Site icon Najot Kemasi sayti

Шайтоннинг белини уриб синдирувчи ўн бир амал

images 128(1)Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Кунлардан бирида ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Масжидул Ҳаром ёнида Шайтонни учратдилар-да, унга қараб: Эй лаънатга учраган Иблис, нима учун мендан хафасан? деб сўрадилар. Шунда Шайтон ул ҳазратга шундай деб жавоб берди: Мен ҳамма одамларни йўлдан уриб гумроҳ қиламан деб ҳаракат қиламан. Сиз эса Қиёмат кунида одамларни шафоат қилиб мен чеккан ҳамма заҳматларимни чипакка чиқарасиз. Шунинг учун сизни кўрарга кўзим йўқ!

Ҳазрат Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): Хўш умматимни нима учун ёмон кўрасан? деб сўрадилар. Шайтон жавобан шундай деди: Чунки, сизнинг умматингизда баъзи хусусиятлар борки, бошқа умматларда ўша хусусиятлар мавжуд эмас. Улар қуйидагилардир:

  1. Умматингиз бир-бирларини кўрганларида, ўзаро салом берадилар ва “Салом” Аллоҳнинг исми бўлгани учун мен ундан қўрқаман.
  2. Бунинг устига, улар ўзаро саломлашганларида, бир-бирларига қўл беришади. Бир-бирларига қўл бериб сўрашганларида эса, гуноҳлари дув-дув тўкилади.
  3. Улар намозларга, айниқса бомдод намозига кўп аҳамият берадилар. Кечаси уларнинг тепасига қўриқчилик қиладиган фаришталар тайинлаб қўйилган, улар кечасидаги амалларни ёзиб қўядилар. Бомдод намозининг азони пайтида эса ўз ўринларини кундузги фаришталарга берадилар. Яъни фаришталар доимо уларни ўраб тургани боис, менинг қиладиган фитналарим таъсирсиз ва натижасиз бўлиб қолади.
  4. Таомланишдан олдин “Бисмиллаҳ”ни тилга олиб айтишади, шунинг учун овқатларига шерик бўла олмай, оч қолиб кетаман.
  5. Сизнинг исмингизни тилга олганларида, доимо салавот айтадилар ва бу билан шунчалик кўп савоб оладиларки, мен улардан қочишга мажбур бўламан.
  6. Бирор иш қилишдан олдин “Иншо Аллоҳ” деб айтишади, бунинг натижасида мен уларнинг ишларига аралаша олмайман.
  7. Сизнинг умматингиз доимо садақа бериб туришади, бунинг натижасида эса кўплаб савобга эга бўладилар. Улар ўзларининг устларига тушадиган балоларни ҳам бу садақа беришлари билан даф қилиб, менинг бутун умидимни барбод қиладилар.

Ҳадиси шарифда ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай деб марҳамат қилаганлар: «Қачон бирор мўмин садақа бераман деб қўлини чўнтагига узатса, Шайтон келиб уни васваса қилади ва бу ишни қилишдан қайтаради. Қачонки, ўша одам Шайтон васвасасига аҳамият бермай садақа берса, Шайтон ўша ердан қочади.»

  1. Улар Қуръони Каримни тиловат қиладилар. Қайси уйда Қуръон тиловат қилинар экан, мен учун ўша уйда жой қолмайди. Чунки, фаришталар у ерга қатнаб турадилар.
  2. Умматингиз менга кўп лаънат айтишади. Менга (Шайтонга) қилинган лаънат натижасида баданимда жароҳат ҳосил бўлади, бу жароҳат то ўша менга лаънат айтган одамни гумроҳ қилмагунимча тузалмайди. Агар йўлдан ура олмасам, абадул абад танимдаги жароҳат билан қоламан.
  3. Бирор гуноҳ иш қилсалар, дарров тавба қилишади. Бу маъноси уларнинг гуноҳлари кечирилиб менинг қилган ҳамма заҳматларим пучга чиқади, дегани.
  4. Улар аксирганларида эса: “Алҳамдулиллаҳ” деб Аллоҳга ҳамд айтишади.

Ҳадиси шарифда сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай деб марҳамат қилганлар:

«Аксириш Аллоҳ томонидан ва эснаш эса Шайтон тарафидан бўлади. Шунинг учун аксирганингизда: “Алҳамдулиллаҳ” деб айтинг. Аксирганни эшитган бошқа мусулмон эса “Ярҳамукаллоҳ” десин. Қачон инсон намоз ўқиса, айниқса саждада узоқ қолса, Шайтон дарғазаб бўлганидан ҳатто фарёд чекади.»

Exit mobile version