Home / Долзарб мавзулар / Вилояти фақиҳ / Маъсум имом каломи олдида мужтаҳиднинг ижтиҳодига қандай эҳтиёж бўлиши мумкин?

Маъсум имом каломи олдида мужтаҳиднинг ижтиҳодига қандай эҳтиёж бўлиши мумкин?

Айрим кишилар томонидан: «Маъсум имом каломи олдида мужтаҳиднинг ижтиҳодига ҳеч бир ҳожат бўлмайди ва асосан маъсум имом бир сўзни айтдиларми, демак, уни сўзсиз қабул қилмоқлик ва бажармоқлик ҳаммамизга вожиб бўлади ва мужтаҳидларнинг ижтиҳодига ҳожат қолмайди», – деб илгари сурилган шубҳага жавобимиз қуйидагича:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Асосан ижтиҳод қилиш икки қисмдан иборат:

А. الاجتهاد في مقابل النَّص Нас (маъсумнинг каломи) баробарида ижтиҳод қилмоқлик;

Ушбу ижтиҳоднинг маъноси Қуръони Карим оятларига ва маъсум каломига қарши чиқиб ўз назарини илгари суриш демакдир. Илк маротаба бундай ижтиҳод қилган шахс Умар ибн Хаттобдир. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларидан сўнг Ислом Уммати йўлдан адашмаслиги учун мактуб ёзиб қолдирмоқчи бўлганларида Умар ибн Хаттоб ул зотга қаршилик кўрсатиб, «Аллоҳнинг Китоби бизга етарлидир», – деди. Ушбу дардли воқеа муҳим бўлгани учун уни бу ерда келтирамиз:

[ 5345 ] حدثنا إبراهيم بن موسي حدثنا هشام عن معمر وحدثني عبد الله بن محمد حدثنا عبد الرزاق أخبرنا معمر عن الزهري عن عبيد الله بن عبد الله عن بن عباس رضي الله تعالي عنهما قال: «لَمَّا حَضَرَ رَسُولَ اللهِ (ص) الوَفَاةُ، قَالَ: هَلُمَّ أَكْتُبْ لَكُمْ كِتَاباً لا تَضِلُّوا بَعْدَهُ؛ وَ فِي الْبَيتِ رِجَالٌ فِيهِمْ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ فَقَالَ عُمَرُ: إِنَّ النَّبِي (ص) قَدْ غَلَبَ عَلَيهِ الْوَجَعُ وَ عِنْدَكُمُ الْقُرْآنُ حَسْبُنَا كِتَابُ اللهِ، قَالَ: فَاخْتَلَفَ أَهْلُ الْبَيتِ فَاخْتَصَمُوا فَمِنْهُمْ مَن يقُولُ قَرِّبُوا يكْتُبْ لَكُمْ رَسُولُ اللهِ6 كِتَاباً لَنْ تَضِلُّوا بَعْدَهُ وَ مِنْهُمْ مَن يقُولُ مَا قَالَ عُمَرُ. فَلَمَّا أَكْثَرُوا اللَّغَطَ وَالْإِخْتِلَافَ عِنْدَ النَّبِي6 قال رَسُولُ الله6: قُومُوا عَنِّي، فَكَانَ ابْنُ عَبَّاسٍ يقُولُ: إِنَّ الرَّزِيةَ كُلَّ الرَّزِيةِ مَا حَالَ بَينَ رَسُولِ اللهِ (ص) وَ بَينَ أَنْ يكْتُبَ لَهُمْ ذَلِكَ الْكِتَابَ مِنِ اخْتِلَافِهِمْ وَ لَغَطِهِمْ».

Менга қоғоз ва қалам келтирингиз, токи сизларга шундай бир мактуб ёзиб қолдирайки, оқибат ушбу мактуб сабабли зинҳор йўлдан озмагайсиз. Ўша ерда тўпланганлар орасидан Умар, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бу сўзларига қаршилик кўрсатиб: «Шубҳасиз, дард Пайғамбарга ғолиб келган ва у алаҳсирамоқда, сизларнинг ёнингизда Қуръон бор, Аллоҳнинг китоби биз учун етарлидир» деди.

Уйда тўпланганлар ўзаро ихтилоф қилиб тортиша бошлашди, уларнинг айримлари; Расулуллоҳга қоғоз ва қалам келтирингиз, токи сизларга шундай бир мактуб ёзиб қолдирсинларки, оқибатда у зотдан кейин ҳаргиз йўлдан озмагайсиз, дейишарди ва баъзилар эса Умар айтган сўзни такрорлашарди. Улар пайғамбар ҳузурларида шовқин-сурон ва ихтилофни авжига чиқаргач, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) менинг ҳузуримдан туриб кетингиз, деб буюрдилар.

