Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Ҳазрат Фотимаи Заҳро (а. с) ҳаётларидан намуналар

Ҳазрат Фотимаи Заҳро (а. с) ҳаётларидан намуналар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳазратнинг машур исмлари: Фотима, Сиддиқа, Муборака, Тоҳира, Закийя, Розия, Марзийя, Муҳаддиса, Заҳро

Кунялари: Уммул Ҳасан (Ҳасаннинг онаси), Уммул Ҳусайн (Ҳусайннинг онаси), Уммул Аиммаҳ (имомларнинг онаси), Умму Абиҳо (отасининг онаси)

Машҳур лақаблари: Заҳро, Батул, Сиддиқатул-Кубро, Муборака, Азро, Тоҳира, Саййидату ан-нисо.

Оталари: Расулуллоҳ, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуталлиб (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)

Оналари: Хадичаи Кубро бинт Хувайлид, иймон келтирган биринчи аёл.

Туғилишлари: Макка шаҳрида беъсатнинг (пайғамбарликка танланганликнинг) 5-йили 20-Жумодис-сони, жума куни Маккатул-Мукаррамада бир нуроний қизалоқ дунёга келди. Пайғамбарнинг уйларида фаришталар нозил бўладиган хонадонда, туну-кун Аллонинг зикри бўладиган муқаддас Уйда Фотима дунёга келди.

Шаҳодатлари: Ҳижратнинг 11-йили, Мадина шаҳрида ул ҳазратнинг васиятларига биноан ва шунингдек сиёсий вазиятга кўра, ҳазрат Али (алайҳис-салом) ул зотни кечаси дафн қилганлар. Шунинг учун қабрлари ҳозиргача номаълумдир.

Фарзандлари: Имом Ҳасани Мужтабо (алайҳис-салом), Имом Ҳусайн Саййидуш-шуҳадо (алайҳис-салом), Зайнаби Кубро (саломуллоҳи алайҳо), Умму Кулсум ва Муҳсин. Охирги фарзандлари ул ҳазратнинг бўйларида бўлган пайтда Ислом душманларининг урган зарбаси билан дунёга келмай нобуд бўлди.

Ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг Исломдаги ўрни

Ислом душманлари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га озор бераётган бир пайтда Фотима отасининг ҳимоячиси ва овунчоғи бўлди. Сарвари коинот ҳазрат Фотима ҳақларида шундай марҳамат қилардилар:

«У менинг танимнинг бир бўлагидир, мен ундан жаннатнинг ҳидини туяман»

Манба: Кашфул-ғумма, 2-жилд, 24-бет, Биҳорул анвор, 43-жилд, 4, 5, 6 ва 54-бетлар.

Бу сўз бежиз айтилмаган эди. Зероки, дарҳақиқат ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) буюк инсон эдилар. Ахир Аллоҳ таоло:

إِنَّمَا يُرِيدُ اللهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا

«Эй (Пайғамбарнинг Аҳли-Байти) хонадони аҳли, Аллоҳ фақатгина сизлардан нопоклик ва гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай покиза қилишни истайди, холос». (Аҳзоб сураси, 33-оят) деб хитоб қилган.

Бешак, ҳазрат Фотиманинг маъсумликлари ул зотнинг буюкликларидан далолат беради[1]. Ул зотнинг ризоликларини олиш ва итоатларида бўлиш (худди шунингдек ул зотнинг пок наслларидан бўлган имомларнинг ҳам) бизнинг шаръий бурчимиздир[2]. Ахир ул зотларнинг ризоликлари Аллоҳнинг ризолиги, ғазаблари эса Аллоҳнинг ғазабидир[3]. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дунёнинг буюк аёллари ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

«Дунёнинг тўртта буюк аёли бордир. Улар Имрон қизи Марям, Хувайлид қизи Хадича, Мазоҳим қизи Осия ва Муҳаммад қизи Фотимадирлар»[4].

Шунингдек, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай деб марҳамат қилганлар:

«Фотима жаннатдаги аёлларнинг сарваридир! Уни рози қилгандан Аллоҳ рози бўлур»[5].

Саккизинчи пешвоимиз имом Ризо (алайҳис салом)дан шундай ривоят қилинади: Пайғамбаримиз дедилар:

«Ҳасан ва Ҳусайн мендан ва оталаридан сўнг ер юзида яшовчиларнинг энг яхшисидирлар, оналари эса ер юзидаги энг яхши аёлдир»[6].

