Home / Долзарб мавзулар / Вилояти фақиҳ / Маъсум бўлмаган мужтаҳидларга нима учун эргашишимиз керак?

Маъсум бўлмаган мужтаҳидларга нима учун эргашишимиз керак?

Айрим кишилар томонидан: «Фуқаҳо ва мужтаҳидлар маъсум эмаслар, яъни уларнинг сўзлари ва амалларида саҳв-хато ва адашиш ҳолатлари юз бериши мумкин. Шунинг учун, нимага биз ғайбат ва интизор асрида мужтаҳидларга эргашишимиз ва уларга тақлид қилишимиз керак экан?! Бошқа илмий таъбир билан айтганда; Қандайига Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ (с.а.о) ва маъсум имомларнинг вилоят ва пешволик ихтиёрларини ваҳийга боғлиқ ҳамда маъсум бўлмаган фақиҳ ва мужтаҳидга топшириш мумкин?!», – деб илгари сурилган шубҳага жавобимиз қуйидагича:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ушбу саволга тўлиқ ва атрофли жавоб бериш учун дастлаб мазкур саволга ойдинлик киритишимиз ва саволнинг айрим пинҳон қирраларини ёритишимиз керак.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) маъсумлик мақомига эга бўлганлари ҳамда ваҳийга боғлиқ ҳолдаги тўлиқ ва комил илм соҳиби бўлганлари учун Аллоҳ таоло ул ҳазратга вилоят (пешволик) ва йўлбошчилик мақомини берган. Шиаларнинг имомлар маъсумлиги (саҳв-хато ва гуноҳга йўл қўймаслик ҳамда илоҳий ва ладунний илмга эга бўлмоқлик) бобидаги ақоидини эътиборга олиб, вилоят (пешволик) ва йўлбошчилик мақомининг ул зотларга топширилишини қабул қилиш мумкин. Энди қандайига маъсумлик мақомига эга бўлмаган, саҳв-хато ва адашишдан йироқ бўлмаган ҳамда илми маъсум даражасида бўлмаган фақиҳ ва мужтаҳидга вилоят (пешволик) ва йўлбошчилик мақомини топшириш мумкин?! Қандай қилиб Аллоҳ таоло, Пайғамбар ва маъсум имомларнинг барча ихтиёрларини ваҳийга боғлиқ бўлмаган ҳамда маъсумлик мақомига эга бўлмаган мужтаҳидга топшириш мумкин?! Ҳолбуки, у маъсум томонидан тўғридан-тўғри танланмаган, бунинг устига саҳву хатодан ҳам омонда эмас!

Қисқа ва лўнда жавоб:

«Ҳоким ва одил фақиҳнинг вилояти (пешволиги) айнан ўша анбиё ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг вилоятидир», деб айтилганда «сиёсий вилоят ва йўлбошчилик» назарда тутилади. Сиёсий вилоят ва йўлбошчиликдан мурод ҳокимият тузиш ва мусулмонларнинг ишларини бошқариш бўлиб, «Ташриий Вилоят»нинг бир қисми ҳисобланади. Аммо «Вилояти Кубро» деб номланган «Таквийний Вилоят» эса илоҳий ва ладунний илм неъматидан ҳамда маъсумлик мақомидан баҳраманд бўлган маъсум имомларимизга хосдир.

Фақиҳ ва мужтаҳид вилоятининг энг асосий ва тубли шарти адолат ва фиқоҳат (фақиҳлик, мужтаҳидлик) бўлиб, бу икки хусусиятдан бири фақиҳда бўлмаган тақдирда вилоят ва йўлбошчилик ундан олинади. Бинобарин, имомларимизнинг сиёсий вилояти адолатли фақиҳга топширилиши нафақат хато бўлмаган, балки маъсум имомларимиз томонидан амалга оширилган энг яхши ва тўғри танлов бўлган.

Муфассал ва атрофли жавоб:

Вилоят икки қисмдан иборат: «Таквийний Вилоят» ва «Ташриий Вилоят». Тавҳид далилларига асосан вилоятнинг ҳар икки қисми аслида Аллоҳ таолоникидир.

