Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Ҳазрат Фотима (а. с)нинг Муҳсин исмли ўғилларининг шаҳид бўлиши

Ҳазрат Фотима (а. с)нинг Муҳсин исмли ўғилларининг шаҳид бўлиши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ушбу мухтасар мақоламизда мўминлар амири Али (алайҳис салом) ва ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)ларнинг олти ойлик ўғиллари Муҳсиннинг дунёга келмай шаҳид бўлишини Аҳли суннат манбаларида ўрганиб чиқмоқчимиз.

Аҳли суннат олимларидан бири Ганжий Шофеий ўзининг «Кифоятут-Толиб» номли китобида ёзади:

«Ибн Қутайбанинг «Ал-Маориф» китобида шундай ёзилган: «Фотиманинг фарзандлари: Ҳасан, Ҳусайн, Зайнаб ва Умму Гулсумдир. Муҳсин исмли чақалоғи эса (Умар ибн Хаттоб хизматчиси бўлган) Қунфуз бин Адвиънинг зарбаси билан (онасининг қорнида) ўлдирилди».

Демак, Фотиманинг Муҳсин исмли чақалоғи кичик ёшда вафот этган».

Манба: «Кифоятут-Толиб», 413-бет; «Маноқибу Али ибн Абу Толиб», 3-жилд, 358-бет.

Бу ҳақда Аҳли суннат олими Шаҳристоний ўзининг «Ал-Милалу ван-Ниҳал» номли китобида ёзади:

«Умар Абу Бакрга байъат олиш кунида Фотиманинг қорнига урди ва ул ҳазрат бунинг натижасида қорнидаги боласини туширди!»

«Ал-Милалу ван-Ниҳал», 1-жилд, 57-бет.

Имом Шамсиддин Аби Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Аз-Заҳабий ўзининг «Мийзонул иътидол фий нақдир-рижол» номли китобида Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Куфий Ҳофиздан шундай ривоят қилади:

Аҳмад ибн Муҳаммаднинг – Ибн Аби Дорим (вафот санаси 357-ҳижрий йил) номи билан донғи таралган куфалик муҳаддиснинг ҳузурида ушбу ҳадис ўқилди:

إِنَّ عُمَرَ رَفَسَ فٰاطِمَةَ حَتّٰى أسْقَطَتْ بِمُحْسِنٍ

«Умар Фотимани бир тепди, бунинг натижасида қорнидаги Муҳсин исмли боласини туширди».

«Мийзонул иътидол фий нақдир-рижол», 1-жилд, 139-бет, 552-рақам.

Бу ерда қизиқ ва диққатга сазовор бир масала бор. Заҳабий юқорида номи тилга олинган одамнинг исмини келтирганда шундай дейди:

أحمد بن محمد بن السري بن يحيى بن أبي دارم المحدث أبو بكر الكوفي الرافضي الكذاب

«Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ас-Сарий ибн Яҳё ибн Аби Дорим ал-Муҳаддис Абу Бакр ал-Куфий Рофизий (шиа) ва Каззоб (ёлғончи)дир».

Шамсиддин Заҳабий ўзининг «Сияру аъломин-нубалоъ» номли бошқа бир китобида Ибн Аби Доримни қуйидагича тилга олади:

ابن أبي دارم. الامام الحافظ الفاضل، أبو بكر أحمد بن محمد السري بن يحيى بن السري بن أبي دارم….

Ибн Аби Дорим «Имом», «Ҳофиз» (ҳадисларни ёддан билувчи) ва «Фозил» (фазилат соҳиби)дир.

Сўзини давом эттириб ёзади:

كان موصوفا بالحفظ والمعرفة إلا أنه يترفض.

«У ҳадисларни ёд олиш хотирасига ва уларни яхши таниш хусусиятига эга эди. Бироқ рофизийликка (шиаликка) мойил эди».

Яна бу борада ёзади:

و قال محمد بن حماد الحافظ، كان مستقيم الامر عامة دهره.

«Муҳаммад ибн Ҳаммод ал-Ҳофиз айтади: У бутун умри давомида ўз мазҳабида қолди»

Манба: Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий (вафот санаси 748-ҳижрий йил), Сияру аъломин-нубалоъ, 15-жилд, 577-579-бетлар, Тадқиқот: Шуъайб Арнаоут, Муҳаммад Наим Арқасусий нашр этилган жойи: Байрут – Ливан, Муассасатур-рисолаҳ нашриёти, нашр этилган йили: 1413 – ҳижрий қамарий ва 1992 – милодий сана, тўққизинчи чопи.

Бунга қўшимча, Заҳабий Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан бир ҳадисни ривоят қилади, мазкур ҳадиснинг ровийлари орасида юқорида унинг устида сўз юритилган ровий ҳам бор. Ўша ҳадис қуйидагича:

الحلال بين، والحرام بين، وبين ذلك مشتبهات لا يعلمها كثير من الناس. من ترك الشبهات استبرأ لدينه وعرضه، ومن وقع في الشبهات، وقع في الحرام كالراعي إلى جنب الحمى، يوشك أن يواقعه

«Ҳалол ошкордир, ҳаром ҳам аниқдир. Бу иккисининг орасидагилари эса шубҳалидир…»

Аммо нимагадир Заҳабий бу ерда ҳадисга тўқинмай, уни мақбул эканини эътироф этиб шундай дейди:

الحديث متَّفقٌ عليه

Ушбу ҳадис мақбул ва унинг устида иттифоқ қилингандир.