Саҳиҳул Бухори ва Саҳиҳул Муслимда қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Фотимага қараб шундай дедилар:

«Эй Фотима, буюк Аллоҳ ер юзи аҳлига назар солди ва уларнинг орасидан Алини танлади ва менга ваҳий келдики, сени унга беришим керак экан. Билмайсанми, сенинг шарафинг ҳаққи сен учун энг билимдон ва биринчи иймон келтирган Алини умр йўлдоши қилиб танлади».

Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) дедилар: «Агар Аллоҳ Алини яратмаганда эди, Фотима учун муносиб завжа топилмаган бўлур эди»[7].

Сўфён ибн Уяйнаҳ айтади: Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)

مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ يَلْتَقِيَانِ ﴿١٩﴾ بَيْنَهُمَا بَرْزَخٌ لَّا يَبْغِيَانِ ﴿٢٠﴾ يَخْرُجُ مِنْهُمَا اللُّؤْلُؤُ وَالْمَرْجَانُ ﴿٢٢

«(Аллоҳ таоло) икки денгизни бир-бирлари билан учрашадиган ҳолларида (ёнма-ён) оқизиб қўйди. У иккисининг ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар ундан ошиб ўтмаслар … У иккисидан марварид ва маржонлар чиқур». (Раҳмон сураси, 19, 20 ва 22-оятлар)нинг тафсирида шундай марҳамат қилдилар:

«Икки денгиз Али ва Фотимадирлар, марварид ва маржонлар эса Ҳасан ва Ҳусайнлардир»[8].

Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)дан «Нега Фотимани «ЗАҲРО», яъни ярқироқ» деб айтишади? – деб сўрашганда, ҳазрат шундай жавоб берганлар:

«Фотима ибодат учун меҳробга турганида ул зотнинг нурлари осмонларни худди юлдузлар каби ёритарди … »

ҲАЁ ВА ПОКДОМОНЛИК

«Иффатли аёл учун энг яхши нарса нима?», – деб сўрашганда, ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо): «Аёллар учун энг яхшиси, номаҳрам эркакларга боқмаслик ва ўзини ҳам уларга кўрсатмаслик», – деб марҳамат қилдилар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз: «Қайси пайт аёл Аллоҳга энг яқин бўлади?», – деб сўраганларида, ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо): «Шаҳватли назарлардан қочиб ўз уйининг бурчагига яширинган аёл Аллоҳга энг яқин бўлган пайтидир», – деб жавоб бердилар.

Бу жавобни эшитган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хурсанд бўлиб: «Дарҳақиқат, Фотима менинг қизимдир!», – дедилар[9].

ОЧЛИК ВА САМОВИЙ ЗИЁФАТ

Абу Саид Худрий ривоят қилади: Бир куни очликдан қийналган Али ибн Абу Толиб Фотима (саломуллоҳи алайҳо)дан: «Ейиш учун бирор нарса борми?», – деб сўрадилар. Шунда ул ҳазрат: «Аллоҳ ҳаққи, икки кундирки, ейишга ҳеч нарсамиз йўқдир», – деб жавоб бердилар.

Ҳазрат Али (алайҳис салом): «Эй Фотима, нима учун менга ҳеч нарса демадинг?», – деганларида, ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо): «Эй Абул Ҳасан, сизнинг имконингизни кўра туриб бирор нарса сўрашга Аллоҳдан хижолат чекдим», – дедилар.

Ҳазрат Али (алайҳис салом) Аллоҳга таваккул қилиб, умид билан кўчага чиқдилар. Бир динор пул қарз олиб, егулик олишга кетаётганларида йўлда Миқдод ибн Асвадни учратдилар.

Куннинг жазирама иссиғида қийналиб кетаётган Миқдодни кўрган Али ҳавотир олиб ундан: «Эй Миқдод, сени куннинг бу иссиқ кунида ташқарига чиқишга ниман мажбур қилди?», – деб сўрадилар.