1. Таквийний Вилоят: «Таквийн» сўзи борлиқ оламнинг яратилиши ва бошқарилишига оид бўлган тушунчани англатади. Қуръони Карим таълимотига кўра, Аллоҳ таоло ҳар бир мавжудотни Ўзи истаганидек ҳар қандай тасарруф этиш ва бошқаришга қодир бўлиб, бу иш Унинг учун осондир. Бинобарин, «Таквийний Вилоят» деганда, айнан мавжудотларни яратиш, уларни таквийний бошқариш ва ҳидоят этиш тушунилади. Ва ушбу «Таквийний Вилоят» Аллоҳнинг изни билан Унинг ер юзидаги «ҲУЖЖАТИ» бўлмиш комил инсон орқали амалга оширилади. Бу борада Аллоҳнинг ҳужжати хоҳ моддий бадан ила тирик бўлсин ёки бўлмасин, фарқ қилмайди. Айнан мана шу маънода мавжудотларнинг «Таквийний Вилояти» айни пайтда ҳазрат Соҳибул-амр имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)нинг зиммаларидадир ва ул зотнинг кўзлардан ғойиб бўлишлари «Таквийний Вилоят»га ҳеч қандай путур етказмайди. Шунинг учун, «Таквийний Вилоят» валиййи фақиҳга тааллуқ топмайди.

Бу ерда яна шуни ҳам таъкидлаб айтишимиз лозимки, малоикалар Рамазон ойининг Қадр кечасида бутун инсонларнинг бир йиллик тақдир ва қисматини белгилаш учун ер юзига Аллоҳнинг валийси ва ҳужжати бўлмиш ҳазрат Соҳибаз-замон имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) ҳузурларига тушадилар. Бу ҳақда Қадр сурасида шундай дейилади:

تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍ

«Унда (Қадр кечасида) фаришталар ва Руҳ (ҳазрат Жаброил) Раббиларининг изни билан барча ишлар юзасидан (ерга, Аллоҳнинг валийси ва ҳужжати ҳузурига) тушадилар» (Қадр сураси, 4-оят).

Ушбу ояти кариманинг тафсирида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ва маъсум имомларимиздан ворид бўлган ҳадиси шарифларда малоикалар Аллоҳнинг ҳужжати бўлмиш маъсум имом ҳузурига тушиши баён қилинган.

Фаришталарнинг замонамиз пешвоси ва йўлбошчиси бўлмиш имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳузурларига тушиши «Таквийний Вилоят»га кўрадир. Худди шундай, мўминларнинг ҳар ҳафта қилган яхшию ёмон амаллари ҳафтанинг ҳар жума оқшомида малоикалар томонидан имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳузурларига олиб келиб кўрсатилиши ҳам «Таквийний Вилоят»га асосандир. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилган:

وَقُلِ اعْمَلُوا فَسَيَرَى اللَّـهُ عَمَلَكُمْ وَرَسُولُهُ وَالْمُؤْمِنُونَ

«(Истаганингиздек) амал қилинглар! (Аммо билингизким,) Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрурлар» (Тавба сураси, 5-оят).

Ояти каримадаги «амалингизни мўминлар ҳам кўради» деган иборадан мурод маъсум имомлар эканлиги кўпгина ҳадисларда ошкора баён қилинган. Уларни бу ерда келтириш баҳсимиз мавзусидан ташқарида бўлгани учун ундан воз кечдик. Бу эса маъсум имомнинг «Таквийний Вилояти»га ишорадир.

Худди шундай, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг «Мени пайғамбар этиб танлаган Парвардигор номи билан қасамёд этаманки, унинг (Маҳдийнинг) ғойиблигидан одамлар фойда кўришади, худди булутлар ортида пинҳон бўлган қуёшдан баҳраманд бўлганлари каби, унинг вилояти (пешволиги)нинг ёғдусидан баҳра олишади», деб марҳамат қилишлари ҳам маъсум имомнинг «Таквийний Вилояти»га ишорадир.

