Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

КИРИШ

«Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни яратадиларми?» Бу савол узоқ вақтдан бери ғарб олимларининг диққат марказида бўлган. Қаҳрамонлар тарихий заруратдан майдонга чиқадиларми? Ёки улар давр оқимига тескари муносабат кўрсатиб, унда катта ўзгаришлар яратишга қодир бўладиларми?

Саволнинг жавобига боғлиқ бўлмай, бу ерда қаҳрамонларнинг асосий субъект эканликларини инкор қилиб бўлмайди.

Асосан одамлар қандай қаҳрамон бўладилар? Қаҳрамонларни бирлаштирган муштарак хусусиятлар нималардан иборат? Ушбу мақоламизда ўша қаҳрамонларга, яъни идеал сиёсий раҳбарларга зарур бўлган хусусиятлар борасида сўз юритамиз ва тарихнинг мислсиз қаҳрамони, инсониятнинг доҳий раҳбари ҳазрат Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаётларидан намуналар келтиришга ҳаракат қиламиз.

Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳаёт йўллари фақат мусулмонлар учун бўлмай, ҳатто буюк насроний ва яҳудий олимлар учун ҳам ниҳоятда қизиқарли тадқиқот мавзуларидан ҳисобланган. Шу жумладан Бернард Шоу, Томас Карлайл, Жон Жак Руссо, Лев Толстой, Ҳусайн Жовид, Смит, Вотт ва бошқалар бу борада кенг илмий изланиш ва ўрганишлар олиб бориб, асарлар яратганлар.

Америкалик олим доктор Майкл Ҳарт ёзади:

«Муҳаммад дунёнинг энг буюк динларидан бирини таъсис этган ва энг таъсирли сиёсий раҳбар бўлган. Вафотидан 14 аср ўтганига қарамай, унинг нуфуз доираси янада кенг ва кучлидир»[1].

Муҳаммад пайғамбарни 100 та буюк ва нуфузли кишилар орасида биринчи туради деб қайд этган муаллиф қўшимча қилиб ёзади:

Муҳаммад Масиҳдан фарқли равишда диний раҳбар бўлиши билан бирга, дунёвий раҳбар ҳам бўлган. Агар масалага исломий фатҳлар нуқтаи назаридан ёндашсак, Муҳаммад асрлар бўйлаб энг таъсирли сиёсий лидер бўлганини кўрамиз.[2]

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 24-оятида пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни мусулмонларга намуна ва ўрнак қилиб кўрсатади. Шундай экан, ул ҳазрат ҳаётининг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ва шу каби кўпгина соҳалари диққат билан ўрганилиб чиқиб керакли ўрнаклар олиниши керак. Ўзининг «Қаҳрамонлар» номли китобининг катта қисмини Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)га бағишлаган инглиз олими Т. Карлайл ёзади:

«Ишқ бўлсин Муҳаммадга! У энг оддий, арзимас таом ва кийимларга кифояланиб, дунёни ислоҳ ва Аллоҳнинг бирлигини тарғиб этишга тиришди. У кеча-кундуз оғир машаққатларга тан бериб адолатни, ахлоқий фазилатларни ёйди ва азоб-уқубатларга чидаркан, савиясиз одамлар каби шуҳратпарастлик ёки қайсидир дунёвий мансабга етиш мақсадини кўзламас, ҳеч вақт сарвар ва бошлиқ бўлишга интилмас эди»[3].

Кириш учун шу ергача айтилганларга кифояланиб, асл мавзуга ўтишдан олдин баъзи мақомларга тўхталиб ўтмоқчимиз:

1. Сиёсий лидер учун баён этилажак хусусиятлар муаллифнинг шахсий қарашлари асосида бўлиб, бу борада муайян бир манбага таянилмаслиги мумкин.

2. Бу хусусиятлар идеал ижтимоий-сиёсий раҳбар учун таклиф этилган улкан ғоялардир. Табиийки, бир киши буларнинг ҳаммасига эга бўлиши шунчаки осон иш эмас. Масалан, Гитлер, Сталин ва шуларга ўхшаш бошқа шахслар муайян даврларда сиёсий лидер бўлганлар. Ҳолбуки, уларда биз келтирадиган баъзи лидерлик хусусиятларнинг тамоман акси кўзга ташланади. Демак, лидернинг нисбий муваффақият қозонишида бу хусусиятларнинг роли таъсир нуқтаи назаридан хилма-хилдир. Инсониятнинг фахри бўлган сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) эса ушбу хусусиятларнинг барчасига соҳиб ўлароқ, тарих бўйлаб бутун миллат-элатлар учун тенги бўлмаган идеал раҳбарга айланганлар.

3. Ҳазрат Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳ таолонинг элчиси бўлганлиги учун фавқулбашар (инсон даражасидан юқори) илм ва маъсумлик мақомига эга эдилар. Пайғамбарнинг ҳаётини ўрганарканмиз, бу икки омил (илм ва маъсумлик) таъсирини назарга олиш билан бирга шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, ул зот табиий инсоний ҳаёт кечирганлар ва ҳамма қатори ирода ва ихтиёр соҳиби бўлганлар.

