Site icon Najot Kemasi sayti

Салафийлик ақийдаларига таҳлилий қараш(2)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) кетма-кет ва тартиб билан зикр этиб, уларни “хайрли” деб атаган уч аср аҳлидан мурод кимлардир? Улардан мурод ўша асрларда яшаган мусулмонлар мажмуими? “Хайрли” деб айтилган ҳукм, улар орасидаги баъзи бирларнинг ёки уларнинг кўпчилигининг ҳолатидан қатъий назар, ўша асрдагилар мажмуаси ҳақида айтилганми? Ёхуд “хайрли”лар деганда, уларнинг бирортаси ҳам истисно қилинмаган ҳолда уларнинг барчаси дохил бўладиган, ана ўша аср мусулмонларидан бўлган ҳар бир шахс эътиборга олинганми?! Бу борада уламолар ўртасида ихтилоф мавжуд бўлиб ушбу масала илм аҳлининг назаридан четда эмас.

Жумҳур уламолар наздида салоҳият ҳамда тўғриликдаги даражаси ва тафовути турлича бўлишига қарамасдан “хайрли бўлиш” баҳоси бу уч аср аҳлидан бўлган ҳар бир шахс ҳақида собитдир.” Аҳли суннат олими Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий фикрича, аввалги уч асрда яшаган мусулмонларнинг ҳаммаси эргашишга лойиқ бўлган кишилардир. Унинг фикрича, “салафийлар” деганда фақат саҳобаларнигина тушиниш хатодир. Зеро, “хайрли” деб аталган даврда фиқҳий мазҳаблар пайдо бўла бошлади. Демак, ўша мазҳабларга эргашмоқлик айни салафларга эргашиш бўлади, деган фикрни уқтиради мазкур олам.

Бунинг акси ўлароқ, салафий уламолар эса мазҳаблар пайдо бўлгач, мусулмонлар орасида тафриқа ва бўлиниш пайдо бўлганини ва мусулмонларнинг куч-қувватлари заифлашиб парчаланиб кетганини уқтиришади. Салафий олим Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ал-Хўжандий (раҳимаҳуллоҳ) “Мусулмон киши тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга эргашишга мажбурми? номли китобида шундай деб ёзади:

“Хос мазҳабларни лозим тутиш ва уларга гарчи ботил билан бўлса-да, таассуб қилиш улар ўзгартирган буйруқлар жумласига киради. Бу мазҳаблар дастлабки уч асрдан кейин пайдо бўлган бидъат ишлардан эканига шак-шубҳа йўқдир. Дин ва савоб деб эътиқод қилинган ҳар бир бидъат залолатдир! Салафи солиҳлар Китобу Суннатни ва бу иккисининг йўлланмаларини ҳамда уммат ижмоъ (иттифоқ) қилган нарсани маҳкам ушлар эдилар ва Аллоҳнинг раҳматига сазовор, Аллоҳ рози бўлган ва уларни ҳам рози қилган мусулмонлар бўлгандилар. Аллоҳ бизни ҳам улардан қилсин ва охиратда улар қаторида тургизсин. Лекин мазҳаблар бидъати ёйилгач, бунинг ортидан бирликнинг парчаланиши ва мусулмонлар бир-бирларини залолатга нисбатлашлари келиб чиқди. Ҳатто, масалан ҳанафийнинг шофиий имом ортида намоз ўқиши жоиз эмаслиги ҳақида фатво бердилар. Гарчи тилларида тўртала мазҳаб аҳлини ҳам аҳли сунна деб айтишса ҳам, амаллари сўзларининг ёлғон эканини исботлар, амаллари сўзларига зид эди. Масжидул Ҳаромдаги мана бу тўртта мақом яъни, имом учун қилинган махсус ўрин, меҳроб ана шу бидъатларга яққол мисол бўлади. Шу билан мусулмонлар бир неча жамоатга бўлиндилар, ҳар бир мазҳаб кишиси намоз учун ўз мазҳабининг жамоатини кутиб турадиган бўлди! Шу каби бидъатлар сабабли, Иблис ўз мақсадларидан бирига, яъни мусулмонлар жамоатини бўлиш ва бирлигини парчалашга эришди. Бу каби ишлардан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ сўраймиз.”