Ушбу ҳодисадан афсусланган Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) доимо шундай дер эди:

Бутун мусибат, саҳобаларнинг қилган ўзаро ихтилофлари ва шовқин – суронлари оқибатида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уларнинг ҳидояти учун мактуб ёзиб қолдиришларига тўсқинлик қилинганидан буён юзага келди.

Юқоридаги ҳодисани ўз китобида келтирган Аҳл суннатнинг буюк олимлари қуйидагилардан иборат:

  1. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», Китобул марзо, бобу қовлил марийз қувмуу анний, 5669-ҳадис ва шунингдек, Китобул иътисом бил-китоби вас-суннаҳадис, 26-бобу кироҳийятил хилоф, 7366-ҳадис.
  2. Муслим, «Саҳиҳу Муслим», Китобул-васийяҳадис, бобу таркил-васийяти лиман лайса лаҳу шайъун юсий фийҳи, 4123, 4124, ва 4125-ҳадислар.
  3. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад», 1-жилд, 534-бет ва айрим нашрларда 325-бет, 2983-ҳадис.
  4. Ибн Касир, «Ал-бидаяту ван-ниҳаяҳ», 5-жилд, 214-бет ва айрим нашрларда 248-бет.
  5. Абу Зайд Аҳмад ибн Саҳл Ал-Балхий, «Китобул бадъи ват-тарих», 2-жилд, 136-бет.

Аҳли суннатнинг тарихчи олими Табарий «Тарихур-русули вал-мулук» номли китобида нақл қилишича, Абу Бакр Холид ибн Валидни муртадларга (диндан қайтганларга) қарши урушиш учун юборди. Молик ибн Нувайра бани Тамийм қабиласининг бошлиқларидан эди. У Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларида Исломни қабул қилди. Аммо ул ҳазратнинг вафотларидан сўнг, у Абу Бакрга байъат қилмай, йиғилган садақаларни унга юбормади. Абу Бакр уни закот бермаганлиги сабабли муртадликда айблаб, Холид ибн Валидни унинг томон йўллади. Холид Моликни аввал асир қилиб олди, кейин эса уни ўлдирди ва ўша кеча Молик ибн Нувайранинг «Жамила» исмли хотини билан қўшилди.

Бу ҳодисани эшитган Умар ибн Хаттоб Холид ибн Валидга ташланиб унинг ёқасини йиртди ва Абу Бакрдан зино қилгани учун тошбўрон қилишни сўради. Абу Бакр эса унга жавобан: У ижтиҳод қилди ва ижтиҳодида хато қилди, деди.

Манба: Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарийр ат-Табарий, «Тарихур-русули вал-мулук» ёки Тариху Табарий, 3-жилд, 11-ҳижрий йили, 280-бет.

Бундай ижтиҳод қилиш Аҳли суннат наздида саҳобалар учун қабул қилинган ва улар бу билан саҳобаларнинг Қуръон оятларига ҳамда Пайғамбаримиз каломларига қарши чиқиб тескари амал қилганларини оқлашган, токи Аҳли суннатнинг «ҳамма саҳобалар одилдирлар» деган ақийдаси сақланиб қолсин деб!

Аҳли-Байт издошлари ва имомия фуқаҳолари бундай ижтиҳод қилишни мутлақо рад этиб Ислом динида бундай ижтиҳодга ўрин йўқлигини таъкидлашган. Қуръони Карим нигоҳидан ҳам бундай ижтиҳод шубҳасиз ботилтир. Бу борада диққатингизни қуйидаги ояти каримага қаратамиз:

<وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَيٰ اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَن يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُّبِينًا>

«Ҳеч бир иймонли эркак ва иймонли аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бирор ишга ҳукм қилганида – буюрганида, (Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини танлай олмаслар. Кимки, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатсизлик қилса, демак, очиқ залолат ва гумроҳлик-ла йўлдан озибди.» (Аҳзоб сураси, 36-оят)

Диққатга сазовор бўлган масала шундан иборатки, юқоридаги ояти каримани келтириш ўрни мана шу ердир, сизлар «Вилояти фақиҳ» назариясини рад этиш мақсадида келтирган жой эмас.