4) Ушбу мақола диндор бўлмаган табақадагилар ҳамда дунёвий таҳсил олганлар учун назарда тутилгани боис, баъзан келиб чиқиши европача бўлган терминлардан ҳам фойдаланилди.

БИРИНЧИ БОБ:

ДАСТЛАБКИ МАЪЛУМОТЛАРГА ОИД ПРИНЦИПЛАР

1. Мақсадни қандай амалга оширишни билмоқ;

Ҳар бир сиёсий лидер ва ижтимоий ҳаракат етакчиси ҳар нарсадан олдин ўз мақсад ва миссияларини керакли даражада билиши зарур. Мақсади нима эканлигини, ўзига бўйсунадиган гуруҳ ва халқни қайси идеаллар сари олиб бораётганини билмаган раҳбар ҳеч вақт муваффақият қазона олмагай.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) ҳали даъватини бошлашдан олдин ул ҳазратга илк бор ваҳий нозил бўлган пайт ўз вазифасини, қиладиган даъвати нимадан иборат эканлигини ва бу ҳаракат инсонларни қайси томонга етаклашини жуда ҳам яхши билардилар. Қуръони Каримда бу борада шундай дейилади:

قُلْ هَـٰذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّـهِ ۚ عَلَىٰ بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي ۖ وَسُبْحَانَ اللَّـهِ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ

«(Эй Пайғамбар) айтгин: Бу менинг йўлимдир. Мен тўлиқ огоҳлик-ла Аллоҳ сари даъват этаман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман» (Юсуф сураси, 108-оят)

Лекин Саҳиҳи Бухорий, Саҳиҳи Муслим ва бир неча бошқа китобларда ёзилган тўқима ва сохта ривоятга кўра, гўё Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)га ваҳий нозил бўлганда, ул зот қўрққанидан нима юз берганини билмаган-у, фақат насроний олим Варақат ибн Навфалнинг сўзларидан кейин ўзига пайғамбарлик берилганини билган эмиш[4]. Биз мавзудан четга чиқмаслик ва мухтасар сўзлашга риоя этиш мақсадида ҳамда кўплаб китобларда бу масалага доир етарли жавоблар берилгани сабаб, бу борада кенг сўз юритмоқчи эмасмиз[5].

2. Мақсаднинг тўғрилигига инонмоқ;

Ижтимоий ва сиёсий раҳбар ўз мақсадининг тўғрилигига ишониши ҳамда мавжуд шароитда ўзининг ва издошларининг ўша мақсад билан фаолият юритишларини зарурий ҳисоблаши керак.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) унинг устида кураш олиб бораётган мақсади адолатли ва юксак бир мақсад эканлигига амин эди. Ул зот Аллоҳнинг сўнгги элчиси ўлароқ, инсониятни тамоман ўша мақсадга етказиши керак эди. Ул ҳазрат олиб келган қонунлар ва Ислом доктринаси дунё ва охират саодатининг гарови эканлигини яхши биларди. Ушбу доктрина инсониятнинг барча эҳтиёжларини таъмин этишга ва ҳар қандай адолатсизликдан узоқ бўлган идеал жамият яратишга қодир эди. Шундай қилиб, Пайғамбар (с.а.о) ҳеч бир шубҳа ва иккиланишга тушмасдан ўз мақсади узра кураш олиб борди. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилади:

آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مِن رَّبِّهِ

«Пайғамбар ўз Рабби томонидан унга туширилган нарсага иймон келтирган» (Бақара сураси, 285-оят)

3. Мақсаднинг шаффофлиги (ошкоралиги) ва инсонларни бу борада хабардор қилмоқ;

Мақсадни таниб унинг тўғрилигига ишониш нафақат лидер учун, балки халқ учун ҳам муқаррар бир ҳақиқатдир. Сиёсий лидер ҳар қандай ҳаракатининг мақсадини ошкора ва шаффоф тарзда кўрсатиб бериши ва ўз издошларини вақт-вақтида бу борада хабардор қилиши керак. Акс ҳолда, унинг номаълум хатти-ҳаракатлари одамларда шубҳа туғдириши ва тарафдорларининг сонини камайтириши мумкин. Чунки, инсон зотан ҳар бир воқеа-ҳодисанинг сабабини ўрганишга қизиқувчандир. Айниқса, бу иш раҳбарнинг ўзига тааллуқли бўлганда жуда катта аҳамият касб этади. Шуни ҳам унутмаслик керакки, шахсга сиғинувчи маълум гуруҳлардан ташқари нормал одамлар кўр-кўрона бўйсунишни ёқтиришмайди. Етакчилар томонидан амалга оширилган ҳар қандай чақириқ дастлаб инсонларнинг ақл сизгичларидан ўтиши керак. Бу билан баъзан янглиш, баъзан эса жуда хавфли натижалар олинади.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) ҳали илоҳий чақириқнинг аввалларидан ушбу масалага жиддий ёндашиб, ўз мақсад ва миссияларини шаффоф шаклда кўрсатиб берганди. Ул ҳазратнинг илк чақириғи: «قُولُوا لَا إلَهَ إلَّا الله تُفْلِحُوا» яъни «Ягона Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир деб айтингиз, нажот топгайсиз»[6] бўлган. Бу ерда «Лаа илааҳа иллаллоҳ» эътиқоди золимларга бўйсунишдан, қуллик ва тутқинликдан, шунингдек дўзах азобидан қутулиш воситаси сифатида кўрсатилган. Ул ҳазрат бошқа ишларда, жумладан чақириқнинг сирли сақланишида, унинг ошкор этилишида, Ҳабашистон (Эфиопия) ва Мадинага ҳижрат қилганда, ҳатто намоз ва рўза каби масалаларда ҳам ўз издошларига илм ва огоҳлик беришга ҳаракат қиларди.