Миқдод: Эй Абул Ҳасан, қўйинг менинг ҳолимни сўраманг, – деди. Шунда Али: «Сени қийнаётган нарсани билмагунимча, мен хотиржам бўлмайман. Сен менинг диний биродаримсан ва менга дардингни айтишинг керак, – дедилар». Шунда Миқдод деди: «Муҳаммадни Расулуллоҳ ва сизни ул зотнинг ўринбосари қилиб тайинлаган Зотга (Аллоҳга) қасамки, мени кўчага олиб чиққан нарса очликдир. Хонадоним аҳли очликка чидай олмай йиғлашмоқда ва мен бирон егулик топиш илинжида кўчага чиққан эдим».

Имом Алининг кўзларида ёш ҳалқаланди ва: «Сен ичган қасамни мен ҳам ичиб айтаманки, сени кўчага чиқарган очлик мени ҳам кўчага чиқарди. Мен бир динор қарз олган эдим. Уни сенга бераман, эҳтиёжингга ишлатгин», – деб ўзлари эса масжид томон йўл олдилар. Хуфтон намозидан кейин Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Алига қараб: «Эй Абул Ҳасан, сен билан бирга сеникига меҳмонликка борсам, кечқурунга егулик таоминг борми?», – деб сўрадилар.

Али (алайҳис салом) бошини қуйи солганча жим турар эди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир динор ҳақидаги воқеадан Аллоҳ таолонинг изни билан хабардор бўлган эдилар ва бу кеча Алининг уйига боришлари керак эди. Ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг жим турганини кўриб: «Эй Абул Ҳасан, ҳа ёки йўқ деб айтгин, токи мен шунга қараб бир иш кўрай», – дедилар. Ҳазрат Али (алайҳис салом) эҳтиром юзасидан: «Қадамингизга ҳасанот, эй Расулуллоҳ!», – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али билан бирга қизларининг уйига келдилар.

Фотима онамизнинг ёнларидаги чиройлик идишда таомнинг хушбўй ҳиди таралиб турар эди. Ҳазрат Фотима оталарини кўришлари биланоқ ул зотга салом бердилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) алик олгач: «Аллоҳнинг раҳмати сенга бўлсин, она қизим! Бизга озгина егулик келтиргин», – дедилар.

Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) таомни келтирганларини кўрган имом Али таажжубланиб: «Эй Фотима, бу лаззатли таом қаердан келди?», – деб сўрадилар.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қўлларини Алининг елкасига қўйиб: «Эй Али, бу сенинг саховатингга берилган ҳадиядир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ўзи истаган бандасига ҳисобсиз ризқ бергучидир»[10]. Сўнгра йиғлаб давом эттирдилар: «Ҳамд бўлсин Аллоҳгаки, сизларга ҳали бу дунёнинг ўзидаёқ неъмат берди. Али мисли Закариёга ва Фотима мисли Марямга ўхшашдир». Сўнг қуйидаги оятни тиловат қилдилар:

كُلَّمَا دَخَلَ عَلَيْهَا زَكَرِيَّا الْمِحْرَابَ وَجَدَ عِندَهَا رِزْقًا ۖ

«Қачонки, Закариё Марямнинг олдига меҳробга келса, унинг ҳузурида ризқ (ноз-неъматларни) кўрар эди» (Оли Имрон, 37-оят).

Мубоҳала ояти тўғрисида

Нажронлик бир гуруҳ насронийлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) олдиларига келиб ҳазрат Исо (алайҳис салом) ҳақларида баҳслашганларида, ул ҳазрат

إِنَّ مَثَلَ عِيسَىٰ عِندَ اللَّـهِ كَمَثَلِ آدَمَ ۖ خَلَقَهُ مِن تُرَابٍ ثُمَّ قَالَ لَهُ كُن فَيَكُونُ

«Дарҳақиқат, Аллоҳнинг наздида Исонинг мисоли худди Одамнинг мисоли кабидир. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга: «Бўл» деди, бас, бўлди (вужудга келди)» Оли Имрон сурасининг 59-оятини тиловат қилдилар.

Насронийлар бу гапларни қабул қилишмагач:

فَمَنْ حَاجَّكَ فِيهِ مِن بَعْدِ مَا جَاءَكَ مِنَ الْعِلْمِ فَقُلْ تَعَالَوْا نَدْعُ أَبْنَاءَنَا وَأَبْنَاءَكُمْ وَنِسَاءَنَا وَنِسَاءَكُمْ وَأَنفُسَنَا وَأَنفُسَكُمْ ثُمَّ نَبْتَهِلْ فَنَجْعَل لَّعْنَتَ اللَّـهِ عَلَى الْكَاذِبِينَ

«Энди сенга келган илмдан кейин, (насронийлардан) кимда-ким сен билан у ҳақида тортишса: (ундай кимсаларга) «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимизни ва аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирайлик-да, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўрайлик», деб айтинг» Оли Имрон сурасининг 61-ояти нозил бўлди.