Яна бир бор таъкидлаб айтамизки, «Таквийний Вилоят» фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг танлаган хос бандаси ва ҳужжати бўлмиш маъсум имомларимизга хос ва чеклангандир. Ва зинҳор ер бундай ҲУЖЖАТдан холи бўлмайди ва ҳаргиз «Таквийний Вилоят» фақиҳ ва мужтаҳидга етмайди ҳам.

2. Ташриий Вилоят: Вилоятнинг ушбу маъноси Қуръон оятларидан олинган бўлиб, уларда шариат аҳкомларини чиқариш, иршоду ҳидоят этиш, тўғри йўлга чорлаш, тавфиқ ато этиш ва шулар каби қонунчилик вилояти ва йўлбошчилиги Аллоҳ таоло учун исботланган. Ушбу вилоят, ҳокимият яратиш ва инсонларнинг дунё ва охиратга оид ишларини бошқариш ва идора этиш маъносидадир. Демак, «Ташриий Вилоят» деганда, шариат қонунларини чиқариб ҳокимият яратиш ва ва инсонларнинг дунё ва охиратга оид ишларини бошқариш ва идора этиш тушунилади. Аллоҳ таоло ушбу масъулиятни, яъни «Ташриий Вилоят»ни Ўзининг танлаган хос бандаси, элчиси ва валийси бўлмиш Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ҳам ато этди ва ул ҳазрат Аллоҳнинг амри ва изни билан халойиқнинг дунё ва охиратига оид ишларни қўлга олиб бошқаришга буюрилдилар. Ул зотдан сўнг, Аллоҳнинг амри ва изни билан мазкур «Ташриий Вилоят»ни амалга ошириш ул ҳазратнинг барҳақ ворислари бўлмиш ўн икки маъсум имомларга топширилди. Ушбу «Ташриий Вилоят» хоҳ одамлар Аллоҳ Валийсининг вилоятига таслим бўлиб, ҳақ ҳокимиятнинг юзага келишига ёрдам берсинлар ёки ёрдам бермасинлар, Пайғамбар ва маъсум имомлар учундир.

Демак, Пайғамбар ва маъсум имомлар «Таквийний Вилоят» билан бирга «Ташриий Вилоят»га ҳам моликдирлар. Маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган даврда мусулмонлар пешвосиз ва йўлбошчисиз қолмасликлари учун фақатгина «Ташриий Вилоят» адолат сифатига эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳиднинг зиммасига юклатилади ва дарҳақиқат, фақиҳнинг вилояти айнан ўша маъсум ва мутаҳҳар имомларимиз вилоятларининг давоми деб қабул қилинади, унинг акси ёки зидди эмас. Агар шундай бўлмаганида эди, яъни фақиҳнинг вилояти айнан ўша маъсум имомларимиз вилоятларининг давоми бўлмаганида эди, бутун шарт-шароитларга тўлиқ эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳид томонидан вилоят ва ҳукумат қилиш машру (шаръий ва қонуний) бўлмасди. Зероки, ҳар бир ҳукумат Аллоҳ таоло томонидан тўғридан-тўғри ёки билвосита тайин этилиши шарт, акс ҳолда шаръий ва қонуний бўлмайди ва бу ғафлат қилмаслик керак бўлган ўта муҳим масаладир. Ушбу мавзуга доир Қуръони Каримда кўп оятлар мавжуд бўлиб, бу ерда уларнинг баъзиларини келтирамиз:

إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّـهِ ۖ يَقُصُّ الْحَقَّ ۖ وَهُوَ خَيْرُ الْفَاصِلِينَ

«Ҳукм (ва ҳукумат) қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. У фақат ҳақни баён этур. У ҳакамларнинг энг яхшисидир» (Анъом сураси, 57-оят).

إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّـهِ ۚ أَمَرَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ ۚ ذَٰلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ وَلَـٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ

«Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир, У Зот сизларга фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни буюрди. Мана шу энг тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмаслар» (Юсуф сураси, 40-оят)

وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللَّـهُ فَأُولَـٰئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ

«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» (Моида сураси, 44-оят).

وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللَّـهُ فَأُولَـٰئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар золимлардир» (Моида сураси, 45-оят).

وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللَّـهُ فَأُولَـٰئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ана ўшалар фосиқлардир» (Моида сураси, 47-оят).

أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ ۚ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللَّـهِ حُكْمًا لِّقَوْمٍ يُوقِنُونَ

«Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Аниқ ишонадиган кишилар учун Аллоҳдан ҳукм-ҳокимлик жиҳатидан яхшироқ ким бор?!» (Моида сураси, 50-оят).

Юқоридаги оятлардан яққол кўриниб турибдики, ҳатто «Ташриий Вилоят» ҳам Аллоҳ таолога хос ва чеклангандир. Ва Аллоҳ таоло ушбу «Ташриий Вилоят»ни Ўзининг энг суюкли бандаси ва расули бўлмиш Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га топширган, токи ул ҳазрат Аллоҳ таоло нозил қилган аҳком ва қонун-қоидаларни мусулмонларга жорий этиб, уларни Аллоҳнинг нури ва ҳидояти сари йўналтирсинлар. Аҳли-Байт издошларининг эътиқодига кўра, Сарвари олам ўзларидан сўнг, Аллоҳнинг «Ташриий Вилояти»ни Унинг амри ва изни билан ўз Аҳли-Байтларидан бўлган ўн икки ворис ва имомга топширдилар.

Демак, имомларимиз Аллоҳнинг «Ташриий Вилояти»ни, яъни Унинг нозил қилган аҳком ва қонун-қоидаларини мусулмонлар ҳаётига татбиқ этишга буюрилдилар. Мўминлар амири Али (алайҳис салом) ва имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) каби имомларимиз ҳукумат қилиб «Ташриий Вилоят»ни амалда юзага чиқардилар ва қолган имомларимиз эса исломий ҳукумат тузишнинг шароит ва замини муҳайё бўлмагани учун Аллоҳнинг «Ташриий Вилояти»ни тўлиқ амалга ошириб ҳаётга татбиқ эта олмаган бўлсалар-да, аммо ўз издошлари орасида мазкур вилоятни тўла-тўкис ҳолда амалга оширганлар.

Энди эса бу ўринда муҳим бир савол туғилади: Ўн иккинчи маъсум имомимиз ва пешвоимиз ҳазрат Соҳибул-амр имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) маълум сабабларга кўра кўзлардан ғойиб бўлган замонда Аллоҳнинг ушбу «Ташриий Вилояти» ким орқали амалга оширилиб ҳаётга татбиқ этилиши керак? Йўқса, баъзилар сингари Аллоҳнинг «Ташриий Вилояти» маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган замонда таътил этилиб четга суриб қўйилади, деб эътиқод қилишимиз керакми?! У ҳолда Ислом динидан ҳеч бир асар қолмай, мағзи бўлмаган пуч ёнғоқнинг қобиғига ўхшаб қолади-ку!!

Ушбу саволнинг жавоби қуйидагича:

Аллоҳнинг «Ташриий Вилояти» маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган вақтда одил фақиҳга, яъни маъсум имомга энг ўхшаш ва энг яқин бўлган одамга топширилади. Бироқ фақиҳ энг юқори даражадаги адолатга эга бўлиши зарур ва бу агарчи маъсумлик даражаси бўлмаса-да, лекин қуйироқ поғонада маъсумликнинг ўрнини тўлдириб туради. Адолат сифатига эга бўлган киши ҳеч қачон кабира (катта) гуноҳларга йўл қўймайди ҳамда кичик гуноҳларни такрорламайди ҳам, яъни кичик гуноҳларни бир марта қилиб қўйиши мумкин, аммо уларни такрорлаш эса кабира гуноҳга айланади ва одил бўлган фақиҳ кабира гуноҳларга мутлақо йўл қўймаслиги билан бирга кичик гуноҳларни ҳам такрорламайди.