Бу ерда шундай бир савол туғилади: Худонинг танланган пайғамбари ва энг шарафли мавжудоти бўлган инсон кимгадир ҳисобот беришга эҳтиёж бормиди?

Шубҳасиз, Ислом нуқтаи назаридан бундай инсондан ҳисобот талаб қилмоқлик тўғри эмас. Бу ерда ҳеч бир фанатизмдан сўз юритилаётгани йўқ, балки реал қарашлар асосида Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)нинг лидерлик хусусиятларини ўрганмоқдамиз, холос. Зероки, Қуръоннинг кўпгина оятларига кўра, ул зотнинг сўзи Аллоҳнинг каломи бўлиб барча амрлари сўзсиз бажарилиши лозим[7]. Аммо Мадина шаҳарига ижтимоий призмадан назар солганда, Пайғамбар (с.а.о) саҳобаларини икки гуруҳга бўлиш мумкин:

Биринчи гуруҳ; Али (а.с), Салмон Форсий, Абузар Ғифорий, Аммор бин Ёсир, Миқдод ибн Асвад ва шулар сингари қолган шахслар. Булар Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)ни ҳам диний-ибодий ва ҳамда ижтимоий-сиёсий ишларда идеал раҳбар, маъсум инсон ва Аллоҳ элчиси деб билиб, ул ҳазратнинг барча амрларига сидқидилдан тобе бўлганлар. Кўпчиликдан ташкил топган иккинчи гуруҳ эса ул ҳазратни диний-ибодий жиҳатдан ушбу хусусиятларга эга деб билишган. Шу боис, тарихда бундай саҳобаларнинг Сарвари коинотга қаршилик кўрсатиб, кўплаб эътирозларини ва ҳатто баъзан ул ҳазратни адолатсиз, уруғ-аймоқчи ва ҳоказо деб атаганларини яққол кўрамиз. Бунинг энг ёрқин намуналаридан бири ул зотнинг ҳазрат Али (а.с) ҳақидаги кўрсатмалари бажарилмай қолишидир. Агарчи Пайғамбар (с.а.о) ҳазрат Али (а.с)ни ўзининг вориси ва жонишини этиб тайинлаган бўлса-да, аммо бу иш уларга ўта аҳамиятли бўлиб кўринмади, балки дунёвий ва сиёсий ишларга тааллуқли бир иш деб баҳоланиб, ҳатто ушбу кўрсатма ғаразгўй бўлмаган холис саҳобалар томонидан ҳам амал қилинмай ортга ташланди.

Мухтасар айтганда, мавжуд шароит Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)дан ўз мақсадларининг ошкоралигини талаб қилган ва табиийки, ул ҳазрат бу ишни реаллик билан амалга оширган.

4. Тўғри ва аниқ услублардан фойдаланмоқ;

Идеал сиёсий лидер ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун фақат тўғри ва аниқ услублардан фойдаланишга ҳаракат қилиши лозим. Аниқ услублар уни энг қисқа йўл билан мақсадга етказади, тўғри услублар эса сўзининг нуфуз доирасини кенгайтириб, ижтимоий таянчларини мустаҳкамлайди.

Фойдаланилган услуб ва воситаларнинг аниқ бўлиши, эҳтимол, тамоман аёндир. Бироқ уларнинг тўғрилиги ҳам зарурми?

Тарих бўйлаб сиёсат ҳақида турли фикрлар билдирилган, хилма-хил мулоҳазалар илгари сурилган. Қадим замонлардан ва таассуфки, бугунги кунда ҳам баъзи элементлар, жумладан фирибгарлик, айёрлик, маккорлик ва найрангбозлик нормал сиёсий одим сифатида қабул қилинади. Бундай ўйлаш турига биноан, сиёсатда исталган ҳар қандай восита ва услулларни қўллаш мумкин.

