Site icon Najot Kemasi sayti

Нега Али ибн Аби Тoлиб (алайҳис салoм) Расулуллоҳ (салаллoҳу алайҳи ва oлиҳи васаллам)нинг ворис ва ўринбoсарлари бўлиши керак?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Шиалар xалифалик ва умматга раҳбарлик қилиш мақоми Аллоҳ таоло томонидан тайин этилиши зарурлигига чуқур эътиқод қилишади. Шиаларнинг эътиқодига кўра, пайғамбарларни Аллоҳ таоло танлаганидек, xалифалар ҳам Аллоҳ томонидан тайинланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расуллуоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳнинг изну-иродаси билан ўзларидан кейинги то қиёматгача келадиган раҳбарларни тайинлаб кетганлар.

Тариxнинг гувоҳлик беришича; Сарвар олам Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) турли xил муносабат ва ўринларда ҳазрати Али (алайҳис салом) ўзларининг ворислари ва келажакда умматнинг раҳбари эканлигини кўп маротаба таъкидлаганлар. Қуйида ана шундай далиллардан баъзиларини келтирамиз.

1. Пайғамбарликнинг илк давридаги даъват ҳақида

﴿وَأَنْذِرْ عَشِيرَتَكَ الأقْرَبِينَ﴾

«Ўз яқин қариндошларингни огоҳлантиргин [Ислом динига даъват қилгин]»[1] ояти нозил бўлганда, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳ томонидан ўз яқин қариндош-уруғларини яккахудоликка даъват қилишга маъмур қилинадилар. Шунда ул зот барча қариндошларини йиғиб шундай марҳамат қиладилар:

«Кимки, менга бу ишда [Ислом динини тарғиб қилишда] ёрдам берса, у менинг ўринбосарим, ворисим ва вазирим бўлади».

Сўзларининг давомида:

«فأيُّکم يُوازِرُنيِ فِي هَذَا الْأَمْرِ عَلَى أَن يَکُونَ أَخِي و وَزِيرِي وَ خَلِيفَتِي ووَصِيِّي فِيکُمْ»

«Қайси бирингиз бу ишда [Ислом динига даъват қилишда] менга кўмаклашса, сизларнинг орангизда менинг биродарим, вазирим, ўринбосарим ва ворисим бўлур», – деб марҳамат қилдилар.

Сарвари оламнинг ушбу илоҳий чақириқларини фақатгина Абу Толибнинг ўғли ҳазрати Али (алайҳис салом) ижобат қилдилар. Шунда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўша ерда тўпланган қариндошларига юзланиб дедилар:

«إِنَّ هَذَا أَخِي وَوَصِيِّي وَخَلِيفَتِي فِيکُمْ فَاسْمَعُوا لَهُ وَأَطِيعُوهُ»

«Бу [Али], сизларнинг орангизда менинг биродарим, ворисим ва ўринбосаримдир. Демак, унинг айтганларига қулоқ солинг ва унга итоат қилинг».[2]

2. Табук Ғазотида

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Табук ғазотига[3] бораётиб ҳазрати Али (алайҳис салом)га қараб шундай марҳамат қилдилар:

«أَمَا تَرْضَىٰ أَن تَکُونَ مِنِّي بِمَنْزِلَةِ هَارُونَ مِن مُوسَىٰ إِلَّا أَنَّهُ لَا نَبِيَّ بَعْدِي»

«Менинг наздимдаги сенинг мартабанг xудди Ҳоруннинг Мусо (алайҳис салом) наздидаги мартабаси каби бўлишига рози бўлмайсанми? Фақат фарқи шундаки, мендан сўнг пайғамбар бўлмас».[4]

Ҳадиснинг маъно-мазмуни: Ҳазрати Ҳорун (алайҳис салом) ҳазрати Мусо пайғамбарнинг бевосита вориси ва ўринбосари бўлгани каби сен ҳам менинг бевосита ворисим ва ўринбосаримсан.

3. Ҳижратнинг 10-йилида

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳажжатул видо [видолашиш ҳажи]дан қайтаётганларида, яъни оxирги Ҳаждан қайтиб келаётганларида «Ғадийр Xум» деган жойда [ҳожилар ҳар ерга тарқалишидан олдинги оxирги умумий маконда] xутба ўқидилар. Сўнг ҳамманинг олдида Али (алайҳис салом)ни ўзларидан кейин мўъмин ва мусулмонларнинг сарвари, бошлиғи ва йўлбошчиси деб таниттирдилар:

«من کنت مولاه فهذا عليٌّ مولاه»

«Мен кимнинг мавлоси ва раҳбари бўлсам, бундан буён Али унинг мавлоси ва раҳбаридир».

Диққатга сазовор бўлган масала шундан иборатки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) юқоридаги сўзларининг бошида бундай марҳамат қилдилар:

«ألَسْتُ أَوْلَىٰ بِکُمْ مِنْ أَنْفُسِکُمْ؟»

«Мен сизлар учун ўзларингиздан кўра ҳақдорроқ эмасманми? Шунда ҳамма «xудди шундай, ё Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)», дея ул ҳазратнинг сўзларини тасдиқлашди.