Кўриб турганингиздек, адолат сифати маъсумликка яқиндир, аммо зинҳор унга ета олмайди. Зероки, Аҳли-Байт издошларининг эътиқодига кўра, маъсумлик сифатига эга бўлган инсон бутун умри давомида нафақат кабира гуноҳларни содир этмайди, балки кичик гуноҳларга ҳатто бир марта ҳам йўл қўймайди ва бундан ҳам юқорироқ даражада, ҳатто гуноҳ қилишни фикрига ҳам келтирмайди.

Ва шунингдек, исломий ҳукмдор албатта, фақиҳ ва исломшунос мужтаҳид бўлиши шарт, агарчи унинг илми ҳаргиз маъсумларнинг илоҳий илмларига етмаса-да, аммо қуйироқ поғонада маъсумларнинг илоҳий илмларининг ўрнини босувчидир. Шунинг учун бу бора шундай дейилади:

«Маъсум имомнинг кўзлардан ғойиб бўлгани сабабли ул зотнинг «Ташриий Вилояти»дан бир қисми, яъни сиёсий вилоят ва йўлбошчилик ул зотнинг умумий ноиблари бўлмиш фақиҳларга топширилади. Демак, фақиҳнинг сиёсий вилояти ва йўлбошчилиги пайғамбарлар ва маъсум имомлар вилояти (пешволиги ва йўлбошчилиги)нинг давоми бўлиб, ул зотларнинг сиёсий вилоятларига тенг ва баробардир».

Манба: Имом Хумайний, Нур саҳифаси, 19-жилд, 403-бет, Имом Хомайний асарларини нашр этиш муассаси, тўртинчи чоп, Теҳрон, 1386-шамсий йил.

Юқоридаги илмий баҳслардан маълум бўладики, фақиҳнинг вилояти аслида «фиқҳ» ва «адолат»нинг вилояти ва ҳукмронлигидир. Яъни фақиҳнинг шахси вилоятга эга эмас, балки унинг фиқҳий шахсияти ва адолатли хусусияти вилоят ва ҳукмронликка эгадир ва ушбу вилоят ва йўлбошчилик маъсум имом томонидан умумий ноиблик сифатида фақиҳлар зиммасига юклатилган. Шуни қайд этиш лозимки, маъсумлардан ворид бўлган ҳадисларда умумий ноибликнинг шароит ва хусусиятлари баён қилинган, аммо аниқ бир шахс тайинланмаган, балки кимки, мазкур шароит ва хусусиятларга эга бўлса, Ғайбат асрида мусулмонларнинг валийси ва йўлбошчиси бўлади.

Манба: Оятуллоҳ Жаводий Омулий, Вилояти фақиҳ китоби, 178 дан 184-бетларгача, Қум, Нашри Исро маркази, биринчи чоп, 1378-шамсий йил; Аҳмад Воизий, Исломий ҳукумат китоби, 148 дан 164-бетларгача, Қум, Маркази мудирият нашриёти, иккинчи чоп, 1381-шамсий йил; Оятуллоҳ Муҳаммад Ҳодий Маърифат, Вилояти фақиҳ китоби, 122 дан 129-бетларгача, Қум, Ат-тамҳид нашриёти, иккинчи чоп, 1377-шамсий йил.

Диққатга сазовор бўлган масала шуки, юқорида фақиҳ учун айтилган шартлардан бирортаси йўқолган тақдирда, фақиҳдан вилоят ва йўлбошчилик олинади, яъни агар ҳар сабабга кўра, фақиҳнинг адолат сифати ёки илми ўртадан кўтарилса, вилоят ва йўлбошчилик ундан олинади.

Манба: Имом Хумайний, Нур саҳифаси, 11-жилд, 306-бет ҳамда 10-жилд, 352-бет.