Ушбу ғоя илк маротаба италиялик сиёсатчи, дипломат ва мутафаккир Никколо Макиавелли (1469-1527) томонидан илмий шаклга келтирилди. Макиавеллизмга кўра, кўзланган сиёсий мақсадлар йўлида ҳар қандай восита – зулму зўравонлик, ёлғончилик, фирибгарлик, айёрлик, маккорлик, найрангбозлик ва ҳоказоларни қўлламоқ мақбул ва мумкин ҳисобланади.

Бироқ Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) бутун ҳаёти давомида бу фикрга қарши курашиб, мақсаднинг ҳам, унга эришиш учун қўлланган восита ва йўлларнинг ҳам тўғри, адолатли ва муқаддас бўлишига ҳаракат қилган.

Ҳижратнинг ўнинчи йили Пайғамбар (с.а.о)нинг бир ёш ўн ойлик Иброҳим исмли ягона ўғли дунёдан ўтди. Шу вақт тасодифан қуёш тутилди. Мусулмонлар бу ҳодисани Иброҳим ўлимига алоқадор деб билдилар.

Бу ерда Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) сукут сақлай оларди. Бу сукунат ул зот муқаддаслигининг янада ортишига ва таъсир доирасининг кенгайишига олиб келарди. Лекин ул ҳазрат инсонларни ҳақ йўлга, тўғриликка йўналтириш, хурофот ва бемаъни эътиқодларга қарши курашиш, фақат идеал ва объектив принципларни ҳаётга татбиқ этиш учун юборилганлиги сабабли норозилик билдириб деди:

«Қуёш ва Ой Аллоҳнинг белгиларидандир. Улар кимнингдир ўлими ёки ҳаёти учун тутилмаслар»[8].

Хайбар жангида бир яҳудийнинг илгари сурган таклифи Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) томонидан рад этилиши ҳам шубҳасиз ушбу принципга асосланган. Қайд этиш лозимки, ўша яҳудийнинг Пайғамбарга қилган таклифи, душман кучларини йўқ қилиш учун уларнинг сувига заҳар қўшишдан иборат эди.

5. Илм ва етарли маълумот;

Бошлиқ ва раҳбарларга зарур бўлган энг муҳим омиллардан бири илмдир. Ижтимоий-сиёсий фаолиятда илм қоронғу кечада кўтариб борилаётган чироққа ўхшайди. Илм сиёсий раҳбарни янглиш одимлардан, қоқинишлардан ва йирик хатолардан муҳофаза этади. Сиёсий лидер ўз замонасининг қонун-қоидаларини, яшаётган жамиятнинг маданиятини, тарихий ўтмишини, унинг эҳтиёжларини ва потенциал имконларини, яқин ва узоқ атрофда рўй берган ҳодисаларни, ўзининг ижтимоий базасини, муҳим кадрларини, сиёсий мақсадларини ва бу мақсадларга эришиш учун зарур бўлган ҳаракат дастури ва ҳоказоларни билиши шарт. Шахматда бўлгани каби, сиёсатда ҳам ҳодисаларга кенг қамровли ва комплекс шаклда қараш улкан таъсирга моликдир. Бунинг учун эса етарли даражада илм, тажриба ва етарли маълумот бўлиши керак. Тарих баъзи ҳукмдорларнинг илмсизлиги сабаб юз берган даҳшатли ҳалокатларга тўлиб тошган. Бунга мисол қилиб, хоразмшоҳларнинг мўғулларга нисбатан муносабатида йўл қўйган хатолари ва ундан юзага келган миллионлаб қонли жиноятни келтириш мумкин[9].

Маълум бўлганидек, Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) ҳеч бир жойда ва ҳеч кимнинг ёнида таълим олмаган, ёзиш ва ўқишни билмаган[10]. Демак, ўз ўрнида шуни айтиш лозимки, ушбу масала Қуръони Каримнинг чиндан ҳам Аллоҳ таоло каломи эканлигини исботлаш учун жуда ҳам улкан аҳамиятга эга. Пайғамбарлик берилганидан кейин эса Аллоҳ таоло ул ҳазратга Ўз тарафидан махсус илм ато этган[11].

Турли ҳодисалар рўй берганда Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)нинг эгаллаган мавқеи ва чиқарган қарори ул зотнинг кенг қамровли ва теран билимга эга эканлигидан дарак беради. Қурайшнинг мусулмонларга нисбатан зулм ва қийноқлари ошиб бораётганда улар бошқа юртга эмас, балки фақат Ҳабашистонга (Эфиопияга) ҳижрат қилишлари кераклигини айтмоқлик, кейинчалик эса Мадинага ҳижрат, Римликлар билан урушмоқ, хорижий ўлкалар бошлиқларига мактуб йўлламоқлик ва шунга ўхшаш чора-тадбирлар, Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)нинг хорижий мамлакатлар ҳақида кенг қамровли маълумотга эга эканлигини кўрсатади.