Манба: Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий (вафот санаси 748-ҳижрий йил), Сияру аъломин-нубалоъ, 15-жилд, 577-бет.

Қандай қилиб бир киши ҳаёти бўйлаб ҳадис имоми бўлсин ва ҳадисни ёд олиш учун хотираси кучли олим ҳисоблансин-у, аммо унга нисбатан ёмон сўзлар айтилсин?! Заҳабий ҳамма бу яхши ва ёмон хусусиятларни қандай қилиб бир жойга жамлабди? Ҳа, жавоб Аҳли-Байт издошларига тамоман маълум. Таассуфки, Заҳабий дастлабки икки халифанинг обрў-эътиборини сақлаб қолиш учун бундай ишни қилган ва мазкур олимнинг ушбу сўзи учун унга рофизий (шиа) номини тўнкаган.

Лекин инсон рофизий бўлиш билан сиқалик (ишончлилик) ҳолатидан четга чиқиб қолади деб ўйлайсизми? Агар шундай бўладиган бўлса, унда Аҳли суннатнинг Саҳиҳул Бухорий, Саҳиҳул Муслим ҳамда кўпгина Сунан (Сунани Термизий, Сунани Нисоий, Сунани Байҳақий, Сунани Абу Довуд каби) китобларда келган кўплаб ҳадисларни четга суриб қўйиш керак бўлади. Зероки, биз мазкур китобларда рофизий (шиа) эътиқодига эга деб айтилган кўпгина ровийларга (ҳадис ривоят қилганларга) дуч келамиз. Мисол тариқасида уларнинг айримларини бу ерда келтирамиз:

عبيد الله بن موسي   Убайдуллоҳ бин Мусо

جعفر بن سليمان الضبعي   Жаъфар бин Сулаймон аз-Забуъий

عبد الملك بن أعين الكوفي   Абдулмалик бин Аъюн ал-Куфий

عدي بن ثابت   Удайй бин Собит

عباد بن يعقوب الرواجني   Ибод бин Яъқуб ар-Равожиний

إسماعيل بن خليفة   Исмоил ибн Халифа

Ва бошқалар

Энди бу ёғини ўзингиз инсоф билан бир хулоса чиқаринг!

Иброҳим ибн Сайёд Наззом Мўътазилий (160-231 ҳижрий йилларда яшаб ўтган) унинг назм ва насрдаги каломининг гўзаллиги сабабли «Наззом» номи билан машҳур бўлган. У кўплаб китобларда ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг уйига бостириб кириш масаласини илгари суриб айтади:

إِنَّ عُمَرَ ضَرَبَ بَطْنَ فٰاطِمَةَ یَوْمَ الْبَیْعَةِ حَتّٰى ألْقَتِ الْمُحْسِنَ مِنْ بَطْنِهٰا، وکان يصيح: «أَحْرِقُوا دَارَهَا بِمَنْ فِيهَا»، وما کان في الدَّار غيرُ عليٍّ وفاطمةَ والحسنِ والحسينِ.

«Шубҳасиз, Умар байъат куни Фотиманинг қорнига урди ва ул ҳазрат бунинг натижасида қорнидаги боласини туширди. Шунда Умар (баланд товуш билан) қичқирарди: Унинг (Фотиманинг) уйини ундаги барча кишилар билан ёқиб юборинг. Ваҳоланки, уйда ҳазрати Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди».

Манба: «Ал-Вофий бил-вафаёт», 6-жилд, 17-бет, 2444-сон; «Ал-Милалу ван-ниҳал», Шаҳристоний, 1-жилд, 57-бет, Байрут, Дорул-Маърифат чопи, «Буҳусун фил-милали ван-ниҳал» китобида келтирилган Наззомнинг таржимаи ҳолига қаранг: 3-жилд, 248-255-бетлар.

Сўзимиз пировардида шуни таъкидлаб айтмоқчимизки, Сарвари коинотнинг нури дийдалари ва билбандлари ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг Пайғамбаримиз кўрсатган Ислом йўлида нафақат ўзлари, балки қоринларидаги Муҳсин исмли болалари ҳам шаҳид бўлди. Ва афсуски бу Ислом тарихда рўй берган энг аччиқ ва дардли ҳодиса-воқеа бўлиб, кейинчалик унинг ортидан Карбало фожиаси ҳам мазкур воқеанинг давоми ва натижаси ўлароқ юз берди.

فَاعْتَبِرُوا يَا أُولِي الْأَبْصَارِ

«Ибрат олинг, эй ақл эгалари!» (Ҳашр сураси, 2-оят)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.