Қуръони Карим нигоҳидан ҳам жамиятни бошқарадиган валий ва йўлбошчи маъсум бўлиши шарт эмас, балки илму-тақвода бошқалардан устун бўлган шахс бошлиқ ва йўлбошчи бўла олади. Бу борада диққатингизни қуйидаги оятга жалб этамиз:

وَقَالَ لَهُمْ نَبِيُّهُمْ إِنَّ اللَّـهَ قَدْ بَعَثَ لَكُمْ طَالُوتَ مَلِكًا ۚ قَالُوا أَنَّىٰ يَكُونُ لَهُ الْمُلْكُ عَلَيْنَا وَنَحْنُ أَحَقُّ بِالْمُلْكِ مِنْهُ وَلَمْ يُؤْتَ سَعَةً مِّنَ الْمَالِ ۚ قَالَ إِنَّ اللَّـهَ اصْطَفَاهُ عَلَيْكُمْ وَزَادَهُ بَسْطَةً فِي الْعِلْمِ وَالْجِسْمِ ۖ وَاللَّـهُ يُؤْتِي مُلْكَهُ مَن يَشَاءُ ۚ وَاللَّـهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

Пайғамбарлари уларга: «Албатта, Аллоҳ Толутни сизларга подшоҳ қилиб тайинлади», деди. Улар: «У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин. Ва биз ундан кўра подшоҳликка ҳақлироқмиз-ку, ва (қолаверса,) унга кенг-катта мол-давлат ҳам берилмаган бўлса» дейишди. У (Пайғамбар) деди: «Албатта, уни Аллоҳнинг Ўзи сизларга танлади ва унга илмда ва жисмда кенгликни зиёда қилди. Аллоҳ мулкини Ўзи истаган кишига беради. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир» (Бақара сураси, 247-оят)

Бани Исроилнинг талабига биноан, уларнинг пайғамбари ҳазрат Самуил (алайҳис салом) Аллоҳнинг изни ва фармони билан Толутни уларга бошлиқ ва йўлбошчи этиб тайинлади. Ҳолбуки, Толут маъсум эмас эди, чунки, биз шиаларнинг эътиқодига кўра, фақат пайғамбарлар ва ўн икки имомларимиз маъсум бўлганлар, холос. Аммо Толут бани Исроилнинг пайғамбари бўлмаган, демак, маъсум бўлмаган, лекин шунга қарамай, бани Исроил қавмига бошлиқ ва йўлбошчи этиб тайинланган. Ушбу ояти каримадан қуйидагича истинбот қилинади:

«Ғайбат асрида мусулмонларга раҳнамолик ва йўлбошчилик қиладиган шахс маъсум бўлиши шарт эмас, балки илму тақвода (тақводан мурод адолат сифатига эга бўлишдир) ҳаммадан кўра маъсум имомга энг яқин бўлган киши валий ва йўлбошчи бўлмоғи зарур».

Хулоса ва Натижа

Юритган баҳсимиздан қуйидаги хулосага келамиз:

Вилоят икки қисмдан иборат: «Таквийний Вилоят» ва «Ташриий Вилоят». Юқорида маълум бўлганидек, «Таквийний Вилоят» фақат Аллоҳ таолога, Унинг Расули Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ва ул ҳазратнинг барҳақ ворислари бўлмиш ўн икки имомга хос ва чеклангандир. Аммо «Ташриий Вилоят» эса Аллоҳ таоло, Сарвари коинот ва ўн икки имомдан ташқари Ғайбат асрида одил бўлган фақиҳлар зиммасига топширилади. Демак, фақиҳнинг вилояти Аллоҳдан ўзга бўлмай, балки бу борада маъсумлардан содир бўлган ҳадисларга кўра фақиҳнинг вилояти Аллоҳнинг изни биландир. Шунинг учун, фақиҳнинг вилоятини Сарвари олам ва маъсум имомлар вилоятининг давомидир.