Пайғамбар (с.а.о) ўз саҳобаларини яхши танир ва уларнинг ҳар бири қандай истеъдод ва қобилиятга эга эканлигини чуқур билар эди. Ул зот шунингдек, душманларини ва улардан кутиладиган хатарни ҳам тушуниб турарди. Ушбу мақсадда амакиси Аббосга мусулмон бўлганини яшириб, Маккада қолишни, Қурайшнинг навбатдаги режалари ҳақида Мадинани хабардор қилиб туришни буюради ва у ҳам муайян масалалар бўйича Пайғамбарга мактуб юбориш билан ўз вазифасини тўлиқ бажаради[12].

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) ўз даврининг турли хил қуроллари ва уруш тактикаси тўғрисида ҳам маълумотга эга бўлган. Ҳар бир уруш амалиёти пайти ул зот олдиндан ҳеч кимга хабар бермас ва душманнинг айғоқчи тармоқларидан эҳтиёт қилар эди. Кейинроқ вақтда ўз мақсадини эълон қилганида ҳам, янада диққатли бўлар ва шаҳарнинг кириш ва чиқишини тўла назорат остига оларди. Мана шундай рейд (ҳужум)ларнинг бирида мусулмонларнинг Макка томон йўл олгани хабарини мушрикларга элтаётган Сора исмли бир аёл қўлга олинганди[13].

6. Кучли ақл-идрок, соғлом тушунча тарзи ва тўғри анализ қилиш қобилияти;

Сиёсий лидер илмли бўлиши билан бирга, кучли интеллектуал савияга ҳамда ҳодисаларни тўғри анализ қилиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Ақл-идрок жиҳатидан заиф ва тушунча тарзи паст бўлган инсон ҳеч бир гуруҳ ва халқни нормал шаклда бошқара олмаслиги аниқдир. Ҳақиқий лидер ва ижтимоий ҳаракат етакчиси ҳодисалардан тўғри хулосалар чиқариши ҳамда юзага келадиган тўсиқларни прогноз қилиб улардан чиқиш йўлларини режалаштириши керак.

Қурайш қабилалари сув тошқини сабабли бузулган Каъбани таъмирларкан, ҳажарул-асвад, яъни муқаддас қора тошни жойига ўрнатиш масаласида тортиша бошлашди. Барча қабилалар бу шарафли ишнинг ўзига тааллуқли бўлишини истарди. Қабилалараро тортишув пайти 25 ёшли Муҳаммад (с.а.о) у ерга кириб келади. Уни кўрган қабила бошлиқлари қувониб, унинг чиқарадиган қарорига рози бўлишларини айтишади. Чунки, Муҳаммад (с.а.о) пайғамбарликка танланишдан олдин ҳам росгўйлиги ва тўғри сўзлиги сабаб Макка қабилалари орасида Муҳаммади Амин (Ишончли Муҳаммад) деб ном чиқарганди.

Масаланинг қалтислигини ва қабилаларнинг бу ишга ҳаддан ошиқ бўлган рағбатини назарга олган Муҳаммад (с.а.о) ерга бир яктак солиб муқаддас тошни унинг устига қўяди ва ҳар қабиладан бир вакил яктакнинг бир учидан ушлаши кераклигини айтади. Шундай қилиб, муқаддас тош барча қабилаларнинг иштирокида олиниб, деворга яқинлаштирилади ва сўнгра Пайғамбар ҳажарул-асвад тошини ўз қўллари билан олиб жойига ўрнатади[14].

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) нафақат ёшлик даврида, балки бутун ҳаёти давомида ва турли шароитларда ўзининг улкан истеъдоди, теран тушунчаси, ҳар ҳолатда тўғри позиция танлаши, диққат ва узоқни кўра олиши билан ҳаммани ҳайратга сола олган. Уҳуд жангида Абу Суфённинг «لَنَاعُزَّي فَلَا عُزَّي لَكُمْ», яъни бизнинг Узза бутимиз бор, аммо сизда йўқдир, – шиорига жавобан, ул ҳазрат айни ўша қофияда «الله مَوْلَينَا فَلَا مَوْلَي لَكُمْ», яъни Аллоҳ бизнинг мавломиздир, сизнинг эса мавлоингиз йўқдир, – шиорини беришни айтган[15].

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) маккалик тарафдорлари билан Мадинага ҳижрат қиларкан, юзага келажак муаммоларни прогнозлаб, уларнинг ҳар бири учун муносиб ечим ва чиқиш йўлини ўйлаб қўйганди. Ҳижратдан сўнг юзага келган биринчи муаммо муҳожирларни (мигрантларни) тураржой билан таъминлаш эди. Бу муҳожирларнинг баъзилари ёлғиз, баъзилари оила аъзолари, баъзилари эса ҳатто қавм-қариндошлари билан бирга кўчгандилар. Баъзилари ўзлари билан бир миқдор пул олиб кела олган бўлсалар-да, лекин уларнинг деярли кўпчилиги бор-йўқларини Маккада қолдириб қўли бўш ҳолда Мадинага келгандилар. Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) бу муаммони ҳал қилиш учун ул зотнинг ўзи ҳам киришиб муҳожирларни ансорларнинг, яъни Мадина мусулмонларининг уйларига жойлаштирди. Муҳожирларнинг баъзиларига эгаси бўлмаган ерларни бўлиб берди. Кейинчалик келган муҳожирларга эса янгидан қурилган масжиддан жой берди.