Б. الاجتهاد من النَّص Нас (маъсумнинг каломи) асосида ижтиҳод қилмоқлик; бунга кўра, фақиҳ ва мужтаҳид Қуръони Карим оятларини ва маъсумларнинг каломини тўғри англаш учун илмий тадқиқот ва изланишлар олиб боради ва натижада Аллоҳ таолонинг ҳукми бўлмиш шариат қонунларини истинбот қилади (қўлга киритади). Бундай ижтиҳод қилмоқ учун фуқаҳо ва муҳтаҳидлар тафсир илмини, сарф (морфология) ва наҳв (синтаксис), балоғат фанлари (маъоний, баён ва бадиийъ) илмларини ўз ичига олган Араб тили грамматикасини, фиқҳул-луғат (луғатшунослик) ва фиқҳул-ҳадис ёки дироя (ҳадисшунослик) илмларини, усул илми ва фиқҳий қоидаларни, рижол илмини, Ислом тарихи ва сийра илмларини мукаммал билишлари зарур. Шундагина Қуръони Карим оятларини ва маъсумларнинг каломини тўғри ва саҳиҳ тушуниш мумкин бўлади. Зеро, баъзи ҳадислар чуқур маъно ва тушунчани ўз ичига олган бўлади, баъзилари эса муайян замон ва маконга қарата содир этилган бўлиб махсус ўша замон ва макондаги ҳукмни баён қилади ва айримлари эса тақия ҳолатида содир этилган бўлиб, бошқа ҳадисларга мутаориз ва зид бўлади, уларни ўзаро жам қилиш йўли фақатгина Қуръон оятларига мувофиқ келиши ёки мухолифлар (суннийлар)нинг таълимотига зид бўлиши билан чекланиб қолмай, балки бу бобда ҳадисларни ўзаро жам қилиш учун ўндан ортиқ қоидалар мавжуд бўлиб, уларни мукаммал ўзлаштириш эса кишидан мутахассислик талаб қилади. Ушбу соҳада мутахассис бўлиш эса кўп йиллар давомида дарс ўқишни инсондан талаб этади.

Ижтиҳод қилишнинг ушбу иккинчи қисми Аҳли-Байт мазҳабида ҳам, Аҳли суннат наздида ҳам қабул қилинган. Биз Аҳли-Байт издошлари «фуқаҳо ва мужтаҳидларимиз ижтиҳод қиладилар» деганда, шариат аҳкомларини Қуръони Карим оятларидан ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ва ул зот наслларидан бўлган маъсум имомларимизнинг каломларидан юқорида зикр этилган муайян қоидалар асосида истинбот қилишларини назарда тутамиз. Ва бу иш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди, балки мазкур илмларни ўрганиш учун узоқ йиллар давомида илмий тадқиқот ва изланишлар олиб бориб мутахассислик даражасига эришган олимларгина бу улкан ва оғир ишни амалга ошира оладилар ва бундай диншунос олимларга «фуқаҳо ва мужтаҳидлар» дейилади. Ҳар бир илм ва фан соҳасининг мутахассиси бўлганидек, Ислом динининг ҳам мутахассислари бор, улар бутун умрини Ислом дини таълимотларини чуқур ва тубдан ўрганишга сарфлашган. Инсонлар кундалик ҳаётларида ҳар соҳанинг мутахассисига мурожаат қилганларидек, инсониятнинг руҳи, маънавияти ва абадиятига тааллуқли бўлган дин таълимотларида ҳам мутахассис олимларга мурожаат қилмоқлик зарурдир. Ушбу қоида ақл ҳукмига биноан бўлиб, уни ҳеч ким инкор этмаган ва инкор эта олмайди ҳам.

Бундан ташқари, маъсум имомларимиз ҳам ҒАЙБАТ даврида Ислом дини таълимотларини диншунос мутахассис олимлардан ўрганиш ва уларга эргашиш кераклигини уқтириб, умум мусулмонларни улар томонга йўналтирганлар. Биз бу борада намуна сифатида икки ҳадисни келтирамиз. Ўн биринчи пешвоимиз имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

«فَأمّا مَن كانَ مِن الفُقَهاءِ صائناً لنفسِهِ حافِظاً لِدينِهِ مُخالِفاً على هَواهُ مُطِيعاً لأمرِ مَولاهُ فلِلعَوامِّ أن يُقَلِّدُوهُ، وذلكَ لا يكونُ إلّا بَعضَ فُقَهاءِ الشِّيعَةِ لا جَميعَهُم»

«Аммо фуқаҳолардан кимки ўз нафсини тиювчи, динини ҳифзу ҳимоя қилувчи, нафсининг ҳавас-истакларига қарши чиқувчи ва мавлосининг (маъсум пешвосининг) фармонига бўйсунувчи бўлса, одамлар унга тақлид қилишлари зарурдир. Ва бу хусусиятлар фақатгина шиаларнинг баъзи мужтаҳидларида мавжуд, уларнинг ҳаммасида ҳам эмас».