Бинобарин, ингилизча шиалик тафаккурининг таъсири остида қолган айримлар фақиҳнинг вилоятини рад этиш учун қуйидаги ояти каримани келтиришлари:

مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّـهِ أَوْلِيَاءَ كَمَثَلِ الْعَنكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتًا ۖ وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنكَبُوتِ ۖ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ

«Аллоҳни қўйиб, ўзга валийлар (йўлбошчилар) тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди» (Анкабут сураси, 41-оят) мутлақо тўғри бўлмаган. Зероки, биринчидан ушбу ояти карима мушриклар ҳақида бўлиб, улар Аллоҳдан ўзга бутларни ёки жоҳил қабила бошлиқларини ўзларига валий ва йўлбошчи қилиб олгандилар. Ва Аллоҳ таоло уларнинг бу ишини ўзига уй тутган ўргимчак уясига ўхшатган ва шубҳасиз, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир.

Иккинчидан, агарчи ушбу ояти каримани фақат мушрикларга хос эмас, балки умумий маънода тушунсак-да, аммо юқоридаги баҳсларимиздан маълум бўлдики, фақиҳнинг вилояти маъсум имомларимизнинг умумий тайин этишлари билан бўлгани учун Аллоҳдан ўзгани валий ва йўлбошчи қилиб олиш эмасдир, балки Ғайбат асрида фақиҳларнинг вилояти ва йўлбошчилигини қабул қилиш айнан Аллоҳ таолонинг валийлиги ва йўлбошчилигига таслим бўлиш демакдир. Зероки, Аҳли-Байт издошларининг эътиқодига кўра, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ислом Умматини ўз ҳолига ташлаб кетмай, уларга ҳазрат Али (алайҳис салом) ва кейинги имомларни валий ва йўлбошчи қилиб тайинлаб кетганларидек, ўн иккинчи имомимиз ва пешвоимиз ҳазрат Соҳибул-амр имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) Ғайбати Куброга кетишларидан олдин Аҳли-Байт издошларини ўз ҳолига ташлаб кетмай, уларга фақиҳ ва мужтаҳидларни пешво ва йўлбошчи қилиб тайинлаганлар.

Яна шуни таъкидлашимиз лозимки, Ғайбат асрида Ислом Умматига валийлик ва йўлбошчилик қиладиган киши маъсум бўлиши шарт эмас, балки илму-тақвода маъсум имомга энг ўхшаш ва энг яқин бўлган одил фақиҳ мусулмонларга валийлик ва йўлбошчилик қилиши шарт. Ва Ғайбат асрида фақиҳдан бошқа кишиларнинг ҳокимияти, тоғут (ҳаддидан ошувчи, туғёнчи) ҳисобланади. Албатта, бунинг маъноси фақиҳнинг вилояти асосида ҳар қандай вазиятда исломий давлат тузиш вожиб дегани эмас, балки одил фақиҳ ҳар қандай вазиятда мусулмонларнинг пешволиги ва йўлбошчилигини амалга ошириши вожибдир демоқчимиз, холос. Аммо шароит ва вазият исломий давлат тузишга муҳайё бўлганда, албатта, исломий ҳокимият яратиш вожиб бўлади, токи Ислом ва мусулмонларнинг иззат-эҳтироми, шукуҳ-азамати ва юксаклиги сақланиб кун сайин ортиб борсин. Бу ишни асримиз фақиҳи ҳазрат Оятуллоҳ Хумайний (раҳматуллоҳи алайҳ) амалга ошира олганлар.

Сўзимиз ниҳоясида ўта муҳим бўлган масалага ишора қилмоқчимиз. «Вилояти фақиҳ» назарияси, яъни Ғайбат асрида фақиҳларнинг вилояти ва йўлбошчилиги ҳар доим ва бутун тарих бўйлаб Аҳли-Байт издошларини бирлаштирувчи куч бўлиб хизмат қилган. Мисол тариқасида; ҳозирги кунда Ироқдаги Оятуллоҳ Саййид Али Систоний Ироқнинг бир неча вилоятларини босиб олиб исломий давлат яратмоқчи бўлган ИШИД жангариларига қарши жиҳод қилиш вожиб деб фатво берганларида, асримизнинг бу буюк фақиҳининг чақириғини Аҳли-Байт издошлари бўлган Ироқ ҳалқи қабул қилиб, бир миллиондан ортиқ ироқлик ёшлар уруш майдонига йўл олдилар, якдиллик ва ҳамжиҳатлик билан ИШИД гуруҳини йўқ қилгунча охирига қадар жиҳод қилдилар ва оқибат бу террористик гуруҳга ҳалокатли зарбалар бериб улар устидан ғалаба қозондилар. Бу фақиҳ вилояти ва йўлбошчилигининг улкан самараси ва қудратидир.