Маккаликларнинг ҳижрати билан Мадинаи мунавварада илк исломий давлат таъсис этилди. Қуръон қонунларига асосланган ушбу давлат жоҳилият даврининг чиркин унсурларидан қўриқланиши керак эди. Бунинг учун эса бошқарувчиликда жиддий реформ ва ислоҳотларга эҳтиёж бор эди. Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) аста-секин қабила ва уруғ-аймоқчилик муносабатларига асосланган сиёсий тизимни бекор қилиб, ўрнига халқнинг иштироки таъминланган теократик ҳукумат (динга асосланган тузум) қурди.

Пайғамбар (с.а.о)нинг ислоҳотлари ижтимоий ҳаётнинг деярли барча қирраларини қамраб олганди. Бунга мисоли қилиб, исмларнинг ўзгартирилишини ҳам келтириш мумкин. Ул ҳазрат маъноси ёқимсиз бўлган Ясриб номини «Тайба» деб; Абдул-Узза, Абдуш-Шамс ва бошқа бу турдаги исмларни «Абдуллоҳ» деб; Абдушар исмини «Абдул-хайр» деб; Ғофил исмини «Оқил» деб; Асир (қийин) деб қўйилган исмни «Ясир» (осон) деб номлаб уларни ўзгартирди, ҳатто жоҳилият даврини эслатувчи баъзи тоғ ва қишлоқларнинг номларига ҳам ўзгариш киритди.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) ўз даврининг энг нуфузли сиёсий арбоби ва янги давлат раҳбари сифатида танилиб, қўшниликда яшовчи яҳудий қабилалари билан ҳам муайян муносабатда бўлган. Бу муносабатлар баъзида сулҳ ва муроса, баъзан эса урушлар билан тарих хотирасида қолган.

Мадина атрофида яшовчи яҳудийлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳукуматидан хавфсираб турардилар ва шунинг учун доимо унга орқадан зарба беришга ҳаракат қилишарди. Пайғамбар (с.а.о) уларнинг бу ниятларидан огоҳ бўлгани учун ҳамиша эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилар ҳамда расмий ёзувлар ва битимларда ул зотнинг сўзларини таҳриф этмасинлар (ўзгартирмасинлар) деб саҳобаси Зайд ибн Собитга яҳудий ёзувини ўрганишни буюрган эди[16].

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) шунингдек, қарши томондан кутилган оғир ва ҳал қилувчи урушларни ва уларнинг Ислом тақдиридаги ролини назарга олиб, саҳобаси Туфайл Даусийни айрим ҳарбий сирларни, жумладан манжаниқ (ўша замон замбараги)дан фойдаланишни ўрганиш учун ўз қабиласи ёнига юборганди. Кейинги урушларда бу усулдан фойдаланган мусулмонлар яна бир бор ўз раҳбарларининг узоқни кўра олишига гувоҳ бўлишди.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)нинг ушбу хусусияти борасида кўп сўзлаш мумкин. Аммо биз яна бир масалага тўхталиб сўзимизга якун ясамоқчимиз.

Арабларнинг қабила бошлиқлари Исломни қабул қилиш билан ўз мақом ва мансабларини йўқотажакларидан қўрқишларини Пайғамбар (с.а.о) яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам улар билан ҳамма вақт ҳурмат юзасидан муомала қилар ҳамда уларни имкон қадар ўз мавқе ва вазифаларида сақлаб қолишга ҳаракат қилар эди. Ул ҳазратнинг ушбу муносабатини бошқача ҳам изоҳлаш мумкин:

Пайғамбар (с.а.о) кўпчилик ҳурмат қилган ҳар қандай одамга эҳтиром-ла муносабат кўрсатарди. Чунки, бундай кишига қилинадиган ҳурмат унинг тарафдорларига ҳам ҳурмат кўрсатиш демакдир.

7. Дастурли ҳаракат ва ташкилотчилик;

Ижтимоий ва сиёсий ҳаракат учун фаолият дастури тузилиши керак. Сўнгги мақсад ва ушбу мақсадга эришиш учун қилинадиган ишлар, умумий принцип, курс ва стратегиялар ишлаб чиқилиши керак. Буларнинг барчаси эса қабул қилинган ягона идеология доирасида тартибга солинади.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) ўз миссиясининг аввалидан маълум ва аниқ бир дастур бўйича иш олиб борган ва махсус ташкилотчилик билан ишларини амалга оширган. Ул ҳазрат 23 йиллик пайғамбарлик даврида тадрижий (секин-аста) ривожланиш тамойили асосида ҳаракат қилган. Аввалданоқ яратилган бу механизм, Макка ҳаётида ва чақириқнинг дастлабки йилларида янада яққолроқ шаклда намоён бўлади. Бундай қалтис даврда пайғамбарликка танланган ҳазрат Муҳаммад (с.а.о) шароит тақозосига уйғун ҳолда Макка мушриклари ва Ислом душманларига қарши ҳар қандай радикал хатти-ҳаракатдан сақланган, ҳатто уларнинг таҳқир ва қийноқларига нисбатан улуғворларча муносабат билдирган. Ушбу масалани ўша даврда нозил бўлган «Кофирун» сурасининг мазмунидан ҳам тушуниш мумкин. Ушбу сурада Пайғамбарга шундай буюрилган:

