртасида бўлиб ўтган илмий баҳслашув Ал-Мурожаот номли китобда тўлиқ ҳолда келтирилган. Лекин биз бу ерда ушбу баҳс-мунозаранинг фақат бир қисмини келтирдик. Сабаби, «ваҳдат ва бирдамлик ҳафтаси» деб номланган кунларда турганимиз учун икки олим ўртасида ақийдавий масалалар борасида бўлиб ўтган илмий баҳслашув батамом холис ва самимий ҳолда ҳар қандай низо ва ихтилофлардан ҳамда мутаассибликдан узоқ эканини кўрсатмоқчи бўлдик.

Демак, Ислом оламидаги хилма-хил ақийдавий ва фиқҳий ғояларга эга бўлиш билан бирга, мусулмонлар ўртасида ваҳдат ва бирдамлик яратиб, ҳаммани ягона ва бир бўлган Аллоҳ таоло, Қуръони Карим, Каъбаи муаззам, сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га эргашиш ва шунингдек ул зотнинг Аҳли-Байтларига бўлган муҳаббат бароғи остида жамлаш мумкин деб биламиз.

Айрим ақийда ва фиқҳ бобидаги ихтилофий масалаларни эса буткул холис ва самимий муҳитда илмий баҳс-мунозаралар билан ҳал қилиш мумкин деб ишонамиз. Ва бу бизнинг «ваҳдат ва бирдамлик» тўғрисидаги ғоямиздир.

Албатта, шуни ҳам унутмаслик керакки, Аҳли-Байтга бўлган муҳаббат ва севги Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин у зотларнинг изидан бориш ва уларга эргашиш билан бирга бўлмоқлиги зарур. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилади:

قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللَّـهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّـهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ ۗ وَاللَّـهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

(Эй Расулимиз, уларга) айтгин: «Агар сизлар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, меҳрибондир». (Оли Имрон сураси, 31-оят)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Imоmat payg`ambarimiz sunnatlarida

  Hazrat Rasulullоh (sallallоhu alayhi va оlihi vasallam) ning mubоrak hadislariga оid kitоblarni хususan, «Ahli …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.