Ёки Эронда буюк фақиҳ Оятуллоҳ Саййид Руҳуллоҳ Мусавий Хумайний раҳбарлиги остида «Вилояти фақиҳ» назарияси асосида таъсис этилган Ислом ҳукумати Ливандаги Ҳизбуллоҳ ташкилотини яратди ва ушбу муқовамат ташкилоти Ислом ва мусулмонларнинг ашаддий душмани бўлган Исроилга бир неча маротаба ҳалокатли зарбалар берди, оқибат Исролнинг мағлубиятга учраб Ливан ерларидан ортга чекинишига сабаб бўлди.

Ва шунингдек, Эрондаги Ислом ҳокимияти исломий инқилоб қўриқчилар корпусини шакллантирди. Булар эндиликда Сурия ва Ироқдаги ИШИД жангариларига қарши курашишда ҳарбий қумондонлик вазифасини ўтаб, ўз ватанини ҳимоя қилувчи маҳаллий кучларга жанг майдонида урушиш тактикасини ўратишди ҳамда уларни турли қурол-аслаҳа билан таъминлашди ва бу ерда шуларга ўхшаш кўплаб айний намуналар келтира оламиз, лекин баҳс мавзусидан четга чиқиб қолишимиз сабаб уларни келтиришдан воч кечдик. Бу ҳам Эрондаги фақиҳ вилояти ва йўлбошчилигининг улкан самараси ва қудратидир.

Хўш! Энди ингилизча шиалик тафаккурини тарғиб қилувчи шахсларга мурожаат қилсак. Агар сизлар тарғиб қилаётгандек Ғайбат асрида фақиҳларнинг ҳеч қандай вилояти ва йўлбошчилиги бўлмай, Аҳли-Байт издошлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган бўлса, улар бўриларга ем бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг!!

Агар Эрон ва Ироқда «Вилояти фақиҳ» байроғи юқорига кўтарилмаганда эди, бугунги кунда террорчи ИШИД жангарилари АҚШ, Исроил, Ғарб ва Саудия Арабистони ҳимояси остида Ироқнинг Нажаф, Карбало, Козимайн ва Сомирро шаҳрларидаги жонимиздан азиз бўлган имомларимизнинг зиёратгоҳларига қандай балолар келтиришини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?!!

Агар маъсум имомимиз кўзлардан ғойиб бўлган замонда фақиҳларимизнинг вилояти ва йўлбошчилиги бўлмаганида эди, Аҳли суннат биродарларимиз сингари қайси йўлни танлашни билмай, сарсону саргардон ҳолда гангиб юришимизни бирор марта фикрингизга келтирганмисиз?!!

Ҳозирги кунда Эрон ва Ироқдаги «Вилояти фақиҳ» тушунчаси Ислом ва мусулмонларни дунёда азиз ва сарафроз этди, мусулмонлар қалбида умид нурини пайдо қилди.

Нимага энди сизлар Исломнинг ашаддий душмани бўлган АҚШ, Исроил, Ғарб ва Саудия Арабистони каби «Вилояти фақиҳ», яъни фақиҳларнинг вилояти ва йўлбошчилиги мутлақо ўртадан кўтарилишини истайсизлар?!

Ғайбат асрида фақиҳнинг ҳеч қандай вилояти йўқ деб оёқ тираб олишларингизнинг тагида нима ва қандай мақсад ётибди?! Ва мусулмонлар орасига ихтилоф ва тафриқа солишдан нима мақсад кўзланган?!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Вилояти фақиҳ нима дегани ва ушбу ғоя қайси замонга бориб тақалади?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Жавоб: Шубҳасиз, биз мусулмонлар ислом оламида рўй берадиган турли масалаларга дуч келганимизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.