(Эй Пайғамбар) «айтгин: Эй кофирлар! … Сизнинг динингиз фақат ўзингиз учун, менинг диним ҳам фақат ўзим учун» (Кофирун сураси, 1 ва 6-оятлар)

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) Ислом динини тарғиб қилишда ҳам тадрижийлик (аста-секинлик) масаласини устун кўрганди. Беъсатнинг дастлабки уч йилида яширин ҳолда Ислом дини тарғиботини амалга оширган, олдин ўз уйдагиларни – Али (а.с) ва Хадичани, сўнгра эса бир гуруҳ ишончли ёшларни мусулмон қилганди. Уч йилдан сўнг ул ҳазрат ўзининг очиқ даъватини бошлаганда ҳам, аввал ўз қавм-қариндошларидан бошлаган, кейин эса Макка ва унинг атрофига тарғиботчилар юборган ва ниҳоят, ҳижратнинг олтинчи йилида (баъзи манбаларга кўра еттинчи йилида) турли дунё давлатлари раҳбарларига, жумладан, Рим, Эрон, Баҳрайн, Миср, Эфиопия, Шом (ҳозирги Сурия, Фаластин, Ливан, Иордания), Ямома, Уммон ва бошқа мамлакат бошлиқларига йўллаган мактубларида Ислом динининг устунлигини баён қилган эди. Соддалаштирилган бу босқичларнинг барчасида Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) дастлаб одамларнинг фикр ва ғояларини, ишонч ва дунёқарашларини тузатишга ҳаракат қилган ва кейинги босқичда уларни амалий ҳукмлар ва ахлоқий масалалар билан таништирган.

Юқорида айтилган тадрижий (секин-аста) ривожланиш механизмини Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)нинг Мадина шаҳрида яшовчи мушрик ва яҳудийларга бўлган муносабатида, яъни ҳижратнинг биринчи йилида улар билан тузган сулҳ-тинчлик ва дўстлик битимларида ва урушган жангларида ҳам кўриш мумкин.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)нинг ташкилотчилик қобилиятига оид турли мисоллар келтириш мумкин. Ул зот ҳали ҳижратдан олдин бир гуруҳ Мадиналиклар билан тузган «Ақаба» аҳд-паймонида ўз қабилаларига, шунингдек бутун Мадина мусулмонларига назорат қилсинлар дея, улар орасидан 12 кишини вакил қилиб танлаган эди[17]. Ул ҳазратнинг ташкилотчилик қобилияти ҳижратнинг аввалларида инқироз ва танглик борган сайин ошиб кетаётган бир пайтда ўзини янада ойдинроқ кўрсатади. Жоме масжидининг қурилиши[18], муҳожир ва ансорлар ўртасида биродарлик паймонининг тузилиши[19], эски исм ва тизимларнинг ўзгартирилиши, ҳарбий тайёргарликнинг юқори даражага кўтарилиши ва шулар каби бошқа ишлар бунинг очиқ-ойдин исботидир. Ҳар бир давлат, идора ва ташкилотнинг раҳбарсиз қолмаслиги кераклигини билган Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) хоҳ Мадинадаги ёки шаҳар ташқарисидаги жанглар томон йўл оларкан, ўз жойига бирор кишини ўринбосар этиб тайинлар, вақтинчалик унга муайян ишларни топширар эди. Абу Лабоба, Саъд ибн Убода, Ибн Умм-Гулсум, ҳазрат Али (а.с), Усмон ибн Аффон ва бошқалар ул зот томонидан вақтинчалик Мадинани бошқариш учун тайинланган вакиллардандирлар.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) ҳижратнинг иккинчи йилида маъмурий низом тузиб унда ўз давлатининг асосий тамойилларини ва у билан халқ орасида бўлган ҳуқуқий муносабатларни баён этганди[20].

Ислом дини Арабистон ярим оролининг бошқа ҳудудларига тарқалиб, янги давлатнинг ҳудудлари кенгайганидан сўнг Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) турли шаҳарларга волийлар (ҳокимлар) тайин этиб, солиқчилар юборарди. Мансабдорлардан фарқли ўлароқ, волийлар кенг ваколатга эга бўлиб, жойларда давлат вакили ҳисобланардилар. Бундай ҳукмдорларга мисол қилиб Али ибн Абу Толиб (а.с), Амр ибн Ос, Абу Мусо Ашъарийни ҳамда солиқ мансабдорларига эса Абу Суфён, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Убайда ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар:

[1]. Майкл Ҳарт, «Инсоният тарихида энг катта таъсирга эга бўлган 100 та нуфузли шахс», таржимон: Муҳаммад Шайхий, Суҳуф, биринчи чоп, Теҳрон, 1992-йил, 11-бет.