Нажронлик насронийлар аввалига мубоҳалага рози бўлишди ва эртаси куни маълум бир ерга йиғилишни келишиб олишди. Улар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларидан қайтгач, ўзаро маслаҳатлашишди. Шунда уларнинг етакчиси шундай деди:

«Агар Муҳаммад эртага ўз оиласи билан келса, демак, биз мубоҳалага рози бўлмаймиз. лекин агар саҳобалари билан келса, мубоҳалада қатнашамиз. Чунки, бу ҳолда у ҳақиқий пайғамбар эмаслиги маълим бўлади».

Эртаси куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнлар билан бирга белгиланган ерга келдилар ва уларга: «Мен дуо қилганимда, сизлар ОМИН деб туринглар», – деб марҳамат қилдилар.

Насронийлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳамроҳлари ул зотнинг АҲЛИ БАЙТлари эканлигини кўриб қўрқиб кетишди, чунки, уларнинг тутган йўллари айнан ўтган пайғамбарларнинг тутган йўллари каби эди. Шунинг учун насронийлар чиндан ҳам «мубоҳала» қилишдан қўрқиб сулҳ тузишни Савари оламга таклиф этишди.

Фотима онамиз мубоҳалада қатнашган 5 кишидан бири эдилар ва бу эса ул зотларнинг юксак мартабаларию юқори маънавиятларидан далолат беради. Бундан ташқари, ушбу воқеа мубоҳалада иштирок этганлар, яъни Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнлар фақат Сарвари коинотнинг Аҳли-Байтлари эканликларини аниқ намоён қилди.

Манба: Макотибу Шарҳи Ошуб, 2-жилд, 142 ва 144-бетлар, Замахшарийнинг Ал-Кашшоф номли тафсири, Оли Имрон сурасининг 61-ояти тафсирида.

Ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг шаҳид бўлишлари

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатларидан сўнг турли қийинчиликлар ва машаққатлар ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)га азоб берар эди. Бир ёқдан отадан айрилиқ мусибати, бошқа ёқдан эса, фитналар гирдоби.

Сарвари оламдан сўнг ҳокимиятни ноҳақ қўлга киритиб олган душманларнинг ғаразли фитналари, хилофатнинг ҳақиқий соҳиби бўлган ҳазрат Алига қарши қаратилган азият-озорлар, ул ҳазратнинг уйларига бостириб келишлар ва ҳоказоларнинг ҳаммаси Фотимага ҳам руҳий ва ҳамда жисмий озор берар эди.

Уюштирилган ноҳақ тил бириктиришлар ва фитналар натижасида етказилган азобу дардлар оқибатида Сарвари коинотнинг жигарбандлари ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) оғир хасталаниб ҳижратнинг 11-йили, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатларидан 75 ёки 95 кун ўтгач, Жумодис-соний ойининг 3-куни жигарсўхта ва хастадил ҳолда бу фоний дунёни тарк этдилар.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Амолий Саддуқ, 393-бет.

[2]. Амолий Муфид, 27 ва 38-бетлар.

[3]. Кашфул-ғумма, 2-жилд, 14 ва 24-бетлар.

[4]. Кашфул-ғумма, 2-жилд, 23-бет.

[5]. Кашфул-ғумма 2-жилд, 24-бет.

[6]. Биҳорул анвор, 43-жилд, 19 ва 20-бет.

[7]. Биҳорул анвор, 43-жилд, 97-бет. Усул ал-Кофий, 1-жилд, 461-бет.

[8]. Биҳорул анвор, 32-жилд, 43-бет.

[9]. Биҳорул анвор, 43-жилд, 92-бет.

[10]. Оли Имрон сураси, 37-ояти карима: إِنَّ اللَّـهَ يَرْزُقُ مَن يَشَاءُ بِغَيْرِ حِسَابٍ ﴿٣٧﴾

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.