Ислом тарихида бу муаммо асрлар давомида мавжуд бўлиб келган ва бизнинг бугун давримизда ҳам шиддат билан очиқ ёки яширин кўринишда давом этмоқда. Салафийларнинг далиллари анча жиддийлиги билан ажралиб туради. Мисол тариқасида; «Сиздан Улуғ Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, инсон вафот этгач, қабрида ёки ҳисоб кунида: «Нима учун фалон мазҳабда бўлмадинг?», – деб ёки «Нима учун фалон тариқатга кирмадинг?», – деб сўраладими? Аллоҳга қасамки, сиз бу ҳақда асло сўралмайсиз. Балки; «Нега фалон мазҳабни лозим тутдинг?», – деб ёки «Нима учун фалон тариқатга кирдинг?», – деб сўраласиз. Чунки, бу шубҳасиз, Аллоҳни қўйиб, руҳоний ва роҳибларни “парвардигор” деб билиш жумласига киради. Чунки, бу хос мазҳаблар ва машҳур тариқатлар диндаги бидъатдир ва ҳар бир бидъат эса залолатдир.” Дейди Салафий олим Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ал-Хўжандий. Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий наздида эса эргашишда фақат саҳобалар даврига чекланиш хато бўлади. Чунки, саҳобалар даври тараққиётнинг бир босқичи бўлиб, у пайтларда кўп муаммолар мавжуд бўлмаган эди. Турли хил муаммоларнинг пайдо бўлиши эса шуларга жавоб топишни тақозо этарди. Ва шу тарихий вазият тақозоси мазҳабларни келтириб чиқарди.

Имом Байҳақийнинг “ал-Асмо ва ас-Сифот” номли китобларига мурожаат қилган киши унда кўплаб мунозара ҳамда мантиқий далиллар ва мажозий таъвилларга дуч келади. Ҳолбуки, илк асрда саҳобалар мазкур нарсалар хусусида баҳс ва мунозара қилишни ўзлари учун ор санар эдилар.

Салафийлар наздида барча муаммоларга аввалги давр, яъни саҳобалар даврида жавоб топилади. Бунга далил қилиб улар қуйидаги ҳадисни келтиришади. Имом Термизий «Сунан»ида Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бу ўринда кифоя қилади:

«Бир куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намоздан сўнг бизларга юзланиб, ғоят таъсирли мавъиза қилдилар, бундан кўзлар ёшланиб, дилларга (Аллоҳдан) қўрқув тушди. Шунда биримиз: «Ё Расулуллоҳ, бу сўзларингиз гўё видолашувчининг насиҳатига ўхшайди, бизларни нимага тавсия қиласиз?», деб сўради. Шунда ул зот: «Сизларни Аллоҳдан қўрқишга ва ҳабаший бир қул амир қилинган бўлса-да, унга қулоқ солишга ва итоат қилишга васият этаман. Чунки, мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни қаттиқ) ёпишинглар. Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир», – деб марҳамат қилдилар».

Модомики, иш шундай бўларкан, тош қотган тақлиддан қаттиқ ҳазар қилинг! Чунки, ҳеч шубҳасиз, ким барча масалаларда айнан биргина мазҳабга кўр-кўрона тақлид қилса, табиийки, кўплаб саҳиҳ ҳадисларга амал қилишни тарк этади ва уларга хилоф қилади. Шубҳасиз, бу залолатдан бошқа нарса эмасдир! Шунинг учун кўплаб ҳанафийлардан ва бошқалардан бўлган тадқиқотчи уламолар айнан бир мазҳабга тақлид қилиш лозим эмаслигини очиқ айтганлар.

Камол ибн Ҳумом «Таҳрир»да ва Ибн Обидийн аш-Шомий «Раддул-мухтор»да айтганлари каби; “айнан бир мазҳабни лозим тутиш шартлиги ҳақидаги сўз заифдир.” Ал-Бутийнинг қуйидаги фикрлари юқоридаги фикрнинг инкорига ўхшайди. Ал-Бутий қуйида салафларга эргашиш деган йўл-манҳажни қаттиқ ушлашни “бидъат” деб баҳолайди. У бу борада шундай фикр билдиради: “Қисқача хулоса шулки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳар бир асрни кейингисига нисбатан “хайрли” деб тавсиф этганларидек, ўша илк асрларни ҳам кейинги келадиган асрларга нисбатан “хайрли” деб номлаганлар. Борди-ю сиз “салафийлик”дан ўзингиз хоҳлаган кишини қабул қилиб унинг аъзоси бўлаверадиган, ўзига хос муайян манҳажга эга бўлган исломий жамоатни назарда тутаётган бўлсангиз, шуни билингки, бу иш Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг янги пайдо бўлган бидъатлардан бири ҳисобланади.”

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда бу борада шундай деб буюради:

اتَّبِعُوا مَا أُنزِلَ إِلَيْكُم مِّن رَّبِّكُمْ وَلَا تَتَّبِعُوا مِن دُونِهِ أَوْلِيَاءَ ۗ قَلِيلًا مَّا تَذَكَّرُونَ ﴿٣﴾

«(Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз ва ундан ўзга «дўстларга» эргашмангиз. Сизлар жуда оз эслайсизлар.» (Аъроф сураси, 3-оят).

وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنزَلَ اللَّـهُ قَالُوا بَلْ نَتَّبِعُ مَا أَلْفَيْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا ۗ أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ شَيْئًا وَلَا يَهْتَدُونَ ﴿١٧٠﴾

«Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар» дейилса, улар: «[Йўқ,] балки биз ота-бобларимизни нимада топган бўлсак, шунга эргашамиз», дейишади. Агарчи ота-боболари бирор нарсага ақл юргизмайдиган ва ҳидоят топмайдиган бўлсалар-да, [яна уларга эргашаверадиларми?!]» (Бақара сураси, 170-оят).

Салафийлар наздида ҳар бир мусулмон киши Қуръон ва ҳадиси Набавийдан ҳужжат олиб амал ва эътиқод қилмоғи лозимдир. Бошқа бировга эргашмоқлик эса залолат гаровидир. Чунки, ҳеч бир имом ўзининг мазҳабига бошқалар эргашиши шарт деб билмаганлар. Мазҳабларга эргашиш кейинчалик зўравон амирлар, жоҳил ҳукмдорлар ва адаштирувчи уламолар томонидан жорий қилинган.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар!», – деб марҳамат қилганлар.

Ал-Бутий ва бошқа мазҳабчиларнинг ақлий далилларидан бири шуки, “диний саводи йўқ мусулмон Қуръонни тушунишда ўз «шахсий фикри»га суяниб, намозни бутун мусулмонлардан фарқли ўлароқ, Каъбадан бошқа тарафга қараб ўқиса-ю, унинг намози дуруст ҳисобланса!… Оддий одам ўз шахсий фикрига суяниб, хоҳлаган одамини хоҳлаганча даволаса ва унинг айби билан бемор вафот этса-ю, бу «табиб»га: «Аллоҳ сени мағфират қилсин!» дейишдан нарига ўтилмаса!…” (бу қанақаси бўлди экан?)

Шундай экан, нима учун бу мазҳабчилар ўзимизнинг «дин аҳкомларидан ва ундаги далил-ҳужжатлардан бехабар одамларгина мужтаҳид имомлардан бирининг мазҳабига эргашиши лозим, чунки, ўша имом Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатини яхшироқ билади», деган шахсий фикримизга таянишга қўйишмайди?!

Агар улар бизнинг фикрларимизни хато деб ҳисоблашса, бу ҳам уларнинг «шахсий фикр»лари эканлигини эсдан чиқаришмасин. Улар учун юқоридаги – Каъбага орқасини қилиб намоз ўқувчининг намози дуруст, боланинг ўлимига сабаб бўлиш эса ижтиҳод ва даволашдир, деб ҳисоблаётган кимса яхши ибрат бўлсин!..”

Бу ерда мазҳабчилар диний саводи йўқ омий кишиларнинг бирор мазҳаб соҳибига эргашиши лозимлигини ақлий далил билан уқтирмоқчилар ва бу эса афтидан тўғри кўринади. Хуллас калом, бу каби илмий тортишувлардан умумий хулоса сифатида ҳозирги диний илмсизлик оммавий авж олган бир даврда, менимча тўғри йўл бирорта мазҳаб аҳлининг ижтиҳодига суянмоқликдир. Энг асосийси одамлардаги мутаассибликни йўқотиш керак.

Мазҳабга ва таъбир жоиз бўлса, суннатга таассуб кўрсатиш адоватни келтириб чиқаради. Бунга яқин тарихимизда кўп гувоҳ бўлганмиз.

Сўзимиз пировардида хулоса қилиб айтадиган бўлсак; салафийлик йўналиши жуда кучли тарихий метин асосга эга. Шу сабабли, бугунгача ўша даврга қайтиш ва ушбу даврдан амал ва эътиқод учун ҳужжат олишга эҳтиёж сезилмоқда. Демак, салафийлашиш табиий жараёндир. Лекин мазҳаблар ҳам кейинги минг йиллик тараққиёт даврининг талаби самарасидир. Мазҳабларнинг аҳкомларини тўғри деб билиш ва амалда уларга мувофиқ иш тутиш бугунги шароит тақозоси бўлиб ушбу йўналиш жоиздир. Аммо бунинг маъноси баъзи мазҳабчилар айтганидек, бир мазҳабни маҳкам ушлаш керак дегани эмас. Фақат битта мазҳабни ушлашга мазҳабчиларнинг нима далиллари бор билмайман. Менимча ҳамма мазҳаб фатволарини олиб амал қилиш мумкин ва шунингдек, айни дамда кимки, Қуръон ва ҳадисни ўқиб теран тушуна оладиган салоҳияти бўлса, албатта, ўзи ўқиб фаҳмлай олган оят ва ҳадисга тўғри суратда амал қилиши мақсадга мувофиқдир. Мана шундай одамга бирор мазҳабга эргашишинг шарт дейиш тўғри эмас. Ҳақиқат шу икковининг ўртасидадир.

Exit mobile version