[2]. Яна ўша манба, 24-бет.

[3]. Томас Карлайл, Муҳаммаднинг ҳаёти («Қаҳрамонлар» китобидан). Таржимон: Абу Абдиллоҳ Занжоний, Табриз, Суруш нашриёти, нашри йили: 1318 ҳижрий-шамсий, 66-бет.

[4]. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», Даару иҳяут-туросил-арабий, биринчи нашр, Байрут, 2001, Ваҳий бошланиши китоби, 3-боб, 3-ҳадис, 23 ва 24-бетлар; Муслим ибн Ҳажжож Нишопурий, «Саҳиҳул Муслим», тўрт жилдда, Даару Содир, биринчи нашр, Байрут, 2004, Иймон китоби, 73-боб, 410-ҳадис, 1-жилд, 76-бет.

[5]. Бу борада қуйидаги манбаларга мурожаат қилишингиз мумкин: Расул Жаъфариён, «Сиёсий Ислом Тарихи», Далил нашриёти, биринчи чоп, Қум, 1380-ҳижрий шамсий, 1-жилд, 227-231-бетлар; Маҳди Пишвайи, «Ислом тарихи», Маориф нашриёти, Қум, 1382-ҳижрий шамсий, 131-136-бетлар.

[6]. Аҳмад ибн Возиҳ ал-Яъқубий, «Тарихи Яъқубий», икки жилдли, Даару Содир нашриёти, Байрут, 2-жилд, 24-бет.

[7]. Нажм сураси, 3-5 оятлар; Оли Имрон сураси, 32 ва 132-оятлар.

[8]. Яъқубий, «Тарихи Яъқубий», 2-жилд, 87-бет; Али ибн Ҳусайн Масъудий, «Ат-Танбиҳу вал-ишроф», Даару Саб нашриёти, Байрут, 238-бет.

[9]. Иззуддин ибн Асир, «Ал-Комил фит-тарих», ўн икки жилдли, Даару Содир нашриёти, Байрут, 1966, 12-жилд, 495-505-бетлар.

[10]. Анкабут сураси, 48-оят;

وَمَا كُنتَ تَتْلُو مِن قَبْلِهِ مِن كِتَابٍ وَلَا تَخُطُّهُ بِيَمِينِكَ ۖ إِذًا لَّارْتَابَ الْمُبْطِلُونَ

«Ундан олдин ҳеч бир китобни ўқимас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар».

[11]. Нисо сураси, 113-оят;

وَأَنزَلَ اللَّـهُ عَلَيْكَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَعَلَّمَكَ مَا لَمْ تَكُن تَعْلَمُ ۚ وَكَانَ فَضْلُ اللَّـهِ عَلَيْكَ عَظِيمًا

«Ва Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни нозил қилди ҳамда билмай юрган нарсаларингни сенга ўргатди. Ва Аллоҳнинг сенга қилган фазлу марҳамати улуғ бўлди».

[12]. Мисол учун қаранг: Яъқубий, «Тарихи Яъқубий», 2-жилд, 46 ва 47-бетлар.

[13]. Абдулмалик Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», тўрт жилдли, Даарул-кутубил-илмийя нашриёти, иккинчи нашр, Байрут, 2003-й, 4-бет, 25 ва 26-бет.

[14]. Яъқубий, «Тарихи Яъқубий», 2-жилд, 19 ва 20-бетлар; Али ибн Ҳусайн Масъудий, «Муружуз-заҳаб», тўрт жилдли, Даару иҳяит-туросил-арабий, биринчи нашр, Байрут, 2002-й, 2-жилд, 442 ва 443-бетлар.

[15]. Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул-анвор», бир юз ўн жилдли, Даару иҳяит-турасил-арабий, учинчи чоп, Байрут, 1983-й, 20-жилд, 44-бет.

[16]. Муҳаммад ибн Жарир Табарий, «Тарихи Табарий», саккиз жилдли, Аъламий нашриёти, Байрут, 2-жилд, 230 ва 231-бетлар.

[17]. Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 2-жилд, 36-бет.

[18]. Муҳаммад ибн Саъд, «Ат-Табақотул-кубро», саккиз жилдли, Даару Содир нашриёти, Байрут, 1-жилд, 239-бет.

[19]. Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 2-жилд, 88-90-бетлар.

[20]. Олдинги манба, 2-жилд, 85-87-бетлар.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Расулуллоҳ (с.а) риҳлатлари ҳақида юрак сўзи

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Ушбу юрак сўзимизни тўртинчи имомимиз Зайнилобидин (алайҳис …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.