Демак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу ҳадисда «мавло» сўзидан «раҳбар ва йўлбошчи» маъносини назарда тутганлар, дўст маъносини эмас, чунки нафақат Али (алайҳис салом) балки ҳамма мусулмонлар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га дўстдирлар. Натижада, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзлари эга бўлган раҳбарлик ва йўлбошчилик лавозимини ҳазрати Али (алайҳис салом)га топшириб, у зотни Ислом умматига раҳнамо ва йўлбошчи этиб тайинлаганлар. Ўша куннинг ўзидаёқ саҳобалардан бўлган машҳур шоир Ҳассон ибн Собит Ғадийр ҳодисасини тарихда ёзиб қолдириш учун ушбу воқеани шеърий назм ҳолатига солиб шундай деди:

«يناديهم يوم الغدير نبيُّهم                                    بخمّ واسمع بالرّسولِ مناديا

فقال فمن مولاکم و نبيُّکم؟                                  فقالوا ولم يبدو أهناك التّعاميا

إلهك مولانا و أنت نبيُّنا                                       و لم تلق منّا في الولاية عاصيا

فقال له: قم يا علي فإنّني                                    رضيتُك من بعدي إماماً و هادياً

فمن کنتُ مولاه فهذا وليُّه                                    فکونوا له اتباع صدق مواليا

هناك دعا: اللّهمّ وال وليَّه                                   و کن للذي عادى عليّاً معاديا»

«Уларнинг пайғамбари Ғадийр Хум куни уларга нидо қилди, нидо қилаётган Расул [сўзини] эшитгин. Пайғамбар деди: Ким сизларнинг йўлбошчингиз ва пайғамбарингиздир? Улар дедилар: Бу ерда ноаниқ масала йўқдир. Тангринг бизнинг йўлбошчимиз ва сен пайғамбаримиздирсан ва бизлардан ҳеч кимни ўз йўлбошчисига исёнкор бўлган ҳолда учратмассан. Шунда Пайғамбар Алига деди: Эй Али ўрнингдан тур, негаки, мендан сўнг раҳбар ва ҳидоятчи бўлишингга рози бўлдим. Демак, мен кимнинг мавлоси ва йўлбошчиси бўлсам, бу [Али] ҳам унинг бошлиғи ва валийсидир, шунинг учун у [Али]га эргашадиган унинг ҳақиқий тарафдори ва издоши бўлингиз. Шунда Пайғамбар дуо қилдилар: Эй Тангрим Алини дўст тутганни дўст тутгин ва Алига душманлик қилганга душман бўлгин».[5]

Ғадийр ҳадиси деб номланган юқоридаги ҳадис Ислом оламида кенг тарқалган мутавотир[6] ҳадислардан бўлиб, ушбу ҳадисни шиа олимларидан ташқари Аҳли сунна вал жамоа уламоларидан ҳам 360 нафар ривоят қилиб ўз китобларида келтиришган[7]. Мазкур Аҳли суннат уламолари томонидан ривоят қилинган ушбу ҳадиснинг санади[8] 110 нафар саҳобага етиб боради ва Ислом оламининг йирик уламоларидан олти нафар ушбу ҳадиснинг санади ва ровийлари хусусида мустақил китоб ёзганлар.

Ислом оламининг буюк тариxчи олими бўлмиш Абу Жаъфар Табарий бу ҳадиснинг санади ва ровийларини икки жилдли китобда ёзиб қолдирган.

Батафсил маълумот учун «Ал-Ғадийр» китобига мурожаат қилишингиз мумкин.

Фойдаланилган манбалар ва кўрсаткичлар: 

[1]. Шуaрo сурaси, 214-oят.

[2]. Ушбу муҳим воқеа-ҳодисани ўз китобида келтирган айрим Аҳли суннат олимлари қуйидагилардан иборат:

[3]. Пайғамбаримизнинг ўзлари қатнашган урушга «ғазот» деб айтилади.

[4]. Ушбу ҳaдис Аҳли суннатнинг жуда кўп манбаларида зикр этилгaн бўлиб, бу ерда улaрнинг бaъзилaрини кeлтирaмиз:

[5]. Аҳли суннат уламолари наздида ушбу сўзнинг манба:

[6]. Агар бирор ҳадис бутун асрлар давомида ишончли ровийлар тарафидан шу даражада кўп ривоят қилинган бўлсаки, ўша ҳадис Пайғамбаримиз (с.а.о) томонларидан айтилганига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаса, ҳадисчи олимлар бундай ҳадисни «мутавотир» деб аташади.

[7]. Мaсaлaн, Ибн Ҳaжaр, «Aс-сaвoиқул муҳриқa», 2-нaшри, Миср, 9-бoб, 2-фaсл, 122-бeтгa мурoжaaт қилишингиз мумкин.

[8]. Ҳадис ривоят қилган ровийлар мажмуига «ҳадис санади» дейилади.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Exit mobile version