Манба: Мунтахаби Мийзонул Ҳикмат, 1205356-ҳадис; Шайх Ҳур Омилий, Васоил аш-шиа, 27-жилд, 131-ҳадис ва 18-жилд, 94 ва 95-бетлар.

Ўн иккинчи пешвоимиз ва йўлбошчимиз ҳазрат Соҳибул-амр имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) ўз хос ноибларининг тўртинчиси бўлмиш Али ибн Муҳаммад Самурий вафот этишига олти кун қолганда унга мактуб йўллаб, уни ўз ўлимидан хабардор этадилар ҳамда шиалар Ғайбат даврида кимларга эргашишлари зарурлигини баён этиб шундай буюрадилар:

«وَ أَمَّا الْحَوَادِثُ الْوَاقِعَةُ فَارْجِعُوا فِيهَا إِلَى رُوَاةِ حَدِيثِنَا فَإِنَّهُمْ حُجَّتِي عَلَيْكُمْ وَ أَنَا حُجَّةُ اللَّهِ عَلَيهِم‏»

«Юз берадиган ҳодиса-воқеаларда бизларнинг ҳадисимизни ривоят қиладиган ровийларга мурожаат қилинглар. Зеро, улар менинг сизларга бўлган ҳужжатимдир ва Мен эса Аллоҳнинг уларга бўлган ҳужжатидирман».

Манба: Шайх Ҳур Омилий, Муҳаммад ибн Ҳасан, «Васоилуш шиа», 18-жилд, 101-бет, 8-ҳадис; Шайх Садуқ, «Камолуд-дин ва тамомун-неъмаҳ», 2-жилд, 484-бет.

Ушбу мазмунда кўпгина ҳадислар маъсум имомларимиздан содир этилган бўлиб, уларда мусулмон ва шиаларнинг диншуносликда мутахассис бўлган олимларга мурожаат қилишлари зарур эканлиги уқтирилган ҳамда мазкур ҳадисларда диншунос олимларга «фуқаҳо ва рувоти ҳадис» дейилган. Фуқаҳо калимаси фақиҳ сўзининг кўплик шакли бўлиб, «динни чуқур ўрганган олим» маъносини англатади. Рувоти ҳадиснинг маъноси эса «ҳадис ривоят қилувчилар ёки ҳадис ровийлари» дегани.

Имомларимиздан ворид бўлган ҳадиси шарифларда «ҳадис ривоят қилувчиларга ёки ҳадис ровийларига мурожаат қилинглар» дейилганда, шунчаки ҳадисларни тушунар-тушунмас ҳолда, ИМОМ нима демоқчи эканликларини тўлиқ ва тўғри англамай туриб нақл қилувчилар ёки ҳадисларни у ёқ-у бу ёқдан кўчириб маъносини яхши тушунмайдиган оддий кишилар назарда тутилмаган. Зероки, у пайтда кўпчилик мусулмонлар арабзабон ёки араб тилини яхши биладиган бўлишган ва ҳар бир киши мен ҳадис ровийсиман деб иддао қилиши мумкин бўлган. Лекин ИМОМ бундай оддий кишиларни эмас, балки бутун умрини маъсум имомларнинг ҳадисларини ривоят қилиш ва уларнинг маъно-мазмунини чуқур ўрганишга бағишлаган ва бу ҳақда кўплаб китоб ва асарлар битган диншунос уламоларни назарда тутганлар. Ушбу ҳақиқат, яъни ҳадис ровийларидан мурод фуқаҳо ва мужтаҳидлар эканлиги ҳатто диндан озгина хабардор бўлган кишиларга ҳам сир эмас. Албатта, ушбу ҳақиқатни чуқурроқ баён қилиш учун муфассал сўз юритиб ушбу мавзуга оид теран далил-исботларни келтиришимиз мумкин. Бироқ ҳозирча шу миқдорга кифояланишни афзал кўрдик.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Вилояти фақиҳ нима дегани ва ушбу ғоя қайси замонга бориб тақалади?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Жавоб: Шубҳасиз, биз мусулмонлар ислом оламида рўй берадиган турли масалаларга дуч келганимизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.